Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Диана ўлими ортидан бўшатилган амалдор янги ишини яна ўқитувчига кўча супуртиришдан бошлади


Самарқанд шаҳридаги 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернати ўқитувчи ва тарбиячилари шанба ва якшанба кунлари ободонлаштириш ишига жалб этилган.
Самарқанд шаҳридаги 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернати ўқитувчи ва тарбиячилари шанба ва якшанба кунлари ободонлаштириш ишига жалб этилган.

Президент Мирзиëевнинг Самарқанд сафари арафасида кўча тозалашга мажбурланган 23 яшар каттақўрғонлик ўқитувчининг 14 март кунги фожиали ўлими ортидан Азамат Умаров вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбари лавозимидан бўшатилган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Умаров 18 май куни Самарқанд шаҳридаги 62-сонли мактаб-интернатга директор этиб тайинланган ва дарҳол ўқитувчиларни яна ободонлаштиришга ҳайдаган.

Самарқанд шаҳридаги 62-сонли ақлий имконияти чекланган болалар мактаб- интернатининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўқитувчиларидан бири янги тайинланган директор Азамат Умаров ишга чиқиши билан ҳаммани кўча тозалашга мажбурлаганини айтади:

- Янги директор ўша куннинг ўзида (18 май куни) йиғилиш ўтказиб, шанба, якшанба кунлари ҳамма ўқитувчи, тарбиячи, ишчи ходимларни ободонлаштириш, кўча тозалаш ишларига келишга мажбур қилди. Кўпчилик ёш болали ходимлар, боласини етаклаб эрталабдан мактаб интернатига келишга мажбур бўлди”, - дейди 62-сон мактаб-интернати ўқитувчиси.

Самарқанд шаҳридаги 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернатида ўқитувчилар дам олиш куни ободонлаштириш ишида.
Самарқанд шаҳридаги 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернатида ўқитувчилар дам олиш куни ободонлаштириш ишида.

Шу йилнинг март ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи арафасида кўча тозалашга олиб чиқилган каттақўрғонлик ёш педагог Диана Еникеева Камаз остида қолиб нобуд бўлган эди.

Ушбу фожиа ортидан Самарқанддаги бир қанча мансабдор, жумладан Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Умаров ҳам вазифасидан четлатилган эди.

- 18 май куни тўсатдан директоримизни нафақага чиқариб, 60 ёшли Умаровни бизга директор этиб қўйишди. Олдинги директоримиз бизга кўча тозалатмас эди, болаларни ўқитишга кўпроқ эътибор қаратар эди. Чунки, ўқитувчилар шанба, якшанба ҳам дам олмасдан ишласа¸ бу билим бериш сифатига таъсир қилади-да, - дейди 62-сон имконияти чекланган болалар мактаб интернатининг бошқа бир ўқитувчиси.

Самарқанд шаҳридаги 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернати.
Самарқанд шаҳридаги 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернати.

Диана Еникееванинг ўлими Ўзбекистонда кенг тарқалган бюджет ташкилоти ходимларини вазифасига кирмайдиган мажбурий меҳнатга жалб қилиш муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратган эди.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов апрел ойида Самарқанддаги фожиа ҳақида гапириб, бундан кейин фуқароларни жамоатчилик ишларига мажбурлаш ҳоллари такрорланса¸ “жазо қаттиқ” бўлишини айтган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам апрель ойида Жиззахга сафари давомида cамарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлимида ўзини ҳам айбдор ҳис қилишини, бундан буён ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилган ҳокимлар, катта хизматлари бўлишидан қатъий назар, ишдан кетишини таъкидлаганди.

Ўқитувчини кўча супиртириш менга ҳам, сиёсатга ҳам хиёнат!”, - деган эди ўтган ой президент.

Президентнинг бундай баëнотларига тескари равишда Ўзбекистонда ўқитувчиларни фаррошликка мажбурлаш амалиëти деярли ўзгаришсиз давом этмоқда.

- Мажбурий меҳнатга барҳам берилганлиги ҳақидаги гап фақат қоғозда экан-да, - дейди Самарқанддаги 62-сон имконияти чекланган болалар мактаб-интернатининг Озодлик гаплашган ўқитувчиси.

Самарқанд шаҳридаги 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернатида ўқитувчилар дам олиш куни ободонлаштириш ишида.
Самарқанд шаҳридаги 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернатида ўқитувчилар дам олиш куни ободонлаштириш ишида.

Озодлик мухбири ўқитувчилар шикоятини ўрганиш асносида мактаб-интернатига телефон қилди.

Мактаб масъулларидан бири ўқитувчилар шанба ва якшанба кунлари кўча тозалашга чиқарилганини тасдиқлади:

- Янги директор келиб, шундай бўлаяпти. Бизга жума куни директор бўлиб келди, шанба ва якшанба ҳаммани ободонлаштиришга чиқараяпти. Олдинги директоримиз пайти бунақаси бўлмаган эди, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган 62-сон имконияти чекланган болалар мактаб-интернати масъул ходими.

Мактаб директорининг хўжалик ишларига масъул муовини Гуллола Маматқулова Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг ўз хоҳиши билан ободонлаштиришга чиқарилганини иддао қилди:

- Мактабда ҳар бир ер майдончаси ўқитувчи-тарбиячиларга бўлиб берилган. Шу ерни улар тозалаши керак. Кўчага чиқиб ишлаётганимиз йўқку! Ободонлаштиришга қаранглар¸ деди директоримиз, шанба ва якшанба қилишди ўқитувчилар, - деди Гуллола Маматқулова.

Озодлик мухбирининг "Ўқитувчилар дам олиш кунлари оиласи билан дам олиши керак эмасми? Ўқитувчиларни дам олиш кунлари ҳам ишлатиш билим сифатига таъсири қилмайдими?" - деган саволларини Маматқулова жавобсиз қолдирди:

- Бу саволни директорни ўзларига беринг, - деди 62-сонли мактаб директорининг хўжалик ишларига масъул муовини Гуллола Маматқулова.

Озодлик 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернатига янги директор этиб тайинланган Азамат Умаровага кун давомида телефон қилиб, унга боғлана олмади - директор мобиль телефонига қилинган қўнғироқларни жавобсиз қолдирди.

XS
SM
MD
LG