Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:55

Уруш рамZи. Россиянинг Украинага босқини тимсоли қандай пайдо бўлди?


Украинада уруш бошланганидан бери Россия ҳарбий техникасида кузатилаётган лотинча Z ҳамда V ҳарфлари ушбу “махсус амалиёт”нинг расмий рамзларига айланиб бўлди.

Россияликлар ўз ҳарбийларини дастаклаб Z шаклида турли флешмоблар уюштиришмоқда, бу ҳарфни автомобилларга ва жамоат транспортига, билбордларга ва футболкаларга туширишмоқда. Z ҳарфи, шунингдек, урушга қарши фуқароларни қўрқитиш учун ҳам қўлланиляпти.

Россия Украинага бостириб кирган илк кунларда ижтимоий тармоқларда лотинча Z ҳамда V ҳарфлари туширилган Россия ҳарбий техникаси суратлари пайдо бўла бошлади. Ўшандан бери ушбу ҳарфлар қандай маънони англатиши хусусида турфа тахминлар билдирилмоқда. Айримлар Z ҳарфини “Запад” (“Ғарб”), яъни қўшинларнинг ҳаракат йўналиши, деб йўримлайди. Яна баъзи фаразларга кўра, Z ҳамда V – Украина президенти Владимир Зеленский шахсига ишорадир.

Conflict Intelligence Team асосчиси Руслан Левиев тушунтиришича, ҳарбий техникалардаги Z ҳарфи – Ғарбий ҳарбий округни (Западний военний округ), V эса Шарқий ҳарбий округни (Восточний военний округ) билдиради. Учбурчак белги билан тамғаланган техникалар – Жанубий ҳарбий округга, диагонал чизиқлилари эса Марказий ҳарбий округга оид. Левиев мазкур изоҳни Россия ҳарбийлари орасидаги манбаларидан олганини айтади.

“Аммо аскарларга белгиларни чизиш бўйича аниқ кўрсатма берилмаган: қандай, қанақа ўлчамда, қаерга. Шу боис ҳарфлар ҳарбий техникаларга пала-партиш туширилган.

Z ҳарфи чизилган Россия танки. Донецк, 11 март, 2022.
Z ҳарфи чизилган Россия танки. Донецк, 11 март, 2022.

Айримлар “Техникаларни машқлар учун шунақа тамғалашган”, дейишяпти. Бўлмаган гап. Машқлар фақат Беларусда бўлди, ҳолбуки бу ҳарфлар Украина чегараларига келтирилиб, оқибат урушга ташланган барча техникаларда бор. Қолаверса, ҳеч ким ҳеч қачон техникаларни машқлар учун бунақа бўяб ташламайди – ахир кейин шунча бўёқни ювиб тозалаш осонми? Чинакам ҳарбий машқларда қўшинни иккига бўлиш учун бир қисмига қизил, қолганларга кўк байроқчалар ва тасмалар тарқатишади”, дейди Левиев.

Ҳарбий экспертга кўра, жанговар ҳаракатлар чоғида техника айнан қайси қўмондонлик гуруҳига оидлигини фарқлаш учун шунақа таниқ белгиларини тушириш керак бўлган.

“Уруш бошланганидан сўнг бир ҳафтача ўтгач, Кремль пропагандачилари ҳар хил тусмоллар қоришмасида афсонага айланган Z рамзидан пропаганда мақсадларида фойдаланишга қарор қилишди. Ва ўшанда “Z – “За победу” (Ғалаба учун), V – “сила V правде” (Куч ҳақиқатда)” деган аҳмоқона изоҳ ўйлаб топилди. Ва бундан Георгий тасмасига ўхшаш бренд ясашга киришдилар.

Ҳозирда, Z белгиси пропаганда брендига айлантирилгани сабабли урушда қатнашаётган ҳарбийлар ушбу ҳарфларнинг аввалги маркировкасидан воз кечишган кўринади. Чунки энди илгари ҳеч бир белгиси бўлмаган барча техникаларни ёппасига Z билан тамғалашмоқда. Масалан, захирадан олинган техникаларни”, фикрини давом эттиради Левиев.

Мудофаа вазирлиги ушбу символикалар хусусида бирон изоҳ бергани йўқ. Аммо вазирликнинг “Инстаграм”даги аккаунтида бу ҳарфлар қўлланган шиорлар пайдо бўла бошлаган. Чунончи, “Zа мир” (Тинчлик учун), “Zа правду” (Ҳақиқат учун), “Zаканчиваем войны” (Урушларга чек қўямиз), “ZаПацаноV” (Йигитлар учун) ва ҳкз.

Натижада Z ҳарфи атрофида кенг кўламли ахборот кампанияси қурилди. Россиянинг давлатга қарашли RT телеканали Украинадаги урушни “Z махсус амалиёти” деб аташгача борди ва ушбу рамз акс этган футболкалар чиқара бошлади. Шунақа футболкалар ва машиналар учун ёпиштирма безаклар Россиядаги энг йирик интернет-дўконлардан бири бўлмиш Wildberries’да ҳам пайдо бўлди.

Уруш бошланганига бир ҳафта бўлганида Кемерово вилояти губернатори Сергей Цивилёв расмий ҳужжатларда вилоят номини “КуZбасс” деб ёзишни буюрди. Унинг фикрича, Z – бу “биринчи галда жангчиларга мададкорлик белгиси ва жамиятнинг бирдамлиги рамзидир”. Байкалорти ўлкасининг ҳам номи ўзгарган – эндиликда ахборот материалларида унинг номи “Zабайкалье” деб кўрсатилмоқда.

SOTA нашри ижтимоий фикр етакчилари учун чоп этилган қўлланмани эълон қилди. Кемерово вилояти маъмурияти ишлаб чиққани айтилаётган ушбу қўлланмада ижтимоий тармоқларда Россия ҳарбийларини тўғри дастаклаш бўйича тавсиялар берилган. Шунингдек, унга кўра, блогерлар ўз постларида ZаРоссию, ZаНаших, ZаПутина, СвоихНеБросаем каби ҳештегларни қўллаши шарт қилинган. Бу ҳештеглар бўйича излаганда турли ҳудудлардан минглаб пост ва мақолаларни топиш мумкин. Ва уларнинг каттагина қисми таълим муассасаларига тегишли аккаунтларда эълон қилинган.

Қозондаги хоспис маъмурияти бемор болалар ва уларнинг ота-оналарини ҳовлида Z шаклида тизиб, милитаристик акция ўтказди. “Чап қўлимиз билан ДХР, ЛХР, Россия ва Татаристон байроқлари акс этган варақаларни кўтардик, ўнг қўлимизни эса мушт қилиб тугдик. Ҳаммаси яхши бўлди. Акцияни квадрокоптердан тасвирга олдик, федерал телеканалдан журналистлар келишди”, дейди хосписни ташкил қилган фонд бошқаруви раиси Владимир Вавилов.

Z ҳарфини мутлақо кутилмаган жойларда ва буюмларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, Ёқутистондаги паррандачилик фабрикасининг “ватанпарвар тухумлар”ида.

Ёки Давлат Думаси депутати Татьяна Буцкаянинг эрининг энсасида.

Шу қисқа вақт ичида Z ҳарфи Россияда гўё бир муқаддас тимсолга айланиб, уни кулги қилиш тақиқланмоқда. Сургутлик бир киши Россия ҳарбий техникалари сиртидаги Z белгисини ижтимоий тармоқда “засранцы” (“чичқоқлар”) деб йўримлагани учун Россия қуролли кучларини камситишга доир янги модда бўйича 40 минг рубль жаримага тортилди.

Z ҳарфи Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш билан бирга, урушни ёқламайдиганларни қўрқитиш учун ҳам қўлланмоқда. Кинотанқидчи Антон Долин квартираси эшигига шу ҳарфни қириб ёзиб кетишганидан сўнг Россияни тарк этишга мажбур бўлганини айтади. “Очиқ англатишди. “Оиланг қаерда яшашини биламиз. Эҳтиёт бўл”, демоқчи бўлишди”, дейди Долин.

Украинада жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақириб петиция ёзган “Театр” журнали бош муҳаррири Марина Давидова ҳам уйи эшигида шу белгини кўрди. “Петиция эълон қилганимдан сўнг бир неча кун ўтиб квартирам эшигида шу ҳарф пайдо бўлди. Ўшанда бунинг маъносини яхши тушунмасдим, лекин бу оқ бўёқда белгиланган “қора нишон” эканлигини билардим”, деб ёзди Давидова.

“Мемориал” ходимлари ташкилот офиси 14 соат давом этган тинтувдан сўнг ичкарига кириб, ҳар жойда Z ҳарфи ёзиб ташланганини кўришди. Тақдимот тахтасига бу белги катта қилиб туширилган, тагида эса “Мемориал”нинг куни битди”, деган сўзлар бор эди.

Урушга қарши акцияларни тарқатишга чиққан полициячилар ҳам дубулғаларини Z ҳарфи билан маркировка қилишмоқда.

Қрим аннексия қилинишининг 6 йиллигини ҳам Z услубида нишонлаш режаланяпти. Baza нашри аниқлашича, ҳудудларга махсус митинг-концертлар ташкил қилиш вазифаси топширилган. Уларнинг иштирокчилари “жамиятнинг барча қатламлари президент ва унинг Украинани денацификация қилиш сиёсати атрофига жипслашганини” намойиш этишлари лозим. Маданият муассасаларига эса Z ҳарфли флешмоблар ҳамда ватанпарварлик руҳидаги шеърхонлик кечалари ўтказиш таклиф қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG