Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:11

OzodDayjest: Маҳалла раисини калтаклаган ҳоким ўринбосарини жазолаш талаб қилинди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилоятида маҳалла раисини калтаклаган ҳоким ўринбосарига ҳеч қанақа чора кўрилмагани эътирозларга сабаб бўлди. Ўзбекистондан бутунлай кўчиб кетганлар сони кескин кўпайди. Корея ва Туркиядаги ўзбек консуллари огоҳлантириш билан чиқди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Маҳалла раисини калтаклаган ҳоким ўринбосарига ҳеч қандай чора кўрилмади

Тошкент вилоятидаги Уста Нормат МФЙ раиси Алишер Икромовни Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов калтаклагани ҳақидаги хабар баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. “Рост24” нашри муштумзўр амалдорга қандай чора кўрилгани, воқеалар қандай якун топгани билан қизиқди.

Маълум бўлишича, жорий йил 11 июнь куни Б. Раҳмонов бош прокуратура ходимлари гувоҳлигида А. Икромовдан узр сўраган ва томонлар оғзаки яраштирилган. Аммо иш юзасидан ҳоким ўринбосарига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмагани, иш тинчлик йўли билан ҳал бўлганига қарамай, шу куннинг ўзида, яъни 11 июнь куни кеч соат 22:10 да Б.Раҳмоновнинг акаси С. Раҳмонов А. Икромовни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаган ва Икромовнинг ўзи айбдорлигини иддао қилган.

Ҳақоратланган ва калтак еган раис ҳоким ўринбосарининг акаси С. Раҳмонов устидан Оққўрғон тумани прокурори номига 12 июнда ариза ёзган. Аризада оғзаки ярашув келишувини бекор қилиш ҳам сўралган. Орадан бир ой вақт ўтган бўлса-да, ариза бўйича ҳеч қандай жавоб хати берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 9 май куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги Уста Нормат МФЙ раиси Алишер Икромов Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов томонидан чақиртирилган ва ўз хизмат вазифасига умуман алоқадор бўлмаган масаланинг бажарилмагани юзасидан ҳақоратланган ва калтакланган.

“Оддий фуқароми, амалдорми қонун олдида бирдек жавоб бериши керак. Оддий фуқаро ҳақорат учун қамалиб кетаётган замонда фуқаросини калтаклаган ҳоким ўринбосари ҳам жазоланса адолатдан бўлар эди”, деб ёзган “Рост24” нашри.

Консул огоҳлантирди: Кореядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари орасида ковидга чалиниш кўпаймоқда

Кейинги пайтларда Корея Республикасида COVID-19 инфекцияси тарқалиши рекорд даражага чиқиб бормоқда. Хавотирли жиҳати, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ҳам касалликка чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда (www.uza.uz, 27 июль). Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси консули Ҳайдар Файзиев бу борада огоҳлантириш билан чиқди.

Корея бандлик ва меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, биргина июль ойида мамлакат ҳудудида бўлган 43 нафар Ўзбекистон фуқаролари (асосан мигрант ишчилар) ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилмаганликлари сабабли COVID-19 инфекциясига чалинган.

“Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган барча фуқароларимиздан, айниқса, шартнома асосида ишлаётган мигрант ишчиларимиздан мамлакатда пандемик ҳолатни олдини олиш бўйича ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишларини, дам олиш ва таътил кунлари ўзини ва атрофидагилар хавфсизлигини ўйлаб уйда қолишларини, кўпчилик бўлиб йиғилмаслик ҳамда ўта зарур бўлмаган ҳолатларда бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга бормасликларини тавсия этади”, деган консул Ҳ. Файзиев.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ҳам Туркияга келаётган ватандошларга мурожаат йўллаган эди. Қайд этилишича, Туркияга сайёҳ бўлиб келиб маълум бир муддатдан сўнг Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганлар орасида ковидга чалиниш кескин ошмоқда. Шу муносабат билан консулхона Туркияга келишни режалаштирган ўзбекистонликларга тиббий суғурта расмийлаштиришни тавсия қилган.

Доимий яшаш учун Ўзбекистондан хорижга кўчиб кетганлар сони кескин ошди

2021 йилнинг биринчи ярмида доимий яшаш учун Ўзбекистондан хорижга кўчиб кетганлар сони 10 минг нафардан ошди (www.gazeta.uz, 27 июль). Бу 2020 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 4,5 баробарга, 2019 йилнинг дастлабки олти ойига нисбатан 2,2 баробарга кўп демакдир.

Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон (жами хорижга кўчиб кетганларга нисбатан 65,6%), Россия (25,3%), Тожикистон (2,2%), Қирғизистон (1,6%), Украина (1,0%) ва бошқа мамлакатлар (4,3%) ҳиссасига тўғри келди.

Миграция сальдоси (кетувчилар ва келувчилар умумий сони ўртасидаги фарқ) -9,6 минг кишини ташкил этди. Солиштириш учун: 2018 йилнинг биринчи ярмида миграция сальдоси -6,2 минг, 2019 йилда -3,5 минг, 2020 йилда -1,9 мингта бўлган.

XS
SM
MD
LG