Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:46

Блэкаут: Ўзбекистон энергетик коллапсга тайёр эмас - таҳлилчилар


25 январь куни Ўзбекистон энерготизимида юз берган “йирик носозлик” деярли бутун мамлакатни бир неча соат давомида электрсиз қолдирди.

“Блэкаут” Марказий Осиёнинг Ягона электр тармоғига уланган қўшни давлатлар - Қозоғистон ва Қирғизистоннинг йирик шаҳарларида ҳам кузатилди. Миллионлаб аҳоли электр энергиясисиз қолди.

Тошкентда метро тўхтаб қолди, чорраҳаларда светофорлар ишламади, аэропорт фаолияти издан чиқди. Фавқулодда хизматлар Амирсой тоғ-чанғи курортидаги арқон йўли ҳамда Тошкентда лифтларда қолиб кетган фуқароларни қутқарди, аҳолини ваҳимага берилмаслик ҳақида огоҳлантирди. Мамлакат бўйлаб йирик корхоналар, жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги 64 та кон фаолиятини вақтинча тўхтатгани хабар қилинди.

Қирғизистон ва Қозоғистон бир неча соат ичида электр таъминоти тўлиқ қайта тикланганини эълон қиларкан, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маҳаллий вақт билан 21:50 ҳолатига мамлакатда электр энергияси таъминоти 45 фоизга тикланганини билдирди.

Расмийлар электр таъминотидаги йирик узилишларнинг иқтисодиётга келтирган зарари ҳисоблаб чиқилишини айтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев вазиятни назоратга олгани билдирилди. Энергетика таъминотидаги носозлик сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон узилишларда бир-бирини айблади

Айни пайтда минтақанинг катта қисмини электрсиз қолдирган энерготизимдаги авария сабаблари борасида Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетиклари илгари сурган расмий фаразлар бир-биридан фарқ қилди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги аввалига электр узилишига Қозоғистон электр тармоғидаги авария сабаб бўлганини айтди, кейинги баёнотларда “Қозоғистон” сўзи “Марказий Осиё ягона электр тармоғи” деб ўзгартирилди.

“Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи Қозоғистондан келаётган 530 линияда кучланиш ва частотанинг кескин ўзгаришига олиб келган авария натижасида шикастланган”, — дейилади вазирлик баёнотида.

Қозоғистон томони эса узилишларга Марказий Осиё Ягона электр тармоғининг жанубий қисми - Ўзбекистон ва Қирғизистондаги "мувозанатсизлик" сабаб бўлганини айтмоқда.

Қозоғистоннинг KEGOC энергетика ширкати баёнотида “Марказий Осиё энергетика тизимининг Ўзбекистон ва Қирғизистон қисмидаги “жиддий фавқулодда мувозанатсизлик” туфайли узилиш бўлгани айтилади.

КЕГОC маълумотига кўра, бундан аввал ҳам Марказий Осиё тармоғида электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш мутаносиблиги бузилиши сабаб 500 кВ кучланишли “Шимол-Жануб” алоқа линияларининг авариявий тўхтаб қолиши бир неча марта рўй берган.

Қозоғистонлик энергетика соҳаси эксперти, KEGOC собиқ раҳбари Асет Науризбаев Науризбоевнинг “Тангриньюс” нашрига билдиришича, Ўзбекистондаги муаммолар туфайли Қозоғистон жанубидаги шаҳарларда электр энергияси биринчи марта узилаётгани йўқ. Олдин ҳам икки марта шунга ўхшаш узилишлар бўлган.

Ўтган йил январь ойида Ўзбекистонда Мирзиёев президентлиги даврида қурилган Талимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблок ишдан чиққани сабабли Қашқадарё вилоятининг саккиз тумани электрсиз қолганди.

Ўшанда ҳам Марказий Осиё электр халқасидаги Қозоғистон ва Қирғизистоннинг айрим ҳудудларида электр тизимида вақтинча узилишлар кузатилган.

2021 йил 5 январида юз берган ҳодиса ортидан Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари электр энергияси таъминоти ярим соат ичида қайта тикланганини айтишган, Ўзбекистонда ҳалокат оқибатларини бартараф этиш 6 январь куни ҳам давом этган.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонни бирлаштирувчи электр халқаси

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ягона энергетика ҳалқасида бирлашган.

Ягона энергия тизими лойиҳаси Совет даврида ишлаб чиқилган бўлиб, СССР парчаланганидан кейин интеграция 1997 йилдаги махсус келишув билан тижорий алоқалар асосида расмийлаштирилди.

Дастлабки босқичда Туркманистон ва Тожикистон ҳам интеграция таркибида эди. Мураккаб тизим бешта давлатнинг 83 та электр станциясини бирлаштирган.

Мутахассиларнинг тушунтиришича, Маркаий Осиё Бирлашган энергетика тизими шундай тузилганки, агар бирор энергия тугуни ўчириладиган бўлса, бошқа жойларда электр энергияси узилишлари содир бўлади.

Тизим Тошкентдаги Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилади.

Бироқ,мутахассисларга кўра, ўзаро келишувларга қарамай, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳақиқий ва ўзаро манфаатли бўлмаган.

Қозоғистонлик баъзи таҳлилчилар фикрича, иштирокчи давлатлар томонидан фақат ўз эҳтиёжларини қондиришга бир неча бор уринишлар қилинган, шу билан бирга, ушбу ҳаракатлар тизимли авариялар ва диспетчерлик режимларининг бузилишига олиб келган.

Ўз ташқи сиёсатида бетарафлик йўлини танлаган Туркманистон электрга бўлган эҳтиёжини ўзи қондиришга қарор қилиб, 2003 йилда ягона тизимдан чиққан эди. Кейинчалик Тожикистон ҳам тизимни тарк этди.

Минтақанинг энг йирик энерготизимига эга Ўзбекистон ҳам 2009 йилда ягона энергетика тизимидан чиққан. Ўшанда бу қарор сиёсий ва расмий Тошкентнинг Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳасидан норозилиги билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, 2016 йилда Ўзбекистон тизимга қайта қўшилди.

Ҳозирги вақтда Қозоғистоннинг Ягона электр тармоғи Россия ва Марказий Осиёнинг ягона энергия тизими билан параллел равишда ишлайди.

Ўтган ой Москвада бўлиб ўтган Евросиё конгрессида Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир унинг мамлакати 2022-2023-йилларда ягона “энергетика ҳалқаси”га қайтишни режалаштираётганини айтган.

"Коллапсга тайёр эмас"

Иқтисодчи блогер Отабек Бакировнинг ёзишича, 25 январь куни Ўзбекистонда юз берган блэкаут мамлакатнинг стратегик иншоотлари энертегик коллапсга тайёр эмаслигини кўрсатган.

"...аэропортларимиз энергетик коллапсга тайёр эмаслигини билиб олдик. Метрополитен тизими ҳам. Энергетика тизимини ишдан чиқариб алоқада ҳам осонгина муаммолар яратиш мумкинлигини ҳис этдик. Булар энг стратегик объектлар.

Бошқача айтганда, ҳар бир хато, агар бундан тўғри хулосалар чиқарилса, жудаям қадрли. Келажакдаги хатоларнинг олдини олади ёки минималлаштиради", деб ёзди иқтисодчи ўзининг Телеграм-каналида.

Лондонда яшовчи ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов фикрича, Марказий Осиёдаги ягона халқа электр манбааларидан рационал фойдаланишда қўл келади, аммо 25 январь кунги блэкаут тизимнинг шаффоф эмаслигини кўрсатмоқда.

“Ягона электр тизим ғояси яхши. Электр манбааларидан рационал фойдаланиш имконини беради. Бугунги блэкаут эса тизим камчилигини кўрсатди. Биринчи навбатда огоҳлантириш тизимининг йўқлиги, муаммо туғилган пайтда ўзаро ахборот алмашиш тизимининг йўқлигини назарда тутяпман. Ҳозир Қозоғистон Ўзбекистонни айби билан бўлди, деяпти, Ўзбекистон Қозоғистонда авария бўлган, дейди. Тизим шаффоф эмасдек. Давлатлараро умумий назорат тизими йўқ. Ҳозир қаердадир авария бўлса, учала давлат ҳам жабр кўряпти, низоли вазият келиб чиқмоқда”, - дейди Алишер Илҳомов.

Таҳлилчи фикрича, томонлар ҳозирги вазиятда умумий электр тизимидан чиқишни эмас, уни такомиллаштириш, ишлаш тизимини шаффоф қилиш, ахборот алмашиш тизимини йўлга қўйиш ҳақида ўйлаши керак.

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН: Совуқ ва чироқсиз қолган шифохоналар...
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:23 0:00

Мутахассислар Марказий Осиёда совет даврида барпо этилган энергетика инфратузилмаси эскиргани, ўтган ўттиз йилда минтақада давлатлари инфратузилмага етарли сармоя киритмаганини айтишади.

Деярли барча электр станциялари Совет Иттифоқи даврида, айримлари Совет Иттифоқи парчаланишидан анча олдин қурилган.

2020 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов СССР замонидан кейин Ўзбекистон энергетика тизими "ҳам маънан ва ҳам жисмонан эскиргани"ни айтган эди.

XS
SM
MD
LG