Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:52

Тошкент ИИББда "шафқатсиз қийноққа тутилган" россиялик тадбиркор 15 йилга қамалди


Тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Поп туманининг Чодак қишлоғидаги адирликда 1500 кишига мўлжалланган “Космос” меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурган.
Тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Поп туманининг Чодак қишлоғидаги адирликда 1500 кишига мўлжалланган “Космос” меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурган.

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди 7 февраль куни Россия Федерацияси фуқароси, наманганлик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевни 15 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Суд Дилшод Тўрахўжаевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддаси, тўртинчи қисми “а” банди билан (босқинчилик) айбдор деб топган.

Ўзининг ҳисобидан Поп тумани Чодак қишлоғидаги адирликда 1500 кишига мўлжалланган “Космос” меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурган Дилшод Тўрахўжаев 2023 йилнинг 12 апрелида Поп тумани ИИБ томонидан ҳибсга олинганди.

Тўрахўжаевнинг ўзи ва адвокати унинг Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторида қийноққа солинганини айтишган.

Тадбиркорнинг адвокати суд ҳукмидан норози эканини айтаркан, ҳукм устидан апелляция маҳкамасига мурожаат қилишини таъкидлади:

“Суд адолатсиз жазо тайинлади. Биз ҳукмдан мутлақо норозимиз ва апелляция киритамиз”, деди адвокат Нурилла Тўлаганов.

Дилшод Тўрахўжаевнинг укаси Дониёр Тўрахўжаевнинг айтишича, ҳукм ўқиладиган куни суд биносига "ўнлаб ички ишлар ва хавфсизлик ходимлари ташланган":

“Судьяга босим бўлгани шундоқ ҳам кўриниб турибди. Бир ой аввал ишни қайта терговга қайтарган судья далиллар ўз тасдиғини топмаганини кўриб турган бўлса ҳам заказ ҳукмни ўқиди”.

Бундан аввал адвокат Нурилла Тўлаганов Дилшод Тўрахўжаев тергов давомида шафқатсиз қийноқларга солингани ҳақида ижтимоий тармоқларда видео чиқишлар қилган эди.

Дилшод Тўрахўжаев тергов изоляторидан президент Шавкат Мирзиёевга чиқарган мурожаатида туҳмат билан қамоққа олингани ва Тошкент ИИББда қийноққа солинганини айтган эди:

“Оғзим ва бурнимни скотч билан маҳкам боғлаб, бошимга полиэтилен пакет кийдириб, оёғимнинг товон, сон қисмига, олд қисмига, кўкрак қафасимга, бошимга резинкали дубинка ва махсус пластик қўлқоплар билан юзларимга, ҳамма жойимга олти соат тинмай уришди. Бир неча марта ҳушимни йўқотдим, электрошокерни танамга теккизиб уйғотишар ва яна уришар эди”.

Дилшод Тўрахўжаевнинг ёзишича, ундан Наманган вилояти Поп туманида ўзи бунёд этган “Космос” дам олиш масканидан воз кечишни талаб қилишган:

“Президентинг ўлди, мен сенинг президентингман, мен сенинг адвокатингман, “Космос”ни ўтказиб берасан, бўлмаса сени “босқинчилик” эпизодига қўшиб камида 15 йилга қаматаман деб қўрқитиб, қандайдир ҳужжатга қўл қўйишимни сўради. Мен эса президентим ўлмаган, ҳамманг қонун олдида жавоб берасан деганимдан кейин, ходимлар мени бир ярим метрга кўтариб полга отишди”.

Ўтган йилнинг 6 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилган.

Ташриф давомида Дилшод Тўрахўжаев билан ҳам суҳбат ўтказилган ва у ўзининг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаган эди.

“Хусусан, Дилшод Тўрахўжаевнинг сўзларига кўра, унга нисбатан Наманган вилояти Поп тумани Ички ишлар бўлимида ва кейинчалик Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида руҳий ва жисмоний босим ўтказилган. Қийноқлар натижасида айбига иқрор бўлган ва олган тан жароҳатларини ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилганлиги бўйича кўрсатма бермаган. Шунингдек, у ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний қийноққа солинганлигини тасдиқловчи асосли далиллари мавжудлигини маълум қилди”, дейилади Омбудсман хабарида.

Омбудсман мониторинг ташрифи якунларига кўра , Бош прокуратурага назорат хати киритган эди. Аммо бу назорат хатининг натижалари маълум қилинмаган.

Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Тўрахўжаев Дилшод Абдуваҳобович, 1984 йилда туғилган. Россия Федерацияси ватандоши, 20 йил мобайнида Россия Федерациясида яшаган.

2019 йилдан Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида "APART HOTEL COSMOS" МЧЖни ташкил этган.

Меҳмонхона ва дам олиш масканларидан иборат мажмуа 1500 кишига мўлжалланган.

Тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йилдаги Наманганга ташрифида унинг назарига тушган. Президент Чодак қишлоғи чўққисида қурилган мажмуани олқишлаган эди.

Тўрахўжаев 2022 йилнинг 28 августида "Туризм фидоийси", 2022 йил 8 декабрда “Конституциянинг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Форум

XS
SM
MD
LG