Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:01

Фаоллар Гулнора Каримованинг пора олувчидан пора берувчига айланишини тўхтатиш талаби билан чиқди


Гулнора Каримова¸ Бош прокуратура баëнотига кўра¸ жорий йил 5 мартидан яна Зангиотадаги аëллар қамоқхонасига қайтарилган.
Гулнора Каримова¸ Бош прокуратура баëнотига кўра¸ жорий йил 5 мартидан яна Зангиотадаги аëллар қамоқхонасига қайтарилган.

Бир гуруҳ ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоллари Швейцария¸ Франция¸ АҚШ¸ Гибралтар ва Ўзбекистон Адлия вазирликлари¸ прокуратура ва ҳукуматларига мурожаат билан чиқди.

Ўз сўровида ўндан ошиқ фаол Тошкент ва хориж ҳукуматларидан Гулнора Каримова ва унинг “ноқонуний активлари тақдири”ни очиқ ва адолатли судлов орқали ҳал қилишни сўради.

2018 йил августида Швейцария ҳукуматига Гулнора Каримованинг музлатилган пулларини Ўзбекистонга қайтариш шарт-шароитлари ҳақида ўз тавсиясини берган ўзбекистонлик фаоллар¸ кейинги бир йил ичида Каримова ва унинг пуллари масаласида жиддий ўзгаришлар кузатилганини айтади.

Мурожаатда ëзилишича¸ бу жараëндаги энг ташвишли жиҳатлардан бири Гулнора Каримова манфаатини ҳимоя қилаëтган томон ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги махфий савдолашувдир.

Каримованинг бирда Зангиота қамоқхонаси¸ ундан уй қамоғи¸ сўнгра яна Зангиота қамоқхонасига қайтарилиши¸ мактуб муаллифлари томонидан¸ Каримованинг пул эвазига ўз озодлигини сотиб олиш жараëнидаги тебранишлар сифатида талқин этилган.

«Ҳозир Швейцарияда музлатилган активлар атрофида янги босқич савдолашув бормоқда. Каримова пулларини Ўзбекистонга қайтариш шарти сифатида унинг томони Каримованинг озод этилиши ва рисоладагидай даволаниши учун хорижга чиқишига рухсат берилиши¸ озодликка чиққанидан сўнг қийналмай яшаши ва ўз ҳимоячиларига яхшигина ҳақ тўлаши учун бу активларнинг бир қисмни қолдирилишини талаб қилмоқда.

Бу савдолашув ўхшаса ва Гулнора Каримова ҳатто уй қамоғига чиқарилса¸ буни Ўзбекистон ҳукуматига ниҳоятда катта миқдорда пора тўлаш сифатида баҳолаш керак. Бу вазиятда Гулнора Каримова ўз ролини ўзгартириб¸ пора олувчидан пора берувчига айланади. Воқеаларнинг бундай ривожи эса¸ халқаро норма ва стандартларга мос одил судловга тўғри келмайди ва коррупция қурбонлари – Ўзбекистон халқи манфаатларига хизмат қилмайди”¸ дейилади инглиз¸ француз ва рус тилларида ëзилган мурожаатномада.

Швейцария ва Франция ҳукуматларининг Гулнора Каримовага қарашли пул ва бошқа бойликларни имкон қадар тезроқ Тошкент ҳукуматига қайтариш истагини танқид қилган ўзбекистонлик фаоллар¸ уларни мазкур ҳаракатнинг ўз обрўсига зиëн етказишидан огоҳлантиради.

Мурожаатда¸ Каримованинг Швейцария банкларидаги музлатилган пуллари¸ Франциядаги кўчмас мулк ва бошқа бойликларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича тавсиялар ҳам берилган.

Улар орасида¸ Гулнора Каримова устидан қайтадан очиқ ва адолатли суд ўтказиш¸ Каримованинг қамоқхона шароитидаги шикоятлари ортидан нафақат унинг¸ балки бошқа маҳбуслар шароитини ҳам яхшилаш¸ Каримова активларини қайтаришда Ўзбекистон ҳукуматининг коррупцияга қарши кураши ва инсон ҳақларига кўрсатаëтган ҳурматини эътиборга олиш каби талаб ва тавсиялар бор.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Каримова иши бўйича берган сўнгги расмий баëнотига кўра¸ 2019 йил 5 мартдан уй қамоғидан Зангиота туманидаги 21-сонли умумий тартибдаги колонияга ўтказилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2017 йил эълон қилган баëнотда айтилишича¸ Гулнора Каримовага Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик), 178 (Чет эл валютасини яшириш), 182 (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 189 (Савдо ëки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 228 (Давлат проба тамғаларини тайëрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари билан айблов эълон қилинган.

Гулнора Каримова Ўзбекистондан ташқари яна ўнга яқин давлатда коррупция ва пул ювиш бўйича очилган жиноят ишлари фигурантидир.

АҚШ Адлия вазирлиги қошидаги прокуратура идорасининг Нью Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори 2019 йилнинг 7 март куни Гулнора Каримовага нисбатан расмий айблов эълон қилди.

Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланмоқда. Бу коррупцион схема марказида эса¸ Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ширкати турибди.

Европа телеком ширкатлари АҚШ Адлия вазирлиги билан судгача эришилган келишувда¸ Гулнора Каримовага бир миллиард долларга яқин пора берганига иқрор бўлган.

АҚШ Адлия вазирлиги баëнотида таъкидланишича¸ Каримова АҚШнинг Foreign Corrupt Practices Act (“FCPA”) – Хориждаги коррупцияга қарши кураш ҳақидаги қонунига кўра¸ ҳозирга қадар энг катта пора олганликда айбланган шахсдир.

Каримованинг Лондонда яшаëтган қизи Имон Каримова ва швейцариялик адвокати Грегуар Манжа унинг Зангиота қамоқхонасида оғир аҳволда қолаëтгани ҳақида тез-тез баëнот бериб келмоқда.

1июль куни ўз Iнстаграм саҳифасида Имон Каримова¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси онаси билан олиб борилган махфий сўзлашувларда берилган ваъдасини бажармагани ортидан¸ Швейцарияда музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтариш борасидаги ҳамкорлик тўхтатилганини эълон қилган эди.

Июнь ойида Гулнора Каримова қизи орқали эълон қилган мактубида¸ бундай ҳамкорлик оқибатида 133 миллион долларнинг қайтарилишига розилик берганини айтган эди.

Каримова томонидан ҳамкорлик тўхтатилгани эълон қилиниши ортидан¸ жорий ой Тошкентга борган швейцариялик адвокати мижози билан учрашишига рухсат берилмаганини билдирди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG