Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:57

Гулнора Каримова адвокати Бош прокуратуранинг ўзига қўйган айбловларини “уйдирма” деб атади


Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Gregoire Mangeat.
Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Gregoire Mangeat.

10 декабрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Gregoire Mangeat (Грегуар Манжа)нинг Ўзбекистонга киришини тақиқлади.

Бундай кескин қарорига асос қилиб Бош прокуратура Манжани “ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган”лик¸ Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақида “бўҳтон” тарқатганлик ва адвокатлик этикасини бузганликда айблади.

11 декабрь куни Озодликка йўллаган ëзма жавобида швейцариялик адвокат бу айбловларни “мутлақ асоссиз” " ва “жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун ўйлаб топилган уйдирма” деб баҳолади.

Ўтган йил Гулнора Каримова билан Зангиота қамоғида учрашган швейцариялик адвокат¸ нафақат ўз мижози¸ балки бошқа маҳкумларнинг ҳам оғир шароитларда сақланаëтгани¸ уларнинг ҳуқуқий ҳимоядан маҳрумлиги ҳақида ëзган эди.

Бош прокуратура швейцариялик адвокатни “этика”ни бузишда айблади

Ўзбекистон Бош прокуратураси 10 декабрь кунги расмий баëнотида швейцариялик адвокат Грегуар Манжага жиддий айблар қўйди.

Gregoire Mangeat
Gregoire Mangeat

Грегуар Манжа Швейцариядаги MANGEAT Attorneys at Law LLC адвокатлик фирмаси асосчиси¸ Женева адвокатлар ассоциациясининг собиқ раиси.

Халқаро майдонда асосан молиявий жиноятларда айбланган шахсларга адвокатлик қилувчи Манжа¸ Тошкент томонидан адвокатлик ахлоқини бузганлик¸ Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақида “пиар мақсадида” бўҳтон тарқатганликда айбланди.

Баëнотда ëзилишича¸ “амалдаги қонунчиликка кўра чет эл адвокатларининг Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатиши назарда тутилмаган”.

Шунга қарамай¸ расмий баëнотда айтилишича¸ яқинларга қадар Грегуар Манжа “Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида” ўз мижози – Гулнора Каримова билан кўришиш имконига эга бўлган.

"Г.Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Г.Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегараланган" дейилган баëнотдан¸ бу мандатнинг тугагани тушунилади.

“Ўзбекистондаги адвокатлик этикаси ўзбекистонлик адвокатларга тааллуқли”

Ўзбекистон ҳукумати мени Ўзбекистон адвокатлари учун жорий этилган ахлоқ қоидаларини бузганликда айблаганидан ҳозиргина хабар топдим”¸ деган Манжа бундай “асоссиз” айбловларни мутлақ рад этажагини билдирди.

Бу айбловлар жамоатчилик диққатини чалғитиш ва Гулнора Каримовани ўз адвокати билан эркин алоқа қилиш ҳуқуқидан узоқ муддатга маҳрум қилиш учун ўйлаб топилган уриниш сифатида баҳоланиши керак”¸ дейилади Манжа 11 декабрь куни Озодликка юборган ëзма жавобда.

Швейцариялик адвокат ўз мижози – Гулнора Каримова билан сўнгги марта 2019 йил июнида учрашгани ва шундан кейинги барча сўровлари рад этилганини таъкидлади.

Манжанинг Озодликка айтишича¸ унинг Гулнора Каримова билан учрашиш ҳақида қилган сўнгги сўровларига 14 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари расмий хат билан рад жавоби берган.

11 октябрь санаси қўйилган бу хатнинг Озодликка тақдим этилган нусхасида¸ швейцариялик адвокатнинг ўз мижози билан учрашишига¸ Каримованинг бораëтган янги тергов жараëнида ниҳоятда бандлиги асосида рад жавоби берилган.

Хусусан¸ расмий хатда:

- Гулнора Каримова ва унинг адвокатлари иштирокида кўплаб процессуал ҳаракатлар бораëтгани сабаб¸ жаноб Манжанинг тергов қилинаëтган Каримова билан учрашиш ҳақидаги сўровини ҳозирги босқичда қондириш имкони йўқ, дейилади.

Бу хат¸10 декабрь куни Ўзбекистонга киришимнинг рад этилишига асос қилиб келтирилган сабаблар¸ гарчи орада мен Ўзбекистонга бормаган бўлсам-да¸ "уйдирма" эканини кўрсатади”¸ дейди Манжа.

Манжа иддаосича¸ Ўзбекистонга киришининг тақиқланиши Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган пулларидан 555 миллион долларининг Тошкент ҳукуматига қайтарилишини тўхтатишга муваффақ бўлганига берилган “ўзига хос жавоб”дир.

“Адолатсиз маҳкама ва терговни танқид қилиш адвокатнинг бурчидир”

Ўзбекистон Бош прокуратураси Грегуар Манжани “олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган”ликда айблади.

Озодлик билан суҳбатда Грегуар Манжа Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати сифатида Ўзбекистондаги ноқонуний тергов амалиëтлари¸ адолатсиз судлар ва маҳкумларга нисбатан шубҳали ҳати-ҳаракатларни танқид қилиш ўз профессионал бурчи эканини таъкидлади.

Менинг фаолиятимга оид туҳматларга қарамай¸ бундан кейин ҳам ўз профессионал бурчимни бажаришда давом этаман”¸ дейди Манжа.

Бош прокуратура “бўҳтон” деб атаган твитлар

Грегуар Манжа ўзбекистонлик таниқли мижози – мамлакат марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовани ҳимоя қилиш жараëнига оид маълумотларни мунтазам суратда ўз Twitter саҳифасида ëйинлаб келди.

Июль ойидаги твитларидан бирида Манжа Швейцарияда Каримова устидан бораëтган маҳкамада катта ғалабага эришгани ва музлатилган 800 миллион долларнинг 555 миллионини Ўзбекистон ҳукуматига қайтарилишини тўхтатишга муваффақ бўлганини эълон қилган эди.

"Мижозимнинг зўравонлик билан ҳибсда сақланиши тўхтатилмас экан¸ Ўзбекистон ҳукумати билан бошқа ҳамкорлик қилинмайди. Мижозимга нисбатан босим ошгандан ошиб бормоқда. Каримованинг ҳаëти хатар остида"¸ деб ëзган эди швейцариялик адвокат ўз Twitter саҳифасида.

Манжа ўз твитларида шунингдек¸ Каримова устидан ўтказилган махфий суд жараëнлари¸ унинг қамоқхонадаги шароити¸ ўзбекистонлик адвокатларнинг тергов ва суд жараëнларидаги "сассизлиги"ни танқид қилиб келаëтган эди.

Жорий йил апрелидаги твитида Манжа:

2016 йил декабри. Менинг Гулнора Каримова билан учрашишимга биринчи марта рухсат беришди. Тошкентда икки кунлик эшитувлар бўлди. 20 соатдан кўпроқ давом этди. Менинг мижозимга тайинланган икки ўзбек адвокатидан бирортаси бу икки кун давомида оғиз очиб бир сўз демади. Сассиз адвокатлар. Босим остида. #Адолатсиз адолат¸ деб ëзган эди.

Шунингдек Манжа¸ Зангиота аëллар колониясига қилган ташрифлари давомида у ердаги маҳкумларга ҳуқуқий ëрдам кўрсатилаëтганига бирор марта гувоҳ бўлмаганидан ҳам ҳайратини яширмаган эди.

Манжа мижози билан кўришиш уринишини давом эттирмоқчи

Озодлик билан суҳбатда швейцариялик адвокат икки ҳафта олдин Гулнора Каримова билан 5-8 январь кунлари учрашишига рухсат сўраб мурожаат юборгани ва Ўзбекистон ҳукуматидан бу сўровга ижобий жавоб кутишини билдирди.

Мен Ўзбекистон ҳукуматидан адолатли маҳкама принциплари¸ менинг мустақиллигим ва Гулнора Каримованинг ўз адвокати билан учрашиш¸ алоқа қилиш каби фундаментал ҳаққига ҳурмат кўрсатишни кутаман.

Аввал ҳам айтганим каби¸ агар Ўзбекистон инсон ҳақлари стандартларига амал қилса¸ Гулнора Каримова ва унинг адвокати билан дўстона музокара олиб борса¸Ўзбекистон ва Гулнора Каримова манфаатларини инобатга олувчи жўяли ечим аллақачон топилган бўларди”¸ дейилади Грегуар Манжа Озодликка юборган жавобда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG