Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:56

Байден Украина "Бирдамлик" кунида Россия таҳдиди сақланиб қолаётганидан огоҳлантирди


Украина 16 февралда Бирдамлик кунини нишонлади.
Украина 16 февралда Бирдамлик кунини нишонлади.

Россиянинг Украинага эҳтимолий уруш бошлаши айтилган 16 февралда Украинада Бирдамлик куни нишонлади.

Бир кун аввал Россия ўз қўшинини Украина чегарасидан қайтара бошлаганини билдирди. Бироқ НАТО буни инкор қилган.

АҚШ президенти Жо Байденга кўра, Россиянинг Украинага тажовуз қилиши хавфи ҳамон мавжуд, Россия ҳарбийлари ҳануз Украинага таҳдид солувчи позицияларни эгаллаб туришибди.

Оқ уй раҳбарига кўра, Украина атрофида, жумладан, унинг Беларусь билан чегаралари яқинида тўпланган рус аскарлари сони 150 мингга етганини айтган.

Украинада 16 февраль Бирдамлик куни сифатида нишонланмоқда. Президент Владимир Зеленский бир кун аввал 16 феврални Украина Бирдамлик куни деб эълон қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бугун Зеленский украиналикларни қутлаб, бирдамликка чақирди.

“Ҳаммамизни тинч-тотув яшаш, оиламиз, ота-онамиз ва фарзандларимиз билан бахтли ҳаёт кечириш истаги бирлаштиради. Биз буларнинг барига тўлиқ ҳақлимиз. Чунки биз ўз уйимизда, Украинадамиз. Ҳеч ким Украинани биз каби севмайди ва уни биз каби ҳимоя қила олмайди. Барча-барчани Украина бирдамлик куни билан муборакбод этаман. Биз бирга бўлсаккина якдил бўламиз, Биз фақат биргаликда кучлимиз. Биз "Украина бирга” телемарафонига старт бердик. Телемарафонни телеканалларимизда кузатиб боринг", деди Зеленский.

Аввалроқ айрим оммавий ахборот воситалари, жумладан, Германиянинг Spiegel нашри Россия Украинага 16 февраль куни уруш эълон қилиш эҳтимоли борлиги тўғрисидаги хабарларни тарқатган эди.

Аммо 15 февраль куни Россия Мудофаа вазирлиги 130 минг ҳарбийсини Украина билан чегарадош ҳудудлардан “ҳарбий машғулотлар якунлангани муносабати билан” олиб чиқиб кетаётганини билдирди.

“Жанубий ва Ғарбий ҳарбий округ бўлинмалари ўз вазифаларини тугаллаб, темир йўл ва автомобиль транспортига юкларни ортишни бошлаб юбордилар ва бугундан ўз ҳарбий қисмларига жўнайдилар. Алоҳида бўлинмалар ҳарбий колонналарнинг бир қисми сифатида мустақил юришади”, деди Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков.

16 февраль куни Россия Мудофаа вазирлиги Жанубий ҳарбий округ қўшинларининг айрим қисмлари жанговар машқлар якунлангани ортидан Қримни тарк этганини билдирди.

"Интерфакс"нинг Россия Мудофаа вазирлигига таяниб хабар беришича, Қримдан жанговар машғулотларда қатнашган ҳарбий техника, артиллерия ускуналари ва аскарлар темир йўл орқали олиб чиқиб кетилмоқда.

15 февралда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия Украина билан чегарадош ҳудудлардан ҳарбийларини олиб чиқиб кетаётгани кузатилмагани тўғрисида баёнот берди.

Шу куни АҚШ президенти Жо Байден ҳам Украинадаги вазиятга доир баёнотида Россиянинг Украинага тажовуз қилиш хавфи ҳамон мавжудлиги, рус ҳарбийлари ҳануз Украинага таҳдид солувчи позицияларни эгаллаб туришганини айтди.

“Россия мудофаа вазири бугун айрим ҳарбий қисмлар Украина яқинидаги ўз позицияларини тарк этаётганини маълум қилди. Яхшику-я, аммо биз буни ҳали текширганимиз йўқ. Биз Россия ҳарбий бўлинмалари ўз базаларига қайтганини ҳали тасдиқлаганимиз йўқ. Дарҳақиқат, бизнинг таҳлилчиларимиз таъкидлашича, улар ҳали ҳам ўта хавфли мавқеда турибди ва ҳозирда Россия Украина, шунингдек, Беларус ва Украина чегараси бўйлаб 150 мингдан ортиқ қўшинни ушлаб турибди. Босқин эҳтимоли аниқ сақланиб турибди", деди Байден.

АҚШ президенти ўз чиқишида АҚШ ва СССР Иккинчи жаҳон урушида иттифоқдош бўлганини эслаган. У Украинага қарши муҳтамал ҳужумни сира оқлаб бўлмаслигини урғулаб, Украина билан Россияни умумий тарихи ҳамда кўплаб алоқалар бирлаштиришини эслатган.

Байден яна бир бор Россияни дипломатия йўлини танлашга чақирган. У Россия халқига мурожаат қиларкан, АҚШ унга таҳдид солмаётганини, Қўшма Штатлар унга душман эмаслигини айтган. Байденга кўра, Вашингтон Россияни беқарорлаштиришга интилмайди.

“АҚШ ва НАТО Россияга таҳдид солмайди. Украина Россияга таҳдид солмайди. Украинада АҚШ ҳам, НАТО ҳам ракета жойлаштирмаган. Жойлаштириш ниятимиз ҳам йўқ. Биз Россия халқини нишонга олаётганимиз йўқ. Россияни беқарорлаштиришга ҳам интилмаяпмиз. Россия фуқароларига айтаман, сиз душманимиз эмассиз ва сизлар Украинага, шу қадар чуқур тарихий ва оилавий алоқалар бўлган мамлакат ва халққа қарши қонли, вайронкор уруш бўлишини хоҳлаётганингизга ишонмайман", деди АҚШ президенти.

Байден ўз баёнотида Россия агрессия бошлагудек бўлса, АҚШ ва иттифоқчилари шу пайтгача жорий этилган санкцияларга нисбатан анча кескин чеклов чораларини кўради, дейилган Президент янги санкциялар агрессия бошланган заҳоти кучга киритилишини таъкидлаган. Санкцияга учрайдиган объектлар рўйхатида у “Шимолий оқим-2” газ қувурини ҳам тилга олган.

АҚШ президенти Қўшма Штатлар, Россиянинг “хавфсизлик кафолатлари”га доир талабларига жавобан қатор таклифларни илгари сурганини айтиб, Москвани музокарага чорлаган. Унинг урғулашича, АҚШ Украинага ўзини мудофаа қилиши учун қурол-аслаҳа етказиб берган, аммо унинг ҳудудида ракеталарни жойлаштирмоқчи эмас.

Байденга кўра, Америка ўз принципларидан воз кечмайди, хусусан, ҳар бир мамлакат, шу жумладан Украинанинг ҳам ўз ташқи сиёсат йўналишини мустақил танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилади.

Президент, шунингдек, АҚШ НАТОдаги иттифоқчиларини ҳимоя қилишга ва киберҳужумлардан мудофааланишга шайлигини билдирган.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг Брюсселда икки кун давомида ўтган учрашувида Россиянинг Украина чегарасига аскар ва ҳарбий техника жамлашини “совуқ уруш давридан бери кузатилмаган мислсиз воқеа” сифатида таърифлади.

АҚШ ва қатор давлатлар расмий вакиллари Россия Украинага исталган пайтда ҳужум қилиш қудратига эга экани тўғрисида баёнот берганди. Аммо Кремль бундай нияти йўқлигини айтиб келган.

Россиянинг муҳтамал ҳужумига оид хабарлар манзарасида АҚШ, Канада ва Германия Украинадаги ўз элчихонасини вақтинча Львовга кўчиришга қарор қилган.

АҚШ, Канада, Черногория, Ҳолландия, Япония, Латвия, Буюк Британия, Эстония, Дания, Норвегия, Янги Зеландия, Германия, Литва, Финляндия, Италия, Швеция, Чехия ва Ироқ каби жами 40га яқин давлат ўз фуқароларига Украина ҳудудини тарк этишни тавсия қилган.

Россия қўшинлари Украина чегараси яқинига йиғилаётганига оид хабарлар оммавий ахборот воситаларида ўтган йил кузидан бери пайдо бўла бошлаган. АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар Москва ҳарбий ҳужумга ҳозирланаётганини тахмин қилиб, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсата бошлашган.

Кремль бу иддаоларни рад этиб, АҚШ ва НАТОдан хавфсизлик кафолати, жумладан Шимолий Альянсни шарққа томон кенгайтирмасликни талаб қилган. Ғарб вакиллари принципиал масалаларда ён бериш ниятлари йўқлигини билдиришган.

Шу ўринда Украинадан олинган сўнгги хабарга тўхталсак. Украина рақамли трансформация вазири Михаил Федоров мамлакат давлат серверлари ва банкларига 15 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 20:00 да қилинган ҳакерлик ҳужуми, жумладан, Ўзбекистон орқали уюштирилгани тўғрисида баёнот берди.

Ҳужумларнинг бошланғич нуқтаси Россия ва Хитойдан экани аниқланди. Сониясига тахминан 600 минг зарарли трафик пакети узатилган. Мутахассисларимиз тезкорлик билан бу ҳужумларни “қайтарди”. Аммо кейинги ҳужумлар Чехия ва Ўзбекистон орқали уюштирилди. Бу ҳужумлар ҳам “тўсилди”. Фойдаланувчилар учун ҳужум ҳаракатлари сезилмаган”, деб ёзди Михаил Федоров Телеграм каналида.

Вазирнинг таъкидлашича, Украина Мудофаа вазирлиги, Қуролли кучлар, “Приватбанк” ҳамда “Ошадбанк”нинг сайтлари DdoS ҳакерлик ҳужумларига учраган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG