Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:53

Россия Қурилиш вазирлиги Ўзбекистондан мигрантларни поездларда олиб келмоқчи


Россия қурилиш вазирлиги қурилиш майдонларида ишлатиш учун меҳнат мигрантларини чартер поездларида ташиб келиш тартиб-таомилларини Ўзбекистон билан муҳокама қилади. Бу ҳақда вазир ўринбосари Никита Стасишин маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

“Ўзбекистонда меҳнат мигрантларини саралаш, эмлаш ва бошқа зарур барча ишларни синов тарзида ташкил қилишни режалаштиряпмизки, бу бизга уларни поездларда Қозоғистон ҳудуди орқали, марказлаштирилган ҳолда ва хавфсиз етказиб келиш имконини беради”, дейди Стасишин.

Мигрантларни олиб келиш бўйича синов лойиҳани йил охирига қадар тўлиқ ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Мигрантларни жалб қилишни режалаштирган яна бир давлат муассасаси бу қишлоқ хўжалиги вазирлигидир. Вазирлик ёзда агросаноат комплекси эҳтиёжлари учун Россияга хорижий мигрантларни олиб келиш мақсадида чартер поездлари қатновини йўлга қўйишни “Россия темир йўллари” билан муҳокама қилган эди.

Март ойидан бери мигрантлар Россияга фақат учоқлардагина бориши мумкин, аммо бу ишлаб чиқарувчиларнинг сарф-харажатларини ошириб юборади. Қимматлиги боис, агросаноат корхоналари мигрантларни авиация билан ташишни хоҳламади – бир киши учун йўл харжи ўртача 80 минг рублга тушади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ўтказилган йиғилишда айтилишича, чартер поезди билан ташиганда бир кишининг йўлкираси тахминан 12 минг рублни ташкил қилиши мумкин.

Жорий йилда қишлоқ хўжалиги корхоналари мавсумий ишларга қўшни мамлакатлардан 38.2 минг нафар ишчини жалб қилишни режалаштирган. “Агроинвестор” нашри ёзишича, пандемия туфайли ишчи кучи етишмаслиги натижасида Россия агросаноат комплексида икки йилдан бери инқироз давом этмоқда. Нашрга кўра, ўтган йили меҳнат мигрантлари келиши тақиқлангани ортидан россиялик сабзавотчи ва резаворчилар ҳосилнинг 20 фоизига “куйган” эди.

2021 йил мартдан бошлаб даставвал 250 нафардан зиёд киши ишлайдиган, тушуми 2.5 млрд рублдан ортиқ бўлган йирик хўжаликларга чет элдан ишчилар олиб келишга рухсат берилган эди, бироқ тез орада аён бўлдики, аксари корхоналар бу мезонларга жавоб бера олмас экан.

Шундан сўнг, май ойида Тожикистон ва Ўзбекистондан ишчиларни жалб қилишга нисбатан белгиланган лимит бекор қилинди, лекин бу чора ҳам амалда фойда бергани йўқ, чунки мигрантлар Россияга ҳозирча фақат авиатранспортда бориши мумкин.

Аввалроқ Россия Қурилиш вазирлиги мамлакатда коронавирус эпидемияси ортидан киритилган тақиқ сабаб йирик қурилиш объектларида ишчи кучи етишмовчилиги сезилганини маълум қилган эди.

Вазирлик ҳисоб-китобига кўра, ўтган йил декабрь ҳолатига Россиянинг 77 минтақасидан 50тасида қурилишларда меҳнат муҳожирлари етишмовчилиги қайд этилган.

“Работа в России” нашри соҳа экспертлари биргина қурилиш фирмаларида камида 190 минг ишчига эҳтиёж борлигини қайд этган.

Россиядаги қурилиш компаниялари, биринчи навбатда Ўзбекистон, Украина ва Тожикистондан келаётган қурилиш мутахассислари етишмовчилиги борлигини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG