Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Террорчиларни излаб...


Айбланувчи Акбаржон Жалиловнинг метродаги иддао қилинаётган сурати
Айбланувчи Акбаржон Жалиловнинг метродаги иддао қилинаётган сурати

Россия Тергов қўмитаси Санкт-Петербург метросидаги портлашни амалга оширганликда гумонланаëтган шахснинг асли ўшлик 22 яшар Акбаржон Жалилов эканини эълон қилди.

Қирғизистонлик Акбаржон Жалилов

Эксперт-криминалистларимиз Жалиловнинг генетик изларини “Площадь Восстания” метро бекатида қолдириб кетилган портловчи мослама солинган сумкадан топишди. Генетик экспертиза хулосаси ва видеокамералар ёзувлари вагонда портлаш уюштирган айнан шу шахснинг “Площадь Восстания” бекатида портловчи мослама ўрнатилган сумкани қўйиб кетганини тасдиқлади”, дейилади Россия Тергов қўмитаси расмий сайтидаги хабарда.

Бундан олдинроқ, “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги “Русский спецназ” жамоаси саҳифасида 1995 йилда туғилган Акбаржон Жалиловнинг расми қўйилди ва айнан шу одамнинг Петербург метросидаги портлашга алоқаси борлиги иддао қилинди.

Сурат остига “Жалилов Акбаржон Акрамжонович, 01.04.1995 йилда Қирғизистон Республикасида туғилган, Россия граждани” деб ëзилган ва Жалиловга оид паспорт маълумотлари ҳам келтирилган.

А.Жалиловнинг қидирувдаги фотосурати
А.Жалиловнинг қидирувдаги фотосурати

Яна бир фотосуратда метрода кетаётган¸ кўринишидан осиёлик бўлган¸ қизил курткадаги рюкзак таққан шахс тасвирланган. Назорат камераларидаги ёзувдан бу йигитнинг 3 апрель, соат 14:01 да, портлашдан 40 дақиқа олдин метро бекатларидан бирида кўрилгани англашилади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “Русский спецназ”да кўрсатилган шахснинг “ВКонтакте”даги саҳифасини топиб, унинг 2014 йилдан буён янгиланмаганини аниқлади.

Куннинг биринчи ярмида Қирғизистон хавфсизлик хизмати худкуш ҳужумчи сифатида гумонланаëтган шахснинг асли қирғизистонлик экани ҳақида баëнот берди.

Биз терактда гумонланувчи шахснинг 1995 йилда Ўш шаҳрида туғилган Россия ватандоши Акбаржон Жалилов эканини тасдиқлаймиз”, деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вакили 4 апрель кунги баëнотида.

Озодликка маълум бўлишича, Акбаржон Жалилов Россиининг Шимолий пойтахтига 16 ёшида отаси билан бирга келган ва улар бирга автосервисда ишлаб келган экан.

Дўстларидан бирига кўра¸ бир неча йил олдин уни таниганлар орасида “Акбаржон Кореяга кетди”, деган гап чиққан.

Россия Федерал хавфсизлик хизматига кўра¸ ўшлик йигит охирги олти йил давомида Петербургда яшагани ва бу бу вақт ичида паспортини бир неча марта янгилаганини аниқланди. Айрим Россия нашрлари эса¸ махфий хизматларга таяниб, Жалиловнинг “Ислом давлати” экстремистик ташкилоти аъзоси эканини ёзиб чиқди.

Error rendering VK.

Тергов қўмитаси Акбаржонни асосий айбланувчи экани тўғрисида қилган баёноти ортидан “Росбалт” нашри Жалиловнинг саҳифасида кўрсатилган рақамлар бўйича қўл телефонига қўнғироқ қила олганини хабар қилди.

“Озодлик” билан суҳбатда “Росбалт” мухбири Жалилов унга “тушунмовчилик рўй бергани” ва ўзининг портлашларга алоқаси йўқлигини билдирганини айтди. Журналист Акбаржон Жалиловга унинг “ВКонтакте” саҳифасида кўрсатилган телефон орқали қўнғироқ қилганини аниқлаштирди.

Озодлик ҳозирда бу рақамга вақтинчалик хизмат кўрсатилмаётгани ва у ўчирилганини аниқлади.

Акбаржон Жалиловнинг отаси, онаси ва укаси Қирғизистон махсус хизматлари кузатувида Ўш аэропортидан Россияга жўнатилгани хабар қилинди.

Акбаржоннинг онаси журналистлар саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Қозоғистонлик Максим Аришев

4 апрель куни Петербургнинг “Фонтанка” нашри 22 яшар қозоғистонлик компютер дастурчиси Максим Аришевнинг портлаш бўлган куни йўқолиб қолганини айтиб¸ уни ҳам ҳужумга алоқадорликда гумонланаётган шахс деб эълон қилди.

Кейинроқ, ҳужумни тергов қилаётган мутахассислар аниқланган жасадлардан бири Максим Аришевники эканини маълум қилди.

Петербурглик журналистлар Аришев “портлаш марказида бўлгани” ва “портлатишда гумонланаётганлардан” бўлиши мумкинлигини хабар қилди. Айни пайтда, Conflict Intelligence Team гуруҳи очиқлаган маълумотдан Аришев портлашга алоқаси йўқлиги, уни метродаги ҳодисадан кейин ота-онаси қидираётганини билдирди. Кейинроқ, Аришевнинг дўстлари 3 апрел куни кундузги пайтда Максим Аришев ўзи ўқиётган Информатика ва математика факултетидан “Фрунзенская” метро бекатида жойлашган уйига кетаётганини маълум қилди.

Сешанба куни Максимнинг ота-онаси Санкт-Петербургга келиб, ўғлининг жасадини таниди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Максим Аришевнинг “терактни ҳозирлашга алоқаси йўқлиги ва ҳуқуқ мухофазаси идоралари назоратига ҳеч қачон тушмагани” тўғрисида баёнот тарқатди.

Андрей (Илёс) Никитин

​Рус блогерлари ва журналистлари томонидан "Ҳоттабич" лақаби берилган яна бир шахснинг сурати ҳужумдан бир неча соат ўтиб деярли барча оммавий ахборот воситаларида асосий гумонланувчи сифатида тарқатилди.

Ўз фотосуратини кўрган шахс полицияга келди
Ўз фотосуратини кўрган шахс полицияга келди

Фотосурати тарқаган йигитнинг ўзи Петербургдаги полиция бўлимларидан бирига келиб, расмини телевизорда кўриб, қўрқиб кетганини айтган. У ўзининг ҳақиқатан 3 апрель куни метрополитендан фойдалангани¸ бироқ портлашларга мутлақо алоқаси йўқлигини билдирган.

Бошқирдистонлик Илёс Никитин Уфада юк ташувчи машина ҳайдовчиси бўлиб ишлар экан. 3 апрел куни у Петербург Жоме масжидидан қайтиб келаётганини айтган.

Шошқолоқ журналистларнинг уни фотосуратини асосий гумонланувчи сифатида тарқатиши оқибатида 4 апрел куни аэропортда “таниб” қолган йўловчилар талаби билан у Москва-Уфа авиарейсидан тушириб қолдирилгани хабари чиқди.

IslamNews хабарига кўра, туғилганида Андрей деб исм қўйилган бу шахс Рязан ҳарбий-десант билим юртини тамомлагани, Чеченистонда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган, хизматдан қайтиб келиб Исломни қабул қилган ва Илёс исмини олган.

Қора дўппи ва қора узун кийим кийиб олган соқолли шахснинг тергов-суриштирувсиз “террорчи” деб эълон қилиниши ижтимоий тармоқларда махфий хизматлар иши устидан норозилик ва истеҳзоларни келтириб чиқарди.

Айни пайтда, Россия оммавий ахборот воситаларида "террорчининг ўзи таслим бўлгани" тўғрисидаги хабарлар тарқашда давом этмоқда.

....

5 апрел куни ниҳоят уйига етиб борган Илёс Никитин ишдан ҳайдалганини маълум қилди.

“Бугун Нижневартовскдаги иш берувчим мени ишдан бўшатганини маълум қилди. У буни минтақавий Тергов қўмитаси талаби билан изоҳлади", деди Никитин.

Илёс, шунингдек, журналистлар унинг яқинлари ва шахсан уни тақиб этаётганидан афсус билдирди.

“Ортимдан тақиб этмасликларингизни ва тинчкина ҳаёт кечиришимга рухсат беришингизни ўтиниб сўрайман”, дея Илёс Никитиннинг сўзларини келтирди IslamNews.

XS
SM
MD
LG