Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:36

Пулини олиб, ўзини қийноққа солишган. Қозоғистонда ушланган ўзбек ҳикояси


Қийноқлар, иллюстратив сурат.
Қийноқлар, иллюстратив сурат.

Ўзбекистонлик Маматқобил Ёқубов – Қозоғистонда 2022 йилги январь намойишлари ва тартибсизликлар чоғида кучишлатар ходимлар томонидан ушланганлардан бири. Ўшанда мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида одамлар газ қимматлашганидан норози бўлиб кўчаларга чиққан ва тинч намойишлар оммавий тартибсизликка айланиб кетиб, ҳукумат кучлари томонидан аёвсиз бостирилганди.

Январь воқеалари чоғида минглаб одамлар ушланган ва калтакланган, ўнлаб киши кучишлатар ходимлар отган ёки тасодифий ўқлардан ўлган. Қозоғистон ҳукумати намойишчиларга қасдддан ўқ узилганини инкор этиб келади, ушланганларни калтаклаш ва қийнаш оммавий тус олганига қарамай кучишлатар ходимларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши ҳолатлари бўйича бир нечта иш очилди, холос.

Маматқобил Ёқубовга кўра, Қозоғистонда намойишлар бошланганидан сўнг қозоқ полициячилари уни ушлашган ва бир неча кун калтаклаб, оғир жисмоний жароҳат етказишган – шу йўл билан ундан Январь воқеалари вақтида гўё кучишлатар ходимларга ҳужум қилгани ҳақида иқрорлик ифодаси олмоқчи бўлишган экан. Шунингдек, Маматқобил полициячилар қўлга олиш чоғида унинг 17 млн 300 минг танга (қарийб 33 минг доллар) пулини ноқонуний олиб қўйишганини айтади. Қўйиб юборишганидан сўнг Ёқубовга фақат телефони ва паспортини беришган, пулини эса ҳануз қайтариб беришмаган.

“Мени 11 кун ушлаб туришди. Қийноқлар тўрт сутка давом этди. Бурнимни, қовурғаларимни синдиришди, ўпкамни эзишди”, дейди у.

Маматқобил ва яна 22 нафар ўзбекистонлик Қўшмамбет қишлоғида қўлга олинган эди, у Олмаота вилоятида жойлашган, Олмаота шаҳри билан ўртада 20 километр масофа бор. Январь воқеалари чоғида энг йирик тартибсизликлар айнан Олмаота шаҳрида бўлган ва кучишлатар ходимлар бу ерда айниқса шафқатсизлик билан ҳаракат қилганлар.

“Биздан гўёки талон-торожда қатнашганимиз, митинг бошлаганимиз ва террорчи бўлганимиз, зўравонлик қилганимиз, дўконларни талаб, полициячиларни отганимиз ва калтаклаганимиз ҳақида иқрорнома ёзиб беришни талаб қилишди. “Ёзиб, қўл қўйиб берсанг, уйингга жўнатиб юборамиз”, деб аврашарди нуқул. Аммо мен агар имзо чексам, террорчи деб узоқ муддатга қамашларини жуда яхши билардим”, ҳикоясида давом этади Ўзбекистон ватандоши.

Ёқубовнинг айтишича, аввал бошдан қозоқ полициячиларига ўзбекистонлик маҳбусларни террорчи ўрнида кўриш ва шунга яраша муомала қилиш буюрилган. Шу боис уларни ҳаммадан кўп дўппослаганлар.

“Автобус ойнасидан қараб турарканмиз, бақир-чақир, аламли дод-фарёдлар баралла эшитилиб турди. Бу даҳшатни, бу ваҳшийликни таърифлашга тил ожиз. Бир неча дақиқадан сўнг бизга ҳам навбат етди”, дея хотирлайди суҳбатдошимиз.

Ёқубов ҳибсхонада маҳбусларни ҳарбийлар ва полициячилардан иборат “жонли йўлак” қарши олганини эслайди. Бу “йўлак”дан ўтган барча маҳбус резина таёқлар билан калтакланади. Полициячилар эса, кўпроқ калтак ейишлари учун уларни секинроқ юришга мажбур қиладилар.

Ой бориб омон қайтмаганлар - Қозоғистонда ҳалок бўлган мигрантлар ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:53 0:00

Ёқубов судда гувоҳлик берган сўнгги жабрланувчилардан бири бўлди. У билан бирга яна 22 ўзбекистонлик ифода берди: уларнинг барчаси Қўшбамбет қишлоғида ушланганидан сўнг аёвсиз қийноққа солинган.

“Террорчи бўлишни истамасдим, шу боис бошидаёқ: “Ҳеч нимага қўл қўймайман, яхшиси ҳозироқ ўлдиринглар”, дедим. Чунки шундоғам кўп умрим қолмаганди. Аммо қийноқларга бардош бериб, озодликка чиқдим ва ҳеч нимага қарамасдан курашни давом эттиришга қарор бердим”, дейди Ёқубов.

Ҳозирда у жабрланувчи деб топилган ва қозоғистонлик кучишлатар ходимларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига доир жиноят иши бўйича судда гувоҳлик бермоқда. У билан бирга 20 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳам жабрланувчи мақомини олишган. Бироқ уларни урган полициячилар ҳақиқий қамоқ муддати олиши эҳтимоли кам: Январь воқеалари доирасида судга тортилган кучишлатар ходимларнинг аксари енгил жазо билан қутулиб қолишмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG