Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:47

УЗИ уч эгизак туғишини кўрсатган фарғоналик онага туғруқхонада икки чақалоқ тутқазилди


Фарида Ғозиева янги туғилган эгизаклари Фотима ва Зуҳра билан.
Фарида Ғозиева янги туғилган эгизаклари Фотима ва Зуҳра билан.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи 28 ёшли Фарида Ғозиевага ҳомиладорлик пайти ўтказилган текширувларда уч эгизак туғиши айтилган, аммо вилоят перинатал марказида 4 июль куни операция йўли билан ўтказилган туғиш жараёнидан сўнг унинг қўлига икки қизалоқ тутқазилган.

Озодликка мурожаат қилган Фарида Ғозиеванинг иддао қилишича, "учинчи чақалоғи туғруқ жараёнида нобуд бўлганини шифокорлар яширмоқда".

Ғозиеванинг кўзи ёриган Фарғона вилоят перинатал маркази бош шифокори Мадҳия Суярқулова 22 июль куни Озодлик билан суҳбатда бу иддаони рад қилди.

Суярқуловага кўра, ҳусусий клиникалар Ғозиеванинг қорнида уч эгизак бор, деб нотўғри хулоса берган, аслида у икки эгизак туққан.

Фарғона шаҳар прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб бормоқда.

Фарида Ғозиеванинг Озодликка айтишича, у ҳомиладорлик даврида жами йигирма бир марта ультратовуш (УЗИ) текширувидан ўтган, барча тиббий кўрикларда шифокорлар унга учта фарзанд туғишини айтишган:

- Оҳирги текширув 2 июль куни бўлган. Болаларнинг учаласини ҳам юрак уришлари яхшилигини айтишди. Биттаси 2 кило 800 грамм, яна бири 2 кило 700 грамм ва учинчиси 2 кило 500 грамм дейишди. 4 июль куни Фарғона шаҳар перинатал марказида операцияга ётдим, икки қиз чақалоқ: бири 2 кило 640 грамм, яна бири 2 кило 530 грамм туғилди. Учинчи чақалоқ мавжуд эмаслигини айтишди. Лекин ўша куни йўлдош олиб чиқиб берилмади. 7 июль куни ҳамширалардан бири менга икки қиз бир ўғил туққанлигим, ўғил нобуд бўлганлигини оғзидан гуллаб қўйди. Шунга булар бола нобуд бўлганини мендан яширяпти, деб қаттиқ гумондаман.

Фарғоналик она ҳомиладорлик даврида Фарғонадаги "MTD", "Табиб", "Асл Шифо Медикал" ҳусусий диагностика марказларида ўтказилган ультратовуш (УЗИ) текшируви натижаларини Озодликка тақдим этди.

Уларнинг барчасида Фарида Ғозиева қорнида уч эгизак борлиги айтилган.

"Асл Шифо Медикал" диагностика маркази берган ҳужжатда Фарида Ғозиева уч эгизакка ҳомиладор экани айтилган.
"Асл Шифо Медикал" диагностика маркази берган ҳужжатда Фарида Ғозиева уч эгизакка ҳомиладор экани айтилган.

Фарғона вилоят перинатал маркази бош шифокори Мадҳия Суярқулова 22 июль куни Озодлик билан суҳбатда вилоятдаги ҳусусий клиникалар Ғозиеванинг қорнида уч эгизак бор, деб нотўғри ташхис қўйишгани, аслида у икки эгизак туққанини айтди.

- Текширилганда адашмовчилик бўлган бўлиши мумкин. Операция қилинган, қорнидан икки бола чиққан. Биз бу аёлга уч бола туғасан, деб хулоса берган УЗИчилар билан гаплашдик, ҳаммаси айбини тан олди. Артефакт, яъни помеха бўлган экан, - деди Суярқулова.

Фарғона вилояти Перинтал маркази.
Фарғона вилояти Перинтал маркази.

Ғозиеванинг онаси Муҳаббат Мирзаева бош шифокор айтганларини шубҳа остига оларкан, бундай деди:

- Битта, иккита ҳолатда ҳато бўлиши мумкин, лекин йигирма биттада эмас. Ҳамма ақлсиз, фақат булар ақллими?!

Фарғонадаги "Табиб" тиббий текширув маркази ҳужжатларида ҳам Фарида Ғозиева қорнида уч бола борлиги айтилган.
Фарғонадаги "Табиб" тиббий текширув маркази ҳужжатларида ҳам Фарида Ғозиева қорнида уч бола борлиги айтилган.

Айни пайтда Муҳаббат Мирзаева қизига уч эгизак туғиши айтилиб, туғруқхонада қўлига икки қизалоқ тутқазилгани юзасидан Фарғона шаҳар прокуратурасига арз қилганини айтди.

- Шаҳар прокуратурасига 15 июль куни мурожаат қилдик. Натижасини тўрт кундан кейин билгани борганимда навбатчи коронавирус карантини сабаб 15 кундан кейин келишимни атди. Унгача излар йўқолиб кетишидан хавотирдаман, - дейди Мирзаева.

Фарғона шаҳар прокуратурасининг Дилмурод исмли терговчиси мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганини Озодликка тасдиқлади.

Лекин у тергов сири важидан Озодликка бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

"Президентимизнинг исмини қўямиз, деб ният қилгандик"

Фарида ва унинг турмуш ўртоғи Жавоҳир Ғозиев хонадонида эгизаклар туғилишидан олдин ҳам беш ёшли икки эгизак қиз ва икки ёшли бир ўғил бўлиб, энди улар биратўла беш фарзанднинг ота-онасига айланишди.

- Катта эгизаклар ҳам Фотима ва Зуҳра. Учта туғилса президентимизни, унинг аёли ва қизларини исмини қўямиз, деб ният қилгандик. Булар ҳам Фотима ва Зуҳра бўлди, - дейди эгизакларнинг бувиси Муҳаббат Мирзаева.

Фарида Ғозиевнинг эгизаклари туғилишидан олдин ҳам уч фарзанди бўлган. Фотима ва Зуҳра 5 ёшда, Жамолдин 2 ёшда.
Фарида Ғозиевнинг эгизаклари туғилишидан олдин ҳам уч фарзанди бўлган. Фотима ва Зуҳра 5 ёшда, Жамолдин 2 ёшда.

"УЗИ юз фоиз тўғри натижа беради деб бўлмайди"

Озодлик билан суҳбатда бўлган шифокорлар ҳомиладорлик пайти ўтказилган текширув натижалари кўп ҳам тўғри бўлиб чиқавермаслигини айтишди.

Тошкентдаги "ZiyoMed" ҳусусий клиникаси шифокори Ирина Ли Озодликка бундай деди:

"Ультратовуш текшируви юз фоиз тўғри натижа беради, деб бўлмайди. Бачадонда сув кам бўлса ёки тонусда бўлса артефакт натижа беради".

Ўтган ой Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида ёш онага ўғил фарзандли бўлгани айтилиб, қўлига қизалоқ тутқазилгани катта жанжалга сабаб бўлди.

Мазкур холат юзасидан Тойлоқ тумани Ички ишлар бўлими терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказаётгани, терговга қадар текширув ҳаракатлари устидан прокурор назорати ўрнатилганлиги ҳақида маҳаллий нашрлар хабар берган.

XS
SM
MD
LG