Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:55

OzodDayjest: Абитуриентлар имтиёздан фойдаланиш учун пропискасини атайин Сўхга кўчирмоқда


Биринчи хонимнинг жияни Диёра Усмонова шахсий принципи ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистонда чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш соҳаси оқсамоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Абитуриентлар имтиёздан фойдаланиш учун пропискасини атайин Сўхга кўчирмоқда

Фарғона вилоятининг Сўх туманида яшовчи абитуриентларга бакалавриат учун алоҳида грант ажратилган. Бу ерда доимий яшамайдиган айрим абитуриентлар эса пропискасини шу туманга ўтказиб, мазкур имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган (www.kun.uz, 25 август).

Бу ҳақда Сўх туман ҳокими Саидбаҳром Саидмусаев Давлат тест маркази директори номига ёзган хатида маълум қилган.

Мактубда сўхликларга ажратилган грантлардан фойдаланиб қолиш мақсадида абитуриентлар пропискасини атайин Сўхга кўчираётгани ҳақида сўз боради. Туман раҳбари ДТМдан имтиёзларни бошқа туманлардан келганларга эмас, айнан Сўх ёшларига беришни сўраган.

Туман ҳокими абитуриент имтиёздан фойдаланиш учун охирги 5 йилда Сўхда яшаган бўлиши керак деган талабни киритишни таклиф қилмоқда.

2021/22 ўқув йили учун тасдиқланган қабул параметрларига кўра, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларга грантлар ажратилган. Шу жумладан, Сўх тумани ёшларига соғлиқни сақлаш ва халқ таълими соҳалари бўйича грантлар ажратилган.

Экологик партия депутати: Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар ҳамон ҳал этилгани йўқ


Ўзбекистонда чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш соҳаси оқсамоқда (“Оила ва табиат” газетаси, 26 август).

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминовнинг мақоласида сўз боради.

“Аслида ривожланган Европа давлатларида бу муаммони ҳал этишнинг синовдан ўтган усуллари аллақачон қўлланмоқда. Бунинг учун зурур ҳуқуқий асослар ҳам яратилган халқаро тажрибада. Мамлакатимизда бу масалада ҳалигача бирдамлик билан ҳаракат қилишнинг яхлит тизими шаклланмади. Давлат идоралари алоҳида, қўмитаю ҳокимликлар алоҳида, жамоат ташкилотлари алоҳида бўлиб ўзича курашмоқда чиқинди муаммоси билан. Оқибатда бу масалага аниқ бир ечимнинг ўзи топилмаяпти”, - дейди Экологик партияси аъзоси бўлган депутат.

“Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунни бугунги талаблар нуқтаи назаридан қайта ишлаб чиқиб, қабул қилиш ҳам кечикмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир киши йилига ўртача 200 кг маиший чиқинди ҳосил қилади. Бу кўрсаткич вилоят марказлари ҳамда шаҳарларда яшовчи аҳоли жон бошига кунига ўртача 0,87 кг, бир йилда эса 300 кг ни ташкил этади.

Мамлакатда йилига ўртача 123,1 млн тонна чиқинди ҳосил бўлиб, унинг 114,7 млн тоннаси саноат чиқиндилари, 8,4 млн тоннаси маиший чиқиндилардир.

Маиший чиқиндилар бутун дунёда энг арзон хомашё эканига урғу берган депутат уларни қайта ишлашни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлаган.

Ўзбекистоннинг 2019-2028 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясига кўра, мазкур муддат ичида соҳага 2,1 миллиард доллардан кўпроқ сармоя жалб этилиши лозим.

“Гардеробимда кийимларим кўп эмас” – Биринчи хонимнинг жияни, миллионернинг хотини Диёра Усмонова шахсий принципи ҳақида

Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёеванинг жияни Диёра (Диoра) Усмонова “Glamour” бутигининг “Мода визионерлари” лойиҳаси меҳмони бўлди ва болалиги ҳақида сўзлаб берди (www.daryo.uz, 19 август).

“Мен Тошкентда туғилганман, аммо болалигим Қўқонда ўтган. Ҳаётимнинг дастлабки олти йилини Қўқонда ўтказганман. Ҳамма қатори болаликни бошдан кечирганман. Иссиқда маҳалла кўчаларида ялангоёқ юрардик, дарахтларга чиқардик. Жудаям бахтиёр дамлар эди. Афсус, менинг фарзандларимнинг болалиги бундай бўлмайди”, - дейди у.

“Bibiona” бренди асосчиси бўлган Д. Усмонова мода ва кийиниш ҳақидаги ҳам гапирди.

“Мен ҳеч қачон қандай кийинишим ҳақида узоқ ўйламайман. Шунчаки автоматик тарзда кийинаман, кўзларим юмуқ ҳолда ҳам бўянишим ва кўчага чиқишим мумкин. Ҳаммасини аввалдан ўйлаб қўйишни хоҳламайман. Гардеробимда кийимларим ҳам кўп эмас. Чунки менинг бир одатим бор: янги кийим олсам, кийим жавонимдаги бирор кийимимни кимгадир бераман. Табиатан баланс бўлиши керак. Сен нимадир оляпсанми, беришни ҳам билишинг керак”, - дейди у.

Диёра Усмонова 2009 йили асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмоновга турмуш чиққан. 2013 йили бева қолган аёл орадан уч йил ўтиб тошкентлик таниқли тадбиркор Ботир Раҳимов билан оила қурган. “Ботир алюминий” номи билан танилган бу шахс банк, суғурта ва металлургия ширкатларига эгалик қилиши айтилади.

XS
SM
MD
LG