Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:29

Россия ўз қўшинини Украина чегарасидан қайтара бошлаганини билдирди. НАТО буни инкор қилди


 15 февраль куни Украина чегарасидан қайтаётгани айтилган Россия танклари.
15 февраль куни Украина чегарасидан қайтаётгани айтилган Россия танклари.

Россия Мудофаа вазирлиги 15 февраль куни 130 минг ҳарбийсини Украина билан чегарадош ҳудудлардан “ҳарбий машғулотлар якунлангани муносабати билан” олиб чиқиб кетаётганини билдирди.

Айни пайтда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия Украина билан чегарадош ҳудудлардан ҳарбийларини олиб чиқиб кетаётгани кузатилмагани тўғрисида баёнот берди.

15 февраль куни Россия Украина чегараси атрофига йиғилган рус аскарларининг ҳарбий машғулотлари якунланганини билдирди.

Украина чегарасидаги рус ҳарбийлари автотранспорт ва темир йўллар орқали қайтарилаётгани акс этган видеолар тарқалди.

“Жанубий ва Ғарбий ҳарбий округ бўлинмалари ўз вазифаларини тугаллаб, темир йўл ва автомобиль транспортига юкларни ортишни бошлаб юбордилар ва бугундан ўз ҳарбий қисмларига жўнайдилар. Алоҳида бўлинмалар ҳарбий колонналарнинг бир қисми сифатида мустақил юришади”, деди Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков.

Айни пайтда НАТО Россия Украина чегарасидан ҳарбийларни олиб чиқаётгани кузатилмаётганини таъкидлади. Столтенберг ўз баёнотида Москва вазиятни юмшатиш йўналишида мулоқотни давом эттириш нияти борлигини шаъма қилаётгани тўғрисида ҳам гапирди.

“Москвадан дипломатик ҳаракатлар давом эттирилиши лозимлиги тўғрисида сигналлар бор. Бу эҳтиёткор оптимизм учун асос бўла олади. Аммо биз жой-жойларда вазиятни юмшатиш учун қилинаётган ҳаракатларни кўрмаяпмиз”,-деди Столтенберг 15 февраль куни Брюсселда журналистларга берган интервьюсида.

Столтенберг НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг Брюсселда икки кун давомида ўтган саммитида Россиянинг Украина чегарасига аскар ва ҳарбий техника жамлашини “совуқ уруш давридан бери кузатилмаган мислсиз воқеа” сифатида таърифлади.

Conflict Intelligence Team суриштирув гуруҳи экспертлари ҳам Россия Украина билан чегарасидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетаётгани кузатилмагани тўғрисида хабар берди.

Аввалроқ мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга ҳарбий манёврлар барча ҳарбий округларда ва флотларда ўтказилаётгани тўғрисида ахборот берган.

Ундан олдинроқ айрим оммавий ахборот воситалари, жумладан, Германиянинг Spiegel нашри Россия Украинага 16 февраль куни уруш эълон қилиш эҳтимоли борлиги тўғрисидаги хабарларни тарқатган эди.

Украина президенти Владимир Зеленский халққа мурожаат билан чиқиб, 16 феврални Украина Бирдамлик куни деб эълон қилди:

"Бизга 16 февраль куни ҳужум бошланишини айтишмоқда. Бу санани бирдамлик куни деб эълон қиламиз. Мен тегишли фармонга имзо чекдим. Бизни катта уруш билан қўрқитишмоқда, бир неча бор ҳатто бостириб кириш санасини ҳам белгилашди. Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ. Қарши туришга қурбимиз етади. Биз жуда яхши армияга эгамиз: у саккиз йил олдингидан бир неча карра кучли. Биз тинчликка интиламиз, барча масалаларни фақат тинч йўл билан ҳал этишни истаймиз”.

Зеленский ўз мурожаатида Украина армияси уникал жанговар тайёргарликка эга эканини таъкидлаган ҳолда, Донбасс ва Қримни Украинага қайтариш жараёни фақат дипломатик йўл билан амалга оширилишини айтди.

АҚШ ва қатор давлатлар расмий вакиллари Россия Украинага исталган пайтда ҳужум қилиш қудратига эга экани тўғрисида баёнот берганди. Аммо Кремль бундай нияти йўқлигини айтиб келган.

Айни пайтда Россия Давлат думаси 15 февраль куни Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар назоратидаги Донецк ва Луганскни мустақил давлатлар сифатида тан олиш тўғрисида президент Владимир Путинга мурожаат этиш борасидаги қарорни қабул қилди.

Сепаратчилар Москва қўлловида босиб олган бу икки вилоят ўзини 2014 йилда Халқ Республикаси деб эълон қилган эди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россияни Дума қабул қилган қарорларни бекор қилишга ва “бу каби гибрид фитналарга барҳам бериш”га чақирди.

Россия Давлат думаси депутати Вячеслав Макаровнинг билдиришича Донецк ва Луганскда 773 минг киши Россия фуқаролигини қабул қилган.

Россиянинг муҳтамал ҳужумига оид хабарлар манзарасида АҚШ Украинадаги ўз элчихонасини вақтинча Киевдан Львовга кўчиришга қарор қилган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида ёйинланган хабарномада билдирилган.

Мазкур чора элчихона ходимлари хавфсизлигини таъминлаш учун кўрилгани айтилмоқда. АҚШ имконият бўлиши билан элчихона ходимларини Киевга қайтаришга умид қиляпти. Киевдаги элчихона компьютерлари ва бошқа жиҳозлар йўқ қилинади, телефон тизими эса демонтаж қилинади.

“Элчихона дипломатик муносабатларни мувофиқлаштириш орқали Украина ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттиради. Шунингдек, биз инқироз эскалациясига йўл қўймаслик бўйича интенсив дипломатик саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз” , дейилади АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен баёнотида.

Блинкен “агар Росия виждонан иш тутишга қарор қилса”, бу борада дипломатия йўли очиқ қолаётганини урғулаган.

Аввалроқ Канада ҳам ўз элчихонасини Киевдан Львовга кўчиришга қарор қилган, шунингдек, Германия ҳам дипломатик миссиясини Днепрдан Львовга кўчирадиган бўлган.

Айни пайтда Европа Иттифоқининг Украинадаги ваколатхонаси раҳбари Матти Маасикас 14 февраль куни Твиттердаги ўз саҳифаси орқали ЕИга аъзо бўлган барча мамлакатларнинг элчихоналари ўз фаолиятларини Киевда давом эттиришини билдирган.

“Мен сўнгги пайтларда кўплаб дипломатик алоқалар ва музокаралар, жумладан, давлат раҳбарлари ўртасида бўлаётганидан мамнунман, аммо кўпроқ иш қилиш керак. Ва барчадан саъй-ҳаракатларини жадаллаштиришини кутаман. Мен бор имкониятни ишга солдим ва биз муаммога тинч йўл билан барҳам бериш учун барча чораларни кўрамиз. Дипломатиядан воз кечиб, қарама-қаршиликка йўл очиш - бу чизиқдан ошиш эмас, балки жарга сакрашдир. Гапнинг қисқаси, менинг ўтинчим шу: тинчлик йўлини бузманг", дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш .

АҚШ, Канада, Черногория, Ҳолландия, Япония, Латвия, Буюк Британия, Эстония, Дания, Норвегия, Янги Зеландия, Германия, Литва, Финляндия, Италия, Швеция, Чехия ва Ироқ каби жами 40га яқин давлат ўз фуқароларига Украина ҳудудини тарк этишни тавсия қилган.

Шунингдек, АҚШ Россиянинг Украина теварагидаги ҳарбий фаоллиги ҳамда Молдовадан мустақиллик эълон қилган Днестрбўйи билан Кишинёвдаги ҳукумат ўртасидаги бартараф этилмаган можаро важидан ўз фуқароларига Молдовага сафар қилмасликни тавсия этган.

Иккала минтақага ҳам хавфлилиги бўйича тўртинчи даража берилган.

Россия қўшинлари Украина чегараси яқинига йиғилаётганига оид хабарлар оммавий ахборот воситаларида ўтган йил кузидан бери пайдо бўла бошлаган. АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар Москва ҳарбий ҳужумга ҳозирланаётганини тахмин қилиб, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсата бошлашган.

Кремль бу иддаоларни рад этиб, АҚШ ва НАТОдан хавфсизлик кафолати, жумладан Шимолий Альянсни шарққа томон кенгайтирмасликни талаб қилган. Ғарб вакиллари принципиал масалаларда ён бериш ниятлари йўқлигини билдиришган.

Мавзуга оид сўнгги тафсилотлар Озодликнинг ижтимоий тармоқлари орқали мунтазам янгилаб борилмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG