Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:48

Тадбиркор: Бир йилда иккинчи бор газ ҳисоблагични алмаштириш талаб қилинаяпти (ФОТО)


Хонадонларда ўрнатиладиган газ ҳисоблагич (иллюстратив сурат)
Хонадонларда ўрнатиладиган газ ҳисоблагич (иллюстратив сурат)

Қорақалпоғистон республикасидан Озодликка боғланган маҳаллий тадбиркорнинг арз қилишича, юридик шахслардан газ ҳисоблагични алмаштириш талаб қилинмоқда, акс ҳолда, 1 ноябрдан бошлаб, газдан узилиши ҳақида огоҳлантирилмоқда.

OzodMikrofon рукнига боғланган тадбиркорнинг даъвосича, ўтган йили ўзига қарашли ишлаб чиқариш корхоналарига Ўзбекистонда жойлашган Rubin-Malaxit ширкати ишлаб чиқарган катта ҳажмдаги 4 дона газ ҳисоблагич - G 2.5 TK, G 4, G 4 TK русумли ҳисоблагичларни ўрнатган.

Бу йил эса уларнинг бошқа русумдаги ҳисоблагичларни ўрнатиш талаб қилинмоқда.

"Ўтган йили 6 миллион сўмдан ортиқ ҳаражат қилиб, янги ҳисоблагичларни ўрнатганман. "Ўзстандарт" агентлиги ишлатиш мумкин, деб сертификат берган. Бу йил эса октябрь ойининг охиригача "Принц-М" деган ҳисоблагич қўйиш талаб қилишаяпти. Бўлмаса, 1 ноябрдан газни узишар экан. Мен ҳозир биттасини 2 миллион сўм ҳаражат қилиб қўйдим, яна 3 та қўйишим керак. Нега ўзгартираяпсизлар, деган саволга ҳеч ким жавоб бермаяпти", деб арз қилди исмини сир сақлашни сўраган тадбиркор.

Тадбиркор "Қорақалпоғистонгаз" акциядорлик жамияти раҳбари имзоси битилган ҳужжат нусхасини Озодликка йўллади.

Ушбу ҳужжатда "Ўзстандарт" агентлиги 2016 йилнинг сентябрида тасдиқлаган Rubin-Malaxit ширкати ҳисоблагичлари, Unicon.uz унитар корхонасининг 2018 йилнинг 28 мартидаги баённомаси билан, талабга жавоб бермайди, деб топилгани айтилган.

Unicon.uz - Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази Давлат унитар корхонасидир.

Бир-бир ярим йил аввал талабга жавоб берган ҳисоблагичлар, нега ҳозир талабга жавоб бермай қолгани ҳақидаги саволларга бу корхонадан жавоб олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Айни пайтда, Озодликка боғланган қорақалпоғистонлик тадбиркор республикада ўзи таниган-билган юридик шахсларнинг барчасидан ҳозирда айнан бир марка - "Принц-М" газ ҳисоблагичини ўрнатиш талаб қилинаётганини ҳам иддао қилди.

Тадбиркор Озодликка йўллаган ҳужжатда акс этишича, "Принц-М" русумидаги газ ҳисоблагичлар Россиядаги "РаДан" ширкати томонидан ишлаб чиқарилган.

"Қорақалпоғистонгаз" акциядорлик жамияти бу борада расман изоҳ бермади.

Аммо, "Ўзтрансгаз", шунингдек, "Ўзстандарт" идораси ходимлари юридик шахслардан фақат бир русмдаги газ ҳисоблагичларни ўрнатиш талаб қилинганига оид иддаони инкор қилди.

Расмий маълумотга кўра, юридик шахсларга тегишли газ ҳисоблагичларга бериладиган сертификатнинг муддати 2 йилдир. Аммо, ускуналар 1 йилда бир марта текширувдан ўтказилади ва комиссия талабга жавоб бермайди, деб топган тақдирда тадбиркордан янгисини ўрнатиш талаб қилинади.

"Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти расмийлари қорақалпоғистонлик тадбиркорга мазкур шикояти билан тегишли тартибда мурожаат қилишни тавсия қилди.

* * * * *
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG