Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:00

Анвар қори эътирозларга жавобан жума хутбасида соатини кўрсатди


Анвар қори Турсунов
Анвар қори Турсунов

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 7 июль куни Минор масжидида жума номозига тўпланган жамоага кейинги кунларда баҳсларни уйғотган қўлидаги соатини кўрсатиб, "Олтин эмас бу" дея изоҳ берди.

59 яшар имом хатибнинг Тошкентдаги халқаро пресс-клубдаги йиғилишда қатнашган пайтда қўлига таққан соати ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларни келтириб чиқарган эди.

Facebookдаги ўндан ортиқ саҳифаларда минглаб ўзбек юзерлари орасида "Анвар қори Турсунов 20 минг долларлик олтин соат тақиши жоизми?", "Мусулмон киши моддий манфаат топиш учун имом бўладими?" деган саволлар атрофида баҳслар урчиган эди.

"Соат мавзусини четдаги аламзадалар қўзғатди"

Анвар қори жума хутбасида соатнинг олтин эмаслиги ва олтин соат тақиш мусулмонга ножоиз эканлигини таъкидлаб, “четга чиқиб кетган аламзадалар қавмни" соат масаласини "имомдан совутиш учун" муҳокамага чиқарганликда айблади.

- Буни қилаëтганлар сизлар эмассизлар. Буни қилаëтганлар четга қочиб кетган¸ аламзада ва улар орқасида мен тергаб қўйганим учун алам қилганлар бор. Уларнинг гапича, мен 20 минг долларлик олтин соат тақиб туриб уларга туҳмат қилибман¸" - дея таъкидлади Анвар қори.

У "ҳалол бойиган одамга ҳеч ким таъна тоши отмаслиги" кераклигини ҳам эслатди.

Имом ўз сўзи исботи сифатида ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Аъзам "жудаям бой" бўлганини алоҳида таъкидлади.

"500 доллар сўрамаганман"

Ярим соатлик жума хутбасида Анвар қори Турсунов ўзининг моддий бойликларга қизиқмаслигини ва ақиқаларга борганида пул таъма қилмаслигини писанда қилди.

- Ҳеч қачон ақиқага борганимда 200 доллар ëки 500 доллар сўрамаганман. (кулиб) Бермайдиям ўзи биринчидан. Бунақа берадиганлар йўқ. Лекин умримда сўрамагнман. Қасам ичаман. Ким нима берса олганман..., - деди жума номозидан олдинги нутқида масжид имоми Турсунов.

"Фақир имом" эътирофи

Турсунов бу гапларни маҳаллий ва бошқа ОАВлар орқали ҳам айтганлигини таъкидлади.

Имом 3 июль куни Озодлик билан суҳбатда қўлидаги соатнинг темир экани¸ отасининг "камтарона" уйида яшаши ва "эски Каптива"си борлигини айтганди.

Бу гапга жавобан Тошкентлик Озодлик муштарийси имомнинг эскслюзив тарзда "М-пакет" сериясида ишлаб чиқарилган БМВ автомобилида "ёшларнинг ҳавасиини келтириб" юришини ëзди.

Жума кунги маърузасида Турсунов бу эътирозларга жавобини янада тафсилотлар билан тўлдирди:

- БМВ 6 деган машинам бор деган гап қилишибди. Шу ерда ўтирганлар билади. Мен машина ҳайдашни ҳам билмайман. Чунки қизиқмайман машинага. Отам айтарди¸ шунча китоб ўқийсан¸ шу қаторда шўпирчиликни ҳам ўқиб қўймайсанми дер эди¸ - дея таъкидлаган имом.

У ўзининг тирикчилик манбаи масжиддан ташқарида эканлигига ишорат қилди:

- Озгина бўлса ҳам тирикчилигим бор. Мана булар гувоҳ мана шу масжиднинг бойлигини ҳам олмайман. Масжид бойлигини одамларга бўлиб бераман. Мен бировга муҳтож одам эмасман. Учта ўғилларим бор¸ - деди қўлига таққан соати ижтимоий тармоқларда баҳсларни қўзғатган имом.

"Бадбахт"ларга ултиматум

Анвар Турсунов ўз нутқида фақат ўзи эмас бошқа диний арбоблар ҳам танқид нишони бўлганига ҳам эътибор қаратди.

У ўзининг танқидчиларини "бадбахтлар" деб атади:

- Бу бадбахтлар бунақа гапларни битта менгамас¸ бошқаларга ҳам айтишган. Ҳатто Шайх (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф - Озодлик изоҳи) ҳазратларига ҳам айтишган. Булар бадбахтлардир. Китобини ҳам олиб ўқимагин, дебдия биттаси. Ўшанақа одамларни билсанглар кузатиб юринглар қори акам айтди, деб. Уларни охири хароб бўлади. Албатта, хароб бўлади. Расво бўлиб хор бўлиб ўлади.

"Гўрига сиғмаган" ҳужумчи

Маърузасида давомида Анвар қори Турсунов ўзига уюштирилган суиқасд амали ижрочиси тақдирига ойдинлик киритди.

Анвар қорининг эҳтирос билан таъкидлашича, унинг жонига қасд қилган йигит қамоқда уриб ўлдирилган:

- Менга пичоқ урганлар қамалди 20 йилга. Мен судда айтдим унга. Қашқадарëнинг Қамаши туманидан келган Илҳомов деган бола экан. Мен сенга нима ëмонлик қилдим, дедим. Онаси уни оқ қилди. Саккиз йил бўлди шунга. У бола қамоқда ўлди. Қамоқда овқат талашиб қолган экан. Талашган боласи кучли экан битта урганида ўша менга пичоқ урган боланинг боши иккига бўлиниб кетибди. Кейин менга келиб айтишларича, менга пичоқ урган бола гўрга ҳам сиғмабди. Уч марта гўр қазиб тиқишса ҳам, гўрга сиғмабди¸ - деди Турсунов¸

Айни нутқида Турсунов масжид қавмига мурожаат қилиб, бу гапларни телефонга ëзиб олиб, тарқатишни сўради.

-Ўша бадбахтларнинг¸ менга туҳмат қиладиганларнинг қулоғига етиб борсин¸ - деди Турсунов.

Тармоқни титратган имом соати

Душанба куни Озодлик билан суҳбатда Турсунов жума маърузасида “Соат масаласига изоҳ” беришни ваъда қилган эди:

- Мен айтаман¸ жумада ҳам айтаман. Жумада уларга ўзимни нимамни айтаман. Лекин улар Худодан қўрқишсин. Менинг гапим шу. Шу гапимни етказиб қўйинг. Худодан қўрқишсин. Одам агар мусулмон бўлса¸ Оллоҳ таоло "фатабаййану" деб "Ҳужурот" сурасида айтиб турибди. Мана ҳозир қўлимда турибди. Нечта одамга кўрсатдим. 250 долларга олганман, деди. Мен нимасини ҳам билганим йўқ. Ҳайит куни ҳайитлик, деб берди. Бу ҳеч қанақа унақа соат эмас. Хоҳласанглар¸ келиб қўлимдан олиб кўрсин.

Суиқасддан омон қолган имом

59 ёшли Анвар қори Турсунов Ўзбекистонда энг кўзга кўринган расмий дин уламоларидан ҳисобланади.

2009 йилда Анвар қори суиқасдга нишон бўлган эди.

31 июл тунида уч нафар шахс Анвар қорини ўзининг уйи ташқарисида 9 жойидан пичоқлаган.

Ҳужумчилар воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган. Тошкентда йирик қидирув амалиёти ўтказилган.

Қорига суиқасд юзасидан 70 га яқин одам ҳибсга олинган. Аммо маҳкама ёпиқ бўлган.

Суиқасд буюртмачилари ва жиноят мотивлари ҳақида маълумот берилмаган.

Анвар қори Турсунов 2015 йил ноябрь ойидан бошлаб "Минор" жомеъ масжидида имом-хатиби сифатида ишлаб келади.

Анвар қори Турсунов бунгача Шайхонтоҳур туманидаги "Хожа Аҳрори Валий" масжиди имом-хатиби эди.

Анвар қори Турсунов 1958 йил Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, 1981 йил Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини, 2001 йил Тошкент Ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов 1999 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда. У 1989—1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи ўзбекча таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган.

XS
SM
MD
LG