Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:58

Каримов номидаги аэропортда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш устида иш бошланди


Президент Шавкат Мирзиëевнинг 4 май кунги қарори ​“Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини бериш тўғрисида» деб номланса-да¸ унинг асосий қисми мамлакатнинг марказий ҳаво дарвозаси бўлган Тошкент аэропортида “йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш” йўл-йўриқларига бағишланган.

Қарорда “хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури”ни ишлаб чиқиш учун Махсус комиссия ташкил этиш буюрилди.

Бош вазир Абдулла Арипов раис бўлган бу комиссия таркибига "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, Давлат божхона қўмитаси, МХХ га қарашли Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Ички ва Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги раҳбарлари киритилди.

Аэропортда ҳозирча ҳеч нима ўзгармади¸ бошлиқлар мажлис билан банд

Мазкур комиссия ишига бевосита алоқадор мулозимнинг Озодликка айтишича¸ президент қарори ЎзАда эълон қилиниши билан¸ бу вазирлик ва қўмиталарнинг ҳар бирида ишчи гуруҳи тузилиб¸ улар 4 майнинг ўзидаëқ биринчи йиғинини ўтказган.

“Президент қарори чиқиши билан ишчи гуруҳи тузилди. Бу гуруҳга аэропорт фаолияти билан боғлиқ ҳамма структуралар кирди. Кеча кечки соат 6 да президент қарорида тилга олинган службаларнинг ҳаммаси биринчи мажлисга ўз одамларини юборди. Ҳар бир структура қарорни бажариш бўйича ўз таклиф ва режасини беради¸ кейин умумий режа тузилади. Биринчи вазифа¸ ким¸ нима қилишига оид тадбирлар режасини Кабминга топшириш. Бугун қарор ижросига алоқадор структура раҳбарлари Кабминда йиғилишади. У ерда нима гап бўлишидан келиб чиқиб¸ ҳар бир структура ўз ишини белгилаб олади”¸ деди 5 май куни Озодлик суҳбатлашган бу мулозим.

Тошкент аэропортининг битта қарор чиқариб¸ эртасигаëқ ҳамма ëқни яхшилаш мумкин кичик хўжалик эмаслигини таъкидлаган бу суҳбатдош¸ аэропорт хизматига алоқадор етти структура ишини яхшилашни мувофиқлаштириш тез ва осон бўлмаслигини қўшимча қилди.

Тошкент аэропорти биноси тепасига ёзиладиган ном устида бош қотирмоқдалар

Тошкент аэропорти бошқарувига яқин мулозим бино тепасига пешлавҳа илиш устида бошқотирма бошланганини айтади.

“Аэропортда Ислом Каримов деган ëзув қачон осилиши ҳозирча аниқ эмас. Чунки ҳали номнинг ўзи аниқ эмас. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти дейиладими¸ Ислом Каримов номидаги аэропорт дейиладими¸ ëки Ислом Каримов номидаги Тошкент аэропорти дейиладими¸ буниси номаълум. Бу масалалар устида бош қотирилаяпти. Қарорда бу ҳақда аниқ гап йўқ. Кабмин ҳал қилади буни. Кейин¸ аэропортларни номлаш билан боғлиқ халқаро стандартлар бор¸ аэропорт номларининг кодланиши бор. Буни бугун номлаб¸ эртага ўзгартириб бўлмайди. Олдин жуда кўп нюансларни ҳал қилиб¸ ëзувни кейин осамиз”¸ деди Тошкент аэропорти фаолиятига бевосита алоқадор мулозим.

Божхонадан ўтиш тезлашадими?

Президент қарорида Тошкент “аэропортида замонавий, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига йўловчиларнинг божхона, чегара ва иммиграция тартиботларидан ўтиш вақтини қисқартириш” “устивор вазифа”лардан бири қилиб белгиланган.

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг мазкур қарор ижросига алоқадор расмийси¸ Каримов номи берилган Тошкент аэропортида бу ишни қилиш осон кечмаслигини айтади.

“Биз ҳозир ҳам имкон даражасида ишлаяпмиз. Битта рейс билан¸ дейлик¸ 200 та пасажжир келди. Рейслар кетма-кет келса¸ 1000 таям бўп кетиши мумкин. Жами лентамиз 11 та. Инспектор тезроқ ўтказишга ҳаракат қилади. Йўловчини фалон минутда ўтказ¸ деган норма йўқ¸ бизда. Рейснинг қаердан келганига боғлиқ¸ кимлар келганига боғлиқ.

Биз ўз Кодексимиз¸ ички инструкциялар бўйича ишлаймиз. Ҳаммани тотальний текшириб чиқаргин¸ дегани учун¸ текширамиз. Валюта¸ қимматбаҳо металлар ва бошқа чекловлар борлиги учун¸ бунақа нарсалар бор-йўқлигиниям текширамиз. Ҳозир "яшил коридор" жорий қилиш механизми ишлаб чиқилаяпти. Лекин бу масалада аниқ қарор чиқмагунча¸ "қизил коридор" (ҳаммани ëппасига божхона текширувидан ўтказиш – таҳр.) қандай ишлаган бўлса¸ шундай ишлайди”¸ деди Божхона қўмитаси мутасаддиси.

“Ислом Каримов аэропортидан кўп нарса кутманглар”

Президент қарорига муносабат билдирган мулозимлар Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда йўловчиларга халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатиш вазифасини Тошкентда қурилаëтган янги аэропорт ишга тушмагунча уддалаб бўлмаслигини эътироф қилдилар.

“Ҳозирги аэропорт майдони чекланган. Айниқса¸ келаëтган йўловчиларни тез ва сифатли қабул қилишга ҳудуд тор. Чегарачи¸ божхоначиларни кўпайтирган билан¸ юклар айланадиган ленталар¸ таможенний ленталар сонини кўпайтириш¸ кузатувчиларга нормал шароит қилиб беришга жой йўқку! Бу муаммоларни 2-3 йил ичида ишга тушадиган янги аэропорт ҳал қилади. Унгача кўп нарса ўзгармайди”¸ деди хусусан божхоначилар вакили.

Президент Мирзиëев жорий йилнинг 10 февраль куни чиқарган қарори билан Тошкент-4 янги халқаро аэропорти қурилишига оид инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини тасдиқлаган эди.

2019 йилгача битказилиши белгиланган бу лойиҳани «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси амалга оширади¸ уни Халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлиги ва Корея Эксимбанки молиялайди.

Умумий майдони Ислом Каримов номи берилган ҳозирги аэропортдан икки баравар катта¸ йўловчиларга хизмат кўрсатиш ҳудуди¸ ҳозиргисидан уч марта катта бўлган 4 қаватлик янги аэропортда 36 та самолëт учун перрон¸ бир соатда 1¸5 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкони бўлади.

“Йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш муаммоси ана шу янги аэропорт битса¸ ҳал бўлади. У ерда ишлайдиган паспорт текширувчилар¸ божхона ва бошқа хизматчилар яхшилаб танлаб олинади. "Яшил коридор" ҳам шу аэропортда бўлади. Фақат хорижий туристлар эмас¸ ўзизмизникиларга ҳам "яшил коридор" берилиши мумкин (ëппа божхона текшируви олиб ташланиши назарда тутилмоқда – таҳр.) Унгача аэропортдагилар қўполлик қилса¸ қонунни бузса¸ ишонч телефони¸ виртуал қабулхонага ëзиб туришсин¸ аэропорт хизматчилари билан тушунтириш ишлари¸ профилактика олиб борамиз”¸ деди Ислом Каримов номи берилган Тошкент аэропортидаги хизматларга бевосита алоқадор мулозим.

XS
SM
MD
LG