Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:45

OzodDayjest: "Коррупциянинг илдиз отиб кетгани боиси – унга қарши фақат оғизда курашилмоқда"


Аксар ўзбекистонликларга АҚШ дарвозаси ёпилаётгани сабаби очиқланди. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси реконструкция қилиниши кескин эътироз уйғотди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Депутат “Шаҳидлар хотираси” мажмуасида амфитеатр ва кафе қурилишига эътироз билдирди

Қурилиш вазирлигининг Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳаси ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларни келтириб чиқарди (“Маҳалла” газетаси, 8 май).

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муборак Аҳмедова бу масалада эътирозли мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

“Бўзсув соҳилида барпо этилган хотира мажмуаси ҳудудида шўроларнинг шафқатсиз зулм ва зўравонлик сиёсати қурбонига айланган юзлаб, минглаб ватандошларимиз, халқимизнинг не-не асл фарзандлари отилган, бекафан, бежаноза кўмиб юборилган. Бироқ шу ўринда хотирлаш мажмуасида велойўлаклар, велопрокат, амфитеатр, дўконлар, кафе, автотураргоҳ қурилиши қанчалик тўғри? Ахир, номи ва мақсадидан ҳам кўриниб турибди, бу ер – шаҳидлар хиёбони. Бундай масканда одамлар яйраб, ҳордиқ чиқариши, тамаддихоналарда ўз вақтини ўтказиши бу жойнинг ҳурмати ва мавқеини ерга уриб қўяди-ку?! Бу ерга келганлар аввало шаҳид боболаримизнинг руҳига Қуръон тиловат қилиб, хотирасини ёд оладилар”, деб ёзади М.Аҳмедова.

Қайд этилишича, “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида дўкон, кафе, кўнгилочар марказлар қурилишига қарши. Бу борадаги ҳар қандай қарор жамоатчилик розилиги билан амалга оширилиши керак.

Депутатга кўра, ушбу мажмуани зиёрат туризм масканига айлантириш ҳамда бу ерда ислом дини аҳкомларига мувофиқ зиёратчиларга замонавий шарт-шароитларни яратиш мақсадга мувофиқдир.

“Ўзбекчилик” сўзи коррупция билан синоним тушунчага айланиб кетган

Коррупция – Ўзбекистонда менталитет даражасига чиқиб улгурган иллат. “Ўзбекчилик” сўзи коррупция билан синоним тушунчага айланиб кетган (www.kun.uz, 7 май).

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг 23 апрель кунги йиғилишда айтишича, турли соҳаларда йўл қўйилаётган коррупция ҳолатлари камайиш ўрнига йилдан йилга кўпайиб боряпти.


Cиёсий таҳлилчи ва шоир Фахриддин Низомовга кўра, коррупциянинг бунчалик илдиз отиб кетгани унга қарши фақат оғизда курашилаётгани, амалда жуда оз иш қилинаётгани билан боғлиқ.

“Токи Сардоба сув омбори ўпирилишига ўхшаш фожиаларнинг ҳақиқий айбдорлари топилиб жазоланмас экан, у янада илдиз отаверади, саратон каби жамиятнинг соғлом ҳужайраларини ҳам шикастлаб, нобуд қилиб бораверади ва оқибатда даволаб бўлмайдиган метастаз ҳолатига ўтади”, дейди Ф.Низом.

Сиёсатшунос бу иллатни имкон қадар камайтириш учун ҳукумат нима қилиши керак деган саволга ҳам жавоб берган.

“Жавоби оддий: ўйин қоидаларини ҳамма учун тенг ва адолатли этиб, жазони каттаю кичикка муқаррар қилиб қўйиб, шунга амал қилинишини қаттиқ назорат қилиб турса бўлди”, деб ҳисоблайди у.

АҚШ элчихонаси нега кўп сонли ўзбекистонликларнинг виза аризасини рад этади?

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм аксар ўзбекистонликларнинг виза аризаларига рад жавоб берилиши сабабини очиқлади (www.xabar.uz, 11 май).

Элчига кўра, виза тизимида виза олган фуқароларнинг қанча фоизи муддат тугаганидан кейин ҳам АҚШда қолиб кетганига эътибор қаратилади. Мисол учун, Work and Study махсус дастури бўйича 3 ойлик виза билан Америкага кетган кишилар муддат ўтгандан сўнг ҳам у ерда қолиб кетади.

“Афсуски, АҚШга бораётган ўзбекистонликлар билан боғлиқ бундай кўрсаткич дунёдаги ўртача кўрсаткичдан юқорироқ. Очиғини айтганда, визага ариза берувчиларнинг виза олишда мушкулликларга йўлиқаётганининг асосий сабаби ана шунда. Бу, албатта, кейинги пайтларда визани рад этиш кўрсаткичи ҳам анчагина юқори бўлишига олиб келмоқда”, дейди дипломат.

АҚШ элчиси ўтган йили пандемия сабаб виза олиш имкони кўп бўлмагани, аммо 2020 йилдан олдин визани рад этиш кўраткичи юқори бўлгани ва одамлар виза муддати тугагач уйларига қайтмаслигидан хавотирда эканини билдирган.

Шунингдек, у ўзбекистонликлар орасида АҚШ виза бериш жараёнида даъвогарнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини текширади деган мишмишларга ҳам тўхталиб ўтган.

“АҚШ Давлат департаменти иммиграцион визага даъвогарларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари, хавфсизликни текшириш жараёнининг бир қисми сифатида, шунингдек, ноиммигрант тоифалар (талаба, турист, алмашув дастури) учун баъзи визага мурожаат этувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари тўғрисидаги маълумотларни тўплайди”, деди у.

XS
SM
MD
LG