Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:18

АКТ вазири тармоқлар Ўзбекистон куч тизимлари билан ҳамкорлик қилиши кераклигини айтди 


Ўзбекистонда юз минглаб обуначиларига эга ўзбек блогерлари ҳам YouTube, Facebook, TikTok, Instagram, Одноклассники, ВКонтакте ва бошқа ижтимоий тармоқлар, Telegram, WhatsApp, IMO ва бошқа мессенжерларда фаолият олиб боради.
Ўзбекистонда юз минглаб обуначиларига эга ўзбек блогерлари ҳам YouTube, Facebook, TikTok, Instagram, Одноклассники, ВКонтакте ва бошқа ижтимоий тармоқлар, Telegram, WhatsApp, IMO ва бошқа мессенжерларда фаолият олиб боради.

Ўзбекистон ҳукуматининг Telegram, Instagram, TikTok, YouTube, Facebook каби хорижий мессенжер ва тармоқларни мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳамкорлик қилишга кўндириш режасини Интернет соҳаси мутахассислари сўз эркинлиги устидан назоратни кучайтириш уриниши сифатида баҳоламоқда. ​

Ўзбек расмийлари бундан аввал хорижий тармоқларнинг чекланишини фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини Ўзбекистондаги серверларда сақлаш талаби билан изоҳлаганди.

Ўтган йили АКТ вазирлиги томонидан илгари сурилган ушбу талабни ҳозиргача бирорта платформа бажармаган. Бунинг ортидан Ўзбекистонда бир қанча ижтимоий тармоқларга кириш чеклаб қўйилганди.

Эндиликда ўзбек томони хорижий мессенжер ва тармоқлар маълумот алмашишда ҳамкорлик қилиши кераклигини айтмоқда.

Ўзбекистон АКТ вазири Шерзод Шерматов 9 февраль куни Kun.uz мухбири билан суҳбатда уларнинг асосий талаби эндиликда серверларини Ўзбекистонга олиб келиш эмас, балки “ҳуқуқбузарликни вақтида аниқлаш” учун ушбу платформаларнинг ўзбек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳамкорлиги эканини айтди.

АКТ вазири Шерзод Шерматов Президент Шавкат Мирзиёев билан. Тошкент, 29 май, 2020.
АКТ вазири Шерзод Шерматов Президент Шавкат Мирзиёев билан. Тошкент, 29 май, 2020.

Шерматовнинг таъкидлашича, “қўшни давлатлардаги сўнгги воқеалар” бу каби ҳамкорлик заруратини янада кучайтирган.

“Масалан, террористик гуруҳларни ўзаро координация қилиш фаолияти бўлсаю, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган уни тополмаса. Бу нима деган гап? Сабаби ўша крипто қилинган ижтимоий тармоқда бунга имконият бўлмаса. Ёки Ўзбекистон жуда кўп миллат ва дин вакиллари яшайдиган давлат. Бу ерда миллатлараро низо қўзғатиш жуда осон. Мана, Қозоғистондаги воқеалар мисол.

Эртага худди шунга ўхшаган тўполон ёки бошқа нарса қилиши мумкин. Бизни ҳуқуқни муҳофаза қиладиган органларимиз уни эгасини топиб чора кўрадиган даражада бўлиши керак”, - деди Шерматов.

Ўзбекистонда 2021 йил 16 апрелдан кучга кирган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, хорижий интернет платформаларига ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотлари сақланадиган серверларни мамлакатга олиб келиш талаби қўйилганди.

Аммо Twitter ва Facebook каби Американинг IT-гигантлари фойдаланувчилар маълумотларини Ўзбекистонга кўчириш талабини эътиборсиз қолдирган.

Facebook ширкати раҳбари Марк Цукерберг инсон ҳуқуқлари поймол этилувчи мамлакатларда дата-марказлар очмаслигини айтган.

АКТ вазири Шерзод Шерматов хорижий платформалар билан ҳамкорлик қандай шартларга асосланишини айтмади.

Лекин унинг сўзларидан гап тармоқ фойдаланувчилари маълумотлари билан алмашиш ҳақида бораётганини англаш мумкин.

“Сизнинг ҳуқуқингизни кимдир буздими, сиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилганда улар ўша фирибгарни топиши керак, лекин ҳозир тополмаяпти. Топиш учун улар билан [хорижий ижтимоий тармоқлар] ўзаро муносабат йўлга қўйилиши керак. Бунинг учун у томондан ҳам гаплашилиши керак. Ҳозир, масала шу “гаплашиш” ва бир фикрга келиш ҳақида кетяпти”, - дейди Шерматов.

АКТ вазири хорижий тармоқлар билан ҳамкорлик ўзбекистонлик фойдаланувчилар киберхавфсизлиги нуқтаи назаридан муҳимлигини таъкидлаган.

Ўзбекистонда, айниқса ёшлар орасида Telegram, Instagram, TikTok, YouTube тармоқлари ўта оммабоп.

Ижтимоий тармоқлар матбуот давлат томонидан қаттиқ назорат қилинадиган Ўзбекистонда фуқаролар учун ижтимоий-сиёсий муаммоларни эркин муҳокама қиладиган минбар ҳам бўлиб қолмоқда.

Мутахассислар нима дейди?

Исмини очиқламасликни сўраган ўзбекистонлик Интернет соҳаси мутахассиси хорижий тармоқлар ўзбек томонининг асл мақсади эркин фикр билдирувчиларни аниқлаш ва жазолаш эканини билган ҳолда ҳукумат билан ҳамкорликка бормайди, деб ишонишини айтади.

“Вазиримиз тармоқлар билан ҳамкорлик заруратини фойдаланувчиларнинг хавфсизлини таъминлаш, уларни фирибгарлардан ҳимоялаш истаги билан изоҳлаяпти. Мен ҳеч қачон тармоқда фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда қандайдир муаммолар билан судлашганига кўзим тушмаган. Вазир буни қаердан олди?

Агар вазиримиз хорижий ижтимоий тармоқлардаги шахсий маълумотлардан шунчалик хавотирда бўлса, у ҳолда миллий тармоқ ва тизимларда маълумотлар қандай ҳимояланганлиги ҳақида ҳам ўрнак кўрсатиши керак.

Айнан хорижий тармоқларда ўзбек фойдаланувчилар ўз фикрини аниқ билдиради, хавфсиз бўлганлиги учун. Бундан келиб чиқадики, уларнинг мақсади шу эркин фикр билдирувчиларни аниқлаш ва жазолаш. Лекин Facebook ва бошқа тармоқлар фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари билан алмашиш даражасида ҳамкорлик қилади, деб ўйламайман”, - дейди тошкентлик мутахассис.

Ўзбекистонда юз минглаб обуначиларига эга ўзбек блогерлари ҳам YouTube, Facebook, TikTok, Instagram, Одноклассники, ВКонтакте ва бошқа ижтимоий тармоқлар, Telegram, WhatsApp, IMO ва бошқа мессенжерларда фаолият олиб боради.

Уларнинг кўпчилиги хавфсизлик сабаблари боис аноним тарзда фаолият юритади.

3 февраль куни хоразмлик блогер Собиржон Бобониёзов тармоқларда Ўзбекистоннинг жорий президенти Шавкат Мирзиёев ва аввалги президенти Ислом Каримовни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўзбекистонлик блогер Отабек Аҳлиддинов ўзбек расмий идоралари билан тармоқлар фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини бўлишиш уларни таъқиб қилиш билан баробар эканини айтади.

“Серверлари чет элда бўлган тармоқлар ҳеч қачон бунга йўл қўймайди. Чунки Ўзбекистондек давлатда қайсидир фойдаланувчи ҳақида маълумот бериш уни очиқ фикрни айтгани учун ушлаб беришдек гап”, - дейди Аҳлиддинов.

Фарғоналик блогер Дима Қаюм фикрича эса, ўзбек ҳукуматининг хорижий тармоқлардан ҳамкорлик талаб қилишини сўз эркинлигини бўғишга уриниш, дейиш нотўғри.

“Ҳозир тармоқларда шантаж қилишлар кўпайиб кетган. Троллинг кўп. Шундан жабр кўраётганлар бор. Бошқа ном остида мағзава ағдариб ўтириш сўз эркинлиги эмас. Ўзбекистонда сўз эркинлиги бор. Биринчи оилага сал эҳтиёткорлик бору, лекин вазирлар, ҳокимларга қарши бемалол бўляпти. Масалан, мен ҳозир қилаётган ишимни беш-олти йил олдин қилсам “Жаслиқ”да ўтирган бўлардим”, - дейди Дима Қаюм.

Ўзбекистон қонунчилигига биноан, оператор, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлаш пайтида, уларни йиғиш, тизимлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний жойлашган техник воситалар базаларида сақлашни таъминлаши шарт.

Ғарблик экспертлар Ўзбекистон ҳукумати тармоқлар ва умуман интернетни назорат қилишда Россия ва Хитойдан нусха кўчираётганини айтишади.

XS
SM
MD
LG