Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:29

Суриштирув: $555 млнлик газ ҳисоблагич лойиҳаси Tошкент ҳокими Ортиқхўжаевга алоқадор компанияларга берилди


Ярим миллиард долларлик буюртма бўйича тендер бораëтган 28 февраль куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев "TEXNOPARK" ишлаб чиқараëтган "ақлли газ ҳисоблагич"ларни президентга тақдим қилди.
Ярим миллиард долларлик буюртма бўйича тендер бораëтган 28 февраль куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев "TEXNOPARK" ишлаб чиқараëтган "ақлли газ ҳисоблагич"ларни президентга тақдим қилди.

2020 йилнинг 1 июлидан табиий газга уланган барча ўзбекистонликлар газ ҳисоблагичларини янгилашга ўтади ва 2022 йилгача мамлакатда жами 3 546 148​ дона "ақлли ҳисоблагич" ўрнатилади.

Расмий рақамлардан келиб чиқилса¸ ҳар бир ўзбекистонлик хонадонига ўрнатиладиган бир дона ҳисоблагич давлат ғазнасига 156,5 АҚШ долларидан (21 май кунги МБ курси бўйича 1 585 268 сўм) тушади.

Мақсад¸ расмийлар иддаосича¸ ўзбекистонликларни йиллардан бери танг ҳолда қолдириб келаëтган табиий газ тақчиллигига барҳам бериш. Замонавий технология асосида ишлаб чиқарилган газ ҳисоблагичлар¸ бу лойиҳанинг бош лоббичиси Энергетика вазирлигига кўра¸ мамлакатдаги газ ўғриликларига барҳам беради¸ аҳолини тежамкорликка ўргатади ва гўë шу билан йиллардан бери бўш ëтган газ қувурларида газ пайдо бўлади.

Ақлли газ ҳисоблагичларни¸ уларни қўйишга киришган давлатга қарашли “Ҳудудгазтаъминот” АЖ¸ аҳолига “бепул” деб тақдим этмоқда.

Аслида¸ лойиҳа тафсилотидан хабардор энергетика мулозимларига кўра¸ янги газ ҳисоблагичнинг пули истеъмол қилинадиган ҳар бир куб метр газ устига қўшиладиган 17 сўмлик устама орқали халқдан ошиғи билан чиқариб олинади. Президент қарорида белгиланган бу устама инфляцияга қараб индексация ҳам қилиб борилади.

2019 йил июлида 400 миллион АҚШ долларига тенг деб баҳоланган лойиҳа қиймати¸ 2019 йил декабрига келиб 644 миллион долларга кўтарилди¸ 2020 йил февралда эса¸ 555 миллион деб баҳоланди.

Лойиҳа жараëнидан хабардор Энергетика вазирлиги мулозими нархдаги 244 ва 150 миллион долларлик сакрашни унинг ортида жиддий техник-молиявий асоснинг йўқлиги ва бутун жараëннинг олдиндан танланган шахс ва гуруҳлар манфаатига хизмат қилиш учун ишлаб чиқилгани билан изоҳлади.

Озодлик суриштирувидан маълум бўлишича¸ 555 миллион долларлик давлат буюртмаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг хусусий бизнес империясига алоқадор икки ширкатга берилган.

Бу эса¸ ширинлик ишлаб чиқаришдан то City қуришгача бўлган аксар сердаромад соҳаларда деярли чекланмаган имтиëз ва рақобатсиз фаолият юрғизаëтган Ортиқхўжаевнинг энергетика соҳасида ҳам белгиловчи ўйинчига айланаëтганини кўрсатади.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг Ўзбекистондаги энг йирик ва энг қиммат давлат лойиҳалари¸ хусусан¸ давлат кафолати орқали хориждан олинган юзлаб миллион долларлик қарзга қурилган қарийб 2 миллиард долларлик Tashkent City лойиҳаси ҳам тендерсиз асосан Жаҳонгир Ортиқхўжаев компанияларига берилган.

Ўзбекистон ва унинг ташқарисида "любая бизнес хороша" (ҳар қандай бизнес яхши) ибораси билан танилган Ортиқхўжаев¸ ҳозирга қадар ўз бизнес империясига оид мустақил журналистик суриштирувларда туғилган саволларга жавоб бермай келаëтир.

Бош вазир президент қарорини бекор қилдими?

Маиший сектор ва улгуржи истеъмолчилар орасида табиий газ назоратининг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини (АСКУГ) кенг жорий этиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йилнинг 13 ноябрь кунги 3384-сонли қарори билан бошланди.

Бу қарорда лойиҳа доирасида дастлаб 2 миллион табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техник воситаларини Германиянинг «Elster GmbН» компаниясидан истисно тариқасида тендер савдоларини ўтказмасдан харид қилиш топширилади.

2017 йил ноябрида имзоланган президент қарорининг бекор қилингани ҳақида маълумот йўқ..
2017 йил ноябрида имзоланган президент қарорининг бекор қилингани ҳақида маълумот йўқ..

Орадан икки йил ўтиб¸ 2019 йилнинг 9 июль куни президент Мирзиëев “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” яна бир қарор чиқаради.

Унда "Ўзтрансгаз" "Ҳудудгазтаъминот"га айланади ва 2022 йил охиригача аҳолини автоматлаштирилган газ ҳисоблагичларга ўтказиш "Ҳудудгазтаъминот"га топширилади.

Ўзбекистон Бош вазири Абдула Арипов 2019 йилнинг 16 июль куни бу қарор ижроси юзасидан ишчи гуруҳи йиғилишини ўтказади ва унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари¸ хусусан¸ Энергетика вазири Алишер Султонов¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевлар қатнашади.

22 июль куни расмийлаштирилган протоколда ëзилишича¸ мажлисда “Ўзтрансгаз”/"Ҳудудгазтаъминот" АЖ замонавий газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш буюртмачиси этиб белгиланади.

Шу пайтгача бир дона ҳам газ ҳисоблагич ишлаб чиқармаган "Texnopark" МЧЖ 3¸5 миллион дона газ ҳисоблагични ишлаб чиқарувчи ва таъминотчи қилиб танланади; “Fido Biznes” МЧЖга унинг дастурий таъминоти (программное обеспечение) топширилади.

Миллий банкка газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчи ускуна ва бутловчи қисмлар сотиб олиш учун "Texnopark" МЧЖсига маблағ ажратиш буюрилади.

“Ўзтрансгаз” АЖга бир ой муддат ичида "Texnopark" МЧЖга олдиндан ҳақ тўлаб¸ барча газ ҳисоблагичларни сотиб олиш ҳақида шартнома тузиш топширилади.

2019 йил 16 июль куни Абдулла Арипов раислигида ўтказилган йиғилиш протоколи 2-саҳифаси нусхаси.
2019 йил 16 июль куни Абдулла Арипов раислигида ўтказилган йиғилиш протоколи 2-саҳифаси нусхаси.

2019 йилнинг 16 июль кунги ишчи гуруҳ қарорида лойиҳа қиммати 400 миллион АҚШ доллари қилиб белгиланади ва Молия ҳамда Энергетика вазирликларига бу пулни топиш вазифаси қўйилади.

Аммо вазирликлар орасидаги муҳокамалар¸ хусусан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 3 октябрь куни берган хулосасида (хулоса нусхаси Озодликда мавжуд-таҳр.) билдирилган эътирозлар ортидан Абдулла Арипов бу қарор ижросини тўхтатишга мажбур бўлади.

Бу қарор ижроси тўхтатилиши ортидан Энергетика вазирлиги президент янги қарорининг лойиҳасини тайëрлайди.

2019 йил декабрига келиб Энергетика вазирлиги АСКУГ лойиҳаси нархини 644 млн. долларга чиқаради.
2019 йил декабрига келиб Энергетика вазирлиги АСКУГ лойиҳаси нархини 644 млн. долларга чиқаради.

Бу лойиҳа президентнинг 2017 йилги 3384-қарорини унинг ўзи орқали бекор қилиш¸ газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқаришни немис компанияси ўрнига Арипов ўтказган 16 июль кунги мажлисда танланган "Texnopark" МЧЖга тендерсиз беришни кўзда тутади.

2019 йилнинг 24 декабрь куни тегишли вазирлик ва идораларга Вазирлар Маҳкамасидан юборилган "Шошилинч" хатда "масаланинг долзарблигини инобатга олиб" уни зудлик билан кўриб чиқиб¸ ўз хулосасини бериш сўралади.

Орадан тўрт кун ўтиб - 28 декабрь куни Ўзбекистон Иқтисодиëт ва саноат вазирлиги ўз ëзма хулосасини беради ва унда лойиҳа қийматининг айнан 644 миллион долларга тенг экани ҳақидаги техник-иқтисодий асос Вазирлар Маҳкамаси тасдиғидан ўтиши лозимлигини талаб қилади.

Иқтисодиëт вазирлиги ўз хулосасида 644 миллион долларнинг қаердан келиб чиққанини асословчи техник-молиявий ҳужжатларнинг Вазирлар Маҳкамаси тасдиғидан ўтказилишини сўрайди.
Иқтисодиëт вазирлиги ўз хулосасида 644 миллион долларнинг қаердан келиб чиққанини асословчи техник-молиявий ҳужжатларнинг Вазирлар Маҳкамаси тасдиғидан ўтказилишини сўрайди.

26 декабрь куни ўз хулосасини берган Монополияга қарши курашиш қўмитаси эса¸ бу лойиҳа ижрочисининг "Давлат харидлари тўғрисида" ва "Рақобат тўғрисида"ги қонунлардан келиб чиққан ҳолда¸ тендер савдолари орқали аниқлашни таклиф қилади. Айни пайтда¸ лойиҳанинг техник-иқтисодий асосига аниқлик киритилишини сўрайди.

Монополияга қарши кураш қўмитасининг 2019 йил 26 декабрь кунги расмий хатида АСКУГ лойиҳаси бўйича тендер ўтказиш сўралади.
Монополияга қарши кураш қўмитасининг 2019 йил 26 декабрь кунги расмий хатида АСКУГ лойиҳаси бўйича тендер ўтказиш сўралади.

Бу жиддий эътирозлардан сўнг Энергетика вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси президент қарори лойиҳасини тўхтатишга мажбур бўлади.

Бунинг ўрнига 2019 йилнинг 31 декабрида расмийлаштирилган 1062-сонли янги қарори билан Абдулла Арипов “Ўзтрансгаз” ўрнида тузилган “Ҳудудгазтаъминот” АЖга замонавий газ ҳисоблагичлар бўйича давлат буюртмаси ижрочисини танлов-тендер орқали аниқлашни топширади.

Бош вазирнинг АСКУГ лойиҳаси бўйича тендер ўтказишга оид 1062-сонли қарори 2019 йилнинг 31 декабрь куни билан расмийлаштирилган.
Бош вазирнинг АСКУГ лойиҳаси бўйича тендер ўтказишга оид 1062-сонли қарори 2019 йилнинг 31 декабрь куни билан расмийлаштирилган.

Тендер?

Бу қарордан бир ярим ой ўтиб¸ “Ҳудудгазтаъминот” АЖ 2020 йилнинг 17 февралидан 18 мартига қадар “АСКУГ лойиҳаси учун ускуна ва дастурий таъминот сотиб олиш бўйича тендер” эълон қилади.

(Бу тендер ва унга доир барча ҳужжатларнинг давлат тили эмас¸ фақат рус тилида экани алоҳида эътиборга молик-таҳр.)

Тендерга қўйилган давлат буюртмаси қиймати - 5 288 479 635 853 сўм (2020 йил февраль ойидаги МБ расмий курси бўйича 555 миллион АҚШ доллари-таҳр.) деб баҳоланади. Лойиҳа қийматининг бир ярим ой ичида 644 миллион доллардан 555 миллионга туширилганига ҳеч қандай изоҳ берилмайди.

Буюртмачи талаби – 2020 йилнинг 1 июлидан 2022 йилгача 3 546 148 дона ақлли газ ҳисоблагич ишлаб чиқариш¸ унинг дастурий таъминотини яратиш ва истеъмолчиларга ўрнатиб бериш.

АСКУГ лойиҳаси бўйича тендер эълони.
АСКУГ лойиҳаси бўйича тендер эълони.

Расмий сайтда бу эълоннинг айнан қайси куни қўйилгани аниқ эмас.

Эълонда автоматлаштирилган газ ҳисоблагич ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар 17 февралидан 18 мартига қадар бу тендерда қатнашиш учун ҳужжат топширишга таклиф этилади.

Mазкур эълонга тендерга оид ҳужжатлар ва харидга қўйиладиган техник талаблар рўйхати рус тилида илова қилинади.

Бу ҳужжатларнинг “Тендер қатнашчилари” деб номланган 3-моддасининг биринчи бобида тендерда мулкчилик шаклидан қатъи назар Ўзбекистон резиденти бўлган исталган юридик шахслар қатнашади¸ дейилган.

Тендер давомида унинг "ҳужжатларига ўзгартиш киритилиши" иддаоси билан бу жараëн аввал белгиланган бир ой ўрнига 40 кунга чўзилади ва тендерга ҳужжат қабул қилиш 28 март куни ëпилади.

Тендерга яқин мулозимларнинг Озодликка айтишича¸ ариза топширган ширкатлардан фақат учтаси – “GAZ METER”¸ “TEXNOPARK” ва “PERFECT PLAST PROFIL” МЧЖлари тендер комиссияси талабларига жавоб берувчи деб топилиб¸ лойиҳага даъвогар сифатида рўйхатга олинади.

Аммо тендер бошлангандан сўнг¸ 2018 йилдан бери энг сўнгги технология асосидаги ультратовушли газ ҳисоблагич ишлаб чиқариб келаëтган "GAZ METER" "регулятор ва яшик" ишлаб чиқармайди¸ танлов комиссияси хулосаси билан рақибларидан кам балл тўплади¸ деган асосда танловнинг сўнгги босқичига қўйилмайди.

Тендер комиссияси қарор қилади.....

Озодлик ихтиëридаги ҳужжат нусхасига кўра¸ 9 кишилик идоралараро тендер комиссиясига “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Алишер Турдибоев раислик қилган.

Асосан¸ "Ҳудудгазтаъминот" ва Энергетика вазирлиги расмийларидан иборат комиссиянинг 3 апрель кунги йиғилиши протоколига кўра¸ унда АСКУГ лойиҳаси бўйича тендер ғолиблари эълон қилинади.

555 миллион долларлик давлат буюртмаси бўйича ўтказилган тендер комиссияси таркиби
555 миллион долларлик давлат буюртмаси бўйича ўтказилган тендер комиссияси таркиби

Мажлис қарорида ëзилишича¸ қатнашчилар таклиф қилган нархлардан келиб чиққан ҳолда (бу нархлар ҳужжатда очиқланмаган -таҳр.)¸ тендер ғолиби деб “TEXNOPARK” МЧЖ танланган.

Тендер комиссияси хулосаси
Тендер комиссияси хулосаси

Комиссия¸ “PERFECT PLAST PROFIL” МЧЖни тендернинг резервдаги ғолиби деб топади. Бу эса¸ “TEXNOPARK” МЧЖ давлат буюрмасини шартномада кўрсатилган муддат ëки миқдорда ижро эта олмаса¸ лойиҳа ижроси бошқа тендер ўтказилмасдан¸ “PERFECT PLAST PROFIL” МЧЖга берилади¸ деганидир.

Ярим миллиард доллардан қиммат лойиҳани қўлга киритган “ғолиб” ким?

2022 йилга қадар Ўзбекистонда мавжуд жами газ ҳисоблагичларни янгисига алмаштиришга қаратилган АСКУГ лойиҳасини “очиқ тендер”да ютиб олган “TEXNOPARK” МЧЖ таъсисчиси Тошкент шаҳар ҳокимлигидир.

Texnopark МЧЖга оид регистрация ҳужжати.
Texnopark МЧЖга оид регистрация ҳужжати.

Расмий регистрация ҳужжатларига кўра¸ бу МЧЖ 2019 йилнинг 10 июнида давлат хизматлари марказида рўйхатга олинган.

Устав жамғармаси 10 165 133 800 сўм (жорий курс бўйича 1 миллион АҚШ доллари -таҳр.) деб кўрсатилган “TEXNOPARK” МЧЖнинг фаолият тури сифатида “маиший техника ишлаб чиқариш” деб¸ раҳбари сифатида эса Аҳадов Сарвар Саиджаҳонович ëзилган.

Давлат маблағи эвазига таъсис қилинган мазкур МЧЖ раҳбари Сарвар Аҳадов бунгача Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгалик қилган хусусий ширкатлар¸ хусусан¸ «DREAM PRODUCTION» МЧЖга директорлик қилган.

Сарвар Аҳадов Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Dream Production ширкати директори бўлган.
Сарвар Аҳадов Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Dream Production ширкати директори бўлган.

“TEXNOPARK” МЧЖ газ ҳисоблагичлар давлат хариди бўйича тендер бошлангунга қадар Ўзбекистонда газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар давлат реестрида бўлмаган.

Тендер ғолиби бўлган иккала компания ҳам маҳаллий газ ҳисоблагич ижлаб чиқарувчилар давлат рўйхатида тендер эълон қилинганидан кейин киритилган.
Тендер ғолиби бўлган иккала компания ҳам маҳаллий газ ҳисоблагич ижлаб чиқарувчилар давлат рўйхатида тендер эълон қилинганидан кейин киритилган.

Корхона фақат 2020 йилнинг 26 февралида¸ “Ҳудудгазтаъмонот” 3¸5 миллиондан ошиқ газ ҳисоблагич савдоси учун давлат тендерини эълон қилганидан 8 кун ўтиб¸ маҳаллий газ ҳисоблагичлар давлат реестрига киритилган.

“TEXNOPARK” МЧЖ давлатга сотадиган газ ҳисоблагичлар эгаси ким?

Президент Шавкат Мирзиëев 2019 йилнинг 1 май куни Тошкентдаги собиқ ТАПОиЧ заводи ҳудудида Технопарк тузиш ҳақидаги қарорга қўл қўйган.

Расмий хабарларга кўра¸ импорт ўрнини босадиган 56 турдаги оммабоп истеъмол товарлари ишлаб чиқилиши айтилган Технопарк лойиҳасининг қиймати 50 миллиард сўм ва бунинг 50 фоизини давлат қоплайди.

2019 йилнинг 28 июнь куни Мирзиëевнинг Технопаркни бориб кўргани ҳақда хабар қилган президент матбуот хизмати¸ мазкур ҳудудда ишлаб чиқарилаëтган маҳсулотлар рўйхатини берган ва унда ақлли газ ҳисоблагичлар тилга олинмаган эди.

Texnopark.uz сайтидаги очиқ маълумотга кўра¸ МЧЖ 2020 йилнинг февраль ойидан бошлаб Яшнободдаги Технопарк ҳудудида «Ōsten» бренди билан “ақлли маиший газ ҳисоблагичлар” ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ((қиймати 555 миллион долларлик давлат буюртмаси бўйича тендер ҳам айнан 2020 йилнинг 17 февралида эълон қилинди – таҳр.).

Texnopark МЧЖ сайтида Osten брендидаги газ ҳисоблагичларнинг 2020 йил февраль ойида (куни айтилмаган) бошлангани ëзилган.
Texnopark МЧЖ сайтида Osten брендидаги газ ҳисоблагичларнинг 2020 йил февраль ойида (куни айтилмаган) бошлангани ëзилган.

Расмий сайтда ëзилишича¸ Италиянинг "Petro Fiorentini", "Euro Impiantini" ва Германиянинг "Motan" компаниялари ўрнатиб берган 50 миллион долларлик технология асосида “TEXNOPARK” МЧЖ йилига 3 миллион дона газ ҳисоблагич ишлаб чиқариш қувватига эга.

Сайтда 50 миллион долларлик инвестицияни айнан ким киритгани очиқланмаган.

2020 йилнинг 28 февраль куни - газ ҳисоблагичлар бўйича давлат буюртмаси учун танлов бораëтган бир пайтда президент Шавкат Мирзиëев Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамроҳлигида "TEXNOPARK" МЧЖ ишлаб чиқараëтган газ ҳисоблагичлар билан танишади.

Шавкат Мирзиëевга "TEXNOPARK" МЧЖ ишлаб чиқаришни эндигина бошлаган газ ҳисоблагичлар кўз-кўз қилинмоқда.
Шавкат Мирзиëевга "TEXNOPARK" МЧЖ ишлаб чиқаришни эндигина бошлаган газ ҳисоблагичлар кўз-кўз қилинмоқда.

Президентга бу ҳисоблагичларнинг қанчалик "ақлли" экани намойиш қилинади¸ давлат телеканали намойиш қилган махсус видеорепортаж ва суратлардан унинг бу маҳсулотдан хурсанд бўлгани кўрилади.

"Ўзбекистон 24" телеканали Мирзиëевнинг 2020 йил 28 февраль куни Технопарк ҳудудига қилган ташрифи ҳақидаги репортажида "Texnopark" МЧЖнинг айнан 28 февраль куни (тендер 17 февралда бошланган -таҳр.) ақлли газ ҳисобагичлар ишлаб чиқаришни бошлаганини айтади.

"Бугунги кунда мамлакатимизда 3,5 миллион дона электрон газ ҳисоблагичга эҳтиёж мавжуд. Корхона ушбу эҳтиёжни бир йилда қоплаб, келгуси йилдан 7,7 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш қувватига эга. Бунинг учун корхона ҳамкори Италиянинг “Petro Fiorentini” компанияси билан тегишли шартнома тузилган"¸ деб реклама қилди бу МЧЖ фаолиятини ўша кунги хабарида президент матбуот хизмати.

"Texnopark" ишлаб чиқараëтган газ ҳисоблагичлар Osten брендига оид.
"Texnopark" ишлаб чиқараëтган газ ҳисоблагичлар Osten брендига оид.

Озодлик гаплашган Тошкент мулозимлари иддаосича¸ ана шу тақдимот жараëнида "давлатга керак 3¸5 миллион дона газ ҳисоблагичнинг айнан "TEXNOPARK" МЧЖдан сотиб олиниши учун Шавкат Мирзиëевдан тасдиқ олинган.

«Ōsten» бренди эгаси – Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

555 миллион долларлик давлат харидини қўлга киритган “TEXNOPARK” МЧЖ давлат буюртмачисига сотадиган ақлли газ ҳисоблагичлар «Ōsten» бренд номи билан чиқарилади.

Osten бренди эгаси J-United Group.
Osten бренди эгаси J-United Group.

Бу бренднинг 100 фоиз эгаси J-United Group. J-United Group ҳолдингининг 100 фоизлик эгаси эса¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдир.

J-United Groupнинг 100 фоизлик эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаевдир.
J-United Groupнинг 100 фоизлик эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаевдир.

"Содда қилиб тушунтирсам¸ гўë "TEXNOPARK" МЧЖ ҳокимники эмас¸ балки ҳокимликники. Лекин ҳокимлик эгаси бўлган ширкат ҳоким эгалик қиладиган брендда газ ҳисоблагич ишлаб чиқаради ва бренд эгаси сифатида Ортиқхўжаев пул қилади"¸ деди тендер тафсилотидан бевосита хабардор Тошкент мулозими.

Озодлик ҳозирча бренд эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг лойиҳа ижрочиси бўлган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (яъни ўзидан - таҳр.) дан қанча ҳақ олишига оид молиявий ҳужжатларга эга эмас - бу ҳоким Ортиқхўжаев билан тадбиркор Ортиқхўжаев ўртасидаги "тижорий сир".

Ортиқхўжаев бизнес структурасининг таркибий қисми кўрилган “PERFECT PLAST PROFIL” - заҳирадаги ғолиб

3 апрель¸ Ўзбекистонда карантин туфайли киритилган кескин чекловлар амалда қолаëтган бир пайтда мажлис ўтказган идоралараро тендер комиссияси 555 миллион долларлик давлат буюртмасини қўлга киритган ғолиб баробарида “резервдаги ғолиб”ни ҳам эълон қилади.

Комиссия қарори билан ғолиб мажбуриятини бажара олмаган тақдирда лойиҳа ижроси автоматик суратда “PERFECT PLAST PROFIL” МЧЖга ўтади.

Озодлик танишган очиқ манбалардаги ҳужжатларга кўра¸ “PERFECT PLAST PROFIL” 2015 йил августида МЧЖ сифатида рўйхатга олинган. Фаолият тури ҳақида берилган маълумотда МЧЖнинг “ақлли газ ҳисоблагичлар” ишлаб чиқариши ҳақида бирор маълумот йўқ.

Perfect Plast Profile МЧЖ регистрация ҳужжати нусхаси.
Perfect Plast Profile МЧЖ регистрация ҳужжати нусхаси.

Устав фонди 130 871 737 600 сўм (жорий курс билан қарийб 13 миллион АҚШ долларига тенг) қилиб кўрсатилган “PERFECT PLAST PROFIL” МЧЖнинг ягона мулкдори¸ регистрация қоғозида¸ Ғаниев Аброр Ахралович.

Аброр Ғаниев Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли бир неча оффшор компанияларда акционер сифатида қайд этилган.
Аброр Ғаниев Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли бир неча оффшор компанияларда акционер сифатида қайд этилган.

Аброр Ғаниев – Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империясни бирлаштирувчи Akfa компаниялар гуруҳи директорлар кенгашининг жорий раиси.

Криминология бўйича британиялик профессор Кристиан Ласслетт ўтказган суриштирув давомида Ғаниевнинг Ортиқхўжаевга қарашли бир неча ширкат ҳужжатларида номи борлиги аниқланган эди.

Аброр Ғаниев ва PERFECT PLAST PROFIL МЧЖси Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империясининг таркибий қисмидир.
Аброр Ғаниев ва PERFECT PLAST PROFIL МЧЖси Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империясининг таркибий қисмидир.

"Discover Invest” ширкатининг асосий пакет акциялари эгаси 2019 йилнинг февраль-март ойидаги ҳужжатларда Аброр Ғаниев эди. Discover Invest билан J-United Group регистрация ҳужжатларидаги манзил айнидир. J-United Group эса Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 100 фоиз эгаси бўлган ҳолдинг ҳисобланади. Бевосита "Perfect Plast Profil" МЧЖга келсак¸ ўтган йили бу ширкат 100 фоиз акцияларининг эгаси Шотландияда рўйхатга олинган Esperansa Group LP эди. Бу ширкат эса¸ Artel-Akfa ҳолдинги таркибига кирувчи ўнлаб оффшор компаниялардан бири. Esperansa Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли яна бир ширкат - Wide Tent System акциялари эгаси ҳамдир”¸ деди 13 май куни Озодлик билан суҳбатда Кристиан Ласслетт.

Perfect Plast Profil тендергача хориж корхонаси сифатида рўйхатдан ўтган¸ унинг асосий мулкдори деб Шотландияда регистрация қилинган Esperansa Group кўрсатилган.
Perfect Plast Profil тендергача хориж корхонаси сифатида рўйхатдан ўтган¸ унинг асосий мулкдори деб Шотландияда регистрация қилинган Esperansa Group кўрсатилган.

Ласслеттнинг урғулашича¸ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мирзиëев ҳокимиятга келгандан кейинги манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияни ëритаëтган Ғарб журналистлари диққатига тушганидан сўнг¸ Ортиқхўжаев ўзи эгалик қилиб келган ширкатлардаги акцияларни айнан Аброр Ғаниев номига ўтказишга киришган.

- Акфа/Aртел структурасига ўнлаб маҳаллий ва асосан оффшор ширкатлар киради. Кейинги ойлар¸ хусусан¸ 2020 йилнинг май ойида Ортиқхўжаев бу ширкатлар эгалигини маҳаллий "ишончли вакиллар"га топширишни кучайтирди. Бу жараëнда Аброр Ғаниев унинг "асосий вакили"га айланди¸ дейди Ласслетт.

555 миллион долларлик тендернинг резервдаги ғолиби деб топилган “PERFECT PLAST PROFIL МЧЖ маҳаллий газ ҳисоблагичлар давлат реестрига 2020 йилнинг 27 март куни – газ ҳисоблагичлар учун давлат буюртмаси бўйича узайтирилган тендернинг охирги куни киритилган.

PERFECT PLAST PROFIL газ ҳисоблагич ишлаб чиқарувчилар давлат реестрига тендер учун берилган биринчи муҳлат тугаганидан сўнг киритилган.
PERFECT PLAST PROFIL газ ҳисоблагич ишлаб чиқарувчилар давлат реестрига тендер учун берилган биринчи муҳлат тугаганидан сўнг киритилган.

Бирорта газ ҳисоблагич ишлаб чиқармаган бу МЧЖнинг қандай қилиб тендер ҳужжатларида “газ ҳисоблагич ишлаб чиқариш тажрибаси” талаб қилинган танловга қўйилгани очиқ саволдир.

Жавобсиз қолган саволлар

Озодлик ўз журналистик суриштируви давомида туғилган саволларга жавоб олиш учун бир неча кун давомида Энергетика вазирлиги¸ хусусан¸ “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг газ ҳисоблагичлар лойиҳаси бўйича ўтказилган тендер мутасаддилари билан боғланди.

13 май куни “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг тендер учун тақдим этилган рақамига жавоб берган мулозим “Я по таким вопросам по телефону интервью не даю” деб¸ гўшакни шарақлатиб илиб қўйди.

15 май куни Озодлик танлов комиссияси раиси ўринбосари¸ "Ҳудудтаъминотгаз" АЖнинг АСКУГ дирекцияси раҳбари Шаҳноза Исламова билан боғланди ва унга тендер билан боғлиқ жиддий савол ва эътирозлар борлигини билдирди.

Бу эътирозларга расман муносабат билдириш имкони таклиф этилганида Шаҳноза Исламова¸ "жудаям бандлиги"ни айтиб¸ телефонини ўчириб қўйди ва бир неча кун давомида қилинган бошқа қўнғироқларга жавоб бермади.

Озодлик 15 май куни АСКУГ лойиҳасининг "TEXNOPARK" МЧЖга 2019 йил 16 июль куни тендерсиз берилишига ўз эътирозини билдирган Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси¸ ахборот хизмати раҳбари Манзура Ҳасанова билан боғланди.

Бу лойиҳанинг тендерсиз тақдим этилгани бўйича қўмита ўз вақтида хулосасини берганини таъкидлаган Ҳасанова¸ тендер жараëнидан бехабарлигини билдирди.

- Агар сизда бу танлов бўйича тузилган идоралараро танлов комиссияси рўйхати бўлса¸ қарашингиз мумкин. Биз бу комиссияда йўқмиз (чиндан ҳам йўқ - таҳр.). Қонунчиликдан келиб чиқиб¸ бу жараëнни тендергача олиб келдик. Танлов жараëни билан боғлиқ барча саволларингизга уни уюштирган давлат буюртмачиси - "Ҳудудгазтаъминот" АЖ жавоб бериши керак. Бизга танловда қатнашганлардан ҳозирча расман шикоят бўлмади. Бўлса¸ биз¸ албатта¸ ўрганамиз¸ деди Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси¸ матбуот хизмати раҳбари Манзура Ҳасанова.

Тендер бўйича танлов комиссияси раҳбаридан олинмаган жавобларга муносабат олиш учун Озодлик 14 май куни "Ҳудудтаъминотгаз" АЖ матбуот хизмати раҳбари Меҳрибон Мамедова билан боғланди.

Озодлик мухбирининг тендер бўйича ўтказилган журналистик суриштирув давомида туғилган саволларга жавоб бериш сўровига Мамедова "биз Ўзбекистонда аккредитациядан ўтмаганлар билан гаплашмаймиз"¸ деган гапни камида беш марта такрорлади ва гўшакни илиб қўйди.

18 май куни Озодлик "Texnopark" МЧЖнинг газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш бўйича директори ўринбосари Умид Омонович Сайидов телефонига қўнғироқ қилди.

Ўзини Сайидов ëрдамчиси Зуҳриддин деб таништирган шахс¸ газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқаришнинг февраль ойида (тендер очилган ой -таҳр.) бошланганини тасдиқлади.

Озодлик мухбирининг "февраль ойида ишлаб чиқаришни бошлаган корхонанинг бу қадар қиммат ва кўп сонли давлат буюртмасини қандай ютгани"га оид саволини эшитган "Texnopark" вакили¸ бундай савол билан бошлиқларга мурожаат қилишни тавсия этди.

МЧЖ вакили Озодликнинг телефон ва Telegram рақамларини эҳтимолий жавоб учун ëзиб олди¸ аммо улардан ҳозиргача саволга жавоб бирор шаклда келгани йўқ.

18 май куни Озодлик "Perfect Plast Profil" МЧЖнинг ақлли газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш "тажрибаси"ни ўрганиш мақсадида¸ бу МЧЖ регистрация ҳужжатида келтирилган мобиль телефонга қўнғироқ қилди.

Қўнғироққа жавоб берган аëл¸ ўзининг бу МЧЖдан икки ой аввал ишдан кетган собиқ ҳисобчи эканини айтди ва корхонанинг газ ҳисоблагич ишлаб чиқариш билан шуғулланмаслигини билдирди.

Ўзбекистон ва унинг ташқарисида "любая бизнес хороша" (ҳар қандай бизнес яхши) ибораси билан танилган Ортиқхўжаев¸ ҳозирга қадар ўз бизнес империясига оид мустақил журналистик суриштирувларда туғилган саволларга жавоб берган эмас.

Озодликнинг бундан олдинги мурожаатига шахсан Ортиқхўжаев¸ "Ўзбекистонда Озодлик билан гаплашиш тақиқланган"¸ дея жавоб қилган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2019 йил 16 ноябрь куни Озодлик сўровига қилган жавоби
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:38 0:00
Бевосита линк


Коррупцион схема? Озодлик суриштируви учун мутахассислар шарҳи

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг хавфсизлигига таҳлика боис шахси очиқланмаслигини сўраган мулозими Озодлик суриштируви давомида тақдим этилган махфий ҳужжатлар¸ қолаверса¸ очиқ манбалардаги маълумотлар давлат¸ демакки солиқ тўловчи маблағи эвазига амалга ошириладиган АСКУГ - табиий газ назоратини автоматлаштириш тизими лойиҳасининг қатор қонунларни бузиш орқали амалга оширилаëтганини кўрсатишини таъкидлади.

"Бу жараëн президентнинг 2017 йилги қарорига мутлақ зид. Кучда қолаëтган бу қарорни Бош вазир бекор қилган бўлиб чиқаяпти¸ бу эса ноқонунийдир. Президент қарорида Германиянинг Elster компаниясидан сотиб олинсин¸ дейилган. Ҳозиргача бекор қилинмаган президент қарори нега ижро этилмади - бунга жавоб йўқ.

Факт ва ҳужжатлар бу лойиҳанинг аввал бошдан ҳокимиятда ўтирган муайян шахс ва гуруҳлар манфаати учун махсус ишлаб чиқилганини тахмин қилишга жиддий асос беради.

Аввалига Бош вазир бу лойиҳани 2019 йил июлида бир ой олдин рўйхатга олинган "Texnopark" МЧЖга тендерсиз берган бўлса¸ орадан 10 ойча ўтиб¸ гўëки тендер ўтказилди¸ аммо алал оқибат буюртма барибир шу ширкатга берилди. Бу МЧЖнинг танловга даъвогар сифатида қўйилишининг ўзиëқ ҳам “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун¸ ҳам тендер ҳужжатларини мутлақо бузишдир”¸ деди Энергетика вазирлигининг АСКУГ лойиҳаси тафсилотларидан бевосита хабардор мулозими.

АСКУГ лойиҳаси ижроси жараëнига алоқадор икки мулозим бир-биридан мустақил тарзда¸ қуйидаги жиҳатларнинг давлат харидлари бўйича тендер ўтказиш талабларига зид эканини таъкидлади.

1.Ҳужжатларда “тендер комиссиясининг сифат бўйича талабларига жавоб бериш учун қатнашчининг газ ҳисоблагич ва дастурий таъминот ишлаб чиқариш бўйича “тажрибага эга бўлиши” алоҳида қайд этилган. Тажриба деганда ишлаб чиқариш тажрибаси кўзда тутилади ва бу халқаро стандартларга кўра энг камида 3 ëки 5 йиллик малакани назарда тутади.

АСКУГ лойиҳаси бўйича тендер ҳужжатларида "қатнашчининг ишлаб чиқариш тажрибасига эга бўлиши" талаб қилинган.
АСКУГ лойиҳаси бўйича тендер ҳужжатларида "қатнашчининг ишлаб чиқариш тажрибасига эга бўлиши" талаб қилинган.

Тендер ғолиби ҳам¸ резервдаги ғолиб ҳам танлов очилган даврга қадар бирорта газ ҳисоблагич ишлаб чиқармаган. Улар газ ҳисоблагичлар давлат реестрига тендер тугаши арафасида киритилган. Улар чиқарган маҳсулот амалиëтда синалмаган. 2017-2019 йилларда ўтказилган синов жараëнида ўзини яхши кўрсатган хорижий ва маҳаллий газ ҳисоблагичлар қолиб¸ 555 миллион долларлик лойиҳа - 3¸5 миллиондан ошиқ ҳисоблагични ишлаб чиқариш амалда мутлақ тажрибаси бўлмаган МЧЖларга берилди.

Энергетика вазирлигининг 2020 йил 19 февраль куни эълон қилган хабарида¸ АСКУГ лойиҳаси бўйича синовларда Osten бренди ҳисоблагичларининг қатнашгани ҳақида маълумот йўқ.
Энергетика вазирлигининг 2020 йил 19 февраль куни эълон қилган хабарида¸ АСКУГ лойиҳаси бўйича синовларда Osten бренди ҳисоблагичларининг қатнашгани ҳақида маълумот йўқ.

Газ ҳисоблагич бу портлаш хавфи баланд ускуна - узоқ муддатли синовдан ўтмаган Osten ҳисоблагичларнинг ҳали кафолат муддати тугамай туриб бузилмаслиги¸ ëки портлаб кетмаслигига ​ҳеч қандай кафолат йўқ. Бу эса¸ миллионлаб ўзбекистонликлар ҳаëтига бевосита таҳдид деганидир.

2. Tендерга оид талабларда “бир қатнашчининг бу тендерда ë алоҳида қатнашчи сифатида¸ ëки қўшма корхонанинг шериги сифатида фақат битта таклиф билан қатнашиши белгилаб қўйилган.

Қатнашчилардан бирортаси алоҳида ëки қўшма корхона шериги сифатида таклиф киритган бўлса¸ лойиҳада субтаъминотчи бўла олмайди”¸ деб ëзилган тендер шартларига оид ҳужжатда.

Танлов комиссияси ғолиб деб эълон қилган иккала МЧЖ ҳам бевосита Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор. “TEXNOPARK” МЧЖ таъсисчиси Тошкент шаҳар ҳокимлиги¸ буни бемалол Тошкент шаҳар ҳокими деб ўқишингиз мумкин. Бу МЧЖ ишлаб чиқарадиган Osten бренди эгаси¸ ҳужжатлар тасдиқлаб турганидек¸ яна Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Танловнинг резервдаги ғолиби “PREFECT PLAST PROFIL” МЧЖнинг хусусий мулкдори ҳужжатларга қаралса¸ Ортиқхўжаев эгаси бўлган ҳолдинг бўлиб чиқаяпти. Иккала ғолиб ҳам Ортиқхўжаевнинг хусусий ширкатлари¸ иккаласи ҳам бир хил - Osten брендидаги ҳисоблагич чиқаради. Бу эса¸ қонун ва тендер ҳужжатларидаги бир қатнашчининг қайси шаклда бўлишидан қатъи назар бир мартадан ортиқ таклиф бера олмаслиги ҳақидаги талабни бузиш демакдир.

3. Тендер муддати¸ кўриниб турганидек¸ ғолиблиги бошланмай туриб аниқ бўлган икки МЧЖнинг айрим зарурий ҳужжатларини тартибга солиши учун узайтирилган¸ тендер шартлари ҳам улар манфаатини кўзлаб тузилган. Узайтирилган муддат Ўзбекистонда коронавирус пандемияси боис карантин чоралари жорий этилган давр (16 мартдан чекловлар киритилди-таҳр.)га тўғри келгани боис¸ тендерда қатнашишга қизиққан ширкатлар бундан бехабар қолди. Одамларга уйдан чиқиш¸ ҳукумат идораларига ҳам масофавий ишга ўтиш буюрилган 3 апрель куни танлов комиссияси ими-жимида қарор чиқариб¸ ғолибларни аниқлади. Бу ҳақда икки ойча вақт ўтиб ҳам жамоатчиликка бирор маълумот берилмади. Бу ҳам карантин қоидалари¸ ҳам тендерларнинг шаффоф ўтказилиши белгиланган “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга зиддир.

4. Тендерга нима учун хорижий ширкатлар¸ дейлик¸ президент қарорида номи келтирилган немис ширкати яқинлаштирилмади? Бу каби катта пуллик лойиҳадаги коррупция¸ сўраладиган откат ва доляларга¸ Гулнора Каримованинг телеком ширкатларидан олган пора можаросидан кейин Ғарб ширкатларининг рози бўлмаслиги аниқ. Ишлаб чиқариш ускуналари бозори кичик ва халқаро рейтингда паст бўлган Италия ширкатидан 50 миллион долларга сотиб олинган. Бу ускуналарнинг асл нархини кимдир текшириб кўрганми? Бу саволга йирик иқтисодий жиноятларни ўрганадиган Бош прокуратура ва ДХХ мутахассислари жавоб топиши керак.

5. Ҳукумат қарорига кўра¸ “Ҳудудгазтаъминот” хориж банклари ва ҳукуматларидан давлат гаранти асосида юзлаб миллион доллар қарз олиб¸ уни ижрочи – “TEXNOPARK” МЧЖга олдиндан пул ўтказиш йўли билан тўлайди. Яъни Жаҳонгир Ортиқхўжаев деярли маблағ сарфламай¸ ишлаб чиқаришни амалга оширади. Бу харажат¸ охир-оқибат оддий аҳоли зиммасига тушади. Ярим миллиарддан ошиқ бу маблағ истеъмол қилинадиган ҳар кубометр газ устига қўшиладиган надбавка орқали ундириб олинади. Халқ бу қарзни узмай туриб¸ бу газ ҳисоблагичларни яна алмаштириш зарурати туғилмаслигига эса мутлақ кафолат йўқ. Эртага¸ узоқ муддати синовдан ўтмаган ва асосан Хитойдан олиб келинган бутловчи қисмлардан тайëрланаëтган бу ҳисоблагичлар билан боғлиқ фалокатлар рўй берса¸ ким жавоб беради¸товонини ким тўлайди? Сардоба фожиасидан кейин халқ пулига қилинадиган бундай лойиҳага оид барча тафсилот жамоатчиликка тақдим этилиши ва жараëн¸ "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонун талаб қилган каби¸ шаффоф бўлиши керак.

6. Сўнгги¸ аммо энг асосийси¸ аҳолининг учдан бири қашшоқ бир мамлакат учун газ ҳисоблагичларни автоматлаштириш¸ бунинг учун хориждан ярим миллиард доллардан кўпроқ қарз кўтариш шунчалик муҳимми¸ деган саволдир.

Бу қадар қиммат лойиҳаларда техник-иқтисодий асос бўлиши керак. Шу лойиҳа амалга оширилса¸ давлатга нима фойда беради¸ қанча ресурс тежалади¸ деган саволларга ҳалол ва аниқ жавоб бўлиши шарт. Шунча маблағ сарфлашнинг ҳам техникавий¸ ҳам молиявий асоси бўлиши керак. Ўтган йил бу лойиҳа нархини 400 миллион доллар дейишди¸ кейин тўсатдан¸ 644 миллионга чиқиб¸ Иқтисодиëт вазирлиги эътирозидан сўнг¸ негадир 555 миллионда тўхтатди. Бу сумма қаердан олинганини кўрсатувчи жиддий ҳисоб-китоб йўқ ҳалигача. Техник-молиявий асос йўқ жойда тендер ўтказишнинг ўзи нотўғри. Лойиҳа учун маблағ сўралганда банклар ҳам техник-молоявий асосни кўрсатиб беришни сўрайди. Бусиз¸ бир тийин ҳам ажратилмаслиги керак. Ҳозиргача бундай асос ҳеч кимга кўрсатилган эмас. Лекин булар¸ албатта¸ ёлғон ишлатиб ёзиб чиқиши аниқ. "Шу ҳисоблагичларни нима қилиб бўлса ҳам қўйишимиз керак¸ шунда фалонча пул маблағлари тежалади"¸ деб ëлғон таблица ва диаграммалар тайëрлашади одатдагидай.

Пандемиядан кейин зўрға кун кўраëтган халқ эса¸ сиëсий ҳокимиятга чатишган монополист гуруҳларнинг янада бойиши учун уйига келадиган газ кўпайишига ҳисса қўшмайдиган арзон ва сифатсиз ҳисоблагичлар товонини йиллар давомида тўлашга мажбур бўлади.

XS
SM
MD
LG