Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:53

Қорақалпоғистон: Қонли намойишлардан бир йил ўтиб кўплаб саволлар очиқ қолмоқда


Нукус, 1 июль, 2022 йил.
Нукус, 1 июль, 2022 йил.

2022 йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда минглаб одамлар Ўзбекистон конституциясидаги ўзгаришларга қарши намойишга чиқди. Ўзгаришлар қабул қилингани тақдирда, автоном ҳудудни Ўзбекистондан ажраб чиқиш ҳуқуқига эга бўлган "суверен республика" мақомидан маҳрум қилиши кўзда тутилганди.

Хавфсизлик кучлари Нукус кўчаларидаги намойишчиларни тарқатишга уринган пайт зўравонликлар бошланиб кетди. Ўзбек расмийларига кўра, зўравонликларда 4 нафар хавфсизлик ходимлари дохил камида 21 киши ҳалок бўлган.

Воқеалардан сўнг ўтган қатор суд жараёнларида намойишларда иштирок этган қорақалпоғистонлик ўнлаб одам жавобгарликка тортилди, ҳукумат ҳаддан ташқари куч қўллаган ҳуқуқ-тартибот ходимларини жазолашга ваъда берди.

Аммо ҳозиргача бирон ваколатли шахс жавобгарликка тортилмади, воқеаларни мустақил тергов қилиши айтилган парламент комиссияси эса ҳанузгача бирон хулосасини эълон қилгани йўқ.

Қонли воқеалардан бир йил ўтиб кўплаб саволлар ҳануз очиқ қолмоқда. Жумладан,

  • нима учун ҳозиргача қурбонларнинг тўлиқ рўйхати эълон қилинмади?
  • норозиликларга сабаб бўлган Конституциянинг Қорақалпоғистон билан боғлиқ моддаларига ўзгартишлар ким томонидан илгари сурилганди?
  • намойишчиларга ўт очишга ким буйруқ берган?

2 июль куни мустақил Gazeta.uz нашри бу саволлардан баъзилари кўтарилган мақоласини ҳеч қандай изоҳсиз сайтдан олиб ташлади. Ўзбекистондаги бошқа давлат ва нодавлат нашрлар Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг бир йиллик санасини эсламади. На Нукус ва на Тошкентда қурбонларни хотирлаш ёки қонли воқеалар санаси билан боғлиқ бирон тадбир ўтгани хабар қилинди.

Воқеалар хронологияси

  • 2023 йилнинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хизметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 1 июль кечаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Вазирлик жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча кучлар юборилганини тасдиқлади;
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
  • Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди;
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
  • 16 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси воқеаларни ўрганиш учун мустақил комиссия тузилганини эълон қилди.
  • Воқеалардан сўнг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг юқори ҳокимиятида қатор кадрлар ўзгариши юз берди, жумладан, референдумга бош-қош бўлгани айтилган Президент администрациясининг қудратли раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов лавозимидан олинди.
  • Янги конституция бўйича референдум бир неча марта кечиктирилди - ва ниҳоят, шу йилнинг 30 апрелида ўтган референдумда Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституцияси қабул қилинди, унда Қорақалпоғистоннинг "суверен" ва Ўзбекистондан "ажраб чиқиш ҳуқуқи" сақлаб қолинди.
Cуверен Ўзбекистондаги суверен Қорақалпоғистон. Тарихий контекст
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:48 0:00

1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликлардир.

Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов намойишлар "тинч бошлангани"ни эътироф этган ва воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессига махсус ҳисобот тақдим этилишини билдирган.

Қўшни давлатлар, Россия ва Хитой воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг расмий позициясини қўллаб қувватлаган, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ҳудудий бутунлиги ва суверенитетини дастаклашини билдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG