Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:53

Олий суд Тажимуратовга белгиланган жазони ўзгартиришсиз қолдирди


Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган эди.
Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган эди.

Олий судда 5 июнь куни Нукус воқеаларида айбланиб қамалган 16 кишининг шикоятлари ва прокуратуранинг шартли ҳукм чиқарилган 4 нафар судланувчига нисбатан протестини апелляция тартибида кўриб чиқиш якунланди.

Олий суд ажримига мувофиқ 8 судланувчининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирди, 6 судланувчининг жазо муддати қисқартирилди.

Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилган Даулетмурат Тажимуратовга белгиланган 16 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилди.

Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров ўз ҳимояси остидаги шахс юзасидан Олий суд чиқарган қарорни “Газета.uz”га изоҳлар экан: “Мен [Олий суднинг ушбу қарорини] нафақат адолатсиз, балки биринчи навбатда ноқонуний деб ҳисоблайман”, — деб айтган.

Адвокатнинг айтишича, мазкур қарор Ўзбекистонда судлар “мустақил эмаслигини яна бир бор янада аниқ ва ишончли тасдиқлаб берди”.

“Ҳукумат Тажимуратовнинг 16 [йили ўзгармай] қолишини сўради, суд эса бу кўрсатмани бажарди", — деб иқтибос келтиради Майоров сўзларидан “Газета.uz”.

Шунингдек, Суд прокуратуранинг 4 кишига нисбатан протестини рад этди. Апелляция судида прокурор 4 кишига берилган шартли жазони реал муддатларга алмаштиришни, 13 кишининг жазосини енгиллаштириш ва улардан 8 нафарини озод қилишни сўраган.

Апелляция суди муҳокамани 29 май куни якунлаган ва ҳукм чиқариш жараёнига киришган эди.

Январь ойи охирида Бухоро вилояти судида ўтган йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда айбланган 22 кишига нисбатан ҳукм эълон қилинган.

Ҳукмга мувофиқ, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган эди.

Ўтган йил ёзида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши Нукусда бошланиб кетган норозиликлар чоғида расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Олий суднинг 5 июндаги ажрими

Б. Кадирбергеновга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;

Б. Сейтниязовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;

С. Медетовга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;

Қ. Сейтимовга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;

П. Нурниязовга тайинланган 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;

С. Калимовга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;

Н. Султамуратовга тайинланган 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил озодликни чеклаш жазосига;

А. Темирхановга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилди.

Уларнинг эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ҳар бир куни Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегирилиб, барчаси суд залида қамоқдан озод қилинди.

Д. Джиемуратовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;

А. Токимбетовга тайинланган 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил 6 ой;

А. Адилбековга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил;

Н. Найиповга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил;

Р. Бекмуратовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;

С. Каиповга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига келтирилди.

Биринчи инстанция суди ҳукмининг Л. Каллиханова, А. Турданов, А. Сметуллаев ва А. Нуратдиновга оид қисмига нисбатан келтирилган прокурор протести рад қилиниб, уларга тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилди.

Д. Тажимуратов ва унинг ҳимоячиларининг шикоятлари қаноатлантирилмасдан, суд ҳукмининг унга оид қисми эса ўзгаришсиз қолдирилди.

Шунингдек, суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47 ва 65-моддалари талабларини тўғридан-тўғри қўллаган ҳолда жиноят иши бўйича келтирилган зарарларни қоплаш мақсадида хатланган А. Турданов, А. Сметуллаев, Н. Найипов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Қ. Сейтимов, А. Адилбековга тегишли мол-мулклар Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддаси тартибида хатловдан чиқарилиб, эгаларига қайтарилиши белгиланди.

Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.

XS
SM
MD
LG