Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Террорчиликда айбланаётган ўзбеклар устидан Петербургда суд бошланди (ВИДЕО)


Акбар Азимовнинг Подмосковьеда ҳибсга олиниши жараёни
Акбар Азимовнинг Подмосковьеда ҳибсга олиниши жараёни

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метросида бундан икки йил олдин содир бўлган портлаш билан боғлиқ очилган жиноят иши бўйича 2 апрель куни суд жараёни бошланди.

Террорчилик акти сифатида малакаланган жиноят иши доирасида қирғизистонлик, тожикистонлик ва ўзбекистонлик 11 киши судланмоқда.

Суд бошланишидаёқ айбланувчилардан бири – Муҳаммадюсуф Эрматов унга нисбатан ФСБ томонидан қийноқлар қўлланилгани тўғрисида баёнот берди.

Судланувчилар айбларини тан олмади

Террорчилик акти Москва округ ҳарбий судида судья Андрей Морозов ҳакамлигида кўриб чиқилмоқда.

Террорчиликда айбланаётганлар асосан Ўзбекистон ва Қирғизистон, бир нафари Тожикистон гражданлари - ака-ука Аброр ва Акром Азимовлар, ака-ука Иброҳим ва Муҳаммадюсуф Эрматовлар, Шоҳиста Каримова, Маҳамадюсуф Мирзаалимов, Дилмурод Мўйдинов, Сайфулло Ҳакимов, Баҳром Эргашев, Содиқ Ортиқов ва Азамжон Маҳмудовлардир.

2 апрель куни бошланган судга 112 жабрланувчидан 14 нафари келди. Маҳкама бошланишидаёқ судьянинг "ўз айбингизга иқрор бўласизми?" деган саволига судланувчилар бир овоздан “Йўқ!”, деб жавоб қайтарди.

2 йиллик тергов давомида ФСБ терговчилари томонидан йиғилган 140 томли жиноят иши судга тақдим этилди. Кузатувчилар тергов иши жуда чўзилгани, прокуратура бир неча маротаба ишни терговчиларга қайтаргани маълум қилди.

Суд залидан онлайн-трансляция олиб борган маҳаллий “Фонтанка” нашри ўзининг айбсизлиги борасидаги нутқни ўзбекистонлик Шоҳиста Каримова сўзлагани, ФСБ гўё ундан топилган детонатор, микросхема ва Ф-1 гранатасини сочлари ва қўлтиқларига суртиб олганини билдирди.

Суд бошланмасдан олдин журналистлар олдига чиққан Муҳаммадюсуф Мирзаалимовнинг онаси Ёрқиной Мирзаалимова ўғлини “террорчи” деб атамасликни талаб қилди ва унинг айби йўқлигига ишонишини билдирди.

Ҳимоячи Р.Ширшов "Айбланувчилар қийноқлар қўлланилганини гапирмоқда!"

Маҳкама давомида террорчиликда айбланиб судланаётган Муҳаммадюсуф Эрматов “махфий қамоқхонада” қийноқларга тутилгани тўғрисида баёнот берди.

2 апрель куни Петербургдаги Жамоатчилик назорат комиссияси (ОНК) Муҳаммадюсуф Эрматов номидан юқори инстанцияларга бу масалада шикоят юборганини билдирди.

Жамоатчилик назорат комиссияси аъзоларининг айтишича, Эрматов 2017 йилда бир ойдан ошиқ вақт давомида иситиш батареясига боғланган ҳолда ушлаб турилган. Ўзбек муҳожири фсбчилар унинг бошига қоп кийдириб, электр токи билан азоблаганини айтиб берган.

Комиссия аъзоси Роман Ширшов қолган айбланувчилар қаттиқ қўрқитилгани ва қийноқлар қўлланилгани борасида маълумот беришдан бош тортаётганини Озодлик орқали маълум қилди:

- Биз бу ишга алоқадор бўлганларни “Крести” изоляторида сўроқ қилгандик. Муҳаммадюсуф ва Иброҳимжон Эрматовлар билан учрашгандик. Бу ака-ука ФСБнинг махфий турмасида ушлаб турилгани борасида Москвада бизга хабар келиб тушганди. Худди шундай қийноқлар қўлланилганини Азимовлар ҳам айтган. Муҳаммадюсуфни, масалан, уйидан ўғирлаб кетишган ва узоқ вақт ФСБ махфий қамоқхонасида сақлашган. У ерда уни ток билан қийнашган, тинимсиз азоблаб, сўроқ қилишган. Шундан кейингина у Лефортово изоляторига жўнатилган.

Масалан, Баҳром Эргашев жуда стресс ҳолатида бўлгани, доимо кўзига ёш олаётганига гувоҳ бўлдик. Бизда ҳуқуқ мухофазаси органлари ходимлари томонидан унга нисбатан қаттиқ босим усуллари қўлланилаётгани тўғрисида тасаввур ҳосил бўлди. Кеча бу далиллар ва баёнотлар асосида тегишли идораларга мурожаат юбордик – уч кунда жавоб олишимиз керак, деди ҳимоячи Роман Ширшов.

Бироқ, ҳанузгача Россия ФСБси ва Тергов қўмитаси қийноқлар тўғрисидаги айбланувчилар ва ҳимоячилар даволарига муносабат билдиргани йўқ.

Маҳкама бошланиши билан аниқландики, барча айбланувчиларда суд бошланишидан бироз вақт олдин адвокатлари алмашган.

Судья Андрей Морозов ҳимоячиларга ишни кўриб чиқишга рухсат бермади ва улар маҳкама давомида жиноят иши билан танишиши мумкинлигини билдирди.

Кундузги соат 2 ларда Можайский Ҳарбий-космик академияси ва Санкт-Петербург давлат аграр университетида портлашлар содир бўлгани тўғрисида хабар тарқалди. Маҳкамада иштирок этаётган журналистларнинг ярмидан кўпи ҳодиса жойига чиқиб кетди ва суд зали деярли бўшаб қолгани хабар қилинди.

Судда Петербург метросида худкушликда гумонланган Акбаржон Жалиловнинг “асосий шериклари” деб прокурор томонидан ака-ука Аброр ва Акром Азимовлар эълон қилинди.

Ўзбек муҳожирларининг отаси Ахрол Азимов ўғилларига нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани борасида хабар беришни бошлаганидан кейин Россия гражданлигидан маҳрум этилган ва Россиядан чиқариб юборилганди.

Ҳозирда Ўшда яшаётган Аҳрол Азимов Озодлик билан суҳбатда сўнгги 2 йил давомида бўлган тергов борасида билганларини сўзлаб берди.

- Мени 2017 йил декабрида жўнатишворганидан бери ҳеч нарса ўзгармади. Аксинча, болаларимиз ва бизнинг ҳуқуқларимиз поймол бўлмоқда. Питерда бошланган судга болаларимиз адвокатларига биз пул қилолмадик, ўзлари тайинлашди. Суд эса иш билан танишиб чиқишга адвокатларга вақт бермаяпти. Судланувчилар залда “видеорепортажлар қилинсин, очиқ бўлсин” деганига корреспондентлар киритилди, аммо видеоларда эса фақат қораловчи прокурорларнинг гапларини қўйишяпти, болаларнинг ва адвокатларнинг чиқишларини эса инкор этяпти, кўрсатмаяпти, деди суд маҳкамасини кузатиб бораётган Аҳрол Азимов

Санкт-Петербург метросида 2017 йилда террор ҳаракатини амалга оширганликда айбланиб судланаётган 11 нафар ўзбекдан 10 нафари 2 апрель куни бошланган суд жараёнида ўзларига билдирилган айбловни тан олишдан бош тортди.

Аввалроқ судланувчи Аброр Азимов қисман айбдор эканига иқрор бўлган эди.

Россиялик терговчилар томонидан Қирғизистонда туғилиб ўсган ака-ука Аброр ва Акром Азимовларга терроризм ва қурол сақлаш бўйича айблов эълон қилинган эди.

Аввалроқ Аброр Азимов ФСБнинг “махфий қамоғи”да қийноқларга солингани тўғрисида адвокати орқали жамоатчиликка маълум қилган эди. Динзега кўра, ФСБ ходимлари, аризани қайтариб олмаса Азимовнинг қариндошларини “жисмоний жиҳатдан жазолашлари” билан Аброр ва Акромни қўрқитганлар.

Айбланувчиларнинг отаси Аҳрол Азимов 25 июлда Москвада ўтган матбуот анжуманида фарзандларига нисбатан жиноят ишлари сохталаштирилгани тўғрисида гапирган эди.

Акромжон ва Аброрнинг яқинлари уларнинг граната ва пистолет билан қўлга олинишини “уйдирма томоша” деб атаган эди.

2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросида портлаш содир бўлиб, 16 одам, жумладан худкуш экани иддао қилинаётган 22 ёшли Қирғизистон фуқароси Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган эди. Портлашда 103 одам жароҳатланган. Ўлганларнинг 9 нафари аёл, 7 нафари эркак эди.

Мазкур иш юзасидан Россияда муҳожирликда юрган марказий осиёлик 11 нафар ўзбек қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG