Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

Ўзбекистон Марказий Осиё энерготизимидаги заиф халқа бўлиб қолмоқда


Тўрақўрғон ИЭС. Фотосурат Энергетика вазирлигидан олинди.
Тўрақўрғон ИЭС. Фотосурат Энергетика вазирлигидан олинди.

Қозоғистон ва Қирғизистон ўз ҳудудида электр энергияси таъминотида 5 январь куни юз берган узилишни Ўзбекистон энергия тизимидаги носозликлар билан изоҳлади.

“Ўзбекэнерго”га кўра эса, “Марказий Осиё ягона энергетика тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар сабабли аварияга қарши автоматика ишлаган”.

Электр станциялари ҳамда энергоинфраструктурасининг эскилигидан ташқари, мутахассислар фикрича, Ўзбекистон энергетикасининг яна бир заиф жиҳати бор.

Икки қўшнининг бир хил баёноти

Қозоғистон электр тармоқларини бошқарувчи компания (KEGOC) 5 январь кунги узилиш юзасидан баёнотини “Қозоғистон жанубида электр энергиясининг узилиши Ўзбекистон энерготизимидаги носозликлар оқибатида содир бўлди” деган сарлавҳа остида эълон қилди:

Худди шунга ўхшаш сарлавҳа остида “Қирғизистон миллий электр тармоғи” холдинги 6 январда баёнот берди.

Қозоғистон ўз ҳудудида рўй берган узилишларни Ўзбекистоннинг Таллимаржон ГРЭСида 450 мегаваттли икки ускунанинг ўчиб қолгани ва бошқа станцияларда энергия ишлаб чиқариш кўлами пасайгани билан изоҳлаган.

Қирғизистон томонининг хабар қилишича, Ўзбекистон энерготизимидаги носозликлар оқибатида Қирғизистоннинг баъзи минтақаларида содир бўлган узилиш ярим соатга етиб-етмай бартараф этилган.

KEGOCнинг хабар қилишича, Қозоғистоннинг жанубида содир бўлган электр таъминотидаги узилиш ярим соат ичида бартараф этилиб, барча чекловлар бекор қилинган.

Электр энергетикаси бўйича қирғизистонлик мутахассис Қарипбек Алимқулов 5 январь кунги воқеани мана бундай тушунтирди:

“Қозоғистоннинг энерготизими Россия энерготизими билан боғланган. Кейинги кунларда ҳаво кескин совиб кетиши оқибатида энергия тизимига тушадиган юк ҳажми каттайиб кетган. Бу ҳолат, айниқса, Ўзбекистонда кучли сезилган. Шундан келиб чиқиб, афтидан, қозоқлар ўзларининг шимолий электр халқасидан жанубни узиб қўйган ва Қозоғистон-Ўзбекистон туташмаси қолган. Ва шу пайтда автоматик ҳимоя ишга тушган. Оқибатда Қирғизистоннинг ҳам шимолий ҳудудларида узилиш рўй берди. Бироқ бир неча ўн дақиқа ичида таъминот Қозоғистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам яна тикланди”.

Айни пайтда Ўзбекистонда...

Озодликка келаётган хабарлардан ҳам, ижтимоий тармоқлардаги ахборот оқимидан ҳам электр таъминотидаги чекловлар сақланиб қолаётганини кузатиш мумкин.

Қашқадарё вилоят, Китоб туман ҳокими Алишер Зокиров куни кеча қилган баёнот эса, вазиятнинг ўта жиддийлигидан дарак беради. Ҳоким туман аҳолисига қилган мурожаатида бир неча кундан буён туманда электр таъминотида узилишлар бўлаётганини, ҳокимият биносида ҳам электр йўқлигини тан олган.

Китоб ҳокими ўз баёнотида Энергетика вазирлиги баёнотини келтирган:

Вазирлик узилишларни “Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар сабабли аварияга қарши автоматика ишлаган”и билан изоҳлаган.

Энергетик қурилмаларга шикаст етмаслик учун ускунанинг технологик ҳимояси автоматик равишда ишлаган ва айрим электр станциялардаги энергоблоклар ўчирилган.

Хусусан:
Тўрақўрғон ИЭСда қуввати 750 МВт дан 500 МВт гача,
Тахиатош ИЭСда 280 МВт дан 150 МВт гача,
Навоий ИЭСда 450 МВт дан 230 МВт гача,
Тошкент ИЭСда 370 МВт дан 180 МВт гача қувват камайган,

Шунингдек, Талимаржон ИЭСнинг умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита БГҚлари ҳам ўчирилган. Бунинг натижасида республикамизнинг бир қанча туманларида автоматик равишда чекловлар киритилди”, дейилган Энергетика вазирлиги баёнотида.

Эскирган станциялар, эскирган инфраструктура

5 январь куни “автомат ташлаб юборгунга” қадар ҳам электр таъминотидаги узилишлар йиллар давомида сурункали бўлиб келганини кўрсатувчи хабарлар Озодлик архивида жуда кўп. Ва бу узилишлар нафақат энергия генерацияси кўлами пастлиги (Президент Мирзиёев “электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори” эканлигини тан олган эди ), балки энергетика инфраструктурасининг эскиргани ҳам оқибатидир.

Озодликка 7 январда Фарғона вилоят, Учкўприк туман, Мерган МФЙ, Тепақўрғон қишлоғидан келган хатда:

“Бизнинг қишлоқда 200 дан ортиқ хонадон яшаймиз. Қиш келди дегунча трансформаторимиз ёниб кетади. Ҳар қишда пул йиғиб, ремонт қиламиз. Трансформаторимиз 1960 йилда 60 та хонаданга мўлжаллаб ўрнатилган экан. Шуни каттароғига алмаштириб беринглар деб, 10 йилдан буён ҳокимиятга ариза билан мурожаат қиламиз, лекин фойдаси йўқ...”, дейилади.

Бу чекка қишлоқлардан биридаги аҳвол бўлса, тошкентлик журналист, экологик муаммолар билан фаол шуғулланиб келаётган Абу-Али Ниёзматовнинг айтишича, мамлакат пойтахтида шаҳар маъмурлари эскирган инфраструктурага янги ва янги юкларни ортмоқда.

“Тошкентда энергетика инфраструкутасининг камида 80 фоизи Совет давридан буён алмаштирилмаган, деб ҳисоблайман. Мана шундай вазиятда шаҳар ҳокимлиги шаҳарни “шиббалаш” билан шуғулланмоқда. Яъни янги уйларни шу пайтгача шаклланиб бўлган кварталлар ичида қуришга рухсат беряпти. Уйлар болалар учун, спорт ўйинлари учун ажратилган майдонларда ёки бўш қолдирилган жойларда қуриляпти. Лекин у жойлар шунчаки бўш қолдирилган эмас, дарахт экилган бу жойларнинг ҳам ўз вазифаси бор – улар борлиги учун ҳаво айланади. Хуллас, бу янги уйлар эскирган, чарчаган энергоинфраструктурага юк бўлиб тушяпти”.

Заиф халқа?

Электр таъминотида 5 январда содир бўлган узилишни Қозоғистон ва Қирғизистон, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, ярим соат атрофида қайта тиклаб олгани, Ўзбекистондаги электр станцияларининг эскирганлик даражаси, президент Мирзиёев айтганидек, 50 фоиздан ортиқ экани ҳамда энергоинфраструктуранинг эскириб кетганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистонни Марказий Осиё энерготизимидаги заиф халқа дейиш мумкинми?

Бу саволга электр энергетикаси бўйича қирғизистонлик мутахассис Қарипбек Алимкулов бундай жавоб берди:

“Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 95 фоизи иссиқлик электр станцияларига тўғри келади. Бу станцияларда, гидроэлектрстанциялардан фарқли ўлароқ, энергия тизимига ортиқча юк тушганда электр токи частотасини мувозанатлашнинг иложи йўқ. Менимча, Ўзбекистон электр энергетикасининг заиф томони шунда”.

2019 йил ноябрида Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида президент Мирзиёев қўшниларни энергетика соҳасида яқин ҳамкорликка чақирганди.

У энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш, замонавий энергетика инфратузилмасини яратиш борасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини айтган.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда электр тақчиллиги бундан 10 йил муқаддам Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энергетика тизимидан чиқиб кетганидан сўнг бошланган.

Марказий Осиё ягона энергетика тизими 1998 йилда яратилиб, параллел" равишда ишлашга мўлжалланган.Параллел тизим қиш мавсумида Марказий Осиёнинг бир мамлакатида узилиш бўлса, электр тақчиллиги қўшни мамлакат ҳисобидан тўлдиришни назарда тутарди.

Аммо Марказий Осиёда сув тақчиллиги юзага келиши ортидан, параллел тизимга аъзо давлатлар ўртасида электр энергияси таъминотида зиддиятлар ўртага чиқа бошлади.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистоннинг ягона тизимдан чиқиш қарори ортида сиёсий сабаблар бўлган.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистон қўшнилар билан икки томонлама энергетика ҳамкорлигини қайта тиклаган, хусусан, Қирғизистонга Қозоғистон орқали яна электр энергияси экспорт қилина бошлаган. Аммо таҳлилчиларга кўра, минтақадаги ягона энергетика ҳалқасини тиклаш масаласи кун тартибида эмас.

P.S. Мақола эълон қилинган куннинг эртаси - 8 январда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати қуйидаги хабарни эълон қилди:

Талимаржон ИЭСнинг 2 та буғ-газ қурилмаларида тўхтатилиш юзага келди. Энергетика вазири бошчилигидаги мутахассислар зудлик билан мазкур станцияга учиб кетди

Бугун 8 январь куни соат 10:27да ва 10:31да Талимаржон ИЭСнинг 2- ва 3- буғ-газ қурилмаларида (жами 900 МВт қувват) энергоблок технологик ҳимоясининг ишлаши натижасида ушбу БГҚлари фаолияти тўхтатилган.

Бунинг натижасида, республиканинг айрим ҳудудлари бўйлаб электр энергияси таъминотида умумий 446 МВт қувватда чеклов киритилмоқда.

Энергетика вазири Алишер Султанов бошчилигидаги мутахассислар зудлик билан мазкур станцияга учиб кетди.

Ҳозирги вақтда юзага келган тўхтатилиш сабаблари аниқланмоқда.

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

XS
SM
MD
LG