Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:34

OzodDayjest: “2,7 триллионлик ўғрилик” – Давлат бюджети назорат тизими самарасиз деб баҳоланди


Давлат хизматчиларига мол-мулк бўйича бир марталик амнистия берилади. Қуйи палата спикери ўринбосари давлат бюджетининг молиявий назорат тизимини танқид қилди. “Мурдани сўроқ қилган” судя ҳали ишдан бўшатилганича йўқ. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Акмал Бурҳонов: Давлат хизматчиларига мол-мулк бўйича бир марталик амнистия берилиши мумкин

Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ва харажатларини декларациялаш тартиби 2022 йилдан жорий қилиниши мумкин. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов маълум қилди (www.kun.uz, 29 май).

Қайд этилишича, декларациялаш тартиби жорий этилгунга қадар муддат учун амалдорларнинг мол-мулкига амнистия берилиши кўзда тутилмоқда.

“Давлат хизматчиси шу пайтгача олган, йиққан мол-мулкини декларацияга киритса, манбасини қандай исботлаб беради? Ўн-ўн беш йил аввал олинган мол-мулк. Уни қандай исботлайди? Олдимизда бу савол ҳам турибди. Бизда ҳозир шундай таклиф ҳам борки, хизматчиларнинг қайсидир вақтга қадар олган даромадлари мол-мулкига бир марталик амнистия эълон қилиш. Яъни биз айтаётган қонун 2022 йил 1 январдан кучга кирса, давлат хизматчиси 1 январгача бўлган мол-мулкининг манбасини декларацияда кўрсатиши, исботлаши шарт эмас. 2022 йил 1 январдан бошлаб эса у қилган ҳар бир харажати, мол-мулкини қайси пулга олгани, қаерга сарфлагани ва у пул қаердан келганини исботлай олмаса, жавобгарликка тортилади”, деган А.Бурҳонов.

Давлат хизматчисининг қайнота-қайнонасидан тортиб бошқа қариндошларининг ҳам мол-мулки декларацияга киритиш таклифи билдирилган эди.

А. Бурҳоновга кўра, мулк дахлсизлиги тамойилини инобатга олган ҳолда декларация доирасига давлат хизматчисининг ўзи, турмуш ўртоғи ва ота-онасининг мол-мулкини киритиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов амалдорларнинг харажатлари, уйи, машинаси, кийим-кечагу соатигача назорат қилиниши лозимлиги ҳақида гапирган эди.

Спикер ўринбосари: Давлат бюджетининг назорат тизими самарасиз

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов давлат бюджетининг молиявий назорат тизимини танқид қилди (“Маҳалла” газетаси, 29 май). Бу ҳақда у бюджет якунлари тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботи муҳокамасида гапирган.

“Бюджет ижроси билан боғлиқ назорат тадбирлари давомида камомад ва молиявий хатоликлар йилдан-йилга кўпайиши кузатилмоқда. Бу давлат бюджети ижроси бўйича амалдаги молиявий назорат тизими самарасиз ишлаётганини кўрсатмоқда. Давлат молиявий назорати тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмаган, ижро муддати кечиктирилган. Таъсирчан қонун бўлмаса, молиявий назорат тизими замон талаблари даражасида ишлаши қийин”, деган У. Иноятов.

Спикер ўринбосарига кўра, бюджет ижросидаги камчиликларни бартараф этиш учун бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтириш, вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклаш, ҳукумат эса юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлил қилиши ва таъсирчан чоралар кўриши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева юқори палатанинг жорий йил 23 апрелдаги ялпи мажлисида охирги уч йилда бюджет маблағлари ҳисобидан ноқонуний харажатлар ошиб бораётганига эътибор қаратган эди. Т. Норбоевага кўра, 2019 йилда 1,1 триллион, 2020 йилда эса 2,7 триллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган.

Хоразм: “мурдани сўроқ қилган” судья ҳамон қозилик қилмоқда

Бир неча йил аввал мурдадан “кўрсатма олгани” билан тилга тушган судья Ж. Султонова ҳамон Хоразм вилояти маъмурий судининг судьяси лавозимида фаолият юритиб келмоқда (“Рост24”, 1 июнь).

31 май куни Тошкентда Судьялар олий кенгаши масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида “Рост24” мухбири айни вазият юзасидан изоҳ сўраган. Анжуманда иштирок этган кенгаш вакилларининг матбуотда эълон қилинган шов-шувли мақоладан кейин ҳам ҳолатдан хабари йўқлиги маълум бўлди. Кенгаш матбуот котиби “мурдани тирилтирган судья” бўйича алоҳида ўрганиш олиб борилиши ва натижаси бўйича ахборот берилишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz нашри 2018 йилда марҳум Маҳбуба Қурязова тирилиб, судда кўрсатма бергани ҳақидаги “мўъжизавий ҳолат”ни фош этган эди. Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судида даъвогар М. Қурязованинг эри Фурқат Болтаев билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилади. Бу пайтга келиб М. Қурязова аллақачон вафот этган эди. Аммо суд раиси Ж. Султонова ва котиб Х. Матяқубов имзолаган ҳужжатда марҳума М. Қурязова суд мажлисига келгани баён этилган.

“Қабрда ётган одамнинг судга қандай келгани ва унга қандай қилиб тушунтириш берилганини билмаймиз. Аммо бу ҳақдаги ҳужжат қўлимизда мавжуд”, деб ёзган эди нашр.

XS
SM
MD
LG