Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:34

Андижондан 10 000 дан зиёд ҳашарчи поездда Тошкент вилоятига жўнатилди


Андижон вокзалида теримчилар Тошкент вилоятига поездда пахтага жўнатилмоқда.
Андижон вокзалида теримчилар Тошкент вилоятига поездда пахтага жўнатилмоқда.

Андижон вилоятидан ўқитувчи ва шифокорлар доҳил ўн мингдан зиёд одам махсус поездларда Тошкент вилоятининг Тўйтепа, Бўка, Чиноз туманларига пахта теримига сафарбар этилди. Теримчилар сўнгги беш кун давомида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг поездларида Тошкент вилоятига ташилган. Поездлар теримчи ташишга жалб этилгани сабаб Андижон-Тошкент йўналиши бўйича йўловчи поезди қатнови вақтинча тўхтатилган.

Андижондаги бюджет ташкилотлар ходимлари, жумладан ўқитуви ва шифокорлар, маҳалла аҳолисидан ташкил топган махсус отрядлар Тошкент вилоятига поездларда пахта теримига жўнатилди.

Пахтага сабарбар этилган андижонликлардан бири теримчиларни поездга чиқариш жараёни акс этган аудиони Озодликка жўнатди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:08 0:00
Бевосита линк

Андижон шаҳрида яшайдиган маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка ёзишича, одамларни поездда Тошкент вилоятига пахта теримига жўнатиш ҳозир ҳам давом этяпти:

- 5 кун аввал биринчи поездда камида 2 ярим минг одам кетди, Тўйтепага. Улар орасида ўқитувчи ва шифокорлар ҳам бор. Маҳаллалардан ҳам одамларни йиғиб, олиб кетяпти. Шундай поезд ҳар куни Андижондан Тошкент вилоятининг Бўка, Чиноз, Тўйтепа туманларига теримчи ташияпти. Уларда пахта кўп экан, теримчи оз экан. Ҳокимликдагиларнинг айтишича, Тошкент вилояти Андижондан жами 16 минг теримчи сўрабди, - дейди андижонлик маҳалла фаоли.

Андижон вокзалидан ҳар куни 2 мингдан зиёд теримчи Тошкент вилоятига поездда жўнатилмоқда.
Андижон вокзалидан ҳар куни 2 мингдан зиёд теримчи Тошкент вилоятига поездда жўнатилмоқда.

Андижон вилоят ҳокимлиги расмийлари эса, маҳаллама-маҳалла юриб, кимда-ким пахтага бормаса, қишда уйларига газ баллонлари берилмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

- Қўшниларимиз ҳаммаси пахтага кетди, чунки уйма-уй юриб рўйхатга оляпти. Ҳокимлик вакиллари “бормасанг, қишда газ баллон мана оласан”, деб муштини кўрсатяпти. 10 кунга ётоғи билан олиб кетяпти Бўкага, - деди Андижоннинг Деҳқонобод маҳалласида яшовчи онахон.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг Андижон бўлимида ишлайдиган темирйўлчининг Озодликка айтишича, ҳашарчилар махсус эшелонларда ва йўналишли поездларда ташилмоқда:

- Сўнгги 5 кун давомида 4 та махсус эшелон жўнатилди. Асосан Тўйтепа ва Бўкага. Поезд қатновини Тошкент вилоят ҳокимлиги ташкиллаштирди, теримчиларнинг йўлкираси ҳокимлик ҳисобидан бўляпти, - деди темирйўлчи.

Андижондан Тошкентга йўлкира икки баравар қимматлади

Поездлар теримчи ташишга жалб этилгани сабаб Андижон-Тошкент йўналиши бўйича йўловчи поезди қатнови вақтинча тўхтаб қолган.

Андижондан Тошкентга такси йўлкираси эса икки баравар ошган.

- Андижондан Тошкентга машина йўлкираси 35-40 минг сўм эди 70 минг сўм бўлиб кетди. У ёқдан келиш 100 минг сўмдан кўп. Чунки поезд тўхтаб қолди. Поездда одам ташимаяпти, ҳашарчи ташияпти, - дейди андижонлик киракаш.

Бундан олдин Фарғона вилоятидан 16700, Наманган вилоятидан 1900 ва Сурхондарё вилоятидан 14900 нафар ҳашарчи пахта териш учун Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах вилоятларига махсус поездларда ташилгани ҳақда хабар берган эдик.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг шахсан топшириғи билан аҳолиси кўп бўлган водий вилоятларининг корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари, уюшмаган аҳоли ҳисобидан ҳашарчилар отрядлари ташкил этилди.

Ўзбекистонда шу пайтгача ўн минглаб ҳашарчиларни оммавий равишда бошқа вилоятларга поездларда олиб бориш кузатилмаган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябр куни БМТда қилган чиқишида мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилгани ҳақида баëнот берган эди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов эса 22 сентябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ўқувчи ва талабалари ҳамда тиббиёт ходимларининг дала меҳнатига жалб этилиши жиноят экани, бундай ҳол аниқланган тақдирда ходимларни далага чиқарган раҳбарлар нафақат лавозимидан айрилиши, балки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақда огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG