Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:37

Ўзбекистонда 4 мингдан ортиқ диндор "қора рўйхат"дан чиқарилди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Республикаси Мусулмонлар идорасидан олинган маълумотга кўра, махсус рўйхатларга киритилганлар билан имомлар ва ҳокимликлар вакиллари июл ойи ичида ўтказган суҳбатлар натижасида 4 минг 152 киши "оқланган", яъни "қора рўйхат"дан чиқарилган. Бу кишиларга улар яшаб турган манзиллардаги масжидлар имом-хатиблари кафилликка ўтган. Идора яна 5 мингга яқин киши тез фурсатда "оқланишини" маълум қилди.

Мусулмонлар идорасидан олинган маълумотга кўра, президент Мирзиёев топишириғи билан республика бўйлаб диндорлар билан ўтказилган суҳбатларнинг биринчи босқичи якунига етган.

"Имомларимиз жами 10 минг 990 кишига кафолат берган. Булардан 4 минг 152 киши оқланди. Иккинчи босқичда қолганлар ҳам рўйхатдан чиқарилади", дейилади идора расмийсидан олинган маълумотда.

Маълум бўлишича, маҳалла қўмиталари, ҳокимият, куч ишлатар идоралар вакиллари иштирокидаги гуруҳлар республика ИИВ томонидан тузилган рўйхатга номи киритилган ва мунтазам назоратда турган кишиларнинг уйларига бориб, суҳбат ўтказган.

Суҳбатда асносида тақиқланган диний экстермистик гуруҳларга аъзо эмаслиги аниқланган ёки бу гуруҳларга алоқадор бўлган бўлса-да, кейинчалик бу йўлдан қайтганига ишонтирган кишилар имомлар кафиллиги остида "оқланган" - назоратда турувчи шахслар рўйхатидан чиқарилган.

Фарғона вилоятида шундай суҳбатларда иштирок этган имомга кўра, рўйхатга номи тушиб қолганларнинг ярмидан ортиғи, аслида, тақиқланган диний экстремистик оқимларга аъзо эмаслиги аниқланган.

"Президентимиз Андижонда айтгандику: "Телефонида билмасдан бировга бир нарса ўтказиб қўйганни ҳам рўйхатга тиқиб қўйгансизлар, оқланглар шуларни", деб. Худди шунақада. Ҳар хил Telegram ва ҳоказо, сайтлардан бир-бирига ўтиб юраверган диний маърузалар, ўзи бехабар. Лекин, текширганда телефондан чиқиб қолиб, рўйхатга тушиб қолаверган. Шулар жуда ҳурсанд бўлишди: "Шунақа кунлар ҳам бор эканку, раҳмат!" дейишди. Оқладик қанчасини", деди исмини ошкор этишни истамаган фарғоналик имом.

Шу тариқа, халқ орасида "қора рўйхат" номини олган рўйхатдан исмлари ўчирилган кишилардан икки катта гуруҳи Тошкентда тантанали маросимда иштирок этди.

Бири Тошкент Ислом университети, яна бири Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия инстути биносида бўлиб ўтган йиғилишларга Тошкент шаҳрида номи рўйхатлардан чиқарилган мингга яқин киши чақирилди.

Хусусан, Ислом университетидаги маросимда қатнашган ва ўзи ҳам шу оқланганлар сафида бўлган ўзбекистонлик Аброр Мухтор Алий рўйхатдагиларни уч тоифага ажратди.

"Рўйхатга ноҳақдан тушиб қолганлар бор. Ростдан ҳам шу адашган тоифалар орасига кириб қолган, кейин тўғри илм олиб, тавба қилиб қайтганларам бор. Кейин туҳмат билан тушиб қолганлар ҳам бор, менга ўхшаган. Мен туҳмат билан тушиб қолган эдим. Мен бирорта диний оқимга аъзо бўлмаган, радикал фаолият билан шуғулланмаганман. Суҳбатга чақиришди. Бордим, тушунтирдим. Мендан узр сўрашди ва рўйхатдан чиқаришди. Кейин Шайҳонтохур тумани бўйича 500 га яқин кишини Ислом университетида тўплаб, мустақил Ўзбекистон тарихида аввал бўлмагани учун, Анвар қори ака эълон қилдилар", деди Аброр Мухтор Алий.

Унга кўра, Шайҳонтохур туманида тузилган рўйхатда жами 700 дан ортиқ кишининг исми бўлган, булардан 550 дан ортиғи "оқланган".

Аброр Мухтор Алий билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:19 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонда кейинги йиллар давомида республика бўйлаб тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган кишилар ҳамда уларнинг оила аъзолари рўйхати республика Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ҳамкорлигида тузилган.

Рўйхатга номи киритилган шахслар назорат остидаги фуқаролар бўлиб, улар ҳар ҳафта, айримлари эса ойда бир марта ўзи яшаб турган манзилга масъул участка нозири идорасида давоматдан ўтади ёки туман ИИБ суҳбатдан ўтказиб турилади.

Номи рўйхатга тушган шахсларнинг хорижга чиқиши ҳам чекланган ва одатан, бундайларнинг чиқиш визаси олиш сўрови рад этилгани ҳақида Озодликка мурожаатлар келиб туради. Бундайлар давлат ташкилотларига ҳам, одатан, ишга олинмайди, олинса-да, қуйи лавозимларда ишлайди.

Жумладан, сўнгги 20 йилга яқин муддат давомида шундай назорат остида сақланган Аброр Мухтор Алий, эндиликда, "оқланган"идан жуда мамнун экани ва шу кунларда ўзига расман иш топиш ҳаракатини бошлаганини қўшимча қилди.

Ҳозирча Озодлик тингловчиларининг диний мотивлар билан озодликдан маҳрум қилинган минглаб маҳбуслар иши қайта кўриб чиқилиши ёки уларни авф қилиш эҳтимолига оид саволларига жавоб бўлгудай маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG