Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Россия: Миграция агентлиги ишга жўнатган ўзбек муҳожирлари ёрдам сўрамоқда


Россиядаги ўзбек муҳожирлари энг ҳимоясиз қатламлардан бирига айланган.
Россиядаги ўзбек муҳожирлари энг ҳимоясиз қатламлардан бирига айланган.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги томонидан ёлланган ва россиялик иш берувчи билан шартнома имзолаб, Смоленск вилоятидаги балиқ заводига ишга келган муҳожирлар ишсиз ва маблағсиз қолганидан шикоят қилмоқда. Улар иш берувчини ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажармасдан, уларни на ҳужжат ва на иш билан таъминлаганликда айламоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида (ТММА) Озодликка Вязьмадаги балиқни қайта ишлаш заводидаги вазият назоратга олинганини билдиришди.

Бироқ шартнома асосида Россияга ишлаш учун келган ва ночор аҳволга тушиб қолаётган ўзбек муҳожирлари сони камаймаётир.

"На иш, на ҳужжат..."

Шу йилнинг 10 февралида Смоленскдаги иш берувчидан қочиб Москвага келган бир гуруҳ ўзбек муҳожири Озодлик таҳририятига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Тунги саот 2ларда Москванинг Беларус вокзалида журналистлар билан учрашган мигрантларнинг айтишича, Смоленск вилоятининг Вязьма шаҳридаги балиқни қайта ишлаш комбинатида яна 30 га яқин ўзбекистонлик ишчи ёрдамга муҳтож.

- Давлат томонидан “иш билан таъминлаймиз” деган ҳужжатлар билан кеганмиз. Шартномага амал қилмасдан, фирма бизни бўшатиб юборганидан кейин биз кўчада нима қилишимиз керак? Бизга ўхшаган мигрантлар, тирикчилик ғамида келганлар у ерда кўп. Ёши катталар ҳам бор, дейди Фарруҳ исмли муҳожир.

Вязьма балиқ комбинатида ишлаб келган ишчиларнинг бир қисми Навоий, кўпроқ қисми эса Андижон вилоятидан борган.

Озодлик билан суҳбатда мигрантлар ишга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги воситачилигида тузилган шартнома асосида Россияга келганликларини билдиришди. Мигрантларнинг иддаосича, келганидан буён улар ишсиз, ҳужжатсиз юришган.

- Ишга борганимизда айтишган эдики, ётоқ жой, ейиш-ичиш цех ҳисобидан, ойлик 45 минг рубл, 50-60 минг рублгача бўлади дейишганди. Иш жойимизга бордик, бизга иш жойимизни кўрсатишгани йўқ, 4-5 кун дам олиб ётдик. “Ўзимиз айтамиз”, деб ишга ҳам олиб чиқишгани йўқ, паспортларимизни олиб қўйишди. Ўша ерда ишлайдиган мусулмонлар 5-6 ой паспортини олдириб қўйиб, қарзга тиқиб қўйиб, ойлик ололмаганини эшитиб, янги келганимиз ҳисобига паспортларни олиб кетишга ният қилдик. “Сенларнинг қарзларинг бор. Қарзларингни ёпиб, кейин кетасизлар”, деган жойига “Ҳамма нарса биздан бўлади дегансизларку!”, деб, бугун ҳужжатларимизни олиб Москвага келдик, - дейди наманганлик Бобуржон.

Cуҳбат асносида Смоленск вилоятидаги бу йирик заводга ишга олинган ўзбекларнинг бир қисми Ташқи меҳнат миграция агентлиги кўмагисиз, Россияга ўзлари келиб жойлашгани маълум бўлди.

Маблағсиз ночор аҳволда қолган муҳожирларнинг бир қисми иш излаб Москвага йўл олган.

- Иш берувчи на иш берди, на регистрация, на патент қилиб берди, на пул берди. “Патентни қачон қилиб берасизлар?”, деб қўраганимизда, “Сен бўшатилдинг ишдан!”, деб, оилам билан кўчага чиқариб юборди, - дейди Фарруҳ.

Москвада улар маҳаллий миграция агентлиги идорасига ёрдам сўраб мурожаат қилишганди.

Ўзбекистон элчихонаси ва агентлик ходимлари бу муҳожирлар иши билан шуғулланаётгани айтилмоқда.

- Ёрдам сўраб, посолствога чиққандик. Ариза ёзиб бергандик, бу ердаги Меҳнат миграцияси агентлиги суриштирув ўтказишини билдирганди. Лекин ҳеч қанақа натижа бўлгани йўқ.

- “Биз бу ерга ишлагани келдик – иш топиб берасизми?”, десам, “Йўқ, ҳозир сенларни бу ерда ишлатаолмаймиз”, деди, - дейди Озодлик билан суҳбатда муҳожирлар.

Заводга Меҳнат вазирлиги комиссияси келиб кетган. Вазият ўша-ўша...

2021 йилнинг ноябр охирларида Смоленск вилоятидаги балиқни қайта ишлаш заводидаги ўзбекистонлик мухожирлар ўз муаммолари тўғрисида Интернетда бир қанча мурожаатлар чиқариши ортидан вазиятни ўрганиш учун ҳудудга Ўзбекистондан Меҳнат вазирлиги делегацияси ташриф буюрган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ўзининг Фейсбук саҳифасида 70га яқин ўзбекистонлик ёлланма ишчилар паспортларини иш берувчидан олиб бераётгани тўғрисида видео жойлаганди.

Унда иш берувчи ташвилот вакили Роман билан суҳбатдан комбинатда 200 нафар ўзбек муҳожири ишлаётгани англашилади.

Вазирлик расмийлари саволларига жавоб берган андижонлик мигрантлар маош ололмаётганидан ҳам арз қилганини кўриш мумкин.

Вазирлик ходимлари комбинатда ишлашни хоҳламаётган ишчиларга паспортлари қайтариб берилаётгани ва шартнома бекор қилинаётганини айтади.

- Ҳозир шу корхонада меҳнат фаолиятини давом эттиришни истамаган фуқаролар рўйхати шакллантирилаяпти. Рўйхат бўйича бухгалтериядан ҳар бирининг расчёти олиниб, улар билан ҳисоб-китоб қилиниб, шартнома бекор қилинадиган бўлди. Демак, улар ўз ташаббуси билан бу ерда ишлашни хоҳламаяпти, - дейди камерага гапирган ходимлардан бири.

Бироқ, афтидан, Меҳнат вазирлиги расмийлари кетиши ортидан у ерда ишловчи Ўзбекистон ватандошлари билан боғлиқ вазият мутлақо ўзгармасдан қолган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов Озодликка вазият юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирди.

- Билишимча, Москвадаги идорамиз фуқароларимиз иши бўйича шуғулланаяпти. Айнан сиз айтган ҳолат бўйича. У ерда ўзлари борганлар ҳам бор. Билишимча, 3-4 фуқаромиз иши назоратга олинган, улар ўрганиляпти ҳозир, -деди Ташқи миграция агентлиги вакили.

"Ҳар бир ишчига 100 доллардан беришяпти"

Меҳнат вазирлигининг Ўзбекистондаги яна бир ходимларидан бири Озодликка ўтган йил охирларида 500га яқин мигрант Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри, Мордовия, Москва, Пенза ва Смоленск вилоятларига олиб келинганини билдирди.

“Бу ишчиларнинг асосий қисми шу минтақаларда жойлашган “Константа”, “Уровень”, “Ванта”, “Веспа” ва “Озон” ташкилотлари томонидан ишга ёлланган. Бу ширкат вакиллари Ўзбекистонда ёлланган ҳар бир ишчи учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоятлардаги, масалан, Андижон, Навоий, Қаршидаги ходимларига 100 долларгача пул бериб келган. Масалан, Галия исмли россиялик бир рекрутинг компанияси раҳбари кўплаб ёлланган ишчиларимизни шу компанияларга деярли сотиб келяпти.

ТММА кўмагида Ўзбекистонда шу аёл ёллаган ишчиларнинг бир қисми Пенза вилоятининг “МК Ресурс” фирмасига борган, у ерда бир неча ой ишлаб пул ололмаганидан каейин Вязьма балиқ комбинатига тушган. Бу иш берувчилар ўз шартномаларини қўпол бузган ҳолда муҳожирларимизга маош тўламасдан ишлатиб келмоқда”, - деди исмини ошкор қилмасликни сўраган Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ходими.

"Муҳожирларни ишга олиб келиш тизимини ўзгартириш керак"

Москвага келган ва ҳозирча маблағсиз, уйсиз-жойсиз қолаётган ўзбек муҳожирлари уларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган ватандошлар кўмагида вақтинчалик квартираларга, уларнинг бир қисми Меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хостелларга жойлаштирилди.

Андижонлик Ютуб блогер Маъруфжон Собиров Вязьмадаги ўзбек мигрантлари вазиятига эътибор қаратган фаоллардан бири.

- Агар сизлар орқали мени ТММА (Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги - таҳр.) ходимларидан илтимос қилиб қолардимки, Россияга жўнатаётган Ўзбекистон муҳожирларини, илтимос, ҳамма шароитларини кўрсатиб, бор ҳақиқатни очиб, кейин жўнатинглар. У ерда расмда “Оқсарой”, келади – оддий вагон. Шароитлари 3 маҳал овқат деяпти, кўзи билан кўрганлар айтяпти, ит ҳам емайдиган овқат! Бизнинг муҳожирларимиз Россияда шаҳарларида керак бўлса “Роллтон” еб ҳам кунини ўтказганлар бор. “Давлат орқали келиб ҳам шу “Роллтон”ни еяпмизми?!”, деб ачиняпти.

Яна йўлкираларига кредит олиб, бўйнига 2,5 миллиондан илиниб келяпти. Булар бу ерда қийналиб ишламай юрибдими, у ерда ота–оналари қийналиб пенсиясидан тўлаяпти. Меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон фуқароларига ачинадиган бўлса, бу тизимни тез ва сифатли томонга ўзгартириш керак. Бу охири яхшиликка олиб келмайди, бекор шуларни қарғишига қолади, холос, - дейди блогер Маъруфжон Собиров.

Бу Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан юборилган ишчиларнинг оғир аҳволга тушиб қолиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.


Айни дамда Ўзбекистон ҳукумати Россияга кўпроқ меҳнат муҳожирлари юбориш режасини эълон қилган. Жумладан, Россия қурувчилик соҳасига яна 10 минг, қишлоқ хўжалигига эса яна 1 108 киши жалб қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, 2021 йилда муҳожирлар томонидан Ўзбекистонга 8,1 млрд. АҚШ доллари ҳажмида пул ўтказмалари амалга оширилди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG