Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Украинадаги урушнинг кейинги босқичида нималарни кутиш мумкин?


Президент Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу (чапда) ва Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов билан. Чита, Сибирь, 17 июль, 2013
Президент Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу (чапда) ва Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов билан. Чита, Сибирь, 17 июль, 2013

Ғарблик экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россия Украинадаги уч ҳафталик урушда АҚШ Афғонистон ва Ироқдаги 20 йилдан ортиқ вақт давомида йўқотган аскарларидан ҳам кўпроқ аскар йўқотди.

АҚШ ва Британия мудофаа расмийларининг айтишича, ҳозиргача 7000 дан ортиқ рус аскари ҳалок бўлган. Бу рақам қурбонлар сонининг энг паст миқдори сифатида кўрилмоқда, чунки Украина Мудофаа вазирлиги украин ҳарбийлари 14 мингдан ортиқ душман аскарини ўлдирганини айтди. Москва фақат бир марта, яъни 2 март куни 498 аскар ҳалок бўлгани ҳақида расман баёнот берган.

Умумий рақамлар ноаниқ бўлса-да, Россия уруш ҳаракатларида катта муваффақиятсизликларга дуч келаётгани, жанговар руҳнинг пастлиги ва логистика билан боғлиқ муаммолар ортиб бораётгани ҳақидаги хабарлар тобора кўпаймоқда.

Озодлик Виржиниядаги CNA таҳлил марказининг Россия тадқиқотлари дастури раҳбари, россиялик ҳарбий эксперт Майкл Кофман билан суҳбатлашди.

Озодлик: Россиянинг Украинага бостириб кирганига уч ҳафта бўлди ва украиналиклар кўп жиҳатдан Россия босқинини секинлаштиришга муваффақ бўлишди. Россия бу уруш давомида логистик ва бошқа муаммоларга дуч келмоқда. Айни пайтдаги уруш ҳолатини ва келгуси ҳафталардаги воқеалар ривожини қандай баҳолайсиз?

Майкл Кофман: Ҳозирда урушнинг аниқ ҳолатини айтиш қийин. Уруш давом этмоқда ва жанг майдонида аслида нима содир бўлаётгани ҳақида жуда кам тасаввурга эгамиз. Менимча, Россия кучлари олдинга силжиши сустлашди.

Россиянинг урушдаги дастлабки мақсадларининг аксарияти ҳозирча амалга ошмади. Россия ўз мақсадларини Украина ҳукумати билан қандайдир сиёсий келишув асосида қайта кўриб чиқаётганга ўхшайди.

Озодлик: Россиянинг Киевни эгаллаши қийин масала деб ўйлаётганингизни ҳисобга олсак, яқин ҳафталарда Одесса ва Киев каби шаҳарларни назорат қилиш учун Россиядан катта ҳаракатлар бўлиши мумкинми? Рус ҳарбийлари секинлашди, аммо улар ҳали ҳам олға силжийдими?

Кофман: Менимча, Россия кучлари Одессага бормайди. Ҳозир улар Николаевни ярмигача кириб борди ва Одессага ҳужум қилишга кучлари йўқ. Украина учун ҳақиқий таҳдид Донбасс қаршисидаги Қўшма кучлар операцияси (ҚКО) да жамланган кўплаб бригадалардир. Улар Донбассдаги кўп сонли Украина кучларини қуршаб олиб, оғир аҳволга тушириши мумкин.

Озодлик: Уруш бошида Россиянинг ривожланган ҳаво кучлари унга катта устунлик беради, деган тахмин бор эди, аммо бу у қадар ҳал қилувчи роль ўйнамаётганга ўхшайди. Бунинг сабаби нима?

Кофман: Кўпчилик Россиядан ҳаво билан биргаликда қуруқликдаги қўшинлардан иборат қўшма қуролли операцияни кутган эди. Бунинг ўрнига, рус ҳарбийлари ҳеч қандай жанг бўлмаслигини ўйлаб, Киев режимини тезкор ўзгартириш операциясини ўтказишга ва аслида жангдан қочишга ҳаракат қилди. Шунинг учун улар кутилган нарсанинг кўпини амалга оширмади.

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига эга мамлакатдир. Менимча, энг катта муаммолардан бири шундаки, одамлар Украинанинг ҳақиқий ҳарбий имкониятларига кам баҳо беришди. Бу Европадаги энг йирик мунтазам армиялардан бири. Қўшма Штатлар Украинани қуроллантиришга қай даражада ёрдам берганини ҳам эътиборга олиш керак.

Озодлик радиоси: Украина НАТО давлатларидан парвозларни тақиқловчи ҳудудни жорий этишни талаб қилмоқда. Аммо биз Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Украинага ер-ҳаво ракеталари ва бошқа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юборганини кўрдик. Бу урушнинг кейинги босқичида ҳал қилувчи роль ўйнайдими?

Кофман: Ҳал қилувчи омил эмас, лекин бу албатта ёрдам бериши мумкин. Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳозир ҳамма нарсадан ҳам кўра кўпроқ керак. Украина ҳаво мудофааси ёмон ҳаракат қилмаяпти. Шундай экан, бу мудофаа тизимини янада қўллаб-қувватлаш анча тўғри йўл.

Уруш болалари: Россия тажовузи украина болалари нигоҳида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:43 0:00

Озодлик: Сиз юқорида Россия қўшинлари уруш бошида қўйган кўп мақсадларга эриша олмаслигини айтдингиз. Биз Украина ва Россия томонлари ўртасидаги музокараларда бироз олдинга силжиш бўлгани ҳақидаги баёнотларни эшитдик. Шунга асосланиб, жанг майдонидаги ҳаракатлар секинлашадими ёки жадаллашади?

Кофман: Уруш, ҳозир биз кўраётгандек боши берк кўчада эмас. У ҳали ҳам давом этиши мумкин. Бизга аслида иккала томоннинг ҳарбий кучлари ҳолати қоронғи. Менимча, биз Украина армиясидаги йўқотишлардан кўра Россия ҳарбийларининг йўқотиш даражаси ҳақида кўпроқ биламиз. Қайсидир маънода бу икки боксчи ўртасидаги жангни томоша қилишга, аммо жангда улардан фақат биттасининг имкониятини кўришга ўхшайди.

Демак, урушнинг келажаги ҳақида гапирсак, эҳтимол, рус армияси яқин ҳафталарда ҳолдан тойиши ва танаффусга муҳтож бўлиши мумкин. Улар бўлинмаларни қайта ташкил этишлари ва қайта қуроллантиришлари керак бўлади. Бу шуни англатадики, биз келгуси ҳафталарда эҳтимол тўлиқ сиёсий келишув бўлмаса ҳам, қандайдир сулҳ битимини кўришимиз мумкин. Бу менинг тахминим.

Шу билан бирга, бу вақт давомида Россия ҳарбийларининг баъзи ҳудудларда шаҳарларни қамал қилиш орқали босим тактикасини қўллашига ва Украина сиёсий элитасига босим ўтказиш учун аҳоли турар-жойларига зарба беришини кўришимиз мумкин.

14 март куни Киевда ўққа тутилган кўп қаватли уйдаги ёнғинни бартараф этаётган ўт ўчирувчилар.
14 март куни Киевда ўққа тутилган кўп қаватли уйдаги ёнғинни бартараф этаётган ўт ўчирувчилар.

Озодлик: Юқорида айтиб ўтганларингиздан ташқари, бу уруш борасида сизни кўпроқ нима ҳайратда қолдирди?

Кофман: Уруш моҳиятан рус армиясининг катта қисмидан сир сақланганлиги жуда ҳайратланарли. Шунинг учун ҳам рус ҳарбийлари жисмоний ва руҳий жиҳатдан тайёр эмас эди. Ҳарбий операция учун улардаги жанговар руҳ ҳам жуда паст эди. Бу ўз навбатида, албатта, устунликни Украина томонига берди. Украиналиклар катта қаршилик кўрсатди, улар ақлли жанг қилди, шаҳар жойлашувидан фойдаланиб Россия таъминот чизиқларига ҳужум қилишди.

Бундан келиб чиқадики, биз Россия армиясининг имкониятларини қайсидир маънода ошириб юборганмиз, Украинаникини эса паст баҳолаганмиз.

Афтидан, Путин бу урушни махсус ҳарбий операция бўлади деб ўйлаганга ўхшайди. Режага кўра, улар бир неча кун ичида қандайдир йўл билан режимни ўзгартиришлари ва Россиядан ташқарида Европадаги энг йирик давлат ҳукуматини ағдаришлари керак эди. Бундай тахминлар ва режалар шунчаки ўзини-ўзи алдаш эди ва амалга ошмади.

XS
SM
MD
LG