Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:52

Мирзиёев газ экспортини қисқартиришга буйруқ берди. Экспорт аллақачон қисқарган эди


Шавкат Мирзиёев - Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев - Президент матбуот хизмати

16 декабрь кунги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берганини маълум қилди.

Бу жорий йилнинг ноябрь ойи охирги ўн кунлигида мамлакатда ўткир газ ва электр тақчиллиги кузатила бошлаганидан буён ўтган қарийб бир ой вақт мобайнида Мирзиёевнинг айни муаммога биринчи бор эътибор қаратиши.

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгармаган, бу йил эса ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши энергетика соҳасидаги жиддий бўҳронга сабаб бўлди.

Қатор ҳудудлар, жумладан, Андижон ва Бухорода совуқда қолган аҳолининг норозилик чиқишлари кузатилди.

Хоразмлик онахон: газ йўқ, свет йўқ, гуноҳимиз нима?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:50 0:00

Экспорт аллақачон қисқарган

Мирзиёевнинг айтишича, республика бўйлаб газ таъминотида суткасига 20 миллион метр куб танқислик мавжуд. Президент ҳукуматга газ экспортини қисқартириш ҳақида топшириқ берганини айтди. Унинг сўзларига кўра, кунига 7−8 миллион метр куб қўшимча газ аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилади.

Аммо Ўзбекистоннинг газ экспорти ҳозирнинг ўзида камида уч баробарга қисқарган. Шу йилнинг июлидаги ҳукумат йиғилишида Мирзиёев коронавирус пандемиясининг ташқи бозорларга таъсири сабаб Ўзбекистондан Хитойга газ экспорти 3 бараварга қисқаргани, Россияга экспорт эса буткул тўхтатилганини айтган.

Россия нашрлари экспорт ҳажми кескин қисқаргани боис Ўзбекистонда газ заҳиралари ортиб қолаётгани ва ички эҳтиёж учун ортиқча табиий газ пайдо бўлгани ҳақида ёзган. Ҳукуматнинг ҳозиргача ортиб қолган газни аҳоли эҳтиёжига йўналтиришига нима тўсқинлик қилгани маълум эмас. Мирзиёев ўз чиқишида бунга изоҳ бермади.

Эски муаммо

Мирзиёев ўз чиқишида ҳукуматнинг қишга тайёргарликда йўл қўйган камчиликларини ўтган 30 йилда йиғилиб қолган муаммолар билан тушунтиришга уринди.

«Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки ўттиз йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз», — деди Президент. Айни пайтда у "буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ"лигини таъкидлади.

Ўзбекистонда ҳаво совуди¸ газ ва свет масаласи яна кун тартибига чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:40 0:00

У аҳолининг газ ва электр тармоқлари идоралари билан баҳсларида истеъмолчилар томонида эканига ишора қилган. «Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда», — деб айтган президент.

Мирзиёев соҳа раҳбарларини жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган. "Куни-кеча газ экспортини қисқартириш бўйича топшириқ бердим. Бунинг ҳисобига, кунига 7−8 миллион метр куб газ қўшимча равишда аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилади. Шундан кейин ҳам газ бўлмаса, хафа бўлманглар. Қонун олдида жавоб берасизлар», — дея президентнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Газета.uz» нашри.

106 киши ўлди, 190 одам заҳарланди

Мирзиёев 16 декабрь кунги йиғилишда бу йил куз-қиш мавсуми бошидан буён ис газидан заҳарланганлар ва вафот этган одамлар сонига доир рақамларни келтирди.

Унинг сўзларига кўра, шу кунга қадар бундай ҳолатлар оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган.

Мирзиёев 16 декабрь куни Янгийўл туманида 3 нафар фуқаро ис газидан вафот этганини ҳам айтган. Шу куннинг ўзида маҳаллий нашрлар Самарқанд вилоятида бир аёл уч фарзанди билан ис газидан заҳарлангани ҳақида ёзди.

Озодлик охирги бир ойда газ ва электр тақчиллиги оқибатида юз берган бир неча ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берган эди.

Аммо Мирзиёев ис газидан ўлим ҳолларини кўпроқ ёнғин хавфсизлиги билан боғлаган. Маҳаллий матбуотдаги хабарларга кўра, президент бош вазир Ариповга ФВВнинг Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси фаолиятини ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берган.

Ижтимоий тармоқлар ва матбуотга дастак

Президент Мирзиёев ижтимоий тармоқларда аҳолининг энергия таъминоти муаммолари билан боғлиқ қарийб 2 мингга яқин мақола ва видеороликлар орқали чиқишлари қайд этилганини айтган.

У журналист ва блогерларни жамиятдаги муаммоларни кўтариб чиқаётгани учун олқишлаган.

«Менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас. Жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижадорлигига ижтимоий тармоқларда халқимиз холис баҳо бермоқда.

"Журналистларимизга, блогерларимизга раҳмат, очиқлик туфайли шу муаммолардан хабар топяпмиз", - деб айтган Мирзиёев.

Ўтган ой охирида аҳолининг газ ва свет муаммосини ёритган қатор маҳаллий нашрлар матбуот регулятори - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг босими остида қолган эди. АОКА 26-27 ноябрь кунлари Kun.uz ва бошқа қатор мустақил нашрларни аҳолининг газ ва свет муаммоси, шунингдек, коронавирус статистикасига расмийларникидан фарқли ёндашгани боис "жиддий оқибатлар"дан огоҳлантирган эди. Маҳаллий нашрлар агентликнинг Огоҳлантириш хатини мустақил матбуотга босим, деб баҳолаган.

Огоҳлантириш Тошкентдаги қатор ғарб дипломатларининг танқид ва хавотирларига сабаб бўлди. 3 декабрь куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ўзбек расмийларини мустақил ОАВ вакилларини эркин ишлашига йўл бериш бўйича БМТ талабларини тўлиқ бажаришга чақирди.

XS
SM
MD
LG