Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:36

“Бор-будимизни сотамиз”. Қочаётган россияликларнинг келажак учун режалари


30 сентябрь куни Финляндия россияликлар сайёҳларга ўз чегараларини ёпди. Аввалроқ Литва, Латвия ва Эстония ҳам шунақа чекловларни жорий этганди. Сафарбарликдан қочаётган россияликларга энди қуруқликдаги йўналишлардан фақат Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Монголия қоляпти. Хитой ҳам бор, лекин бу мамлакатга кириш учун бир тўп ҳужжат керак бўлади.

“Настояшчее время” телеканали Украинага қарши урушда қатнашишни ахлоқи қабул қилмагани учун ватанини тарк этган уч россиялик билан суҳбатлашди. Лойиҳа менежери мутахассислигига эга Антон ҳозир Грузияда, қутб тадқиқотчиси, “Рус география жамияти” аъзоси Никита – Финляндияда, тадбиркор Александр эса Черногорияда.

“Биз ватанимизни ҳимоя қилаётганимиз йўқ, биз ўз қўшниларимизга, биродарларимизга ҳужум қиляпмиз, бировларнинг ерларини ва бизга мутлақо керак бўлмаган ҳудудларни босиб олмоқчимиз”, дейди Александр.

“Ибтидоий жамиятга тушиб қолишни истамасак, урушни тўхтатиш керак. Ҳар қанақасига қарасангиз ҳам бу ўлим, қотиллик ва мусибатдан бошқа нарса эмас”, дейди ишонч билан Антон Горбацевич.

“Мен армияда муддатли ҳарбий хизматни ўтаганман, ёшим 35 да, демак биринчи тоифага кираман. Боз устига Чеченистондаги ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиси деган гувоҳномам ҳам бор. Мен биринчилардан бўлиб урушгажўнаб кетишим керак эди”, дейди ўз ҳикоясида Никита Кириллов.

Никита сафарбарлик эълон қилинганидан кейиноқ Россия-Финляндия чегарасига йўл олган экан. Бироқ сайёҳлик визаси Евроиттифоқда яшаб қолиш ва ишлаш имконини бермайди. Сафарбарликдан қочган россияликнинг ЕИда яшаш рухсатномаси ёки ишга таклифномаси бўлмаса, қонуний қолишнинг энг мақбул йўли бу – бошпана сўраб ариза бериш.

“Полицияга таслим бўлиб, кутиш керак (илгари тўрт ой кутиларди, ҳозир камида ярим йилга чўзиларкан). Қочқин мақомини олиш учун ариза ёзсангиз, финлар қайтаришмайди, қабул қилишади, уй-жой топиб беришади. Бошпана, озиқ-овқат, қандайдир нафақа ва чойпули оласиз. Суҳбатга чақиришгунича Финляндияда мутлақо хавфсиз яшаб туриш мумкин”, дейди у.

Финляндиядан кўра Черногорияга кириш осон. Бу мамлакат россияликлардан виза сўрамайди. Визасиз у ерда бир ойгача қолиш мумкин. Бу вақт ичида виза ололмасангиз, бир кунга қўшни Сербия ёки Албанияга ўтиб, яна қайтасиз. Александр билан хотини Черногорияда янги бизнес бошлашмоқчи: “Бу ерда кичикроқ бизнесни бошлаш учун бор-будимизни сотамиз, бошқа бирон чорасини топамиз, ҳаракат қиламиз. Бирон нима ўйлаб топамиз, қўрқмаймиз. Тўғрироғи, қўрқамизу лекин бу ҳозир Россияга қайтишдан кўра минг карра яхши”.

Сафарбарликдан қочганларнинг катта оқимини қабул қилаётган мамлакатлардан бири – Грузия. У ерда визасиз, фақат Россия “загранпаспорти” билан бир йилгача қолса бўлади. Кейин эса яшаш учун рухсатнома сўраш ёки мамлакатда бўлиш вақтини ҳисобловчи “счётчик”ни нулга тушириш учун чегарадан ўтиб, яна қайтиб кириш керак. Бироқ Грузияда энг мушкул иш – бошпана топиш. Эмиграциянинг биринчи тўлқини уй-жой ижараси бозорига қаттиқ таъсир қилди: уруш бошланган илк кунлардаёқ Тбилисига жуда кўп украиналиклар ва россияликлар кўчиб кела бошлаган эди. Ҳозирда квартираларни бир ёки бир неча кунга ижарага олиш айниқса қиммат. Лекин пойтахтдан чеккароқда арзонроқ уй топса бўлади.

“Мен бирйўла Тбилисига борганим йўқ, Степанцминдда бир оз мизғиб олмоқчи бўлдим. Чунки бир сутка ухламагандим. Йўлда бир неча ҳамроҳ орттирган эдим, ҳар биримиз минг рублдан ташладик. Демоқчиманки, Степанцминдда нарх-наво ҳеч ҳам қиммат эмас”, дейди Антон Горбацевич.

Мобилизация. Миналар майдонига олиб борувчи йўл
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:24 0:00

Сафарбарликдан қочаётганлар АҚШда бошпана олишга ҳам умид қилишлари мумкин, куни кеча Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер шундай баёнот берди: “Россияда Путин бошлаган урушда қатнашишни, шуни деб ўлишни хоҳламайдиган кишилар бор. Улар жуда аниқ мужда йўллашмоқда. Улар таъқибдан қочиб, бошпана сўрашяпти. Ва биз улар миллатидан қатъи назар АҚШда бошпана сўрашлари мумкин, деб ҳисоблаймиз. Қарор ҳар бир аниқ ҳолат бўйича қабул қилинади”.

Германия ҳукумати ҳам шундай баёнот билан чиқди. АҚШ вакили қайд этганидек, бу ерда ҳам сафарбарликдан потенциал бўйин товловчининг энг катта муаммоларидан бири – бошпана сўраш учун мамлакатга кириш. Йель ҳуқуқ мактаби ходими, юридик фанлар номзоди Сара Ганти шенген визаси бўлмаганларга Германия элчихонасидан ёрдам сўрашни таклиф қилмоқда: “Гуманитар виза сўранг. Гуманитар виза чекланган ҳудудда амал қилади. Агар бу визани Германия берса, у фақат Германия ҳудудида амал қилади. Демак, сиз виза олишингиз билан дарҳол Германияга учишингиз керак”.

Бу йўл унчалик осон эмас. АҚШ, Германия ёки бошқа Европа мамлакати сафарбарликдан қочган россияликка бошпана бериш ҳақида қарор чиқариши учун ойлар, эҳтимол, йиллар керак бўлиши мумкин.

Сафарбарлик эълон қилинганидан буён 300 минг киши Россияни тарк этди.

Форум

XS
SM
MD
LG