Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:28

"Одам боласи бундай урмайди". Деновлик оила ИИБни шафқатсиз қийноқларда айбламоқда


Сурхонлик ака-ука полвонлар ИИБда шавфқатсиз урилганини иддао қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:34 0:00

Сурхонлик ака-ука полвонлар ИИБда шафқатсиз урилганини иддао қилмоқда

Тоғли қишлоқда қўлбола фитнес ясаб, ўзидан уста полвон ва чавандоз ясаган сурхондарёлик ака-ука ўзларининг Денов Ички ишлар бўлими ҳибсхонасида шафқатсиз қийноққа тутилганликларини айтишмоқда.

Шу йилнинг июлидаги ҳодиса ортидан уларнинг кичиги ётоққа михланиб қолган. ИИБ ака-укаларнинг қийноққа солинганини инкор қилмоқда.

Бу шикоят Озодликка Ўзбекистонда қийноқдан бўлган ўлим учун масъул шахсларга жавобгарлик кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган бир пайтда келди.

12 августдан 27 августгача муҳокамага қўйилган лойиҳа ушбу жиноятни содир этганларга 8 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади.

Бу Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан буён қийноққа қарши қабул қилинган ўнлаб қонун ва қарорларнинг навбатдагисидир.

Инсон ҳуқуқлари ва жамоатчилик фаоллари сўнгги бир неча йил ичида айнан панжара ортига қисқа муддатга ташланган шахслар ўлимининг ортиши - катта ваъдалар билан қабул қилинган қонунлар аслида амалда ишламаётгани исботи, демоқда.

-----------------------------------------------------------

Бу йилги улоқ мавсумига қаттиқ ҳозирлик кўраётган полвон чавандоз Боймурод Ёқубов ИИБ ҳибсхонасидан чиққанидан бери ётоқда. 29 яшар чавандоз қишлоғида "Бойка" лақаби билан танилган.

Довруғи Денов туманидан ошиб, Сурхондарёга ёйилган. У асосан от спорти ва кураш билан шуғулланади. Ҳар йили кузда бўладиган улоқнинг марказида у турарди.

Боймурод Ёқубов
Боймурод Ёқубов

Сина қишлоғидаги бошқа чавандоз йигитлар унинг ҳовлисида қўлбола ясаб олган машғулот жойи - замонавий тил билан айтганда, фитнесига ҳавас қилишади.

Икки ой муқаддам туну кун улоққа ҳозирлик кўриб юрган чавандоз Бойка энди қачон оёққа туришини ҳам билмайди.

Озодликка даъво қилишича, уни шу йилнинг 17 июлида ички ишлар ходимлари уйидан олиб кетган, Денов тумани ИИБсида ўласи қилиб калтаклашган ва натижада ҳибсхонадан тўғри жарроҳнинг столига тушган:

“Ярим соатлар, қанча минутлар урди. Кейин акам ўзини менинг устимга ташлади. “Урманглар буни”, деб устимга ўзини ташлади. Кейин акамни бошини деворга қўйиб, уни уришди. Кейин, акамни ургандан кейин яна мени урди. Акам яна ўзини менинг устимга ташлади, кейин яна акамни урдилар. Кейин электрошокернинг менинг бошимга қўйиб, урди. Ҳеч сабабсиз, бирор нарсани сўрамасдан, фақат урди. Ҳеч ким йўқ эди, акам бўлмаганда, ўлдирармиди балки... Шунақа нарсани ҳис қилдим-да, акам бўлмаса ўлдирармиди, деб ўйладим”.

Боймурод Ёқубов шифохонада
Боймурод Ёқубов шифохонада

Айтишича, ИИБдаги ҳодиса юз берган кечанинг эртасига суд уларни 7 суткага ҳукм қилган, аммо улар ёки яқинларининг қўлига на ҳукм ва на бошқа ҳужжат берилган.

Оғир аҳволдаги ака-ука ҳибсга ташланган. Ҳибсдаги кунларини акаси Жамшид туш каби, деб хотирлайди:

“Ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ, мана шундай бир пайтда бизни уйимиздан олиб чиқиб кетишяпти. Биз тортишувда бўлмаганмиз, муштлашувда бўлмаганмиз… Укам ўлиб қолади, деб қўрқдим. Тўрт кун ичаги нима қилиб, 50 хил дард кирди-да бу болага… Қон қусади, овқат ея олмайди, фақат чириллаб ётди. Бир пайт қорни шишишни бошлади. Кейин укам менга қараб: “Ака, энди ўламан. Биламан буни, ўлик нималари келяпти”, деди”.

Ёқубовлар даъвосича, шу кунгача Денов туман ИИБ бу ака-ука нега қўлга олингани-ю нега судланганига оид расмий ҳужжат тақдим этмаган.

Уларни чақиртирган ИИВ ходимлари бир тўйда муштлашув бўлгани, унда Ёқубовларнинг бир қариндоши иштирок этгани ва шунинг учун бу ака-укадан ҳам кўрсатма олиш мақсадида улар ИИБга чақиртирилганини айтишган.

Ёқубовлар бундай жанжалга умуман алоқаси йўқлиги, жанжал бўлган кезда уйда бўлишганини даъво қилишади.

Боймурод Ёқубов уни ИИБ биносида калтаклашганида ичаклари ёрилиб кетганини иддао қилмоқда. Айни даъвони унинг акаси - Жамшид Ёқубов ҳам илгари суради.

Уч фарзанднинг отаси бўлган 39 яшар Жамшид ҳам полвон. У ҳам улоқ мавсумида кураш майдонига тушиб туради, бошқа пайтлар нонвойлик ва сомсапазлик қилади.

Жамшид ҳам танасида кўплаб қийноқ излари борлиги, ўзи ҳам узоқ муддат шифохонада ётганини айтади.

Жамшид Ёқубовга берилган рентген сурати
Жамшид Ёқубовга берилган рентген сурати

Ёқубовлар Озодликка тақдим қилган тиббий ҳужжатларда Боймуроднинг "ички ишлар ходимлари урди", деб шикоят қилгани қайд этилган. Аммо, у олган жароҳатлар калтаклаш натижасида содир бўлгани ҳақида бирон қайд йўқ.

Боймурод Ёқубовга “ўткир гангренозли тешилган аппендицит” деб ташҳис қўйилган. Жамшид Ёқубовнинг эса умуртқа поғонасида деформация қайд этилган, аммо бу қандай ҳосил бўлгани айтилмаган.

Ака-укаларнинг иддаосича, улар тан жароҳатларини ИИБ ҳибсхонасида олгани учун маҳаллий шифокорлар буни ҳужжатларда акс эттиришдан тийилмоқда.

Буни бири полвон, бири чавандоз укалари бирин-кетин ётоққа тушгач, уларнинг ҳаққини сўраб, югуриб юрган опаси - 53 яшар Тўти Ёқубова айтмоқда:

“Қандай аппендицит бўлади? Аппендицит бўлса ҳам, икки ой ётадими? Ким ишонади бу гапга?.. Бировни урмаган бўлса, ўғрилик қилмаган бўлса. Уйда ўтирган болани олиб бориб, шу аҳволга солишяпти. Шунчалик ҳам урадими? Электрошокерларни каллаларига суққан, каллаларини деворга урган. Икки соат шунчалик урганки, одам боласи бундай урмайди-да!”

Озодлик Ёқубовлар шикояти ортидан Денов тумани ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва ички ишлар идораларига мурожаат қилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов Озодлик мурожаатига жавобан: “Бу масалани бизнинг журналист ва блогерлар ўрганган экан. Анча бўлибди. "Диёр24" сайтида ҳам жойлаштирган”, деган жавобни бериш билан чекланди.

"Диёр24" сайти - Термиз шаҳрида жойлашган, муассиси «Diyor 24» оммабоп ахборот нашри МЧЖ.

Бу сайтда 30 август, яъни Озодликнинг Ёқубовлар тақдири бўйича расмий мурожаатидан бир кун ўтиб жойланган мақолада ака-укаларнинг ИИБ биносида калтаклангани ҳақидаги иддаоси тўлиқ рад қилинган.

Мақолада келтирилишича, Қизириқ тумани Қишлоқ-қозон маҳалласида яшовчи Н. Дилобар исмли шахс шу йил 17 июль - ака-ука Ёқубовлар ИИБ бўлимига олиб кетилиб калтакланган куни - шикоят тушган. Бу аёл Ёқубовлар уни ва оила-аъзоларини калтаклашганини даъво қилган.

"2024 йилнинг 24 июлида фуқаро Ё.Боймурод аппендицит касаллиги бўлиб тиббий муолажа олган. Республика суд тиббий экспертиза маркази хулосасига кўра, Ё.Жамшид ва Ё.Боймуродларда уриш натижасида ортирилган тан жароҳатлари аниқланмаган", дейилади мақолада.

Ёқубовлар Денов тумани ИИБда ҳам уларга шу шикоятни айтиб, Н.Дилобар ҳамда унинг оиласини калтаклаш айбини қўйишга уринганини айтмоқда. Аммо, ўша кезда воқеа жойида бўлмагани ва буни исботловчи талай далилларни илгари сурганига қарамай, уларни калтаклашганини даъво қилишмоқда.

Бу сўнгги пайтларда Ўзбекистон ички ишлар идораларида юз бергани айтилаётган навбатдаги қийноқ иддаоларидир.

Боймурод Ёқубов
Боймурод Ёқубов

Кўпинча ИИБ қийноқ қўллаганига оид даъволарни тўлиқ инкор қилади ва ходимларнинг қийноқ қўллаганини ёпишга уринишлар кузатилади.

Жумладан, ўтган йил декабрда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ИИБдан 22 яшар йигитнинг ўлиги чиққан, яқинлари норози бўлиб, ИИБ биноси олдига йиғилган эди.

Расмийлар йигит ўзини осганини иддао қилишган.

Ўшанда вилоят маҳаллий кенгашининг собиқ депутати Жаҳонгир Тўлаганов ҳибсга олинган шахснинг танасида жароҳат излари борлигига эътибор қаратганди.

Ўтган йилнинг 7 июлида Тошкент вилояти Бўка туманида чорва ўғирлашда гумонланган 36 ёшли фуқаро Усмон Салимбоев ҳам ҳибсхонада вафот этган. Яқинларининг норозилиги ва қийноқлар билан боғлиқ иддаолари яна кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Ўтган йил 13 августига ўтар кечаси Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторидан 33 яшар Д. У.нинг жасади чиқди. Тармоқларда марҳумнинг танасида эҳтимолий қийноқ излари - танасининг қорайган, кўкарган жойлари акс этган тасвирлар ёйилганди.

Бу каби яна ўнлаб ҳолатнинг айримларида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳодисага алоқадор ходимлар ҳибсга олингани ва айрим раҳбарлар ишдан бўшатилганини маълум қилган. Аммо, қийноқ иддаолари тўлиқ тергов қилиниб, натижаси жамоатчиликка очиқлангани Озодликка маълум эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келганида ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан куч ишлатар тузилмаларни ислоҳ қилиш ҳамда қийноқларга тўлиқ барҳам беришни ваъда қилган.

Бир қатор янги норматив ҳужжатлар имзоланган, ИИВ тизимидаги ҳибсхона, сўроқхона, қамоқхоналарга камера-кузатув тизимлари ўрнатилганди.

Аммо, инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, қанчалик қўшимча кузатув жиҳозлари қўйилмасин, аслида куч ишлатар тузилмаларнинг хулқида катта ўзгариш бўлгани йўқ. Жумладан, Тўти Ёқубова тергов ҳибсхонасидан камера қайдларини сўрагани, аммо сўровига тегишли жавоб бўлмаганини айтади:

“Қаерда, бермайди бизга. Бизни ҳеч ким киритмайди, сўрамайди. Аксинча, мен борсам: “Ҳамма жойни титиб ташлаяпсиз. Ҳамма жойда қидиряпсизлар, ўзларингизга қийин бўлади!” дейди. Кейин мен айтдим: “Менинг укам ўлганидан кейин менга яшаш нима керак!”. Мениям қамайдими, ўлдирадими - нима қилса қилсин ички ишлар. Мен қўрқмайман. Бировимиз ўлиб, бировимиз органдан қўрқиб яшашимизнинг нима кераги бор бизга?!”

Ўзбекистонда қийноқдан бўлган ўлим учун масъул шахсларга жавобгарликни кучайтириш тўғрисида муҳокамага қўйилган яна бир қонун лойиҳаси қийноқ қўллаганларга 8 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов, вазиятни қийноқларнинг олдини олишга қаратилган қонунларни кетма-кет қабул қилиш билан тузатиб бўлмаслигини айтади.

Олдинроқ мамлакатда қийноқлар билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиб бораётган қатор фаоллар Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилишганди.

Истеъфога чақириқлар жавобсиз қолган, Бобожонов эса Мустақиллик куни арафасида президент томонидан биринчи даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланди.

Шунингдек, куч ишлатар идораларнинг 20 га яқин раҳбарига “Мардлик”, “Жасорат”, “Дўстлик” орден-медаллари топширилди.

Халқаро ташкилотлар сўнгги йилларда Ўзбекистонда қийноқлар яна кўпайганидан жиддий хавотир билдирмоқда.

Жумладан, Ҳюман Райтс Уотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти шу йил 24 май куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистоннинг вақтинча тергов изоляторлари ва қамоқхоналарида қийноқлар давом этаётганини қайд этди.

АҚШ Давлат департаменти ҳам бу йилги ҳисоботида куч ишлатар тизимлардаги қийноқ ва таҳқирларга алоҳида эътибор қаратган.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг қайд этишича, алоҳида маҳбусларга нисбатан мувофиқлаштирилган, юқоридан пастга буйруқ бериш орқали қийноқ қўллаш амалиёти тўхтаган бўлса-да, тергов ҳибсхонасидаги қийноқлар одатий ҳол бўлиб қолмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Денов туманидаги Сина қишлоғида яшаб юрган Ёқубовлар оиласи қарийб икки ойдан бери тўшакка михланган Боймурод чавандознинг аҳволидан хавотирда.

Ака-ука Жамшид (чапда) ва Боймурод Ёқубовлар
Ака-ука Жамшид (чапда) ва Боймурод Ёқубовлар

Бу оила қадимдан чавандоз бўлган. Сина қишлоғи ва Сурхон воҳасида бўлган от чоптириш, кураш ва улоқ мусобақаларида қатнашиб, пул ишлаб, мукофотлар олишган.

Оиласи Бойка чавандоз бу йил ҳам мусобақалардаги мукофотларни йиғиб келишига қаттиқ ишонганди.

Сина қишлоғи Термиз шаҳридан 130 километр олисда, тоғли ҳудуддаги эски қишлоқлардан бири. Қишлоқда 12 минг атрофида аҳоли яшайди. Бу ерда аҳоли асосан чорва билан шуғулланади ва шу билан кун куради.

Ёқубовлар оиласи ҳам қишлоқдаги оддий оилалардан бири. Бутун рўзғор оила аъзолари меҳнати ва камсуқум даромади билан қурилган. Оилада бирор давлат ёки бошқа ишда ишлаб, мунтазам ойлик оладиган одам йўқ.

Яъни, Сина қишлоғида ёшларнинг асосий қисми ишсиз, кўпроқ Россия ва Қозоғистонга муҳожирликка қатнайди.

Бу қишлоқ аҳолиси орасида Украинага бориб ишлаганлар ҳам кўп эди. Аммо, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери, Украинага қатнов қарийб тўхтаган. Дарвоқе, синаликлардан бир нечаси Бучада бедарак кетган ўзбеклар орасида бўлган.

Агар, бу воқеа бўлмаса, Боймурод ва акаси ҳадемай кузги хирмон теграсида авж оладиган улоқларнинг бошида бўлиши керак эди.

Ака-ука ҳар йили улоқлар марказида, бунинг учун ўзлари ясаб олган тренажёрда кунига машқ қилишарди.

Ўз қўллари билан ясаган машқхонасини ҳатто ўрнидан туриб кўролмайдиган аҳволга туширилган Бойка чавандоз келажагига жуда катта хавотир билан қарайди.

Кўрсатма олиш учун чақириб, ўлар ҳолда у ердан чиқарган ИИВ тизимига ишонмаслиги, аммо бу ҳолат бошқалар бошига тушмаслиги учун албатта чора кўрилиши керак, деб таъкидлайди:

"Бу нарсани чорасини кўрмаса, яна қанча одамлар бу аҳволга тушиши мумкин. Биз дардимизни кимга айтайлик? Ишонганимиз президентимиз, Шавкат Мирзиёев. Мени олиб бориб уришганидан бери ҳамма жойим оғрийди. Шароитимиз ҳам йўғроқ, бирор жойга олиб бориб кўрсатиш учун... Бировнинг умидини синдириш ёмон нарса. Меҳнатимни куйдирди булар…”

Форум

XS
SM
MD
LG