Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:32

Мобилизация: “Путин учун жанг қилмоқчи эмасман”- қочаётган россияликларнинг ҳикоялари


Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Жайсан чегара ўтиш нуқтасида қозоғистонликлар кўнгиллилар россияликларга кўмаклашмоқда. 28 сентябрь, 2022
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Жайсан чегара ўтиш нуқтасида қозоғистонликлар кўнгиллилар россияликларга кўмаклашмоқда. 28 сентябрь, 2022

Қозоғистоннинг Ақтўбе ҳамда Россиянинг Оренбург вилоятлари ўртасидаги чегарада назорат-ўтиш масканлари кучайтирилган тартибда ишламоқда. Кремль сафарбарлик эълон қилган 21 сентябрдан бери Ақтўбе вилоятига қарийб 23 минг россиялик ўтди. Хусусан, “Жайсан” масканида узун навбат ҳосил бўлган. Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири бир кунни чегарада ўтказиб, у ердаги аҳволни ўз кўзи билан кўрди.

“Жанг қилишни истамаймиз”

“Жайсан” масканига қуролли соқчилар қўйилган: аскарлар Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг чегарага ёпирилган одамлар оқимини кузатиб туришади. Ақтўбедан Оренбургга ўтишда ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо Оренбург вилоятидан Қозоғистон тупроғига кириш жуда қийин бўлиб қолган. Одамлар издиҳомда суткалаб навбат кутиб қолишмоқда.

Россияликлар чегарани пиёда, машина ёки автобусларда кесиб ўтишяпти. Кўпчилиги руҳсиз, маъюс кўринади, атрофга ҳадиксираб қарайди ва бегоналар билан гаплашишдан ўзларини олиб қочади. Соатлаб навбат кутишдан толиққан россияликлар оғир рюкзак ва сумкаларни қийналиб кўтаришади.

Анна Михайлова эри билан бирга Нижегородск вилоятининг Княгинино шаҳридан келаётган экан. Ўз машиналарида минг километрдан зиёд йўл босиб Оренбургга етиб келишибди. Эр-хотин чегарадан ўтиб олиш узоқ йўл юришдан ҳам оғир бўлганини айтади. Анна “Россия томонда автомобиллар издиҳоми камида 15 чақиримга чўзилиб кетган”, дейди.

Аёл университетда дарс берган, эри Алексей Михайлов эса “Ростелеком”да инженер бўлиб ишлаган экан. Улар “қисман” сафарбарликдан қочиб келаётганларини яширмайдилар. Бошланғич синфларда ўқийдиган икки қизалоқларини Россияда ота-оналарига ташлаб келишибди.

“Эримнинг ҳарбий гувоҳномасига “алоқачи” деб ёзилган. Уни чақиришлари аниқ. Биз эса Украина билан урушишни истамаймиз. Одам ўлдиришни хоҳламаймиз. “Махсус амалиёт”га қаршимиз. Қримни тортиб олишганида ҳам қарши бўлганмиз. Лекин кичик ва овлоқ шаҳарчада қўлимиздан ҳеч нима келмасди, жуда кўпчилик бу машъум урушни қўллайди. Пропаганда мияларини обдон ювган. Нижегородск ҳарбий комиссариати тунда комиссарларини жўнатди, улар соат иккида чақирув қоғозларини тарқатишди, эрталаб саккизда эса одамларни йиғинга олиб кетишди”, дейди Анна Михайлова.

Мобилизация. Миналар майдонига олиб борувчи йўл
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:24 0:00

Эр-хотин қайси шаҳардан қўним топишни билмайди. Ақтўбеда вақтинча – атиги бир неча кунга тўхташган.

Улар миниб келган эски “Жигули”нинг олдинги панелида жажжи православ иконалари кўринади. Анна сўнгги кунларда бир пайтлар онаси ёдлатган дуоларни тез-тез ўқиётганини айтади.

“Унчалик художўй эмасман. Чунки бизда черков ўта сиёсийлаштирилган. Руҳонийлар ҳукумат йўриғидан чиқмайди. Кичикроқ шаҳарларда, марказдан узоқда одамшаванда руҳонийлар топилиши мумкин, лекин катта шаҳарлар черковларида ваъз имон-эътиқод ҳақида бўлмайди”, дея давом этади аёл.

Кўп россияликлар бунақа очилиб гаплашишмайди. Айниқса, журналистларга рўйхушлик беришмайди. Суҳбатга рози бўлишса ҳам, ҳар битта сўзни ўйлаб гапиришади. Аксарияти Украинадаги “референдумлар” ва “қисман” сафарбарликка доир саволларга жавоб беришни хоҳламайди.

Ёшлар ва катталар

Хотин-бола-чақасиз келган катта ёшли эркаклар вазият ўнгланганидан кейин уйга қайтишдан умид қилаётганларини айтадилар. Ўшангача улар Қозоғистоннинг чегараолди шаҳарларида яшаб туришмоқчи ёки Олмаота ва Астанага кетишмоқчи.

Чегарада такси кутиб турган петербурглик ўрта яшар Андрей ўзини хоин деб билмайди. Россиянинг баъзи юқори мартабали мулозимлари эркаклар ёппасига чет элга жўнай бошлаганидан сўнг мамлакат “халқ билан бирга бўлишни истамайдиганлар”дан тозаланаётганини айтган эди.

“Путинни деб жанг қилишни хоҳламайман, шунинг учун ҳам мамлакатни тарк этдим. Ватанимни сотмайман! Ҳеч қачон сотмаганман. Ҳадемай вазият ўзгаради, Россия қайтишдан умидворман”, дейди Андрей.

Анна Михайлова Нижегород вилоятининг Княгинино шаҳридан келган.
Анна Михайлова Нижегород вилоятининг Княгинино шаҳридан келган.

Кўп ёшлар узоқ хорижга жўнаб кетишни ўйлаб юришибди.

Чунончи, ростов-донлик Никита Сербияга бормоқчи. У – компьютер дастурчиси; айтишича, Сербияда ахборот технологиялари соҳасида иш топиш қийин эмас экан.

“Менинг ўз режаларим бор, Россияда уларни амалга ошириб бўлмайди. Вазиятга қараганда мамлакат темир пардалар ортига бекиниб оладиганга ўхшайди”, дейди Никита.

Унга адаш бошқа бир россиялик эса Қозоғистонга бу мамлакат билан “танишиш учун” келганини айтади.

“Мен аллақандай шовинист эмасман, бу ерга ўз қоидаларимни тиқиштириш учун келганим йўқ, – урғулайди Никита. – Бу мамлакатни, унинг халқини яқиндан танишни хоҳлайман. Менимча, келаётганларнинг кўпчилиги ўзига тўқ одамлар, улар бу ерда бизнес очишлари мумкин. Орамизда масофадан ишлайдиганлар ҳам бор, уларнинг бировга зарари тегмайди”.

Москвалик Тимур Таиландга учиб кетиш ниятида. Айтишича, у алкоголли ичимликлар бизнесида яхшигина тажриба орттирган. Россияда сафарбарлик эълон қилинган куннинг эртасигаёқ у машинада Қозоғистонга келибди.

“Чақирув қоғози олганим йўқ. Лекин, бир-икки кун кутганимда албатта чақиришарди. Чунки муддатли хизматни ўтаганман, ҳарбий тоифам бор”, дейди у.

“Болаларим етимликда катта бўлишини истамайман”

Айримлар Россия сафарбарликдан бўйин товлаганларни қидирувга берса, Қозоғистон ҳукумати биринчи галда чегарага яқин туманларга жойлашганларни қайтариб юборади, деб хавотирланиб юришибди. Шу боис улар чегарадан мумкин қадар узоқроққа кетишмоқчи.

Москвадан эри ва фарзандлари билан қочиб келаётган Елена аллақачон қарор қилган – улар Бишкекка боришади. Биз у билан ғилдираги пучайиб қолган машина ёнида суҳбатлашдик. Эри ғилдиракни алмаштиргунича у олти яшар Матвей ҳамда тўрт яшар Гордейни чеккада ўйнатиб турди.

“Эрим иккимиз врачмиз, икковимизда ҳам ҳарбий мажбурият бор. Қўл қовуштириб ўтирганимизда аввал эримни, кейин мени урушга олишарди. Болаларим етимликда ўсишини истамаганимиз учун Россияни тарк этдик. Москвада тиббиёт ходимлари аллақачон чақириляпти. Икки боласи ва синглисини ёлғиз вояга етказаётган бир кардиолог аёлни танийман: ҳатто шуни урушга жўнатишди. Буни хотиржам кузатиб ўтириб бўладими?” дейди Елена.

Аммо жўнаб кетишлари осон бўлмапти. Таниш-билишлари уларни ниятидан қайтаришга уринишибди.

“Бегона юртларда сиғинди бўласизлар, ҳамма сизларга қўлини бигиз қилиб кўрсатади, “сотқин” деб хўрлайди, деганлар ҳам бўлди. Бироқ биз болаларимиз келажаги ҳақида қайғуришимиз керак. Улар йўл бўйи ўйнаб, ашула айтиб келишяпти. Уларга термулар эканман ўзимни асло “Ватан хоини” деб ҳисобламайман”, ҳикоясида давом этади аёл.

Мигрантлар орасида ҳомиладор, ёш болали аёллар ҳам бор. Оналар чегарада соатлаб навбат кутишганида болалари очлик ва совуқдан қийналгани ҳақида сўзлашар экан, ўзларини йиғидан тия олмайдилар.

Чегара яқинида киракашлар кўп. Чегара масканидан Ақтўбегача фалон пул. Сафарбарликдан қочиб келаётган россияликларга маҳаллий волонтёрлар ёрдам беришмоқда. Бир неча ташкилот вилоят марказидаги сайёҳлик агентлиги офисини штабга айлантирган. Волонтёрлар бўш ётган офис ва ётоқхоналарни россияликларга вақтинчалик бошпана қилиб беришмоқчи. Агентлик менежери Шолпан Есалиевага кўра, айни пайтда Ақтўбе меҳмонхоналарида жой йўқ, бўш ижара хонадонлар ҳам қолмаган. Ақтўбедан бошқа шаҳарларга поезд ва учоқ чипталари аллақачон сотиб бўлинган.

Ақтўбе шаҳри аҳолига хизмат кўрсатиш марказида ва миграция бўлимида тумонат одам. Ваколатли идоралар Россиядан келган одамлар сони ҳақида истар-истамас маълумот беради. Ва бу маълумотлар соат сайин ўзгаряпти.

Ақтўбе вилояти акимати расмий қайдларига кўра, 22 – 28 сентябрь кунлари Оренбург вилоятидан бу ерга 17 778 нафар эркак ва 4 867 нафар аёл келган. Ёш болалар сони маълумотларда кўрсатилмаяпти.

Форум

XS
SM
MD
LG