Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:52

Ўзбекистон хабарлари

Kun.uz диний мақолалар чоп этгани ортидан жаримага тортилди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Kun.uz раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари (12 млн 250 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Kun.uz нашрининг билдиришича, маҳкама 21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида ўтказилган. Судда таъкидланишича, Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси томонидан ўтказилган интернет-мониторингда Kun.uz сайтида диний мақолалар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги 10-сонли қарорига зид равишда диншунослик экспертизасидан ўтказилмасдан туриб чоп этилгани аниқланган.

Мазкур мақолалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертиза ўтказиш учун юборилган. Экспертиза мақолаларда ноқонуний ҳолатлар мавжуд эмаслигини тасдиқлаган.

Лекин мақолалар диний экспертизадан ўтказилмай туриб эълон қилингани қонунбузарлик деб топилган ва суд нашр раҳбарини жаримага тортган.

Кун янгиликлари

Жанубий Кореяда иш жойидан қочган ўзбекистонликларнинг кафиллари жаримага тортилмоқда

Жорий йилнинг ўтган даврида Жанубий Кореядаги иш жойини сабабсиз ташлаб кетган қарийб 80 нафар ўзбекистонликнинг кафилларидан давлатга 2 миллиард 35 миллион сўм жарима ундирилди.

Жанубий Кореядаги ватандошларни қатъий огоҳлантирган Ўзбекистон Миграция агентлиги меҳнат муҳожирларини ўз кафилларини “кафансиз қолдирмаслик”ка чақирган.

Агентлик матбуот хизматига кўра, охирги вақтларда Корея Республикасига вақтинча ишлаш учун борган Ўзбекистон фуқаролари орасида ўз иш жойини сабабсиз ташлаб кетиш ҳолатлари учрамоқда ва бу мамлакатга ажратиладиган ишчи квоталар сонига жиддий таъсир кўрсатяпти.

Миграция агентлиги жорий этган тартибга мувофиқ, Кореяга ишлаш учун бораётган ҳар бир ўзбекистонлик уч томонлама шартномага имзо чекади. Ҳужжатда меҳнат муҳожири Жанубий Кореядаги иш жойини сабабсиз ташлаб кетса, уни кафилликка олаётган шахс, яъни яқин қариндошидан нолегал юрган ҳар бир ой учун 2000 доллардан жарима ундирилишига розилик беради.

Озодлик аввалроқ Жанубий Кореяда ноқонуний юрган ўзбекистонликлар учун “яшил йўлак” орқали чиқиб кетиш муддати 2025 йилнинг 31 январигача узайтирилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон миграция идорасига кўра, Жанубий Кореяда 92 минг нафар ўзбекистонлик қонуний, 9000 нафари эса ноқонуний тарзда яшаб келмоқда.

Озодлик журналистларининг корейс заминида юрган ўзбеклар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи фильмини қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Олий суд вакили терговда куч ишлатилишини қоралади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Терговчи томонидан гумонланувчига нисбатан куч ишлатилишига чек қўйиш зарур. Бу масалага Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов 13 декабрь куни Тошкентда ОАВ вакиллари билан учрашув чоғида эътибор қаратди.

Daryo.uz нашри мухбири матбуот анжуманида Ўзбекистонда судга қадар тергов органи томонидан гумонланувчиларга нисбатан куч ишлатилиши ва босим ўтказилиши ҳолатлари юз бераётган бўлса-да, суд тиббий экспертизаси ўз вақтида ўтказилмагани сабаб уни тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолаётганини қайд этган.

“Док-1 Макс” иши билан боғлиқ судда айнан шундай ҳолат кузатилган. Судланувчилар судда терговчи томонидан уларга куч ишлатилганидан арз қилган. Аммо жисмоний тазйиқ ҳолати беш-олти ой илгари бўлгани сабаб экспертизада жароҳат факти тасдиқланмаган.

Олий суд раисининг биринчи муовини Икром Муслимов бу саволга жавобан “шахсга дастлабки тергов органи томонидан жисмоний, руҳий тазйиқ ўтказилган бўлса, судлар бу ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинлашга ва хулоса олишга мажбур” эканини таъкидлаган.

Ўтган ой Олий суд раиси Бахтиёр Исломов билан учрашган маҳаллий адвокатлар қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашда суиистеъмолчиликлар муаммосини кўтарганди. Ўшанда Исломов қамоққа олиш эҳтиёт чораси оммавий қўлланаётгани сабаб вақтинчалик сақлаш изоляторлари тўлиб кетганини тан олган эди.

Руслан Нурудинов учинчи бор жаҳон чемпиони бўлди

Руслан Нурудинов (архив сурати)
Руслан Нурудинов (архив сурати)

Баҳрайннинг Манама шаҳрида 6-15 декабрь кунлари ўтказилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатини Ўзбекистон вакиллари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали билан якунлашди.

-109 кг вазн тоифасида қатнашган Руслан Нурудинов силтаб кўтариш дастурида 242 кг билан уч йил аввал Тошкентда ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилашга эришди ва учинчи бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, яна бир атлет Шарофиддин Амриддинов ҳам даст кўтариш машқида олтин медалга эга чиқди.

33 ёшли Руслан Нурудинов 2013 ва 2022 йилларда ҳам ўз вазн тоифасида жаҳонда тенгсиз деб топилган. Шунингдек, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинларида чемпионликка эришган.

Қони таркибида тақиқланган туринабол аниқланиши ортидан Р.Нурудинов 2018-2020 йиллар мобайнида мусобақалардан четлатилгани маълум. Ўшанда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Нурудиновдан 2012 йилдан кейин ўтказилган мусобақалардаги натижалар ва медаллар олиб қўйилмаслигини билдирганди.

Марказий банк саккизта банкни жаримага тортди

Ўзбекистон Марказий банкининг Тошкентдаги биноси
Ўзбекистон Марказий банкининг Тошкентдаги биноси

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил ноябрь ойи мобайнида қоидабузарликлар сабаб мамлакатдаги 8 та банк, 7 та тўлов ташкилоти ва 12 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўллади. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълум қилди.

Регуляторнинг Банк назорати қўмитаси ноябрь ойидаги 9 та йиғилишида 32 та масалани кўриб чиққан ва тегишли қарорлар қабул қилган.

Расмий характердаги қисқа ахборотда санкция қўлланган банк, тўлов ва микромолия ташкилотлари иқтисодий меъёрлар талаблари ҳамда кўрсатмаларига риоя қилмагани қайд этилган. Аммо айнан қай турдаги қоидабузарликлар содир этилгани ва қандай молиявий жазо татбиқ этилгани очиқланмаган.

МБ қайдича, тижорат банклари, микромолия ташкилотлари ва тўлов ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қоидабузарликлар важидан яна 22 та банк ва 3 та тўлов ташкилоти санкция қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Назорат қўмитасининг тегишли қарори билан 7 та банк 2025 йил учун тизимли аҳамиятга молик банклар деб белгиланган.

Озодлик 11 декабрь куни МБни 2017 йилдан буён бошқариб келган 64 ёшли Мамаризо Нурмуродов лавозимдан олингани ва унинг ўрнига 45 ёшли Тимур Ишметов тайинлангани ҳақида хабар қилган эди.

Йигирмадан зиёд ўзбекистонлик IELTS`дан максимал балл олди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

2024 йил давомида IELTS имтиҳонида 22 нафар ўзбекистонлик максимал балл йиғишга муваффақ бўлди, дея маълум қилди Ёшлар ишлари агентлиги.

British Counсil ҳамда IDP IELTS ўтказган инглиз тилидаги билимларни баҳолаш бўйича имтиҳонда 5,5 ва ундан юқори балл олган ёшлар сони 52706 нафарга етган. Бу борада тўрт йилда беш баробар ўсиш кузатилган.

Шундан 5,5-6 балл йиққанлар 28 минг нафардан кўпроқни, 7-8 баллни (C1 даража) қўлга киритганлар қарийб 13,5 минг нафарни, 8,5-9 баллга (C2 даража) эришганлар эса 332 нафарни ташкил этган.

Ўзбекистонда 2021 йил 1 майидан эътиборан IELTS, TOEFL, GMAT, GRE ва SAT имтиҳонларидан камида 7 баллик сертификатни олган ёшларга имтиҳон харажатлари қоплаб берилмоқда.

Озодлик аввалроқ EF English Proficiency Index 2024’да Ўзбекистон инглизча саводхонлик паст бўлган давлатлар қаторидан жой олгани ҳақида хабар қилганди.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси йирик шаҳарларда нисбатан юқори бўлиб қолмоқда. Бу борада Андижон (461 балл), Тошкент (457 балл) ва Фарғона (456 балл) шаҳарлари энг яхши натижани қайд этган. Жиззах (384 балл), Қашқадарё (404) ва Хоразм (405) вилоятларида инглиз тилини билиш кўрсаткичи энг паст деб топилган.

Ҳукумат дарсликлар учун тўлов ундириш режасидан воз кечди

Ўзбекистон, мактаб, дарсликлар.
Ўзбекистон, мактаб, дарсликлар.

2025 йилда йилда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари ижараси учун ота-оналардан тўлов ундирилмайди.

“2025 йил учун давлат бюджети доирасида кўзда тутилган маблағлар янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради. Бунда, ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган”, дея маълум қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Жорий йил октябрь ойида бюджетнома лойиҳасида 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб 2-11 синфларда дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизимини жорий этиш таклиф қилинган эди.

Лойиҳада битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни умумий нархнинг қарийб 18 фоизи миқдорида тўлов ундириш кўзда тутилганди.

“Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда”, дейилган эди бюджет лойиҳасида.

Аммо жамоатчилик бу ташаббусга эътироз билдирди. Баъзи фаоллар дарслик учун ижара тўлови тикланишини Конституцияга зид чора, дея танқид қилишди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 12 декабрдаги баёноти ҳукумат жамоатчилик талабига ён берганини кўрсатмоқда.

Вазирлик қайдича, 2024 йилда мактаб ўқувчиларига 83,2 млн нусха дарслик ва машқ дафтарларини етказиб бериш учун давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм ажратилган. Келгуси йилда эса 81 млн нусха дарслик ва машқ дафтарлари учун давлат ғазнасидан жами 1,3 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.

2022 йилда ҳам ҳукумат “жаҳон бозорида қоғоз нархи ошгани” важидан дарслик ижара ҳақини кескин оширган ва ўшанда ҳам жамоатчиликнинг кучли эътирози ортидан “дарслик пули” бекор қилинган эди.

Иккиламчи автомобиль бозорида нархлар пасаймоқда

Ўзбекистоннинг иккиламчи автомобиль бозорида жорий йил ноябрь ойи мобайнида маҳаллий оммабоп автомобиллар ҳамда хорижий люкс автомобиллларнинг ўртача нархи пасайган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) таҳлиллари ана шундан далолат беради.

Масалан, харидоргир саналган Lacetti автомобили: ўртача фойдаланилгани 1,4 фоизга (14700 доллардан 14500 долларгача), кам фойдаланилгани 1,1 фоизга (15200 доллардан 15031 долларгача), Nexia: ўртача фойдаланилгани 0,9 фоизга (11500 доллардан 11400 долларгача), Spark: ўртача фойдаланилгани 0,8 фоизга (10485 доллардан 10400 долларгача), Damas: ўртача фойдаланилгани 0,9 фоизга (8200 доллардан 8125 гача), кўп фойдаланилгани 1 фоизга (7600 доллардан 7527 гача) арзонлаган.

UzAuto машиналари учун навбат интернетга кўчди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:33 0:00

Электомобилларнинг иккиламчи бозорида ҳам пасайиш кузатилган. Ўртача фойдаланилган BYD Han ва BYD Yuan Up электромобилларининг нархи 1,6 фоиз (36500 доллардан 35900 долларгача) ва 2,4 фоизга (21000 доллардан 20500 долларгача) пасайган бўлса, BYD Song Plus EV Chempion машиналарининг баҳоси деярли ўзгармаган (янгиси – 29000 доллар, ўртача фойдаланилгани – 26600 доллар).

Хорижий люкс автомобиллар тоифасига кирувчи Hyundai Elantra ва Kia Sportage русумли кам фойдаланилган автомобилларнинг ўртача нархи 2,2 фоиз (23000 доллардан 22500 долларгача) ва 1,5 фоизга (32500 доллардан 32000 долларгача), ўртача фойдаланилгани эса 1,6 фоизга (Elantra – 22000 доллардан 21650 долларгача ва Kia Sportage – 31500 доллардан 31000 долларгача) пасайган.

МҲТИ маълумотларни olx.uz платформасидан веб скрепинг усули билан тўплаб, 17,3 мингта маълумот асосида таклиф этилган нархларни ўрганиб чиққан.

МҲТИ аввалроқ Тошкентда кўп қаватли уй-жой қурилишига киритилган инвестиция даромадлилиги тушиб бораётгани хусусидаги хулосалари билан ўртоқлашганди.

Тадқиқот: Одамлар совға беришни коррупция эмас, миннатдорлик деб билади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда аксар кишилар совға беришни коррупция эмас, балки миннатдорлик белгиси деб ҳисоблайди. Пора олди-бердисини кўпчилик қораласа-да, муносиб хизмат учун кичик совғалар одатийдек қабул қилинади.

“Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси томонидан ўтказилган тадқиқот жамоатчиликнинг коррупцияга доир шу каби янглиш тасаввурларини ўртага чиқарган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилишича, Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида мақсадли гуруҳлар, эксперт интервьюлари ва телефон орқали сўровлар ёрдамида жамоатчилик фикри ўрганилган.

Сўровномада эркаклар ва аёллар, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси тенг равишда иштирок этган. Ёш гуруҳлари бўйича 25 ёшдан 34 ёшгача бўлган гуруҳ кўпчиликни ташкил қилган.

Респондентлар коррупция иллатини мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, қариндошларни ишга жойлаштиришда устунлик, давлат хизматчисига пул кўринишида миннатдорлик, қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг шахсий манфаатлар учун шакллантиришга таъсир кўрсатиш, аҳоли истеъмоли учун мўлжалланган товарлар ва хизматларни ўзлаштириш дея изоҳлаган.

Сўров қатнашчиларининг 74 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга, жумладан, 82,2 фоизи электрон платформа ёки мобил илова орқали хабар беришга тайёр. 12 фоиз респондент эса коррупция ҳақида хабар беришни салбий ҳолат деб ҳисоблайди. Хабар бермасликнинг асосий сабаблари сифатида бу бефойда экани, ҳеч ким бунга эътибор бермаслиги (24,8 фоиз), кимга мурожаат қилишни билмаслик (20,4 фоиз), коррупциядан ўзлари манфаатдорлиги (19,8 фоиз) кўрсатилган.

Корея Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси (АCRC), БМТ Тараққиёт дастурининг Сеулдаги сиёсий маркази ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадқиқот 500 дан ортиқ сўров иштирокчиларининг маълумотларига ва вазирлик, идораларнинг аноним ходимлари фикр-мулоҳазаларига асосланган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3837 нафар шахс коррупцияга оид жиноят содир этгани учун суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилганини билдирганди.

Агентликка кўра, 2023 йилда коррупция билан боғлиқ жиноятлар натижасида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келди.

Энергетика вазирлиги энергобўҳронни оқлашга уринди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Энергетика вазирининг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев Kun.uz билан суҳбатда мамлакатда юзага келган энергия бўҳронини “ўзига хос иқлим” билан оқлашга уринди ва ҳайдовчилар учун “газ йўқ бўлса, бензин бор”лигидан баҳс этди.

“Айтиш керакки, метан заправка ёпиқ бўлган тақдирда, ҳайдовчиларимизда бошқа муқобил вариант бор. Яъни улар бемалол бензин қуйишлари мумкин. Хабаринглар бор, бензин биржага 2 баравар кўп миқдорда чиқариляпти. Агар талаб қилинса, балки 3 баравар кўп ҳам чиқарамиз, бу бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ, захира етарли”, деган Ҳасан Тошхўжаев.

Мулозим бензин нархи газга қараганда анча қиммат экани, киракашлик қилиб рўзғор тебратаётган кўп сонли аҳоли вакилларининг чўнтаги қиммат бензинни кўтармаслигини эътиборсиз қолдирган.

“Уйи совуқ бўлгандан кўра, метан заправкада озгина навбат кутиши маъқулроқ” эканини иддао қилган матбуот котиби ҳайдовчиларга электромобиль харид қилишни маслаҳат берган.

Энергетика вазирлиги вакили таъкидича, “вазиятдан келиб чиққан ҳолатда, бир ҳафта бўладими, ўн кунми – фақат Яратганга аён – шу маҳалда бутун мамлакат, миллат бирлашиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаши энг тўғри йўл бўлади”.

Вазирлик расмий вакилининг баҳсли фикрлари ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан танқидий баҳоланган. Айрим блогерлар “газ бўлмаса бензин бор-ку” деган иддаони француз қироличаси Мария-Антуанеттага нисбат бериладиган “нон қолмаган бўлса, пирожний ейишсин” деган машҳур нақлга ўхшатган.

Маълумот ўрнида: 9 декабрдан Ўзбекистонда истеъмол юқори бўлган ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига чеклов киритилди.

Аслида мамлакатда ҳаво ҳарорати пасайган кунларда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти чекланиши анъанага айланган. Аммо жорий йил ноябрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирланганини маълум қилган эди.

Узлуксиз таъминот ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳали ҳаво ҳарорати манфий даражага тушмаган кунлардаёқ пойтахтдаги ишлаб чиқариш корхоналарини газдан узиш бошланган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров “қийшиқ қарорлар ва бузуқ ўлчовлар устига қурилган энергетика ҳали кўп сюрпризлар ҳозирлаши”дан огоҳлантирган.

Ўзбекистон Энергетика вазирининг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев Kun.uz билан суҳбатда мамлакатда юзага келган энергия бўҳронини “ўзига хос иқлим” билан оқлашга уринди ва ҳайдовчилар учун “газ йўқ бўлса, бензин бор”лигидан баҳс этди.

“Айтиш керакки, метан заправка ёпиқ бўлган тақдирда, ҳайдовчиларимизда бошқа муқобил вариант бор. Яъни улар бемалол бензин қуйишлари мумкин. Хабаринглар бор, бензин биржага 2 баравар кўп миқдорда чиқариляпти. Агар талаб қилинса, балки 3 баравар кўп ҳам чиқарамиз, бу бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ, захира етарли”, деган Ҳасан Тошхўжаев.

ZIMISTON-UZ. Ўзбек энерготизими ноқулай куз ҳавосига чидамади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:43 0:00

Мулозим бензин нархи газга қараганда анча қиммат экани, киракашлик қилиб рўзғор тебратаётган кўп сонли аҳоли вакилларининг чўнтаги қиммат бензинни кўтармаслигини эътиборсиз қолдирган.

“Уйи совуқ бўлгандан кўра, метан заправкада озгина навбат кутиши маъқулроқ” эканини иддао қилган матбуот котиби ҳайдовчиларга электромобиль харид қилишни маслаҳат берган.

Энергетика вазирлиги вакили таъкидича, “вазиятдан келиб чиққан ҳолатда, бир ҳафта бўладими, ўн кунми – фақат Яратганга аён – шу маҳалда бутун мамлакат, миллат бирлашиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаши энг тўғри йўл бўлади”.

Вазирлик расмий вакилининг баҳсли фикрлари ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан танқидий баҳоланган. Айрим блогерлар “газ бўлмаса бензин бор-ку” деган иддаони француз қироличаси Мария-Антуанеттага нисбат бериладиган “нон қолмаган бўлса, пирожний ейишсин” деган машҳур нақлга ўхшатган.

Маълумот ўрнида: 9 декабрдан Ўзбекистонда истеъмол юқори бўлган ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига чеклов киритилди.

Аслида мамлакатда ҳаво ҳарорати пасайган кунларда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти чекланиши анъанага айланган. Аммо жорий йил ноябрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирланганини маълум қилган эди.

Узлуксиз таъминот ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳали ҳаво ҳарорати манфий даражага тушмаган кунлардаёқ пойтахтдаги ишлаб чиқариш корхоналарини газдан узиш бошланган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров “қийшиқ қарорлар ва бузуқ ўлчовлар устига қурилган энергетика ҳали кўп сюрпризлар ҳозирлиши”дан огоҳлантирган.

Прокуратурадан тинтувга доир ваколатни олиш таклиф этилди

Шахснинг ёзишма, сўзлашувларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклаш ҳамда уй-жойда тинтув ўтказиш фақат суд қарорига асосан амалга оширилиши керак.

Бу масала Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатда конституциявий қонунийликнинг ҳолатига бағишлаган навбатдаги йиғилишида кўтарилган.

Конституциявий суд қонунчиликни Асосий қонунга мувофиқлаштириш бўйича бошланган ишларни янада жадаллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар берган. Жумладан, шахснинг ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклашни, уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга оид конституциявий қоидалар асосида Жиноят-процессуал кодекси тегишли нормаларини қисқа муддатларда қайта кўриб чиқиш лозимлиги билдирилган.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ, ҳар ким ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа хабарларини сир сақлаш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланиши ва шахснинг уй-жойида тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суд қарорига асосан йўл қўйилиши белгиланган.

Айни пайтда, Жиноят-процессуал кодексининг 382-моддасида тинтув ўтказиш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туришга рухсат бериш прокурор ваколатларига кириши қайд этилган.

Конституциявий суд айни шу ваколатларни прокуратурадан олишга доир лойиҳани қисқа фурсатда парламентга киритишга ундаган.

Фуқаролик жамияти вакиллари Конституциявий суд ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда сиёсий, ҳуқуқий жараёнларда фаол иштирок этиши кераклигини айтиб келади.

АҚШ элчиси Ўзбекистонни АЭС бўйича эҳтиёткорликка ундади

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳэник
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳэник

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги илк атом электростанцияси қурилишида техник ҳамкорларни танлашда ўта эҳтиёткор бўлишга чақирди. Дипломат бу масалага Podrobno.uz нашри мухбирига берган интервьюсида тўхталган.

Албатта, ҳамкорларни танлаш Ўзбекистоннинг ихтиёрида. Биз тадқиқот ва технологик ишланмаларда, шунингдек, техник ҳамкорларни танлашда ўта эҳтиёткор бўлишга ундаган бўлар эдик. Хавфсизлик ва бошқа масалаларда эътироф қозонган (техник ҳамкорлар) республикага энг мақбул технологиялар мажмуасини таклиф этиши мақсадга мувофиқдир”, деган АҚШ элчиси.

Америкалик дипломат расмий Тошкент қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, Қўшма Штатлар салоҳиятни ошириш, техник экспертиза жабҳаларида ҳамкорлик қилишдан мамнун бўлишини қайд этган.

Ўзбекистон жорий йил июнь ойида “Росатом” давлат корпорацияси билан кичик қувватли АЭС қурилишига доир ҳужжатни имзолаган. 330 МВт қувватга эга станция (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) Жиззах вилояти ҳудудида барпо этилади.

Дунё узра Путиннинг ядровий таҳдиди муаллақ турган паллада Ўзбекистон Россия билан биргаликда КҚАЭС қуришга киришаётгани маҳаллий фаолларнинг эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик бу лойиҳа Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.

Ҳинд ширкати дориларидан жабрланганлар сони расман ортди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ҳиндистоннинг Marion Biotech корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларининг ножўя таъсири оқибатида ногирон бўлиб қолган ўзбекистонлик болалар сони расман ортди.

“Док-1 Макс” иши доирасида жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси Дилшод Комилов томонидан 2024 йил 18 ноябрида эълон қилинган ҳукмдан жамоатчилик энди хабар топмоқда.

Gazeta.uz нашри ёзишича, суд 2020 йил 14 октябрида Қорақалпоғистон Республикасида туғилган Шаҳрам Абатбаев, 2016 йил 22 августида Жиззах вилоятида туғилган Муслима Зиёбоева, 2018 йил 30 сентябрида Сирдарё вилоятида туғилган Мансур Кемамов “Док-1 Макс” дорисидан, 2020 йил 21 ноябрида Хоразм вилоятида туғилган Сарварбек Жуманазаров, 2022 йил 15 январида Хоразм вилоятида туғилган Муҳаммадали Ойбеков “Амбронол” дорисидан ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олган, деган хулосага келган.

“Док-1 Макс” Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири саналади.

Мамлакатда 2022 йилнинг сентябрь – декабрь ойларида Marion Biotech корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган дорилардан болаларнинг оммавий заҳарланиши кузатилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан ярим йилдан ортиқ вақт давом этган суд жараёнида дорилар таъсирида расман 68 нафар бола вафот этгани, 18 нафар бола ногирон бўлиб қолгани маълум қилинганди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди ҳукми билан дорининг ножўя таъсири туфайли мажруҳ бўлиб қолган болалар сони расман 23 нафарга етди.

Ижтимоий тармоқларда жабрдийдалар сони кўпроқ экани ҳақида тахминлар илгари сурилгани маълум.

Суд дори истеъмолидан вафот этган 68 нафар марҳум ва соғлиғи ўта оғирлашган болаларнинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Аввалроқ фарзанди ушбу дори туфайли ногирон бўлиб қолган фуқаро Феруз Нуриддинов соғлиқни сақлаш масъулларини ҳаракатсизликда айблаганди.

Путин Мирзиёев билан Сурия ва Украина хусусида гаплашди

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Сурия ва Украина атрофидаги жорий вазият юзасидан фикр алмашишган.

Бу ҳақда қисқа ахборот ёйинлаган Кремль матбуот хизмати Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг “қайноқ нуқталар” хусусидаги мулоқоти тафсилотларини очиқламаган.

Суҳбат асносида Путиннинг жорий йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларига доир келишувларнинг ижроси ҳам кўриб чиқилган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати қайдича, икки давлат раҳбари ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсишини таъминлаш, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар ҳамда ишбилармон ташкилотлари даражасида фаол мулоқотларни давом эттиришга қаратилган ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлигини таъкидлашган.

Путин ва Мирзиёев жорий йил декабрь ойи охирида бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувларга тайёргарликни ҳам муҳокама қилган.

Путин жорий йил май ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан борганди. Ўшанда Мирзиёев Путинни ўз уйида меҳмон қилгани, Россия раҳбари Ўзбекистонда режадагидан ортиқча бир кунга қолиб кетгани хабар қилинган эди.

Икки давлат раҳбари жорий йил 7 октябрь куни Путиннинг туғилган кунига мўлжаллаб Москвада уюштирилган МДҲ саммитида ҳам кўришишганди.

Ўзбекистон Россия билан яхши муносабатларни сақлаб келмоқда, бироқ айни пайтда, Ғарб билан алоқаларни кенгайтиришга интилмоқда. Тошкент ҳеч қачон Россия–Украина урушини қораловчи тўғридан-тўғри баёнот бермаган, бироқ қўллаб-қувватлашини ҳам эълон қилмаган.

Ўзбекистон боксчилари Осиёда биринчи бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 30 ноябрь – 11 декабрь кунлари Таиландда бўлиб ўтган бокс бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси пешқадам бўлди.

Эркаклар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 8 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини олган бўлса, аёл боксчилар 3 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакат эркаклар жамоасининг янгиланган таркиби Қозоғистоннинг Парижга борган асосий жамоасини ҳам, Украинанинг кучли таркибини ҳам доғда қолдирган.

Совриндорлар (эркаклар):

Олтин медаль:

• -48 кг: Шодиёржон Мелиқўзиев

• -51 кг: Асилбек Жалилов

• -57 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов

• -63,5 кг: Адҳамжон Муҳиддинов

• -67 кг: Мужибилло Турсунов

• -71 кг: Ҳавасбек Асадуллаев

• -75 кг: Жавоҳир Умматалиев

• -80 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев

Кумуш медаль:

• -54 кг: Шаҳзод Музафаров

• -86 кг: Жасурбек Йўлдошев

Бронза медаль:

• +92 кг: Жаҳонгир Зокиров

Совриндорлар (аёллар):

Олтин медаль:

• -48 кг: Фарзона Фозилова

• -52 кг: Феруза Казакова

• -66 кг: Навбаҳор Ҳамидова

Кумуш медаль:

• -54 кг: Азиза Якубова

• -57 кг: Нигина Ўктамова

• -75 кг: Азиза Зокирова

• +81 кг: Олтиной Сотимбоева

Бронза медаль:

• -50 кг: Сабина Бобоқулова

• -81 кг: Соҳиба Рўзметова.

Шу тариқа Ўзбекистон бокс жамоаси турнирнинг умумжамоавий баҳсларида жами 20 та медаль (11 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза) билан биринчи ўринни, Қозоғистон 20 та медаль (9 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза) билан иккинчи ўринни, мусобақа мезбони Таиланд эса 9 та медаль (бундан 3 та олтин) билан учинчи ўринни эгаллади.

Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон энг кўп олтин медални бокс йўналишида (Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоков ва Баҳодир Жалолов) қўлга киритганди.

Оммавий тартибсизликлар бўйича ўқувдан ўтганлар жазоланиши мумкин

Жиноят кодексининг оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ моддасига киритилаётган ўзгартишларни Қонунчилик палатаси депутатларига бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова тақдим қилган
Жиноят кодексининг оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ моддасига киритилаётган ўзгартишларни Қонунчилик палатаси депутатларига бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова тақдим қилган

Ўзбекистон қонунчилигига оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ва бу каби фаолиятни молиялаганлик учун бевосита жавобгарликка тортиш билан боғлиқ ўзгартиш киритилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 декабрь куни бўлиб ўтган галдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган.

Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, лойиҳани тақдим этган бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова бугунги кунда оммавий тартибсизликлар Ўзбекистондаги “тинчликка путур етказувчи, жамият осойишталигига раҳна солувчи омил” бўлиб бораётганини таъкидлаган.

Мулозимага кўра, амалдаги қонунчиликда оммавий тартибсизликлар ташкил қилганлик, уларда фаол қатнашганлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик, оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштирганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик мавжуд эмас.

Ортиқованинг тақдимотидан қонун лойиҳаси ана “кемтикни тўлдириш” учун киритилаётгани англашилади.

Лойиҳа билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддасида оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ҳамда оммавий тартибсизликларни молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилиняпти. БП масъули унда кўзда тутилган жазо онлайн тарздаги ўқувларда қатнашаётган шахсларга ҳам дахлдор бўлишини урғулаган. Айни пайтда у мазкур хатти-ҳаракатлар учун айнан қандай жазо чораси кўзда тутилаётганига аниқлик киритган эмас.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддасида оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдоридаги жаримадан тортиб 15 йилгача қамоқ жазосигача бўлган жазо чоралари кўзда тутилган.

Лойиҳа депутатларда эътироз уйғотмаган, улар тақдимотчига ушбу мавзуда битта ҳам савол беришмай, ҳужжатни биринчи ўқишда қабул қилишган.

Айни пайтда қонунчиликка киритилиши кутилаётган бу ўзгартиш фуқаролик жамияти фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида турли саволларни пайдо қилган. Улар мазкур тузатиш танқидий фикрдаги шахсларни жазолаш учун қўшимча механизм вазифасини ўташи мумкинлигидан хавотирдалар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG