Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:49

OzodDayjest: Ўзбекистон ёшлари орасида онлайн қиморга муккасидан кетганлар кўпаймоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

“Гиннесс рекордлар китоби”га кириши мумкин бўлган жиноят ҳақида маълумот берилди. Бугунги кунда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги махсус шифохоналарга мурожаат қилаётганларнинг аксари енгил даражадаги беморлардир. Ёшлар орасида онлайн қиморга муккасидан кетганлар кўпаяётгани сабаби очиқланди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

ДХХ истеъфодаги полковниги “Гиннесс рекордлар китоби”га кириши мумкин бўлган жиноят ҳақида гапириб берди

Давлат хавфсизлик хизматининг Фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, истеъфодаги полковник Эркин Абдуллаев 1992 йилда шов-шув уйғотган жиноят иши тафсилоти билан ўртоқлашди (www.daryo.uz, 20 январь).

Маълум қилинишича, 1992 йил 8 октябрь куни Термизга Афғонистондан 30 тоннага яқин транзит юк кириб келган.

Қуритилган майиз жойлаштирилган қутилар божхона текширувидан ўтказилганда, ғишт шаклида тахланган, жами 13 тонна 50 килограмм гашиш моддаси топилган. Маҳсулот собиқ Иттифоқ давлатлари, Бельгия, АҚШдан ўтиб, Канадага етиб бориши керак бўлган. Экспедиция ҳужжатида ёзилишича, юк М.Юнус томонидан М.Юсуфга етказиб берилиши кўзда тутилган.

Термиз божхонаси Жиноят кодексининг 69-моддаси (контрабанда) асосида жиноят иш очган ва тергов учун ДХХга юборган. Ишни Эркин Абдуллаев қабул қилиб олган.

Ўзбекистон хавфсизлик идораси АҚШ адлия вазирлиги ҳузуридаги наркобизнесга қарши курашиш халқаро ташкилоти билан алоқа ўрнатган. Америка томони “ноёб маҳсулот”га қизиқиш билдирган ва ушбу жиноий ишга алоқадор шахсларни топиш ҳамда уларни жавобгарликка тортишга ваъда берган.

Абдуллаевнинг сўзларига кўра, 1994 йилда халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалар вакиллари иштирокида 13 тонна 50 килограмм гашиш ёқиб юборилган. 1998 йилда АҚШ М.Юсуф ва М.Юнусни қўлга олган. Сан-Франциско шаҳрида бўладиган суд жараёнида Эркин Абдуллаев ҳам иштирок этиши режалаштирилган, аммо айрим сабабларга кўра, у Америкага боролмаган.

Истеъфодаги полковникка кўра, ҳуқуқ идоралари ҳали бундай йирик миқдорда тақиқланган модда қўлга киритмаган.

“Дарвоқе, америкаликлар 1992 йилги Термиз воқеасини “Гиннесс рекордлар китоби”га киритиш тўғрисида тақдимнома киритишга ваъда берган эди. Афсуски, бу қуруқ гап бўлиб қолиб кетган”, дейди Эркин Абдуллаев.

“Беморларда ўпка зарарланиши деярли кузатилмаяпти” – тиббиёт мулозими аҳолини саросимага берилмасликка чақирди

Бугунги кунда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги махсус шифохоналарга мурожаат қилаётганларнинг аксари енгил даражадаги беморлардир. Бу ҳақда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов маълум қилди (www.gazeta.uz, 19 январь).

Шифокорга кўра, коронавируснинг “дельта” ва “британча” мутациялари беморларда анча оғир кечган бўлса, унинг янги тури аксинча бироз енгил ўтяпти.

“Ҳозирги пайтда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига кунига ўртача 300-400 нафар бемор мурожаат қилмоқда, шундан 200-300 нафари госпитализация қилиняпти. 5 январдан бошлаб шифохонага келаётган 90-95 фоиз беморда сатурациянинг пасайиши ва ўпканинг зарарланиши кузатилмаяпти. Даволаниш муддати қисқариб, ўртача 5 кунни ташкил қилмоқда. Энг муҳими, оғир аҳволдаги беморларни даволашда ишлатиладиган вирусга қарши “Ремдесивир” ва бошқа дори воситаларига бўлган эхтиёж камайди”, дейди А.Ҳусанов.

190 ўринга мўлжалланган жонлантириш бўлимида даволанаётган беморлар сони ҳам сезиларли даражада қисқарди. Ваҳоланки, “дельта” штамми авж олган ўтган йил ёз ойларида реанимацион бўлимларда беморлар сони анча кўп эди. Тиббиёт мулозими ўзбекистонликларни ортиқча саросимага берилмасликка чақирган, айни чоқда, касалликка қарши эмланиш ва бустер дозани олишга даъват этган.

Ёшлар орасида онлайн қиморга муккасидан кетганлар кўпаяётгани сабаби очиқланди

Ўзбекистон ёшлари орасида онлайн қиморга муккасидан кетганлар тобора кўпайиб бораётгани хавотирли ҳол дея баҳоланмоқда (“Ишонч” газетаси, 20 январь). Чунки қимор ортидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Масалан, Фарғона давлат университети ўқитувчиси, 30 ёшли Р.Б. онлайн қиморда ютқазгач, ўз жонига қасд қилган.

“Ишламасдан, ҳаракат қилмасдан катта маблағ ё машинага эришиш минглаб йигит-қизларнинг ички мақсадига айланиб қоляпти. Лекин бу аслида мақсад эмас, васваса, яна денг, иродани ва фикрни емириб ташлайдиган “ширин” васвасадир. Ҳатто халқимиз эртакларида ҳам хазинага меҳнат, илм, эзгу мақсадлар билан эришиш уқтирилган. Осмондан тушадиган бойлик орзуси одамга худди наркотик модда каби таъсир этади”, деб ёзади шоир Эшқобил Шукур.

Қайд этилишича, бу иллатнинг илдиз отишига асосан фикрсизлик кучайгани сабаб бўлмоқда.

Яқинда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси мактаблардаги ҳолатни ташвишли деб баҳолаган, текширувларда ўқувчиларнинг уяли телефонида порнографик материаллар борлиги аниқлангани, айримларининг чўнтаги ёки сумкасидан ўткир тиғли буюмлар чиққанини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG