Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:09

“Милицияга воқеа ҳақида хабар бериб, ўзим қийноққа солиндим...”


Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманининг Истиқлол ҚФЙда яшайдиган 40 яшар Шуҳратилло Ҳаитовнинг OzodMikrofonга иддао қилишича, у ўзи қоровуллик қилаётган маккажўхоризор даласида куйдирилган жасадни кўргани ҳақида 4 июль куни милицияга хабар берганидан сўнг, милиция ходимлари унинг ўзини қотилликда гумонлаб, ҳибсга олган.

“Милицияга воқеа ҳақида хабар бериб, ўзим қийноққа солиндим”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:59 0:00
Бевосита линк

Шуҳратилло Ҳаитов асоссиз равишда 12 сутка ҳибсда сақлангани, қилмаган ишини бўйнига қўйдириш учун ўзини икки кун аёвсиз қийноққа солишгани ҳақида Ўзбекистон Бош прокуратураси ва вилоят прокуратурасига бир неча марта мурожаат қилганини айтади.

“Тошкент вилоятининг Луначарский деган жойидаги вақтинча сақлаш изоляторига олиб келдилар. Битта гражданский кийимдаги мелисами, терговчими, билмайман, “яхшиликча, ўша одамни ўлдириб, ёқиб юборганингни бўйнингга олгин” деди. Мен эса сизларга яхшилик қилиб хабар берганим учун, мен гуноҳкор бўлиб қолдимми, дедим. Шу пайт яна учтаси кириб келди. Билагимга газета ўраб, наручник тақди. Кейин тепиб йиқитишди. Орқа томондан тиззаси билан босиб туриб, бошимга пакет кийгизиб, бўғди. Ҳушимдан кетиб қолдим. Кейин яна сув сепиб ҳушимга сал келганимдан сўнг, тўрттаси босиб туриб, оёғимни тагига дубинка билан шунақа урди, урди, оғриқдан додлаб юбордим. Булар эса бўйнингга ол, дейди, Мен йўқ дейман, улар яна уради. Қўлларимни кўтариб қўйиб буйракларимга урдилар. Қарийб уч кун ана шундай тинимсиз қийноққа солдилар. Лекин барибири бўйнимга олмадим”, дейди Шуҳратилло Хаитов.

Ҳаитовнинг айтишича, у вақтинча сақлаш изоляторидаги қийноқлардан кейин, шифокорларга мурожаат қилган ва улар текшириб, бош мия шикастлангандан сўнг энцефалопатия, жигар паренхимасини қалинланиши ташхиси қўйган.

Шуҳратилли Ҳаитовга берилган тиббий хулоса
Шуҳратилли Ҳаитовга берилган тиббий хулоса

Ҳаитовнинг айтишича, уни қийноққа солган милиция ходимлари жазосиз қолмоқда.

Озодлик бу суҳбатда келтирилган иддаоларга ҳозирча Юқоричирчиқ тумани ва Тошкент вилояти ИИБсидан расмий муносабат ола олмади.

Воқеага алоқадор расмийлар изоҳ берса¸ Озодлик улар жавобини ҳам чоп этади.

................................................................................

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG