Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:26

“Гапирса, Алламжонов гапирарди”. Тошкент Кремль пропагандаси қаршисида сукут сақламоқда


25 февраль куни Путиннинг матбуот хизмати "Шавкат Мирзиёев Россия томонининг ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилгани" ни айтган.
25 февраль куни Путиннинг матбуот хизмати "Шавкат Мирзиёев Россия томонининг ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилгани" ни айтган.

Таниқли журналист ва блогер Элдор Асанов, ўзбекистонлик журналист ҳамда блогерларни “Россия пропагандасининг жирканч ҳамласи”дан ҳимоя қилишни сўраб, президентга мурожаат эълон қилди.

Асановнинг бир ўзи имзолаган мурожаат “Россия 24” каналида берилган “Осиё марказида Роберт Францев билан” кўрсатуви ортидан янгради. Кўрсатувда ўзбек матбуоти Украинадаги урушни ёритишда Киев тарафини олганликда айбланган эди.

Кўрсатув муаллифи Роберт Францев, “Кремлга тушуниш изҳор қилган” президент Ш. Мирзиёевдан “миллатлараро низо чиқараётган" матбуотга чора кўришни талаб қилди.

Бунга қадар ҳам Украинадаги уруш мавзуси расмий матбуотда қарийб ёритилмаётган эди. Бу мавзуда чиқиш қилаётган мустақил нашрлар эса АОКАдан огоҳлантириш олган.


“Сўз эркинлигига жирканч ҳамла”

8 март куни эълон қилган мурожаатида Элдор Асанов Кремль ўзининг Украинага қарши “ҳарбий тажовузи”ни қоралаган ўзбек нашрларини ҳам назоратга олишга уринаётганини қайд этиб, буни “жирканч ҳамла” деб атайди:

“РФнинг давлат канали – “Россия 24” мухбири Роберт Францев ўзбекистонлик блогер Никита Макаренкони, Kun.uz ва Gazeta.uz нашрларини гўёки Ғарб махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишда ва “аксилрус кайфиятларини алангалатиш”да айблади”. “Ўзбекистондаги сўз эркинлигига бундай жирканч ҳамла жавобсиз қолиши мумкин эмас”.

Журналист, бу ҳолатда Ўзбекистон раҳбарияти “Россия 24” давлат телеканали Кремль расмий нуқтаи назарини етказишини урғулайди ва бу кўрсатув Ўзбекистон ички ишларига “қўпол тарзда аралашиш” дея баҳолайди.


“Тушуниш изҳор қилган” Мирзиёевга савол

“Россия 24” телеканалида 6 март куни эфирга узатилган “Осиё марказида Роберт Францев билан” (“В центре Азии с Робертом Францевым”) кўрсатувида ўзбекистонлик таниқли блогер Никита Макаренко ҳамда Kun.uz, Gazeta.uz мустақил Интернет нашрлари номи тилга олинди.

Кўрсатув муаллифи номи тилга олинган блогер ва нашрларни “Ғарб махсус хизматлари билан ҳамкорликда” Украина президенти Владимир Зеленский ва унинг ҳукуматини қўллаш, мамлакат аудиториясида “аксилрус кайфиятларини алангалатиш”да айблади.

Кремлнинг Марказий Осиёга оид сиёсати тарғиботчиси бўлган Роберт Францев, 2018 йил декабрида ўша пайтдаги НАЭСМИ раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов қўлидан "Ўзбекистон дўсти" махсус мукофотини олган.
Кремлнинг Марказий Осиёга оид сиёсати тарғиботчиси бўлган Роберт Францев, 2018 йил декабрида ўша пайтдаги НАЭСМИ раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов қўлидан "Ўзбекистон дўсти" махсус мукофотини олган.

“Президент Шавкат Мирзиёев, Владимир Путин билан телефон мулоқотида Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари бўйича “тушуниш изҳор қилди”. Афсуски, Ўзбекистонда ҳамма ҳам ўз етакчисининг ақлли ва синалган сиёсатини қўлламаётир. Ахборот маконида тақдир тақозоси билан ғарбдан грантлар олган ва Россиянинг Украинадаги махсус амалиётини қоралаган, ҳатто Россия ОАВ номига лаънатлар ўқиган блогер ва псевдо журналистлар дарров пайдо бўлди”, деди кўрсатув муаллифи.

Сўнгра муаллиф, Ўзбекистон ҳукуматини матбуотдаги бундай чиқишларнинг икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларга таъсиридан огоҳлантирди:

“Дарвоқе Россия билан стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик шартномаси бўлган дўстона Ўзбекистон ҳукуматига савол: бунақа баёнотлар ўша иттифоқчилик алоқаларига зарар келтирмайдими?”

Ҳозирча расмий Тошкент ёки ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи АОКА агентлиги бу кўрсатув ҳақида бирор расмий баёнот бермади. Озодликнинг бу агентликка мурожаати ҳам жавобсиз қолмоқда.

“Кремль нотўғри тушунишидан қўрқишяпти”

Марказий нашрлардан бирида ишлайдиган журналистнинг айтишича, расмий газеталарнинг муҳаррирлари “Украина ва Россия ўртасида бошланган низони ёритмаслик” ҳақида қатъий огоҳлантирилган.

Бу огоҳлантирув, “Россия 24” каналида берилган “Марказий Осиёда Роберт Францев билан” (“В центре Азии с Робертом Францевым”) кўрсатувидан сўнг берилган.

Журналистнинг тахминича, “Россия 24” каналида берилган кўрсатув Ўзбекистон раҳбарияти томонидан жиддий қабул қилинган.

“Булар нейтрал позициядамиз, деб қўйди. Лекин матбуот ҳар нарса деб ёзишни бошласа, бунга ҳукумат рухсат бериб қўйган, деб Кремль нотўғри тушунишидан қўрқиб кетишди, менимча. Шунинг учун, яхшилаб ҳам, ёмонлаб ҳам ёзманглар, деган топшириқ бўлган. Бизда муҳаррирлар ҳатто хабар ҳам ёзиб, бошни қотирманглар, деяпти”, дейди журналист.

Россия телеканалининг ўзбек матбуотига хуружи тармоқларда турлича шарҳланди.
Россия телеканалининг ўзбек матбуотига хуружи тармоқларда турлича шарҳланди.

Миллий телерадиокомпанияда (МТРК) ишлайдиган журналистлардан бири ҳам, Украина шарқида жанг ҳаракатлари бошлаганидан бери, бу вазиятни ёритишга яширинча тақиқ қўйилганини билдирди.

“Шунақа гап бор: уруш бошланганидан бери эфирда ҳатто Россия деган сўзни ҳам ишлатманглар, деб кўрсатма беришган”, деди исмини сир сақлаган яна бир журналист.

МТРК журналистларига, хорижий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш ёки уларга интервью бериш тақиқланган.

Шу кунда Украинадаги воқеалар фонида, маҳаллий журналистлар ва уларнинг тармоқлардаги чиқишлари устидан назорат янада кучайгани кузатилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистондаги энг оммабоп нашридан бири бўлган Kun.uz нинг икки таъсисчиси ва бош муҳаррири 26 февраль куни ДХХга чақиртирилди. Нашр таъсисчиларидан бири Умид Шермуҳаммедов бу ҳақда Facebook саҳифасида маълум қилди.

Yep.Uz. нашри муҳаррири Марина Козлова эса, Украинанинг Тошкентдаги элчиси Микола Дорошенко билан интервьюсидан сўнг, АОКАдан расман огоҳлантриш олганини билдирди.

Ушбу мактубда журналист, элчи билан интервьюсига илова қилган фото ва видеотасвирларни чоп этиш орқали “шафқатсизликни тарғиб қилиш”, “ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлар”ни тарғиб қилишда айбланган.

Марина Козлова, бу мактубдан сўнг, сурат ва видеотасвирларнинг айримларини хиралаштиргани, айримларини ўчиргани ва нега ўчиргани ҳақида мақолада изоҳ қолдирганини маълум қилди.

"Мен бошқа ҳеч нарсани ўчирмоқчи эмасман. Бу интервью теграсидаги вазият қандай ривожланишига қараймиз. Агар улар мени қўрқитишни давом эттирса, эҳтимол ҳимоя сўраб, судга мурожаат қиларман”, деди Козлова Озодлик билан суҳбатда.

Журналист Ўзбекистоннинг Украинадаги асл воқеълик ҳақида сукут сақлаш сиёсатини “нотўғри” деб ҳисоблашини ҳам қўшимча қилди:

“Ҳозир Украинада бўлаётган воқеа - аҳамияти жиҳатидан барча давлатлар, шу жумладан Ўзбекистон учун ҳам, совет иттифоқининг қулашига тенг даражадаги ҳодисадир. Майли, инсонпарварлик, гуманизм, халқаро ҳуқуқ нормаларини унутган тақдиримизда ҳам. Бу уруш ҳақида сукут сақлаш - мутлақо нотўғри”.

АОКА қошидаги Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ Yep.uz нашридан Украина элчиси билан суҳбатга илова қилинган фото ва видеоматериалларни олиб ташлашни талаб қилган.
АОКА қошидаги Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ Yep.uz нашридан Украина элчиси билан суҳбатга илова қилинган фото ва видеоматериалларни олиб ташлашни талаб қилган.

“Гапирса, Алламжонов гапирарди”

Ҳозир Украинада бўлаётган урушни Ўзбекистондаги расмий нашрлар умуман ёритмаётир.

Шу кунгача бирор давлат расмийси ва турли давлат идоралари, ҳатто Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳеч бир шаклда муносабат билдирмади.

Шу вақтгача турли мавзуларда чиқишлар қилиб, тармоқлар эътиборини тортиб келган шахслар, амалдаги депутатлар, турли партия етакчилари ҳам жим.

АОКАга яқин манба, Украина мавзусига қўйилган яширин цензура, тармоқларда турли мавзуларда эмин-эркин позициясини билдириб турадиган Комилжон Алламжонов ва унинг ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг ҳам "оғзини ёпгани"ни айтади:

“Ёритишга цензура қўйилган. Янгиликларни берса бўлади, маълум даражада. Украина томон бўлиб, русларни қоралаш мумкин эмас. Шундай қилганлар "суҳбат"га ҳам кириб чиқди. Шунинг учун Алламжонов ҳам бу мавзуда ортиқча гапирмай, жим турибди. Гапирса, Алламжонов гапирарди. Ҳатто, тинчлик бўлсин ҳам дея олмади. Ўзини аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси қилиб кўрсатадиган Саида Мирзиёева ҳам, бомбардимонда ўлаётган аёллар ва болалар ҳақида ғиринг деёлмади-ку!”

Озодлик бу борада расмий изоҳ сўраб, Алламжонов раҳбари бўлган Масс-медиа фонди ҳамда АОКА матбуот хизматига боғланди. Аммо ҳозирча жавоб ололмади.

“АОКА қонунларга амал қилиши керак”

Айни пайтда Ўзбекистондаги қатор мустақил интернет нашрлари Украина бўйлаб давом этаётган бомбардимонлар ҳамда ҳарбий тўқнашувларни ёритишда давом этмоқда.

Бу чиқишларда нашрлар, “Россиянинг ҳарбий босқини”, “Украина уруши”, “Украинага ҳужум” каби жумлалар қўлланилмоқда.

Украинадаги воқеаларни фаол ёритиб келаётган ва хусусан, “Россия 24” каналида номи тилга олинган Gazeta.uz нашри бош муҳаррири Азамат Атажонов ҳозирга қадар бу борада таҳририятга ҳеч бир огоҳлантириш келмагани, ходимлар ҳам ҳеч бир идорага чақирилмаганини билдирди:

"Бизда бу ҳакда маълумот йўқ. Таҳририятдан ҳеч кимни ҳеч қаерга чақиришмади”.

Украина мавзусини фаол ёритиб келаётган журналист ва блогер Зафар Солижонов ҳам шахсан унга ҳозирга қадар ҳеч бир эътироз ёки огоҳлантирув бўлмаганини билдирди:

“Украина масаласини ёритмасликни сўраймиз” ёки “шундай позицияда туриб ёритинг”, деган ҳеч қанақа огоҳлантирув, босим ёки дўқ-пўписа бўлмади. АОКА томонидан ҳам бир огоҳлантирув ёки босим бўлмаган, мен гувоҳ бўлмаганман. Мен постларимда рус босқинига кўп эътибор қиляпман. Чунки суверенитет - нафақат конституция, балки халқаро ҳуқуқ нормаларида ҳам алоҳида қайд этилган ҳақдир”.

Айни пайтда журналист Украина масласида Ўзбекистон ҳукуматининг нейтрал позициясини матбуотда “ушлаб туришга” уринаётган АОКАни матбуотга берилган қонуний ҳуқуқларни таъминлаш ва қонунларни ишлатишда икки хил стандартга йўл қўймасликни эслатди:

“Кремлнинг бир одати бор, буни бутун дунё билади: ОАВ назорати ҳар бир давлатнинг ўз қўлида ва ундаги чиқишларни ҳукуматни ўзи уюштиряпти, деб ўйлайди. Айниқса, бизникига ўхшаган ҳудудларда ОАВ мустақил позициясини билдиришни бошласа, Кремль давлат раҳбарларига ўзининг алоҳида ричаглари билан таъсир кўрсатишга уриниши мумкин. АОКА шунинг олдини олиб, давлатнинг нейтрал позициясини ушлашга ҳаракат қиляпти, деб ўйлайман. Лекин АОКА шуни унутмаслиги керакки, журналистда материал йиғиш, тўплаш, чоп этиш ва бошқа ҳуқуқлар бор, цензурага йўл қўйилмайди”.

Жуда ҳам нейтрал позиция

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи ҳозиргача Россиянинг Украинадаги "ҳарбий амалиёти" юзасидан баёнот бергани йўқ.

Унинг 25 февраль куни президент Путин билан телефон мулоқоти ҳақида хабар берган Кремль эса Ўзбекистон раҳбари Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари юзасидан "тушуниш изҳор қилгани"ни билдирди. Аммо кейинроқ телефон мулоқоти юзасидан қўшимча изоҳ берган президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Ўзбекистон бу борада нейтрал позицияда эканини урғулади:

“Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда. Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим”, дейилади Шерзод Асадов 26 февраль куни эълон қилган баёнотида.

Озодлик суҳбатлашган ўзбек журналистлари ва таҳлилчиларига кўра, Тошкентнинг тобора тажовузкор бўлиб бораётган Кремль қаршисида нейтрал туриши Ўзбекистоннинг геосиёсий манфаатларига тўғри келиши мумкин, аммо ахборот сиёсати нуқтаи назаридан жорий вазият "назоратни йўқотиш" билан тенг.

Исми очиқланишини истамаган журналистлардан бири буни "жуда ҳам нейтрал позиция" деб атади.

Россиянинг Украинага тажовузи бошланган илк кунларда қатор блогерлар Ўзбекистонда кремлпараст телеканалларни ёпишга чақиришди. Аммо ҳукумат ва унинг ахборот сиёсати учун масъул АОКА ҳозирга қадар бу чақириқларга муносабат билдиргани йўқ.

Блогер Никита Макаренко ҳозирда "Ўзбекистон ўз нуқтаи назарини ўзининг аҳолисига етказа олмайдиган аҳволга тушиб қолгани"ни танқид қилган.

"Кремлдан қўрқади". Ўзбек зиёлилари Россиянинг Украинага уруши ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:17 0:00
XS
SM
MD
LG