Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:29

Фарғона. Ëзëвонлик ўқитувчи ва врачларга Президент ўтадиган йўллар супуртирилди


Ёзёвон туман ҳокимлиги биноси ҳам артиб-тозаланмоқда. Маҳаллий ўқитувчи жўнатган сурат. 2018, 4 апрель.
Ёзёвон туман ҳокимлиги биноси ҳам артиб-тозаланмоқда. Маҳаллий ўқитувчи жўнатган сурат. 2018, 4 апрель.

Фарғона вилоят, Ëзëвон туманидаги коллеж ва мактабларнинг ўқитувчилари ва техник ходимлари ҳамда тиббиëт муассасалари ходимлари 4 апрель куни эрталабдан туман маркази кўчаларини супуриш¸ таъмирдан чиқарилган бинолар ойнасини ювиш¸ кўча четидаги бетон бордюрларни бўяш каби ишларга сафарбар қилинди.

Тумандаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, бюджетдан ойлик оладиган барча¸ шунингдек, коллеж ўқувчилари ҳам тозалаш ишларига чиқарилган. Ўқитувчи ўз хабарига суратлар илова қилди.

Озодлик бу хабар ортидан Ëзëвон туман касалхонаси врачи билан гаплашди. Унинг айтишича¸ 4 апрель куни барча ҳамшира¸ фаррош ва бошқа тиббиëт ходимлари тозалик ишларига чиқарилган.

- Касалхонада икки-уч нафар доктор навбатчи бўлиб қолди. Президент келармиш, ҳаммаëқни тозалаб қўйинглар, деган буйруқ ҳам келди. Касалхона ҳовлисини тозалашга ҳам¸ туман марказидаги ободончиликка ҳам одам чиқардик. Ҳамшираларимиз Катта Марғилон ва Ëзёвон йўли бўйида ишлашяпти,- деди касалхона врачи Озодлик билан 4 сентябрь кунги суҳбатда.

Президент Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига қачон сафар қилиши номаълум.

Ëзëвон туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг ëзишича, ободончилик ишлари учун ўқитувчиларни текин ишлатиш билан бирга уларга ўлпон ҳам солинган:

“Краскага¸ кўчат ва гулга деб пул йиғиб олишди. Ҳозиргина бир районо ходими 55 миллион сўмга гул олиб келдик, деди. Нафақат ўқитувчи ва дўхтир, барча ташкилотни кўчага чиқаришди. Райгазни ҳам, солиқчиларни ҳам¸ барча идораларни кўчага ҳайдашди”,- деб ëзди Озодликка хабар йўллаган ўқитувчи.

Озодликнинг мобил мухбирларидан бири 4 апрель куни йўллаган суратда Ëзёвондаги кўчалар шошилинч асфальт қилинаëтгани акс этган.

- Соат 19 да президент ўтад,и деб шоширишяпти¸ кун ботса ҳам ўқитувчиларни уйига қўйиб юбормаяпти, - деди мобил мухбиримиз.

Ëзëвон туман Халқ таълими бўлими расмийлари Озодлик мухбирининг “Нега ўқитувчилар кўча супуришга чиқарилди¸ деган саволини жавобсиз қолдирди.

Ўзини "Ëзëвон туман ҳокимининг ëшлар сиëсати ¸ ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-марифий ишлар бўлими ходими", деб таништирган мулозим “ҳеч ким мажбурланмади, тумандагилар баҳорги ҳашарга ўз ихтиëрлари билан чиқишди”, деб гапни қисқа қилди.

Фарғона вилоят ҳокимлигининг ўзини Илҳом Носиров, деб таништирган мулозими “Ўқитувчи ва тиббиëт ходимларининг кўча супуришга чиқарилишини қонунга зид”, деб атади ва “чора кўрамиз”, деб ваъда берди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиш ҳолатлари кўпаяëтгани кузатилаяпти.

Жорий йилнинг 14 март куни Каттақўрғондаги 42-мактаб ўқитувчилари 14 март куни ҳокимлик буйруғи билан президент Шавкат Мирзиëев ўтиши кутилган магистрал йўлни оқлаб-тозалашга олиб чиқилган маҳал¸ 23 яшар Диана Еникеевани КамАз машинаси уриб кетган ва аëл ўша куниëқ жон берган эди.

XS
SM
MD
LG