Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:38

Хоразмда фермерлар фақат кластер манфаати назарга олинган шартномани имзолашга мажбурланмоқда


Шовотлик фермерлар
Шовотлик фермерлар

Хоразм вилоят, Шовот тумани фермерлари “Шовот Текстил” кластер корхонаси ва туман ҳокимлиги уларни фермерлар манфаатига зид келувчи шартномани имзолашга мажбур қилаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилди.

Фермерларнинг айтишича, имзолаш учун тавсия қилинаётган шартнома шартлари фақат кластернинг манфаатига хизмат қилади, мажбурий суғурта шартлари адолатсиз, минерал ўғит ва ёнилғи нархлари баланд, фермернинг эса кластер танлаш ҳуқуқи йўқ.

“Шовот Текстил” кластер корхонасига қарашли “Textile Finance Khorezm” МЧЖ раҳбари Равшан Ҳайитбоев фермерлар иддаоларини инкор қилар экан, уларга кўрсатиладиган хизматлар "аъло даражада" эканлигини таъкидлади.

Шовот туманининг Махтумқули ҚФЙдаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, “Шовот Текстил” кластер корхонаси ва туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси мулозимлари фермерларни 2020 йил пахта ҳосили учун мажбуран шартнома қилдирмоқда:

“Шартномага имзо қўймадим. Мени шартноманинг шартлари қониқтирмади. Пахта планини ер бонитетига қараб қўйгани йўқ. Иккинчидан, ўтган йили бизга берган минерал ўғит ва ёнилғига қанча нарх қўйганини айтгани йўқ. Масалан, ўғитларнинг ҳар тоннаси 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача фарқ қилади. Йилнинг охирига келиб, катта-катта суммаларда биздан қирқиб олди. Пахта планини бажарган бўлсак-да, қарз билан чиқдик".

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермер ҳам шартнома шартлари уни қониқтирмаганини айтди:

“Ўзларининг мажбурий суғурта компаниясини тузиб қўйибди, ўтган йили ҳам 30 миллион сўм пулимизни олди. Лекин планни бажара олмаган фермерларни қоплаб бермади. Уларнинг суғуртаси ажойиб, масалан, мен планнинг 80 фоиздан у ёғини бажара олмасам, кейин у ёғини қоплаб беради экан. Агар табиий офат бўлиб планим 50 бўлиб қолса қопламайди”.

Фермерга кўра, ҳудуд раҳбари, иш бошқарувчи, агроном каби кластер ўзи қўйган раҳбар-мутахассислар харажатларини ҳам, шартномага кўра, фермер қоплаши керак:

Хоҳласанг шу, хоҳламасанг шартнома ўзгармайди, деяпти.


“Уларнинг маошини ҳам биздан ундириб турибди, шартномага олган фойдамиздан 0,4 фоизини беришимиз керак экан. Уларни ўзлари тайинлаганку, бизга алоқаси йўқ. Хоҳласанг шу, хоҳламасанг шартнома ўзгармайди, деяпти. Биз бошқа тумандаги кластер билан шартнома қилиб ишлашга ҳаққимиз йўқ экан. Ўзлари мажбурлаб бизни тупикка тиқиб қўйган, мажбур шартнома қилишдан бошқа иложимиз йўқ”.

Исми сир қолишини сўраган учинчи фермернинг айтишича, кластер билан шартнома қилдиришга туман ҳокимлиги мажбурлаяпти:

2 минг гектар ортиқча пахта экмасак режани бажаролмаймиз деб, ҳамма жойга пахта тиқиб ётибди.


“Қонун бўйича ҳокимлар аралашмаслиги керак. Лекин қишлоқ хўжалиги бошқармаси Бекзод Бекчанов ҳам келиб размешение қилиб ўтирибди. Бунча жойга пахта экасан, мана шу тоннани қиласан деб. Бу жойда пахта яхши бўлмайди, беда, шоли ёки бошқа нарса экайлик десак, йўқ, тепадан топшириқ бўлган пахта экасан деб мажбурлаяпти. Центнерни ҳам ер бонитетини ҳисобга олмасдан босиб қўйиб турибди. 2 минг гектар ортиқча пахта экмасак режани бажаролмаймиз деб, ҳамма жойга пахта тиқиб ётибди. Кластер ёнилғи ва минерал ўғитни ҳам нархини айтмади, биз мажбур бўлиб доверенность ёзиб беравердик, охирида хоҳлаган нархини қўйиб босиб олди”.

Фермернинг айтишича туман Фермерлар кенгаши кластерни Иқтисодий судга бериш учун ариза йиғмоқда.

“Шовот Текстил” кластер корхонасига қарашли “Textile Finance Khorezm” МЧЖ раҳбари Равшан Ҳайитбоев фермерлар иддаоларини инкор қилар экан, шартномада улар учун қулай барча шароитлар яратилганини айтди:

- Ҳеч ким уларни мажбурий суғурта қилмайди. Агар суғурта қилмаса, 70 фоизгача молиялаштирилади. Бизнинг шартнома шундай, агар фермер хўжалиги биздан оладиган бўнак пули, ёнилғи ва минерал ўғитларни белгиланган гектарга мақсадли ишлатса, шартноманинг битта пункти ҳам уларга қарши ишламайди. Агар фермернинг ўзи нопок бўлиб, буларни бошқа мақсадларда ишлатиб юборса, агротехника тадбирларини вақтида ўтказмаган бўлса, мана шундай фермерлар норози бўлиши мумкин.

Равшан Ҳайитбоев ёнилғи ва минерал ўғитни биржадан сотиб олаётганини айтар экан, фермерлар учун нархи ошириб сотилганини инкор қилди.

Шовот тумани қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бекзод Бекчанов фермерлар фақат пахта экишга мажбурланаётганини инкор қилди:

“Бизлар икки томон ўртасида бўлган шартномани рўйхатдан ўтказамиз, қолган масалалар бўйича сизга нотўғри информация беришибди”, деди Бекзод Бекчанов.

Ўтган йилнинг 1 февралида Шовот тумани фермерлари пахта етиштириш шартномасини "объектив сабаблар" билан бажара олмаган 87 фермер асоссиз судга тортилгани, пахтага сув етказиб беролмаган ташкилотлар эса, жавобгарликдан четда қолаётгани ҳақида шикоят қилган эди.

Ўзбекистонда кластер корхоналар билан фермерлар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Озодликка мурожаат қилган фермерлар кластер корхоналарини шартнома шартларини бузганликда, бўнак пули ва ёнилғи-минерал ўғит билан таъминлаганликда, ҳосил пулини тўлашни кечиктираётганликда айблаб келади.

Кластер корхоналарининг аксарияти ўз камчилигини тан олган бўлса, баъзилари фермерлар иддаоларини рад этиб келади.

Озодлик пахтачик кластерларининг фермерларнинг ҳосил пулини бермай келаётгани ҳақида ҳам хабар берган эди.

22 январь куни Фарғона вилоят, Учкўприк тумани фермерлари 2019 йил пахта ҳосили пулини кластер корхонасидан ола олмаëтгани ҳақида шикоят қилган эди.

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG