Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:52

Ўзбекистоннинг 3 вилоятидан 30 мингдан ортиқ одам поездда пахтага жўнатилди


Бойсун вокзалидан ҳашарчилар пахтага жўнатиляпти
Бойсун вокзалидан ҳашарчилар пахтага жўнатиляпти

Фарғона, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидан мамлакатнинг шимолий ва ғарбий вилоятларига 30 минг нафардан ортиқ одам пахта теримига махсус поездларда сафарбар этилди. Корхона ва ташкилотлар ходимларидан, маҳаллалар аҳолисидан ташкил топган махсус отрядлар Хоразм, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистонда пахта термоқда. Кузатувчиларнинг айтишларича, махсус поездларда пахта теримига одам жўнатиш, ҳатто Ислом Каримов даврида ҳам кузатилмаган эди.

Ўзбекистоннинг 3 вилоятидан 30 мингдан ортиқ одам поездда пахтага жўнатилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00
Бевосита линк

Махсус эшелонларда пахтага олиб кетилди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида яшайдиган маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка ёзишича, одамларни мажбурлаб бошқа вилоятларга пахта теримига жўнатиш давом этяпти:

“Кеча ва бугун Бойсундаги Работ вокзалидан одамлар Қашқадарёга мажбуран жўнатилмоқда. Туман ҳокими Ўктам Тўраев маҳалла раисларига 15тадан 40тагача одам чиқарасан деб мажбурламоқда. Агар камида 15 одам топмасанг, сени фалон қиламан деб, ҳақорат ҳам қилмоқда. Кеча ҳоким Бибиширин маҳалласи котибини ва Мачай маҳалласи раисини одам олиб келмадинг деб, вокзалда калтаклади, бир қанча ташкилотлар раҳбарларини одаминг кам деб, ички ишларнинг темир машинасига қамаб қўйди”, деб ёзди маҳалла фаолларидан бири.

Бойсун вокзалидан ҳашарчилар пахтага жўнатиляпти
Бойсун вокзалидан ҳашарчилар пахтага жўнатиляпти

Сурхондарё вилоятининг Денов ва Сариосиё туманларида ҳам одамларни мажбуран Қашқадарё вилоятига пахта теримига жўнатиш давом этмоқда.

Денов туманидаги давлат ташкилотларидан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбарининг айтишича, улардан ҳам бир неча одам поездда олиб кетилган:

- Биздан ҳам тўрт киши кетган, яна одам берасан деяпти. Вагонга солиб кўрпа-тўшаги билан олиб кетяпти. Бу давлатни буйруғи, бормаганинг ишингдан кетасан, деб айтяпти. Бирор йил одамларни бошқа вилоятга поездда олиб бориш бўлмаган, бу йил ана шундай бўляпти, дейди, ташкилот раҳбари.

Ўзбекистон темир йўлларининг Термиз филиалида ишлайдиган темирйўлчининг айтишича, ҳашарчилар махсус эшелонларда ва йўналишли поездларда ташилган:

“Сўнгги тўрт кун давомида тўртта махсус эшелон жўнатилди. Рейсовий поездларга ҳам вагонларни уладик. Қашқадарё ва Жиззах вилоятига жўнатдик”, деди темирйўлчи.

Ҳашарчилар ўз ҳисобидан ижарада турибди

Фарғонадаги давлат ташкилотларидан бирининг ишчиси сўзларига кўра, уларга ёки пахтага бориш, ёки ишдан кетиш шарти қўйилган:

“Биздан ҳам ўн киши Қорақалпоғистонга кетди. Раҳбарият уларга ишда қолишни истасанг 20 кунга бориб келасан, деди. Худди Чор Россияси давридагидек, поездларга тиқиб жўнатишди. Лекин, етиб боришгандан кейин гаплашсак, кунига беш минг сўмдан бериб одамларнинг уйида ижарада туришганмиш. На том бор, на иссиқ овқат. Сув масаласи ҳам қийин экан. Улар ўз ёнларидан қадоқланган сув сотиб олишяпти экан. Улар бизга телефон қилиб пул юборишимизни сўрашмоқда. Бу нима?! Каримов даври тугаб Мирзиёвдан яхшилик кутган халқ бир кўз очиб юмиб, Чор Россияси давридаги мардикорчилик даврида уйғондими? Мирзиёевга нисбатан халқ норозилиги ортиб бормоқда”, дейди ишчилардан бири.

Фарғона шаҳридаги темирйўл вокзалида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган мулозимлардан бирининг айтишича, фарғоналик ҳашарчилар 6-10 октябрь оралиғида Қорақалпоғистон ва Сирдарё вилоятига жўнатилган:

“Бу ҳашарчиларнинг орасида ўз ихтиёрлари билан кетаётганлар ҳам, корхона ва ташкилотлардан мажбур бўлиб кетаётганлар ҳам бор эди. Улардан бири билан гаплашганимда, жўнаш олдидан ҳар бир ҳашарчига 500 минг сўмдан рағбатлантириш пули берилганини айтди. Ҳаммаси уюшган ҳолда, қозон-товоғи, кўрпа-тўшаги билан олиб кетилди”, деди темирйўл мулозими.

Абдулла Арипов десанти

Озодликнинг Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида ишлайдиган манбасидан олган маълумотига кўра, сўнгги икки ҳафта давомида Фарғона вилоятидан 16700, Наманган вилоятидан 1900 ва Сурхондарё вилоятидан 14900 нафар ҳашарчи пахта териш учун Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах вилоятларига махсус поездларда юборилган.

“Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг шахсан топшириғи билан бу тадбир уюштирилди. Аҳолиси кўп бўлган водий вилоятлари ва пахта терими деярли тугаган Сурхондарё вилоятининг корхона ва ташкилотлар ишчи ходимлари, уюшмаган аҳоли ҳисобидан ҳашарчилар отряди ташкил этилди. Бу ҳашарчилар махсус поездларда бир неча кун давомида керакли жойларгача ташилди. Йўлда ҳеч қандай фавқулодда ҳодиса рўй берган эмас. Ҳаммаси жойига етиб бориб, пахта теряпти”, деди манба.

Ўзбекистонда шу пайтгача ўн минглаб ҳашарчиларни оммавий равишда бошқа вилоятларга поездларга олиб бориш кузатилмаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТда қилган чиқишида мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилгани ҳақида баëнот берган эди.

Бироқ, президент гапларининг сиёҳи ҳали қуримай туриб, пахта теримида мажбурий меҳнат яна аввалгидан кучлироқ тарзда жорий қилинаётгани кўзга ташланмоқда.

XS
SM
MD
LG