Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:22

OzodDayjest: Экспортчиларни қўллаб-қувватламаган раҳбарлар жавобгарликка тортилди


Сиёсатшунос ўқитувчиларга беписанд муносабатни қоралади. Ҳилол Насимов актёрларнинг гонорари камлигидан нолиди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Экспортчиларни қўллаб-қувватлашга панжа орасидан қараган раҳбарлар жавобгарликка тортилди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда ҳудудлар раҳбарларининг тадбиркор ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини танқид қилди (www.gazeta.uz, 29 март).

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятлари туман ва шаҳарлари ҳокимларининг 31 нафар ўринбосари, шунингдек, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси каби тармоқ бирлашмалари раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилди.

Таъкидланишича, раҳбарларга экспортчилар билан вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалар даражасида манзилли ҳамкорликни фаоллаштириш вазифаси қўйилди. Экспортга йўналтирилган корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, уларни ишлаб чиқариш ва экспорт борасида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига тегишли идоралар раҳбарлари шахсан жавобгар экани қайд этилди.

Айни пайтда мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, янги истиқболли бозорларни кашф этиш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Маълум қилинишича, экспорт борасида вазирликлар ва маҳаллий ҳокимликларга берилган вазифалар ижроси бош прокуратура томонидан назорат қилинади.

Сиёсатшунос: Ҳеч бир давлатда бундай ҳолат бўлмаган...

Сиёсий фанлар номзоди Феруза Ўсарова жамиятда ўқитувчиларга нисбатан кузатилаётган беписанд муносабатни қоралади (“Жамият” газетаси, 31 март).

Мақола муаллифи Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактабда ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан ўқитувчилар ота-оналардан узр сўрашга мажбурланганини ёдга олган.

“Энг даҳшатлиси, устозларнинг елкалари букилди, юзлари ерга қаратилди, уларни руҳан синдиришди. Ёш устозлар очиқ-ошкора “ўқитувчилик касбини танлаганимдан минг афсусдаман”, дея хулоса қилмоқда. Ҳеч бир замонларда, ҳеч бир жамият ва давлатларда бундай ҳолат бўлмаган. Аксинча, масалан, Ҳиндистонда устозларнинг ҳурмати шу даражада юқорики, ҳатто уларнинг соясига ҳам оёқ босишмайди”, деб ёзади сиёсатшунос.

Қайд этилишича, бундай нохуш ҳолатлар нафақат ўқитувчиларнинг обрўси тўкилиши, балки ўқувчилар тарбиясига ҳам салбий таъсир қилмоқда.

Мақола муаллифи ўқитувчиларнинг ойлик маошини минг долларга ошириш режаси қоғозда қолиб кетмаслиги кераклигини таъкидлайди.
“Шундагина устозлар ерга қараб узр сўрашни эмас, балки ўқувчиларга замонавий билимлар бериш ҳақида фикр юритади”, деб ёзади у.

Бундан ташқари, Ф.Ўсарова ўқитувчиларни тепадан назорат қилиш эмас, балки устозларнинг ўзини ўзи назорат қилишига имкон яратиб бериш кераклигини уқтиради.

“Ўқитувчиларни аниқ вақт ва муддатда малака оширишга юбориш ва уни қаттиқ назорат қилиш шарт эмас. Бугунги рақамлаштирилаётган замонда ўқитувчилар ўзига қулай бўлган вақтда малакасини ошириши, синаши учун онлайн (бепул) тарзда платформа яратилиши керак”, деб таклиф қилади муаллиф.

Ҳилол Насимов: Ўз армиянгни боқмасанг, бошқаларни боқишга мажбур бўласан

Режиссёр ва актёр Ҳилол Насимов ўзбек актёрларига тўланадиган гонорар миқдори камлиги, бу ҳақда гапиришга ҳам уялишини айтди (www.daryo.uz, 26 март).

“Хайриятки, гонорарни ихтиёрий тартибда белгилаш бўйича ҳужжат чиқди, аммо ҳали амалга татбиқ этилгани йўқ. Ҳозир ҳам амалдаги ҳужжатлар бўйича бош роль ижрочисининг кунлик иштирокига 200 минг сўм тўланади. Бу пулни олган актёр қандай қилиб ролга жонини бериб ўйнаши мумкин?” дейди у.

Гонорар тизимини ислоҳ қилиш лозимлигини таъкидлаган Насимов ўзи дуч келган вазиятни мисол қилиб келтирган.

“Ўтган йили текширув келиб, киносметада сарфланган пулларни текширди. “Ака, манави актёрга 135 минг сўм беришингиз керак, нега кўп бердингиз?” дея эътироз билдирди. Бу пулни Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиевга қайси юз билан тўлайман, дедим. У актёр-ку, пулга талашиб тортишмайди, аммо бошқаларга шу пулни берсангиз, ранжиши аниқ”, дейди режиссёр.

Суҳбатдош, шунингдек, “Жалолиддин Мангуберди” сериалига муносабат билдирган.

“Турк киноижодкорлари билан ҳамкорликда олинган “Жалолиддин Мангуберди” сериалига қанча пул сарфланганини эшитдим. Тўғри, бошқа юртда фильм суратга олишнинг катта сарф-харажатлари бор. Саркардаларнинг бир гапи бор: “Ўз армиянгни боқмасанг, бошқаларни боқишга мажбур бўласан”. Бу фильмда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлди... Бизда ҳам истеъдодли актёрлар кўп, майли, уларга турк актёрларига тўланганидек гонорар берилмаса ҳам, ҳозирги олаётган пулидан 5-10 баробар кўпроқ тўланса, жонини бериб ишлашга тайёр”, дейди Ҳ.Насимов.

XS
SM
MD
LG