Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Жонли эфирда ўчган чироқ. Свет ва газ тақчиллигини яшириб бўлмаяпти


T
T

DolinaTV видеоканали олиб борувчиси 29 ноябрь куни YouTube да жонли эфирни бошлаганидан 17 дақиқа ўтгач, чироқ ўчиб қолди ва у ўз кўрсатувини давом эттириш учун машинасига кўчиб ўтишга мажбур бўлди.

DolinaTV бошловчиси ўзбек блогерларининг ютюбхонлар эътиборига тушиб қолган сиёсатдан мутлақ узоқ қатлами вакилидир.

Бу қатлам вакиллари томошабинлари билан сиёсий масалаларни муҳокама қилмайди. Улар баъзи юртдошларининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланади: беморларни даволаш, камбағал оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларга уй-жойлар қуриб бериш сингари акцияларни уюштирадилар.

Бироқ улар суратга олаётган видеоблогларда мамлакатдаги энергия тақчиллиги беихтиёр кўриниб қолмоқда.

DolinaTV канали олиб борувчиси марғилонлик Хотамжон бошқа бир видеоси - 30 ноябрь куни Ютюбга қўйган кўрсатувини ёзёвонлик Хадичахоннинг уйидан тайёрлаган.

Беш фарзандли Хадичахоннинг оиласига блогер Анваржон Охунов етакчилигидаги гуруҳ (Хотамжон шу гуруҳ аъзоси) 3-4 ойдан бери ёрдам бериб келмоқда: уйини таъмирдан чиқариб беришди, озиқ-овқату кийим-кечакдан иборат моддий ёрдам уюштиришди. Ҳатто уч ой олдин Хадичахонни туғруқхонага олиб бориб, кўзи ёриганидан сўнг, чақалоғи билан кутиб ҳам олишди.

Қўлидан кўп иш келадиган, фақат чироқ ва газни ёндиролмайдиган блогерлар

Асосан Россияда ишлаб юрган юртдошлари – томошабинларига таянаётган Анваржон Охунов жамоаси кўпгина хайрия ишларини амалга оширмоқда. Масалан, ёзда бўзлик (ҳозир Бўстон тумани) бир оилага томошабинлардан йиғилган 10 минг доллардан ортиқ пулга икки хонали уй қуриб берди.

Жамоанинг бошқа бир аъзоси, наманганлик Мансурхон ҳам шу кунларда томошабинлардан йиғилган пулга бир оилага тўрт хонали уйни битказиш арафасида турибди.

Бироқ бу блогерларнинг қўлидан фақат бир иш – ўзлари ёрдам бераётган оилаларга газ ва электр таъминотини узлуксиз қилиб бериш келмайди.

Хотамжоннинг 30 ноябрдаги видеосида хонадон эгаси Хадичахон газ-свет йўқлигидан битта хонада яшаётганликларини, “свет ҳозиргина ёнганини” айтади.

Анваржон Охунов жамоаси ёзёвонлик Қундуз онани ҳам бир неча ой муқаддам оталиққа олган. Гуруҳ аъзоси – Дилмуроджон 22 ноябрда тайёрлаган видеода ҳам электр муаммоси тилга олинади. “Свет ҳам ёнмай ўлди-а, она”, - дейди Дилмуроджон.

Mansurbek uz канали олиб борувчиси, наманганлик Мансурхоннинг 4 декабрда Озодликка айтишича, шаҳар атрофидаги у ўзи яшаб турган ҳамда муҳтож оилага уй қуриб бераётган ҳудудларда кейинги кунларда электр таъминотида узилишлар бўлмаяпти.

“Бундан 15-20 кун олдин тез-тез ўчиб турган эди. Шу кунда яхши. Ўчмаяпти. Газ ҳам бор. 1 ой, узоғи билан 40 кунда алмаштириб кетишаяпти”, - деди блогер. У суюлтирилган газни назарда тутяпти.

Ҳилоллик Оташ

Табиий газ мамлакатнинг бошқа минтақаси – Қашқадарёда, шу вилоятлик блогер яшайдиган қишлоқда ҳам йўқ. Вилоятнинг Қарши туманидаги 9 минг кишилик аҳолиси бор Ҳилол қишлоғида яшайдиган блогер Оташ Алемдарнинг (Отабек Саимов) 4 декабрда Озодликка айтишича, суюлтирилган газ таъминоти ўта абгор аҳволда.

“Газ баллонларни алмаштириш учун икки ойсиз келишмайди, баъзида уч ойга ҳам чўзилиб кетади. Қишлоқдошларим газ муаммосини ҳам кўтаринг, дейишади доим”, - деди блогер.

Россияда ишлаётган томошабинларидан келган пулга бу йил ёзда бир муҳтож оилага икки хонали уй қуриб берган Оташ Алемдар шу кунларда яна икки боқувчисиз қолган оилага иккита уй қурмоқда. Уйлар шу кунларда битиш арафасида. Бироқ электрнинг узилавериши ишнинг белига тепмоқда.

Блогер 26 ноябрдаги кўрсатувида уй қурилишида ишлаётган усталардан бири (“Доллар бобо”) билан “свет ўчиши” тўғрисида гурунг қилади. Ишчи чироқнинг ҳатто йўлларда йўқлигини, светофорлар ишламаётганини айтади. Бироқ шаҳарда яшашини писанда қилган ишчи айни пайтда “свет уйимизда бор”, дейди. Уста рост айтяптими ё киноя қиляптми – тушуниш қийин. Блогер қишлоқликларга электр берилмаётганини айтар экан, бундай дейди:

“Светнинг пулини беряпмиз, газни уласин, унинг ҳам пулини берамиз, биз катталарку майли, ёш болаларимизни ўйлашимиз керакку ахир!”

Оташ Алемдарнинг айтишича, электр тармоқлари “йил – 12 ой авария”. Блогер Электр тармоқлари корхонасига телефон қилганини ишчиларга айтар экан, телефонига ёзиб олгани жавобни уларга эшиттиради. Овоз алоқа оператори ходиминики бўлиб, у Электр тармоқлари корхонаси телефони хизмат ҳақи тўланмагани учун ўчирилганини билдиради.

Блогер Оташ Алемдар 4 декабрь куни Озодликка электр ҳар куни икки-уч марталаб ўчаётганини билдираркан, бундай деди:

“Светнинг ўчирилишида ҳам қандайдир бир тартиб йўқ. Фалон соатда ўчиб, фалон соатда ёнади, деёлмайсиз. Баъзида тунда ўчиришади. Эрталаб совқотиб уйғонганингиздан, уй музлаб кетганидан свет тунда ўчирилганини биласиз”.

Энергетика вазирлиги аҳолини рақамлар билан иситмоқда”, рейдлар ўтказмоқда

Вазирлик матбуот хизмати ҳам яқиндан буён “блогер”га айланди ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Матбуот котиби Элмира Бекмуродова 3 декабрь кунги видеочиқишида 2 декабрда ИЭС ва ГЭС 221 миллион 800 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарганини, шундан истеъмолчиларга 213 миллион 600 минг киловатт соат электр энергияси етказиб берилганини, шу куни жами 94 миллион 696 минг метр куб табиий газ етказиб бериш режалаштирилган бўлса, амалда 101 миллион 642 минг метр куб табиий газ етказиб берилганини, шунингдек, республика истеъмолчиларига жами 2 минг 48 тонна суюлтирилган газ етказиб берилганини хабар қилди.

Энергетика вазирлиги энергия тақчиллигини табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва унинг олдини олиш бўйича рейдлар ўтказиш билан ҳам ҳал қилишга уринмоқда. Вазирликнинг 1 декабрдаги ҳисоботида айрим тадбиркорлик субъектлари ва корхоналар томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқлангани айтилди.

Вазирлик келтираётган расмий рақамлардан, ўтказилаётган рейдлардан маҳаллий блогерлар қаҳрамонларининг уйи исиб қолмайди, албатта.

Устига, мамлакат оммавий ахборот воситаларини назорат қилувчи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўтган ҳафтадан буён журналист ва блогерларнинг газ ва свет мавзусидаги чиқишларини яқиндан кузатмоқда.

XS
SM
MD
LG