Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:55

Интернет тезлиги паст Ўзбекистон Россиядан қочаётган "айтичи"лар учун қанчалик жозибадор?


Тошкентдаги IT-парк биноси.
Тошкентдаги IT-парк биноси.

Ўзбекистонда чет эл фуқароларига янги барпо этилаётган кўчмас мулк объектларини сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонга биноан хорижликлар 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган кўчмас мулк объектларини сотиб олишлари мумкин бўлади.

Шу ой бошидан эса Ўзбекистонда четдан келган IT-мутахассисларга уч йиллик виза ва соддалаштирилган тартибда ишлаш рухсатномаларини бериш кўзда тутилган IT visa тизими йўлга қўйилди.

Айни қарорлар Украинадаги уруш ва санкциялар сабаб кескин ёмонлашаётган вазият фонида Россия ва Беларусдан минглаб IT- мутахассислари ўз мамлакатларини тарк этаётган паллага тўғри келмоқда.

Россиялик мутахассисларнинг аксари Арманистон, Грузия ва Туркия каби давлатларга йўл олган, уларнинг орасида Ўзбекистонни танлаётганлари ҳам оз эмас.

Москвалик Алексей (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди-таҳр.) иш жойини Ўзбекистонга релокация қилган "айтишник"лардан бири.

32 ёшли бу мутахассис Озодлик мухбири билан суҳбатда Россияда ишлаш учун имконият қолмаганини айтади:

Россияда ишимиз учун имконият йўқолди. Санкциялар сабаб сервислар блокланди, молиявий ҳисоб-китоблар билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Ғарбдаги ширкатлар Россия ҳудудидаги фирмалар билан ишлашдан бош торта бошлади. Шу сабаб кўпчилик кетмоқда. Менинг ўзим Ўзбекистонда туғилганим учун ҳозирча бу ерни танладим. Кариндошларим, танишларим бор бу ерда. Вазиятга қараймиз, ўзгарса, яна Россияга қайтамиз, узоққа чўзилса, бошқа жойга кетамиз”, - дейди Алексей.

Россиялик мигрантлар фонида Тошкентда уй-жой нархлари ошмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:37 0:00

Россия Электрон Алоқа Ассоциацияси матбуот вакили Екатерина Воробьёва Озодлик билан суҳбатда уруш бошланганидан буён 50-70 минг IT-мутахассис Россияни тарк этганини билдирди.

“Афсуски, Ўзбекистон бўйича статистика йўқ бизда. Арманистон бўйича бор. Арманистондан улар, бошқа иш шароити, лозим инфрастуктура бор мамлакатлар - Грузия, Кипр, Ўзбекистон, Қозоғистонга тарқалишади. - дейди Воробьёва.

Шарқий Европанинг “Кремний водийси” дея ном чиқарган Беларусда ҳам IT соҳаси мутахассислари оммавий равишда мамлакатни тарк этмоқда.

“Наша Нива” нашри санкциялар боис Беларусни 76 минг мутахассис тарк этгани, мамлакат IT соҳасининг 80 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида қолгани ҳақида ёзди.

Айни пайтда Беларус ва Россия ҳукуматлари IT-секторини сақлаб қолиш учун мутахассисларга янги имтиёзларни таклиф қилмоқда.

Аммо солиқлар камайиши, армияга чақирувни 27 ёшга кечиктириш ва кам фоизли кредитлар кўзда тутилган имтиёзлар ҳам IT- мутахассисларни тўхтатиб қололмаяпти.

Россия Электрон Алоқа Ассоциацияси матбуот вакили Екатерина Воробьёванинг Озодликка айтишича, мутахассисларнинг кетиши санкциялар оқибатида керакли инфраструктуранинг йўқолгани билан боғлиқ.

“Россиялик мутахассислар Ғарб сервислари билан ишлашга ўрганган. Масалан, оддий Adobe сервисини олайлик, уни Россияда узайтириш тақиқланган. IT-мутахассиснинг фаолияти шу сервисга боғлиқ. Санкциялар боис бу сервисларнинг кўпчилиги Россияда тақиққа учради. Шунинг учун россиялик мутахассислар сифатли инфраструктура илинжида бошқа мамлакатларга кўчмоқда”, - дейди Ворбьёва.

2 мингга яқин IT- мутахассис Тошкентда

25 февраль куни, Россия Украинага бостириб кирганидан бир кун ўтиб, Ўзбекистон хорижлик IT-мутахассислар учун релокация дастурини эълон қилди.

Дастур компаниялар ва дастурчиларни Ўзбекистонга кўчириш харажатларини ҳам ўз ичига олади.

Шу ой бошидан эса Ўзбекистонда четдан келган IT- мутахассисларга уч йиллик виза ва соддалаштирилган тартибда ишлаш рухсатномаларини бериш кўзда тутилган IT Visa тизими йўлга қўйилди.

Тошкент IT-компаниялари ва мутахассисларига рағбат сифатида кенг кўламли солиқ имтиёзлари, уй-жой, бола парвариши имкониятлари берилишини ҳам ваъда қилмоқда.

Тошкентдаги IT-парк вакилининг Озодликка айтишича, TashRush дастури доирасида сўнгги бир ойда Ўзбекистонга 2 мингга яқин IT мутахассиси кўчиб келган.

“Сўнгги бир ой ичида 2 мингга яқин мутахассис келди. Нафақат мутахассислар, ўнлаб IT-компаниялар кўчиб ўтяпти. Лекин қандай компаниялар эканини айтолмаймиз”, - деди IT-Park ходими.

Ўтган ой Ўзбекистон АКТ вазири Шерзод Шерматов IT-парк резидентлари 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилиниши, солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши, Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар эса зарур инфратузилма билан таъминланишини ваъда қилди.

Шерматовга кўра, четдан етакчи мутахассисларни жалб этган холда, Ўзбекистоннинг IT-парки Марказий Осиёдаги боғловчи IT-хабга айланиши мумкин.

Аммо мутахассисларга кўра, Интернет тезлигининг камлиги, электр таъминотидаги узилишлар Ўзбекистонни IT-мутахассислар учун жозибадор кўрсатмаслиги мумкин.

“Яшаш арзон, Интернет қиммат”

Латвияда узоқ йил ишлаб, Ўзбекистонга кўчиб келган IT- мутахассисининг Озодликка айтишича, Ўзбекистоннинг инфратузилмаси ҳамон бошқа собиқ совет давлатларидан орқада.

“Биз дунёнинг истаган нуқтасида туриб ишлашимиз мумкин. Етарли тезликда Интернет бўлса, кифоя. Мен оилавий шароитим туфайли Ўзбекистонга қайтиб келишга мажбур бўлдим. Ишимни ҳозир бу ердан давом эттиряпман. Яхши томони, бу ерда яшаш арзон, ёмон томони, Интернет тезлиги паст, нархи эса қиммат”, - дейди исми очиқланишини истамаган мутахассис Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон расмийлари эса мамлакатда Интернет тезлиги аввалги йилларга қараганда икки баравар ошганини айтишади.

Уларга кўра, IT-резидентлар ишлайдиган бинолар юқори тезликдаги интернет ва узлуксиз электр таъминоти билан жиҳозланган.

Ўзбекистон ҳукумати ўтган ой Skype алоқа тизимидаги узоқ йиллик тўсиқни олиб ташлаган.

Ўзбекистонда Твиттер, ТiкТок ва Россиянинг энг оммабоп “ВКонтакте” ижтимоий тармоғи блокланганича қолмоқда.

Ўзбекистон ўтган йили Интернет тезлиги бўйича 224 давлат орасида 166 ўринни эгаллаган. Бу ундан олдинги йилдагига қараганда 37 поғона юқори.

Британиянинг телекоммуникация хизматлари провайдерларини таққослашга ихтисослашган Cable.co.uk нашри ўтган йил декабр ойида эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда 5 гигабайтлик файл ўртача 6,64 Мбит/с тезликда юклаб олиниши ҳақда айтилган.

Лекин бу МДҲ давлатлари орасида паст кўрсаткич.

Айни пайтда Ўзбекистон Интернет нархи энг қиммат бўлган мамлакатлардан. Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда 1 Гигабайт мобил интернет 16 минг сўмни ташкил этади.

Мирзиёевнинг “Бир миллион дастурчи”си

Ўзбекистонда уч йил аввал “Бир миллион дастурчи” (One Million Uzbek Coders) тайёрлаш лойиҳасига старт берилган эди.

2017 йилда БААда ишга туширилган One Million Arab Coders лойиҳасига ўхшаш лойиҳа Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Dubai Future Foundation жамғармаси, Тошкентдаги Инҳа университети, IT-академиялар, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги IT-мактаб билан ҳамкорликда амалга оширилиши айтилган.

Лойиҳа рақамли технологиялар бўйича мутахассисларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида UzbekCoders.uz махсус портали орқали аҳолининг кенг қатламларини дастурлашга масофадан ўқитишни назарда тутади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябрь ойида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 567 минг ўғил-қиз бепул сабоқ олгани, уларнинг 79 фоизи мактаб ўқувчилари эканлигини қайд этган.

“Бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслиги керак”, – деган Мирзиёев.

Баъзи мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари Озодлик билан суҳбатда жойларда бу дастур кампаниябозликка айланиб кетгани, мустақил равишда «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида иштирок этиб, сертификат олишлари учун моддий-техник ва технологик имконият етарли эмаслигини айтишган.

XS
SM
MD
LG