Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:58

Франция Ўзбекистонга Гулнора Каримованинг пулларини қайтарадиган бўлди


Франция Парижда Гулнора Каримовага тегишли бўлган мулкларни сотишдан тушган пулларни Ўзбекистон ҳукуматига топширади. Бу ҳақда Франция янгиликлар радиоси – RFI прокурор Николя Байетога таянган ҳолда 9 июль куни хабар берди.

Қандай мулклар сотилади?

Прокурорнинг билдиришича, гап Гулнора Каримованинг Париждаги квартираси, Сен-Тропе шаҳри яқинидаги Гассене аҳоли пунктидаги вилласи ва де Грусседаги қасри ҳақида бормоқда.

Бу мулклар SCI мулкни бошқариш ширкати номига расмийлаштирилган. Француз терговчилари бу объектлар хориж телекоммуникация ширкатлари Ўзбекистон бозорига кириш учун Гулнора Каримовага берган поралар ҳисобига сотиб олинганини аниқлаган.

SCI ширкати 26 июнь куни тергов билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирган ва “аввалдан айбдор эканлигини тан олган ҳолда” прокуратурага келган. SCI ширкати 9 июлгача тергов устидан апелляция киритиш ҳуқуқига эга бўлган, бироқ бу ҳуқуқдан фойдаланмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Гулнора Каримовага тегишли бу уч объект мусодара қилинган ҳисобланади.

Ўзбекистон билан музокаралар

Прокурор Николя Байетога кўра, Каримованинг Париждаги мулки бўйича якуний қарорни Тошкент жорий йилда қабул қилди. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати билан 18 ой мобайнида музокаралар олиб борилди.

Байето суд терговчиси Серж Турнер билан Тошкентга келиб, пулларни қайтариш йўналишида қандай юридик йўлни танлаш масаласини муҳокама қилганларидан сўнг, ўзбек ҳукумати якуний қарорни қабул қилган.

“Ўзбекистонда қабул қилинган суд ҳукмларини Францияда тан олиниши йўлини ҳам танлаш мумкин эди. Бироқ бу йўл жуда мураккаб. Ўзбекистон ҳукумати Францияда ўзини жабрланган шахс сифатида тақдим этишига розилик бериши ва фуқаровий давогар бўлиши енгилроқ йўл эди. Ўзбекистон ҳукумати иккинчи йўлни танлади”, деди Ўзбекистон ҳукумати манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Стефан Секкальди.

Ўзбекистонга қанча пул қайтарилади?

Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб йўқ. Секкальдининг Франция янгиликлар радиосига айтишича: “Францияда мусодара қилинган мулклар бошқа бир давлатга товон сифатида берилмайди. Шунинг учун Ўзбекистонга мулкларни сотишдан тушган пулларгина қайтарилади. Гулнора Каримованинг мулкларини ким ошди савдосида сотиш Франция Мусодара қилинган мулкларни қайтариш агентлиги назорати остида ўтказилади".

Гулнора Каримованинг Париждаги квартираси 2019 йилнинг баҳорида 14 миллион еврога сотилган. Бу сотиб олинган баҳодан икки баробарга арзондир. Сотилган мулклардан тушган пулнинг 2 миллион евроси тергов ҳаражатларини қоплаш учун товон пули сифатида ушлаб қолинади.

Франция матбуотининг ёзишича, Гулнора Каримова Париждаги квартирани 31 миллион еврога, виллани 2 миллион 400 минг еврога, қасрни 28 миллион еврога сотиб олинган.

Гулнора Каримовага қарши жиноят ишларининг тарихи

Францияда Гулнора Каримовага қарши тергов 2014 йилда Швейцария прокуратураси Парижга “жиноий гуруҳ таркибида пул ювиш” бўйича жиноят иши доирасида сўров юборгани ортидан бошланган.

2014 йилнинг 5 сентябрида суд терговчиси Турнер Каримованинг Франциядаги учта мулкини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган эди.

2015 йилнинг августида АҚШ қатор мамлакатлардан Гулнора Каримованинг 1 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйишни илтимос қилди.

2016 йилнинг январида Ўзбекистон Нью-Йорк судига Каримова иши доирасида музлатилган пулларни Тошкентга қайтарилииш юзасидан сўров киритди.

24 июнь куни Швейцария федерал прокуратураси Каримованинг 2012 йили музлатилган 850 миллион доллар пулининг 133 миллионини Ўзбекистонга қайтариш ҳақида дастлабки келишувга эришилганини билдирган эди.

Аммо 1 июль куни Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа Швейцария федерал жиноят суди 555 миллион долларнинг қайтарилишни “зудлик билан тўхтат”гани тўғрисида маълум қилди.

Каримова адвокати 4 июль куни мижозига нисбатан “зўравонлик билан ҳибсда сақланиши тўхтатилмас экан”¸ музлатилган пулларни қайтариш борасида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳеч қандай ҳамкорлик бўлмаслиги ҳақида баëнот берди.

Гулнора Каримова Тошкент вилоятидаги Зангиота аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда.

XS
SM
MD
LG