Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:41

Чақалоқ савдоси: Қийналган оналар ва "соғлом бола" харидорлари


Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.

Бу маълумот эълон қилинган кун – 7 январда Самарқанднинг Каттақўрғон туманида икки яшар ўғлини 2500 долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди.

Чақалоқ савдосига оид рақамлар ортида оналарнинг ижтимоий ҳамда психологик ёрдамга муҳтожлиги ётибди.

Мавзуни ўрганиш жараёнида бола асраб олиш учун навбатда турганлар орасида ногирон болаларга ўз меҳрини бермоқчилар йўқлиги маълум бўлди.

$2500 га баҳоланган чақалоқ

Дарё.уз нашрининг Каттақўрғон тумани ИИБга таяниб хабар қилишича, шу тумандаги Кадан маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган аёл биринчи турмуш ўртоғидан 2018 йилда туғилган ўғлини 2500 долларга сотишга уринган.

Дарё.уз сайти эълон қилган фото.
Дарё.уз сайти эълон қилган фото.

Аёл келишилган пулнинг 1500 долларини 6 январда харидордан олаётган пайтда ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган. Ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани хабар қилинди.

Чақалоқ савдосининг 4 омили

7 январда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) ўтказилган брифингда ИИВ Тергов департаменти масъул ходими Наргиза Ҳожибоева 2017-2020 йилларда ўтказилган тезкор тадбирлар доирасида Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185та ҳолат аниқлангани тўғрисида баёнот берди.

“Чақалоқ савдосининг оғир оқибатлари, фарзандликка ҳамда васийлик ва ҳомийликка олиш тартиблари, соҳадаги муаммолар таҳлили”га бағишланган тадбирда ИИВ мулозими чақалоқ савдосига сабаб бўлаётган асосий омилларни ҳам санаб ўтган.

Наргиза Ҳожибоевага кўра, чақалоқ савдосига қуйидаги омиллар асосий сабаб бўлмоқда:

Ўзбекистонлик икки юрист ИИВ мулозимининг “чақалоқ савдосининг олдини олишга қаратилган мукаммал ҳуқуқий асоснинг йўқлиги” чақалоқ савдоси сабабларидан биридир, деган фикрига қўшилмади.

Ўз тажрибасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ ишни бундан бир неча йил муқаддам яқиндан ўрганган ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг айтишича, “Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2- қисми билан савдода воситачилик қилган шахс 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Чақалоқнинг онаси ҳам 6 йилга шартли кесилган. Воситачи 4 йил ўтириб чиққан”.

Руҳиддин Комиловга кўра, аксарият ҳолатларда оналар чақалоғини сотишда пассив роль ўйнайди. Асосий ишни, яъни жиноятни воситачилар қилади. Бироқ бу жиноятни содир этувчиларга нисбатан қонун кучсиз деб бўлмайди:

"ЖКнинг 135- моддасида “Одам савдоси” деган жиноят назарда тутилган. Бир неча қисмли бу моддада ҳамма ҳолатлар батафсил ёзиб қўйилган. Тўғри, у ерда “чақалоқ савдоси” деган ибора йўқ. Лекин бўлиши шарт ҳам эмас. “18 ёшгача бўлганлар” дейилган шу ўзи етарли".

Руҳиддин Комиловнинг фикрича, чақалоқ савдосининг олдини олиш учун ҳуқуқий асослар мукаммал. Ҳатто қонунлар ўта қаттиқ дейиш мумкин. “Фақат ўша қонунларга амал қилиш, уларни ижро этиш масаласи оқсамоқда”, деди ҳуқуқшунос.

Ҳуқуқшунос Журъат Тожиев ҳам ҳамкасбининг фикрига қўшилади. Унинг фикрича, муаммо кенгроқ маънодаги инсон ҳуқуқларининг бир қисми.

“ИИВ келтирган важга қўшилмайман. Чунки Жиноят кодексининг 135-моддаси, 3-қисми а-бандида бундай қилмиш учун жавобгарлик бор, шу модда хуқуқий асос бўла олади. Чунки қонунчиликка кўра, инсон туғилиши ҳамоноқ унинг ҳуқуқлари пайдо бўлади. Яъни чақалоққа нисбатан содир қилинган ҳар қандай ижтимоий хавфли қилмиш тўлақонли шахсга нисбатан содир қилинган қилмиш ҳисобланади. Онанинг бу қилмишни жиноят эканини билмаслиги уни жавобгарликдан озод қилмайди”.

Бемор болани ҳеч ким асраб олмоқчи эмас

Айни пайтда, маълумотларга қараганда, Ўзбекистондаги Гўдаклар уйлари, Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган етим болаларнинг 20 минг нафардан ортиғи ёки 70 фоиздан кўпроғи туғма ногиронлардир.

Gazeta.uz сайтида эълон қилинган мақоладан олинган инфографика
Gazeta.uz сайтида эълон қилинган мақоладан олинган инфографика

Озодлик 8 январда Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида жойлашган Гўдаклар уйи ходими билан гаплашди. Исми айтилмаслик шарти билан гапирган ходимнинг айтишича, шу кунда Гўдаклар уйида 58 нафар бола бор. Улардан бири одам савдоси қурбони:

"Бу болани ўзининг ота-онасига қайтаришмоқчи. Маълум бўлишича, боланинг ота-онасиям болалар уйида тарбияланган экан. Онанинг иккита боласи бор экан, шу кунда иккиқат экан, ҳозирда суд жараёни давом этяпти. Суд қарор қилса, бола қайтарилиши мумкин".

Гўдаклар уйи ходимининг айтишича, улар тарбиялаётган 58 боланинг 32 нафари ногирон:

"Бундай болаларни туғруқхонада ҳам ташлаб кетишади, кейинроқ ота-оналари ўзлари опкелиб ҳам беришади Даун синдромли, фалаж, гидроцефалия каби касалликларга чалинган болалар".

Ходиманинг айтишича, у ишлайдиган Гўдаклар уйидан бола асраб олишни истаётганлар сони шу кунда 600 нафарга яқинлашиб қолган, бироқ ҳеч ким бемор болани асраб олмоқчи эмас:

“Қанийди бемор болаларни олишса, лекин олишмайди. Танлашади улар. Уларга фақат соғлом бола керак. Зиёли оиланинг боласи бўлсин дейишади, мусулмон бўлсин дейишади, мусиқага қобилияти бўлсин дейишади. Ҳатто, уялмай, биздан бола соғ, бундан кейин оғримайди, деб кафолат беришимизни ҳам талаб қилишади...”

Номусми, қоринми?

ИИВ мулозими турмушга чиқмаган аёллар ҳомиладорлигини, туққанидан кейин эса, чақалоқни оиласидан яширишга уринишини чақалоқ савдоси омилларидан бири сифатида келтирган.

Бу омил, “Маърифат” газетаси мухбири, фарғоналик журналист Шарифа Муроднинг фикрича, кейинги йилларда бошқа бир омил олдида ўз долзарблигини йўқотган:

“Ҳозир кўп ёш аёллар, қизлар номуссизликдан унчалик ҳам қўрқмаяпти. Аммо моддий таъминланмаганликдан, оч қолишдан қўрқишяпти. Шунинг учун, агар эрга тегмасдан ҳомиладор бўлиб қолсалар, болани боқишга кўзи етмай, ё аборт қилдиришяпти ёки туғиб, бошқасига сотишга рози бўлишяпти. Бизнинг туманда ҳам ўтган йили чақалоқ сотиш ҳодисаси юз берган, унда ҳам кўпроқ болани қандай боқаман, деган фикрда ўз фарзандидан воз кечган она”.

Шунга ўхшаш фикрни 7 январда бўлиб ўтган брифингда иштирок этган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Ўғилой Ўрозова ҳам билдирди. Унинг сўзларига кўра, чақалоқ сотиш жиноятига қўл урган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилганда, уларнинг кўпчилиги оғир турмуш шароитида ва моддий қийинчиликда яшаётгани, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда психологик ёрдамга муҳтожлиги аниқланган.

XS
SM
MD
LG