Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:00

Пахта теришга чиқарилган журналистни юк машинаси уриб кетди


"Андижоннома" газетасида пахта йиғим терими тарғибот қилинади.
"Андижоннома" газетасида пахта йиғим терими тарғибот қилинади.

Андижон вилоят, Қўрғонтепа туманида пахта теримида юрган пайтда машина уриб юборган 24 яшар журналист Саиджаҳон Холдоровнинг аҳволи ўта оғир, у туман Марказий касалхонаси жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Бу ҳақда Озодлик 24 октябрда Қўрғонтепа касалахонаси врачидан сўраб билди.

Озодлик саволларига исми сир қолиш шарти билан жавоб берган врачнинг айтишича¸ Саиджаҳон Холдоров касалхонага 20 октябрь куни оғир аҳволда пахта даласидан олиб келинган.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органи вакилига кўра¸ “Андижоннома” газетаси ходими Саиджаҳон Холдоровни у пахта теримидан қайтаётганида юк машинаси уриб кетган:

- Холдоровни 20 октябрь куни соат 18 да пахта даласига ëндош йўлда ҳаракатланаëтган "Зил" русумли юк машинаси уриб юборган. Холдоров оғир аҳволда касалхонага жўнатилган. Ҳайдовчига нисбатан йўл-транспорт ҳодисасига айбдорлик юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошланган. Ҳайдовчига тилхат эҳтиëт чораси қўлланилган.

Машина уриб кетган Холдоров “Андижоннома” - “Андижанская правда” газеталари редакцияси компьютер бўлимида оператор бўлиб ишлаган. У “Андижоннома” - “Андижанская правда” газеталари Бош муҳаррири Саидаҳмад Шукуровнинг ўғлидир.

Озодлик мухбири Саидаҳмад Шукуровнинг ўзи билан боғланди. Ўғли пахта терими пайтида аварияга учраганини тасдиқлаган Бош мухаррир бу юзадан бошқа изоҳ бермади.

“Андижанская правда” газетасининг Озодлик суҳбатлашган ва исми сир қолишини сўраган журналистларидан бирининг айтишича редакция ходимларидан 15 киши жорий йил сентябридан бери Қўрғонтепа туманида доимий пахта теримида қатнашмоқда.

“Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари вилоят хокимлиги органи ҳисобланади. Газетанинг октябрь ойидаги сонларида пахта йиғиб-териб олиш тарғиб қилинган мақолалар ўрин олган.

Журналист аварияга учраган Қўрғонтепа туманидаги пахта даласи
Журналист аварияга учраган Қўрғонтепа туманидаги пахта даласи

​Озодлик Андижон вилоятида пахта теримига қишлоқ хўжалигига алоқаси йўқ аҳолининг жалю этилгани ҳақида қатор мақолалар эълон қилган. Улардан бирида вилоятнинг Бўз туманида пахта тераётган 56 яшар ҳашарчи Орифжон Солиев 15 октябрь куни юрак ҳуружидан оламдан ўтгани хабар қилинган.

Бўздаги ушбу воқеадан 5 кун аввал Бўка туманида пахта тераётган 61 яшар Йўлдош Ашуров ҳам юрак хуружидан вафот этди.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими мавсумида ҳалокатли ҳодиса ва воқеалар қайд этилади.

4 кун аввал Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида теримчиларни пахта даласига ташиётган “Исузу” русумли автобус ҳалокатга учраши оқибатида 19 одам жароҳатланди.

29 сентябрда эса Самарқанд вилоят, Иштихон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пахта теримига кетаётган 3 аёл ҳалок бўлди. Орадан бир кун ўтиб ҳодисада тан жароҳати олган тўртинчи аёл Иштихон туман марказий шифохонасида вафот этди.

Шу йилнинг 18 сентябрь куни Бухоро-Қоровулбозор йўлининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида ​автобусда газ баллони портлаши оқибатида пахтага бораётган 5 киши ҳалок бўлган ва яна 21 одам турли даражада жароҳат олган эди.

XS
SM
MD
LG