Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:48

Россия: Ошаётган патент, тиббий кўрик ва мигрантофобия. 2022 да мигрантларни нима кутмоқда?


Россияда меҳнат муҳожирларига қўйилаётган талаблар кучайтирилаётганига қарамасдан, ўзбекистонлик мигрантлар сони кўпайиб бормоқда. Россияда мигрантлар сони ва пул жўнатмалари бўйича ўзбекистонликлар етакчилик қилмоқда.

Жорий тенденциядан хавотирга тушган Россия ҳукумати чекловларни кейинги йилда ҳам кенгайтиришини эълон қилди.

Имтиёзлар даври тугамоқда

2022 йил 1 январдан бошлаб Россиядаги меҳнат муҳожирларига ноқонуний меҳнат қилганлик учун жазо чоралари қўлланилади, бундан ташқари, улар мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. 28 декабрь куни Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги кучга кираётган янги тартибни яна бир бор эслатди.

Хорижий фуқароларни ишга ноқонуний жалб қилганлик учун иш берувчилар 800 минг рублгача жаримага тортилади.

Россия Федерацияси Президенти томонидан хорижий фуқароларга Россия Федерациясидан чиқмасдан қонуний равишда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўз ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш имконини берувчи вақтинчалик чора-тадбирлар 2021-йил 31 декабрда тугайди. Хорижий ишчиларни жалб қилиш учун рухсатномага эга бўлганлар, Россия Федерациясига кириш мақсадидан қатъи назар, чет эл фуқаролари учун ишлаш учун рухсатнома олиш учун ариза беришлари керак ”, дейилади вазирлик хабарида.

Департамент, шунингдек, 2020 йилнинг март ойидан бери 7 миллиондан ортиқ чет элликлар, жумладан, Россияда бўлиш қонунийлигини тартибга солиш имкониятига эга бўлган бир ярим миллион фуқаролар рухсатнома олганини таъкидлади.

Ҳужжатлари бўлмаганлар учун ИИВ 31 декабргача ички ишлар органларига мурожаат қилишни тавсия қилди.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг буйруғига кўра, 29 декабрдан бошлаб меҳнат муҳожирларига электрон тасвир ва бармоқ изларини ўз ичига олган микросхемага эга карточка кўринишида патент берилади.

Мигрантлар тиббий кўрикдан ўтказилади

Шу йилнинг 29 декабридан эътиборан Россияга ишлаш учун борган чет эл фуқароларига 30 кун ичида тиббий кўрик ва давлат дактилоскопик қайдномасидан ўтиш ҳамда фотосуратга тушиш мажбурияти юклатилди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигирасмий маълумот тарқатди.

Тиббий кўрик чоғида шахснинг наркотик ёки психотроп моддалар истеъмол қилиши ёки қилмаслиги, шунингдек унда инфекцион хасталиклар бор-йўқлиги текширилади.

Дактилоскопик қайд жараёнида бармоқ излари олинади. Бунинг учун фуқаролар ҳудудий ички ишлар бўлимларига шахсан бориб, паспорт ҳамда тиббий текширувдан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари лозим.

Россиянинг 274-ФЗ федерал қонунига мувофиқ, давлат Соғлиқни сақлаш вазирлиги бераётган бу тиббий ҳужжатлар 1 йил муддатга амал қилади.

Чет мамлакатлар фуқаролари ушу тартиб-таомилларни бажармаган тақдирда уларнинг Россияда вақтинча бўлиш муддати қисқартирилади.

Ушбу мажбурият Россияга меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мақсадда келган фуқароларга ҳам тегишли: тиббий текширувдан ўтиш ва бармоқ изларини топшириш учун уларга 90 кун муҳлат берилган.

Россияга ишлашга келаётган муҳожирлар рекорд қўймоқда

Россия Ички ишлар вазирлиги 2021 йилнинг январь—сентябрь ойларида 3 миллион 374 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Миграция хизматида қайдга олинганини маълум қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, 9 ойда келган 3 миллион 374 минг ўзбекистонликнинг тақрибан 90 фоизи (3 млн 54 минг) Россияга ишлаш мақсадида келган.

Сўнгги икки йилда COVID-19 пандемияси ортидан киритилган чекловлар боис нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан ҳам Россияга бораётган муҳожирлар сони кескин камайиб кетган эди.

8 декабрь куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов айни пайтда 2 миллион ўзбекистонлик четда юргани, буларнинг 80 фоизи Россия ҳудудида эканини маълум қилган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 2021 йилнинг дастлабки 9 ойида Россияга ишлаш учун келганлар сони бўйича Ўзбекистондан кейинги ўринларни Тожикистон (1 миллион 597 минг 481 киши), Қирғизистон (623 минг 465 киши), Арманистон (298 минг 801 киши) ва Озарбайжон (185 минг 752 киши) эгаллаган.

Ишга рухсатнома нархи оширилди

Россия пойтахти Москвада 2022 йилдан меҳнат муҳожирлари учун патент нархи оширилади. Бу ҳақда Москва ҳукумати вазири, шаҳар иқтисодий сиёсати департаменти раҳбари Кирилл Пуртов маълум қилган.

“Қабул қилинган қонунга мувофиқ, меҳнат бозори минтақавий хусусиятларини акс эттирувчи коэффициент 2022 йилда 2,3878 дан 2,4832 гача ошади. Бу патент нархини ойига 5900 рублгача оширади. 5341 рублга тенг бўлган аввалги қиймат 2020 йилда белгиланган эди ва бу йил мазкур нарх ўзгаргани йўқ”, дея иқтибос келтирган мулозим сўзларидан “Российская газета” нашри.

Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида меҳнат муҳожирлари кўп ишлайдиган қурилиш ва тураржой-коммунал хўжалиги соҳаларида расмий ойлик маош миқдори 2020 йилга нисбатан 9,5 фоизга ўсган. Шу важдан патент учун ҳақни оширишга қарор қилинган. Бунинг натижасида, ҳисоб-китобларга кўра, бюджетга қўшимча 1,7 миллиард рубль келиши мумкин.

Мигрантлар пул жўнатмалари ҳажми 26 фоизга ошди

2021 йилнинг учинчи чорагида Россиядан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари бўйича олти йиллик рекорд янгиланди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ватандошлари пул ўтказмалари бўйича етакчилик қилмоқда.

Россия Марказий банки маълумотича, шу йилнинг июль-сентябрь ойларида Россиядан МДҲ мамлакатларига тўлов тизимлари орқали трансчегаравий ўтказмалар 2, 29 миллиард долларга етган. Бу сўнгги олти йилдаги рекорд кўрсаткич бўлиб, маблағлар ҳажми фақат 2015 йилнинг иккинчи чорагида кўпроқ бўлган – 2, 31 миллиард доллар.

Қабул қилувчилар орасида Россия Федерациясидан 1, 01 миллиард доллар (ўсиш 34,9 фоиз) қабул қилган Ўзбекистон илғор. Кейинги ўринларни Тожикистон — 0,53 миллиард доллар (25,5 фоиз) ва Қирғизистон — 0,43 миллиард доллар (21, 7 фоиз) эгаллади.

Олдинроқ Жаҳон банки 2021 йилнинг охиригача ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари Россиядан жўнатаётган пул миқдори 7 миллиард 600 миллион долларга етишини ҳисоблаб чиққанди. Банк ҳисоботида ушбу рақам ўтган йилги кўрсаткичдан 26 фоизга кўп экани айтилган.

Жаҳон Банкининг таъкидлашича, меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга пул жўнатмалари ялпи ички маҳсулотнинг 11,6 фоизини ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич Қирғизистонда 27,8 фоиз, Тожикистонда эса 30,1 фоизга тенг.

Ўзбекистон Марказий банки сентябрда мамлакатга 2021 йилнинг дастлабки саккиз ойида хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми 4,9 миллиард долларни ташкил этгани тўғрисида билдирган эди. Пул ўтказмалари 2020 йилнинг мос даврига (3,6 миллиард доллар) нисбатан 35 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (3,9 миллиард доллари) нисбатан эса 26 фоизга кўпайган.

Ўсиш сабаблари қаторида Ўзбекистонлик мигрантлар оқимининг кўпайиши, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, Россия томонидан карантин чекловларининг сусайтирилиши ва амнистия, Россияда ишчи кучи тақчиллигини тўлдириш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистондан маҳаллий ҳукуматлар ёрдамида оммавий меҳнат миграциясини ташкил этиши ҳисобига бўлди.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Россияга 85 мингдан зиёд ишчи олиб кирган

2021 йил давомида Россия ҳукумати мамлакатга киришга қаратилган қатор карантин чекловларини сақлаб қолди. Бу чекловлар ва давлат чегараси қаттиқ қўриқлашга ўтилганига қарамасдан, Россияга ишлашга келаётган марказий осиёлик, хусусан ўзбек муҳожирлари сони кўпайди.

Бундай вазиятда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва унинг таркибидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларни Россия ва бошқа давлатларга ишга ёллашни авж олдирди. Ишга ёлланиб жўнатилганларнинг аксар қисми Россия ишлаб чиқариш, қурилиш ва коммунал-хўжалик корхоналари қабул қилди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) 2021 йилнинг ноябригача Россияга 84 574 минг меҳнат муҳожирини жўнатган. Бу ҳақда департамент матбуот котиби Ортиқхўжа Норов маълум қилган эди. У йил охиригача яна 10 мингга яқин ишчи қурилиш майдонларига жўнатилишга ҳозирлик кўрилаётганини билдирган эди.

Бу ишчиларнинг бир қисми уларни ишга жалб қилган иш берувчилар томонидан “қулдек” ишлатилгани, маошлари берилмаётгани ёки ваъда қилинганидан кам ҳақ тўланаётгани, яшаш ва ишлаш шароитлар ёмонлигидан Озодликка шикоятлар қилишган.

Келаси йилда Россия ҳукумати Давлат хизматлари порталида учта янги, жумладан меҳнат муҳожирлари учун мўлжалланган, хизматни ишга туширишни ҳам режалаштирмоқда. Россия Бош вазир ўринбосари Дмитрий Чернишенконинг қайд этишича, ушбу хизмат хорижликларга Россияда бўш иш ўринларини излаш, онлайн суҳбатдан ўтиш ва меҳнат шартномаларини тузишда ёрдам беради.

Мигрантофобия кучаймоқда

2021 йилда Россияда ишчи муҳожирлар сони билан бирга уларга қарши кайфиятлар ҳам ошди. Рус сиёсатчилари ва жамоатчилик вакилларининг баёнотлари вақти-вақти билан мигрантофобияни лянада кучайтириши кузатилади.

Ўтаётган йилда рус матбуоти Марказий Осиёда “рус тилининг камситилаётгани” ва рус миллатига мансубларнинг “босим остида қолгани” га эътибор қаратди. Мигрантларнинг Россияда содир этилаётган жиноятларнинг аксар қисмига алоқадорлиги борасидаги асосланмаган мулоҳазалар маҳаллий журналистлар томонидан бот-бот ёритилди.

Россия парламенти ҳатто жиноятни содир этганларнинг миллатини хабарларда кўрсатишни тақиқловчи қонун лойиҳасини муҳокамага киритди.

Мутахассислар “фақат славянларга” белгиси асосида ижарага берилаётган квартиралар сони 30 фоизга етганини қайд этди.

Бу ўринда миллатчилик кайфиятларининг кучайишига ЛДПР партияси сиёсати ва унинг етакчиси Владимир Жириновский чиқишлари катта ҳисса қўшди.

Бундан олдинроқ Давлат Думасидаги “Адолатли Россия” фракцияси депутати Сергей Миронов жанубий қўшнилар билан виза режими Россия учун “миграция фалокатидан” қутулишнинг ягона йўли эканини таъкидлаган эди.

Россия президенти Владимир Путин Россия мактабларидаги мигрантлар фарзандлари сонини чеклашга чақирди.

Тарих фанлари доктори, Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори Сергей Абашин ҳар бир муҳим сиёсий воқеа, хусусан сайловлар арафасида мигрантлар мавзусини қўзғаш Россия жамияти учун анъана тусини олганини айтади. Унинг сўзларига кўра, кейинги пайтларда мигрантларни “олабўжи” қилиб кўрсатиш ҳолатлари янада кўпроқ кузатилмоқда.

Айни манзарада маҳаллий нашрларда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши ва ундан "ўзбек мигрантлари кўрадиган наф" борасида гап-сўзлар кўпайди.

Россия мигрантлар меҳнатига эҳтиёж сезмоқда

Рус миллатчиларидан фарқли россиялик тадбиркорлар мамлакатда мигрантларсиз кўплаб соҳаларда коллапс ҳолати вужудга келганини айтмоқда.

Пандемия чекловларининг киритилиши Россияда ишчи кўчига бўлган эҳтиёжни кескин ошириб юборди. 2020 йил ўрталаридан Россияда қурилиш ва ишлаб чиқариш ҳамда коммунал ва маиший хўжаликдаги ширкатларнинг ўз фаолиятини тўхтатиши оқибатида ўз юртларига жўнаб кетган миллионлаб муҳожирлар ишсиз ва маблағсиз қолди.

Москва шаҳар вице-мэри Владимир Ефимов 2021 йилда ўз ишини тиклай бошлаган қурилиш объектлари ва ишлаб чиқариш корхоналарига ишчи кучи етишмаётгани, биргина пойтахт қурилишларига яна 200 мингта қурувчи мигрантларкераклигини тан олганди.

Август ойининг бошларида Москва мэри Сергей Собянин пандемия ортидан Россиядан муҳожирларнинг чиқиб кетаётгани инфляциянинг кучайишига сабаб бўлаётганини айтганди.

Бу муаммони бартараф этиш учун Россия қурилиш вазирлиги ўзбек расмийлари билан қурилиш майдонларида ишлатиш учун меҳнат мигрантларини чартер поездларда ташиб келиш масаласини ҳам муҳокама қилди.

Бунинг ортидан Россия ҳукумати мамлакатга кириши тақиқланган 158 минг ўзбекистонликка нисбатан “миграция амнистияси” эълон қилди.

Ишчи кучига бўлган эҳтиёж Россия бозорларида муҳожирлар маошларининг ошишига ҳам олиб келди.

Россия мигрантлар федерацияси (РМФ) маълумотича, бугунги кунда Россиядаги меҳнат мигрантларининг ўртача ойлик даромади 47,1 минг рублни ташкил қилади. Рус тилини билиш даражасига қараб, иш ҳақи уларда 12 минг рублгача фарқ қилиши мумкин.

Мигрантлар ҳимоячилари хавф остида

2021 йилда Россия куч ишлатар тизимлари айрим ходимлари томонидан содир этилаётган қонунбузарликларга қарши курашиб келаётган бир қатор ҳуқуқ фаоллари жиддий босим остида қолди.

Хусусан, “мигрантлар ҳимоячиси” ёки “Валя опа” номи билан муҳожирлар орасида танилган Валентина Чупик Россиядан чиқариб юборилди; мигрантлар ҳимоячиси Каримжон Ёров унга очилган жиноят иши туфайли Россияни тарк этишга мажбур этилди”; Россиядан Тожикистонга бериб юборилган яна бир таниқли ҳуқуқ фаоли Иззат Амон 9 йиллик қамоққа маҳкум этилди; “Мемориал” аъзоси Баҳром Ҳамроевга нисбатан қатор маъмурий ишлар қўзғатилди, у ўзи яшаб келган квартирасидан маҳрум этилди; бошқа қатор ҳуқуқ фаоллари босим остида қолгани қайд этилди.

Ушбу ҳолатлар Россияда айниқса 2021 йилда ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланиб келаётган қатор жамиятлар, қонунбузарликларни фош этиб келган нашрлар, радио ва телевизион ташкилотлар фаолияти тақиқланган ёки чеклангани фонида кузатилди.

XS
SM
MD
LG