Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:07

Ўзбекистонда Boeing бошқарадиган учувчилар тайёрлаш бошланди


Ўзбекистон ҳаво йўллари самолëтлари
Ўзбекистон ҳаво йўллари самолëтлари

Тошкентда халқаро стандартлар даражасида граждан авиацияси учувчиларини таëрлайдиган курс иш бошлади. "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси мулозимининг Озодликка айтишича¸ бу курсда авиакомпаниянинг олий техник маълумотга эга бўлган учувчилари қайта тайëрланмоқда.

Мулозимга кўра¸ курс ҳаражатлари "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси тарафидан қопланган.

- Бу курсларни тугатганларга Boeing-757/767 ва А320 учоқларини бошқариш ҳуқуқи берилади. Курсга қабул қилинганларнинг дастлабки гуруҳи тасдиқланди. Курс тўла тарзда икки ойдан кейин иш бошлайди¸ деди компаниянинг ўқув-тренинг маркази мулозими.

Унга кўра¸ шу пайтгача ўзбек учувчилари Россия ва АҚШда малака ошириб келган.

Ўзбекистонлик халқаро тоифадаги учувчи Андрей Литвиновнинг Озодликка айтишича¸ Бош вазир Абдулла Орипов тарафидан имзоланган қарор асосида иш бошлаган бу ўқув даргоҳи нафақат Ўзбекистон¸ балки Марказий Осиë давлатлари учун ҳам мутахассис кадрлар тайëрлаш салоҳиятига эга:

- Тошкентда учувчилар учун техникавий жиҳозлангани бўйича Марказий Осиëда муқобили йўқ ўқув – тренировка маркази базасида бу ўқув даргоҳи очилмоқда. Тошкентдаги ўқув-тренировка маркази совет даврида ҳам малакали мутахассислар қайта таëрланадиган жой эди. Шу кунда бу марказда Boeing учоқлари учун симулятор ишлаяпти. Бу симуляторнинг мавжудлиги ўқув даргоҳининг жиддийлигидан дарак беради¸ дейди Литвинов.

Шу пайтгача ўзбек учувчилари қайта таëргарликдан ўтиб келган Санкт Петербургдаги граждан авиацияси университети проректори Юрий Михальчевскийнинг ëрдамчиси эканлигини айтган, лекин исмини айтмаган ходим ҳам Тошкентдаги ўқув маркази базасида очилаëтган курсларнинг савияси юқори бўлишига ишонч билдирди.

Айни пайтда facebookдаги “Водители Ташкента” гуруҳи юзерлари “Тошкент автошколасини тугатиб права олган ҳайдовчи машина ҳайдай олмагани каби Тошкент учувчилар мактабини тугатганларнинг самолет учиришига ишонмаяпмиз”, дея кесатишди.

Бундан олдин россиялик таниқли комик актер Анна Ардова "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати стюардесса ва учувчиларини ҳажв қилувчи видеороликда суратга тушган эди.

Видеоролик ўзбек учоқ ширкатини "қолоқ ва малакасиз", дея киноя қилади.

Озодлик суҳбатлашган ўзбек учувчиси Бахтиëр Холматов бу кинояни ўринли, деб топмади:

- Тошкентнинг УТО ( ўқув-тренировка бўлими) сини яхши биламан. У ерда ҳеч қачон поблажка (таниш-билишчилик) бўлмаган. Сотиб олиш бўлмаган. Сотиб олиб бўлган билан бу машина эмас, самолет. Уни учириш керак¸ қўндириш керак¸ дея таъкидлаган учувчи Тошкентда очилган янги курслар аҳамиятига ҳам тўхталди:

- Кўп ëш учувчилар чет элларга бориб ўқиб, ўша ерда қолиб кетишмоқда. Билишимча, Тошкентда очилган курсни битирганлар иш шартномаси билан ҳам таъминланар экан. Бу жуда яхши. Миллий кадрлар ўзимизда иш билан таъминланади. Учувчиларни халқаро стандартда ўқишитишга қурбимиз етади. Фақат яна ҳам малакаси кучли ўқитувчиларни жалб қилиш ва иложи борича коррупцияни яқинлаштирмаслик керак, - дейди учувчи.

Шу билан бирга суҳбатдош “халқаро стандартлар даражасида граждан авиацияси учувчиси” деган гапга аниқлик киритди.

- Албатта, бу кукурузник самолётини бошқарадиган учувчидан фарқ қилади. Халқаро тоифадаги учувчи диспетчер билан алоқаларни инглиз тилида олиб боради. Лайнер ичидаги йўловчиларга инглиз тилида мурожаат қилиб, парвоз ҳақида малакали маълумот беради. Энг муҳими, у Ўзбекистон Ҳаво йўллари авиапаркидаги асосий самолётлар Boeing¸ А320¸ RJ каби Ғарбда ишлаб чиқарилган самолетларни бошқара олади¸ дейди ўзбек учувчиси Бахтиëр Холматов.

Яна бир ўзбекистонлик учувчи Андрей Литвинов “93 йиллик тарихга эга ўзбек граждан авиацияси ўз кадрларини ўзи тайëрлай” бошлаганини олқишлади.

- 1924 йилнинг 12 майида Тошкентдан Олмаотага илк пассажир рейси амалга оширилган эди. Ўша пайтда етишиб чиққан ўзбек учувчиси Абдусамад Тайметов 1945 йилда Берлиндан Москвага фашистлар Германияси мағлуб бўлгани ҳақдаги актни келтирган самолетни бошқарган эди. 1996 йили Арслон Рўзматов Boeingни бошқариб, Атлантика океани устидан учган илк ўзбек учувчиси бўлди. Бу самолет Сиэтлда Ўзбекистон учун ясалган эди. Ўзбек авиация мактаби кечаги тажрибани трамплин қилиб юксак профессионал даражага етишига ишонаман¸ дейди учувчи Литвинов.

XS
SM
MD
LG