Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:42

Россиянинг Украинага уруш таҳдиди ўзбекистонлик муҳожирларга қимматга туша бошлади


Россиядаги мигрантлар даромадлари камайганидан арз қилмоқда
Россиядаги мигрантлар даромадлари камайганидан арз қилмоқда

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасининг Украина ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаатида Тошкент—Киев йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар амалга оширилаётгани ва Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлганлар ушбу рейслар орқали ватанларига қайтишлари мумкинлиги маълум қилинди.

Элчихона ватандошлардан “тасдиқланмаган, фейк маълумотларни тарқатмаслик ва ваҳимага берилмаслик”ни сўради.

Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари Россия -Украина муносабатларининг кескинлашиши уларнинг даромадларига салбий таъсир қилаётганини гапирмоқда.

"Ваҳимага тушишга ўрин йўқ!"

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ўз Телеграм-канали орқали Украинадаги ватандошларга мурожаат қилди.

Озодлик билан суҳбатда элчилик расмийлари Украинадаги ўзбекистонликлардан “текширилмаган, сохта маълумотларни тарқатмаслик ва ваҳимага тушмаслик”ни сўради.

- Ҳозирги кунда “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” иккита рейси бор – сешанба ва якшанба кунлари учяпти. Бундан ташқари Украинанинг “Skyup” авиакомпанияси рейслари ҳам бор – 23 феврал куни учади. Лекин улар бортларни Кишинёвга қўндирганидан кейин Украина ҳудудидан учоладими-йўқми аниқлик киритиш керак. Биз фуқароларга тушунтирдикки, ваҳима қилмаслик керак, вазият кузатиб бориляпти. Қўшимча маълумот бўлса хабар берамиз. Кетмоқчи бўлганлар бемалол учиши мумкин, деди Украинадаги Ўзбекистон консули ёрдамчиси Саидалихон Исахонов.

Шу кунларда уруш ҳаракатлари бошланиб қолиши хавфи шароитида Украина ҳудудидан учиб ўтаётган ҳаво кемалари бу мамлакатни айланиб ўтмоқда.

Айни пайтда дипломатлар Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украина давлат идоралари ҳамда ватандошлар билан доимий алоқада эканини, бирор муаммо туғилган тақдирда элчихонага электрон почта ва телефон орқали ёки элчихона ходимларининг телеграм-адресларига мурожаат қилишни сўрашган.

Консул ёрдамчиси консулликда битта консул ишлаётгани боис оммавий ахборот ахборот воситаларида кўрсатилаётган телефон рақамлари орқали ҳамма вақт ҳам қўнғироқларга жавоб бериш имкони йўқлигини билдирди.

Дипломатик миссия “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” авиаширкати Киев-Тошкент йўналиши бўйича энг яқин рейслар 16 ва 20 февралга режаланганини билдирди.

Ғарб давлатлари ўз ватандошларига Украинани тарк этишни тавсия қилди

Дунёдаги 30 дан ортиқ мамлакат ўз фуқароларини Украинадан чиқиб кетишга чақирди.

Россия Украинага исталган вақтда ҳужум қилиши мумкин экани тўғрисидаги Ғарб давлатлари огоҳлантируви ортидан ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирган давлатлар орасида АҚШ, Британия ва Германия ҳам бор.

Нидерландиянинг Киевдаги элчихонаси ўз ватандошларига Украинани тарк этишни таклиф қилди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги сайтига кўра, Украинанинг Россия ва Беларусь билан чегарадош ҳудудлари атрофидаги 10 км майдон қизил чизиқда белгиланиб, у ерда хавф даражаси юқори дея таъкидланган.

Бундан ташқари, Финляндия, Латвия, Шимолий Македония, Черногория, Япония ва Жанубий Корея мамлакатларининг ТИВлари ҳам ўз ватандошларига Украинани тарк этишни маслаҳат қилган.

13 февралдан бошлаб Австралиянинг Киевдаги элчихонаси фаолиятини вақтинча тўхтатди. Бундан ташқари айирмачилар босиб олган Донецкдан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ходимлари ҳам олиб чиқиб кетилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди. Канада эса Киевдаги элчихонаси ходимларини Польша чегараси яқинидаги Львов шаҳрига кўчираяпти.

Россия ўз ҳудудида ҳеч қандай “ғайриоддий ҳарбий ҳаракатлар” ўтказмаётганини даъво қилиб келмоқда ва аксинча, Украинани Донбассда ҳарбий операция бошлашга тайёрланаётганликда айбламоқда. Киев ЕХҲТ орқали Россиядан чегара яқинидаги ва аннексия қилинган Қримдаги олиб борилаётган фаол ҳарбий ҳаракатлар ҳақида маълумот сўраган.

Россия бу сўровномани жавобсиз қолдириб келмоқда.

Рус-украин муносабатларининг мигрантларга таъсири

Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар учун Украинага миграция қайдини янгилаш учун кириб-чиқиш тартиби 2014 йили Қрим аннексиясидан кейин кескин ўзгарган эди. Ўзаро борди-келдини деярли узган Украина ва Россия кирмоқчи-чиқмоқчи бўлаётган ҳар бир шахсни қаттиқ назоратга олди, икки давлат ўртасидаги назорат-ўтиш пунктлари сонини камайтирди.

2022 йилнинг 12 февралидан украин чегарачилари россияликлар учун киришни мутлақо тақиқлаганини эълон қилди.

Россия ва Украина можароси манзарасида Россия рублининг қадри туша бошлади. Озодлик билан суҳбатлашган ўзбек муҳожирлари Россия ичкарисида, айниқса мамлакатнинг Украина билан чегарадош вилоятларида текширувлар кучайганини хабар қилмоқда.

Москвада курьер бўлиб ишлаётган Алишер рубл қадрининг тушиб кетиши ортидан даромад камайганини гапиради. Суҳбатдош Украина ва Россия ўртасидаги муносабатлар уларнинг ҳам даромади ва шароитларига салбий таъсир қилаётганига ҳам тўхталди:

- Олдинроқ 30 минг рублга 5-6 минг қўшиб жўнатсак 500 доллар бўлса, 1 доллар 80 рублга чиқиб кетганидан кейин ҳозир камайиб кетди. Айримларимиз 80 га чиққанидан кейин жўнатганимиз ҳам йўқ – пасайишини кутиб турибмиз. Бу ҳаммаси Ғарбнинг Россияга санкцияларни қўйганидан, деб ўйлайман.

Менимча икки давлат ўртасида уруш бўлмайди. Биз кирди-чиқди қилолмаётганимиз – Украинадаги воқеаларнинг таъсири! Олдин Украинага югуриб бориб келардик, ҳозир қилолмаймиз. Бошқа таъсири йўқ бизга.

Ўзбекистонлик яна бир меҳнат муҳожири - Уйғуннинг айтишича, рус-украин можароси бевосита мигрантлар ҳаётига таъсир қилишини айтади:

- Доллар кўтарилиб кетиши мумкин. Ошиб кетиши ҳеч гап эмас. Албатта, текшир-текшир кучаяди, чунки Украинанинг одамлари жосуслик қилиб юрибдими, деб текшириши мумкин. Қолаверса, бизнинг иш ўрнимизни руслар ололмайди, чунки бундай паст ойликка ишламайди улар. Масалан, оддий дворник 35 минг ойлик олса, руслар икки дунёда ҳам бу пулга ишламайди. Уруш, ҳар ҳолда, ёмон нарса, оддий халққа жабр. Россия ва Украина ўртасида уруш бўлмайди -улар битимга келишади барибир.

Озодлик суҳбатлашган аксар муҳожирлар икки давлат ўртасидаги можаро уларнинг даромадини кескин камайтириб юборишидан хавотир билдирди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG