Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:07

Юздан ошиқ фермерга пахта пулини бермаëтган кластер раҳбари коронавирусни баҳона қилди


Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги юздан ортиқ фермер “Ko’kcha tekstil” МЧЖ кластер корхонасидан 2019 йил учун шартномада белгиланган пахта пулини ололмаяпти.

Фермерлар кластер 70 кундан буён турли баҳоналар билан пул бермай келаëтганини айтмоқда.

Фермерлар пулини бериш кечикаётганини тан олган “Ko’kcha tekstil” МЧЖ кластер корхонаси раҳбари Рустам Пўлатов, бунга коронавирус туфайли маҳсулотни хорижга экспорт қилишда муаммо пайдо бўлганини сабаб қилиб кўрсатди.

Ўртачирчиқ туманидаги юздан ортиқ фермер “Ko’kcha tekstil” МЧЖ кластер корхонасидан шу пайтгача 2019 йил учун пахта пулини ололмади.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири Озодликка кластер ҳозиргача 400 миллион сўмдан ортиқ пулини тўламаганини айтади:

Мана эса бир тийинсиз ўтирибман. Ишчиларимга ойлик бериш керак, ерни экишга тайёрлаш керак.


“Чигит экишни бошлашимизга бир ойча вақт қолди. Лекин шартнома бўйича ўтган йилнинг 31 декабригача олишимиз шарт бўлган пулимизни кластер бермаяпти. Пахтанинг НДС(қўшимча қиймат солиғи)ини ўзимнинг шахсий маблағимдан тўладим. Буғдойнинг пули келди уни тўлавордим, шолининг пули келди, уни тўлавордим. Мана эса бир тийинсиз ўтирибман. Ишчиларимга ойлик бериш керак, ерни экишга тайёрлаш керак. Аммо кластернинг бу билан иши йўқ. Қачон сўрасак, эртага, эртага деб алдаб келмоқда”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермер кластер раҳбарининг фермерлардан қочиб юрганини айтади:

Шунақа алдовлар билан мана 70 кун ўтиб кетди.


- Телефон қилсак, кўтармайди. Ушлаб бўлмайди. Бир кўча-кўйда ушлаб қолсак, бу ҳафта албатта тушади, деб алдайди. Шунақа алдовлар билан мана 70 кун ўтиб кетди. Кластер шартномага кўра, пул тўлашни кечиктирган ҳар бир куни учун сумманинг бир фоизи миқдорида жарима тўлаши керак. Қани кўрамиз, тўлайдими ёки йўқ. Тўламаса судга берамиз.

Озодлик билан суҳбатда бу фермер шу пайтгача нега кластерни судга бермагани сабабини шундай изоҳлайди:

- Кластер судга бервормасин деб, акт-сверка, яъни солиштирма далолатни ўтган куни берди. Чунки суд бу актсиз даъвони қабул қилмайди. Ҳозир фермерлар кенгаши билан маслаҳат қилиб, кластерни Иқтисодий судга бермоқчимиз. Келишилган вақтда, келишилган нархда пахтани етиштириб бердигу, пулини тўлашда эса ўзини олиб қочмоқда.

“Ko’kcha tekstil” МЧЖ кластер корхонаси раҳбари Рустам Пўлатов Озодлик билан суҳбатда фермерларга пахта пулини бериш кечикаётганини сабабини коронавирус билан боғлади:

Хитойда вирус бўлганлиги сабабли Туркия, Эрон чегаралари ёпилиб қолган эди.


- Ҳақиқатда, озгина қийинчилик бўлди. Ўзларингни хабарларинг бор, Хитойда вирус бўлганлиги сабабли Туркия, Эрон чегаралари ёпилиб қолган эди. Шу озгина салбий таъсир кўрсатди. Чунки Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасидаги асосий бозори Хтиой билан Туркия. Ҳозир ана шу қийинчиликдан ўтдик. Энди секин-секин қарздорликни ёпаяпмиз. Бир ҳафта, ўн кун ичида барча қарздорликни узамиз”.

Озодлик пахтачик кластерларининг фермерларнинг ҳосил пулини бермай келаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келмоқда.

25 февраль куни Андижон вилояти Балиқчи туманидаги 30 нафар фермер Digitil Prom TekistelI кластеридан 2019 йил учун топширилган пахта ҳосили пулини ололмаганидан шикоят қилган эди.

22 январь куни Фарғона вилоят, Учкўприк тумани фермерлари 2019 йил пахта ҳосили пулини кластер корхонасидан ола олмаëтгани ҳақида шикоят қилган эди.

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG